Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
2011-2015 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида
2010 йил 27 сентябр, Тошкент
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида 1996 йил 27 майдаги Шартномага, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида эркин савдо тўғрисида 1996 йил 27 майдаги Битимга, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида 2008 йил 11 сентябрдаги Битимга, шунингдек Томонлар иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномаларга амал қилиб,
савдо-иқтисодий ва ишлаб чиқариш муносабатларини ўзаро манфаатли, узоқ муддатли ва барқарорлик асосида янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга интилиб,
халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва принципларига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1- модда
Томонлар ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2011—2015 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик дастурини (бундан кейин - Дастур) амалга оширадилар.
2- модда
Томонлар иқтисодий ҳамкорликни халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принципларига риоя этиш асосида, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари ўртасида, бевосита хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида, мулк шакли ва ташкилий жиҳатдан қарашлилигидан қатъи назар, Томонлар миллий қонунчилигига риоя этиб, шартномалар тузиш йўли билан амалга оширадилар.
Олинган мажбуриятларни бажариш учун шартнома тузган хўжалик юритувчи субъектлар жавобгардирлар.
Томонлар ўз зиммаларига бошқа Томон иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслик мажбуриятини оладилар.
3- модда
Томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссияга (бундан кейин - Комиссия) Дастур бажарилишини мувофиқлаштириш, унинг амалга оширилишини назорат қилиш ва зарурият туғилганда унга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини топширишга келишиб олдилар.
Дастурни бажариш жараёни Комиссия йиғилишларида йилда камида бир марта кўриб чиқилади.
4- модда
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш юзасидан келишмовчиликлар маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қилиниши лозим.
5- модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, мазкур Битимга унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган, битимнинг 7-моддасига мувофиқ кучга кирадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
6- модда
Мазкур Битим Томонлар иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмайди.
7- модда
Мазкур Битим Томонлардан Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедуралари бажарилганини тасдиқловчи охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради ва 2015 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади.
Томонлардан ҳар бири бошқа Томонга ёзма хабарнома юбориб, мазкур Битим амал қилишини тугатиши мумкин. Бу ҳолда Битим бундай ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб 6 (олти) ой ўтгач, ўз амал қилишини тугатади.
Агар Томонлар ўзгача келишмаган бўлсалар, мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши, Битим амал қилиш муддати доирасида кучга кирган лойиҳалар ва дастурларнинг амалга оширилишига дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2010 йил 27 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келганда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)