Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Малайзия Ҳукумати ўртасида
АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ
МИНЕРАЛ РЕСУРСЛАРНИ ЎЗЛАШТИРИШ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тарафидан ваколатланган Ўзбекистон Республикаси геология ва минерал ресурслари Давлат қўмитаси билан Малайзия Ҳукумати тарафидан ваколатланган Малайзия табиат ресурслари ва атроф муҳит вазирлиги, бундан кейин алоҳида «Томон» ва биргаликда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасидаги мавжуд дўстона муносабатларни тан олиб,
табиат ресурсларини ўзлаштириш икки мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим эканлигини эътироф этиб,
минерал ресурсларини ўзлаштириш соҳасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни истаб,
узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик икки мамлакат манфаатларига жавоб беришига ишониб;
бундай ҳамкорликни ўрнатиш умумий манфаатга хизмат қилажагига ва икки мамлакатнинг табиат ресурсларини ўзлаштиришга ва икки мамлакат халқларининг ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшишига ишонч билдириб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда.
Мақсади
Мақсади
Томонлар ушбу Англашув Меморандуми қоидаларига, ва шунингдек ҳар бир мамлакатнинг амалдаги қонун ҳужжатлари ва миллий сиёсатига мувофиқ, тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида табиат ресурсларининг истиқболли конларини биргаликда ўзлаштириш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга ва ривожлантиришга розилик билдирадилар.
2-модда.
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Ҳар бир Томон ўз мамлакатининг амалдаги қонун ҳужжатлари ва миллий сиёсатига мувофиқ, зарур тадбирларни қабул қилган ҳолда қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин бўлган ҳамкорлик фаолиятини рағбатлантирадилар:
— минерал ресурсларни қазиб олишни биргаликда ўрганиш;
— геологик ахборотни биргаликда ўрганиш;
— минерал ресурсларни қазиб олиш ишлари бўйича қидирув ишларини олиб бориш;
— инвестицияларни жалб қилиш бўйича биргаликда фаолият олиб бориш;
— мутахассис ва экспертлар билан алмашиш;
— қўшма курслар, анжуманлар, семинарлар, кўргазмалар ташкил этиш;
— ва шунингдек, Томонлар ўртасида келишилган ҳамкорликнинг бошқа шакллари.
3-модда.
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
Ушбу Англашув Меморандумини бажариш бўйича ваколатли органлар:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан—Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси;
Малайзия Ҳукумати номидан—Табиат ресурслари ва атроф муҳит вазирлиги.
4-модда.
Меморандумни қўллаш
Меморандумни қўллаш
1. Ушбу Англашув Меморандуми доирасида белгиланган ҳамкорлик шакллари Томонлар ўртасида ўзаро келишилган ҳолда олиб борилиши мумкин.
2. Ушбу Англашув Меморандумида белгиланган ҳамкорлик шаклларини амалга ошириш мақсадида ваколатли органлар қуйидагиларга масъулдирлар:
а) ушбу Англашув Меморандумини бажариш мақсадида ўз мамлакатларининг тегишли органлари билан биргаликда ҳаракат қиладилар;
б) ушбу Англашув Меморандуми бўйича амалга оширилаётган фаолият/дастурларнинг мониторингини олиб борадилар;
в) ушбу Англашув Меморандумига доир ҳар қандай масала ёки уни бажариш ёхуд талқин қилиш муаммолари бўйича Англашув Меморандумининг 11-моддаси қоидаларига мувофиқ маслаҳатлашувлар олиб борадилар.
5-модда.
Молиявий келишувлар
Молиявий келишувлар
1. Ушбу Англашув Меморандуми доирасида ҳамкорлик фаолиятининг харажатларини қоплаш бўйича молиявий масалалар маблағлар мавжуд бўлганда ҳар бир алоҳида ҳолатда Томонлар ўртасида келишилади.
2. Ушбу модданинг 1-банди қоидаларига қарамай, ишчи гуруҳларнинг учрашувларини ташкил этиш бўйича харажатларни уни қабул қилувчи Томон қоплайди. Ишчи гуруҳида иштирок этувчи вакилларнинг йўл ва яшаш харажатларини юборувчи Томон қоплайди.
6-модда.
Учинчи томоннинг иштироки
Учинчи томоннинг иштироки
1. Ҳар бир Томон ушбу Англашув Меморандуми бўйича олиб борилаётган биргаликдаги фаолият ва қўшма лойиҳаларда бошқа Томоннинг ёзма розилигини олгандан сўнг учинчи томонни иштирок этиши учун таклиф этиши мумкин.
2. Томонлар биргаликдаги фаолият ва қўшма лойиҳаларида учинчи томон иштирокига доир келишилган шартларни учинчи томон тарафидан бажарилишини таъминлайдилар.
7-модда.
Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш
Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш
1. Интеллектуал мулкка доир ҳуқуқлар Томонларнинг миллий қонун ҳужжатлари ҳамда Томонлар имзолаган халқаро битимларга мувофиқ амалга оширилади.
2. Томонлардан бирининг номи, белгиси ёки расмий эмблемасидан нашрда, ҳужжатда ва/ёки бошқа қоғозларда фойдаланиш Томонларнинг ёзма рухсатисиз тақиқланади.
3. Ушбу модданинг 1 -бандига қарамасдан, амалга ошириладиган ҳар қандай технология усули, маҳсулот ва хизматга оид интеллектуал мулк ҳуқуқи:
а) Томонлар тарафидан биргаликда ёки Томонларнинг биргаликда амалга оширган фаолиятлари орқали эришилган тадқиқот натижалари Томонларнинг ўзаро келишувга мувофиқ биргаликда эгалланади; ва
б) Томонлардан бирининг якка ва алоҳида фаолияти натижасида эришилган тадқиқот натижалари тегишли Томон тарафидан якка ҳолда эгалик қилинади.
8-модда.
Махфийлик
Махфийлик
1. Ҳар бир Томон ушбу Англашув Меморандумини бажариш пайтида олинган ва тақдим этилган ҳужжатлар, ахборотлар ҳамда бошқа маълумотлар ёки ушбу Англашув Меморандумига мувофиқ тузилган ҳар қандай келишувларнинг махфийлигига риоя қилиш мажбуриятини олади, бошқа Томонни ёзма равишда хабардор этиш ҳоллари бундан мустасно.
2. Ушбу модданинг қоидалари Томонлар тарафидан ҳар бир ҳолат учун келишилган вақт мобайнида, ушбу Англашув Меморандуми амал қилишининг тугашига қарамасдан иккала Томон ҳам унинг амалда бўлишига келишдилар.
9-модда.
Амал қилишни тўхтатиш
Амал қилишни тўхтатиш
Ҳар бир Томон миллий хавфсизликни ва миллий манфаатларни, жамоат тартиби ва соғлиғини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида ушбу Англашув Меморандумини амал қилишини тўла равишда ёки қисман вақтинча муддатга тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эгадир, бундай тўхтатиш бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали хабардор қилганидан сўнг дарҳол амал қила бошлайди.
10-модда.
Қўшимча ва ўзгартиришлар
Қўшимча ва ўзгартиришлар
Ҳар бир Томон ушбу Англашув Меморандумига ёки унинг бир қисмига қўшимча ва ўзгартириш киритишни ёзма равишда таклиф этиши мумкин. Томонлар келишган ҳар қандай қўшимча ва ўзгартиришлар ёзма равишда расмийлаштирилади ва у ушбу Англашув Меморандумининг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади. Киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар Томонлар тарафидан келишилган санадан бошлаб кучга киради. Ҳар қандай қўшимча ва ўзгартиришлар ушбу Англашув Меморандумига асосланган ёки ундан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига зарар келтирмаган ҳолда амалга оширилиши лозим.
11-модда.
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Ушбу Англашув Меморандуми қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ бўлган низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида ўзаро музокаралар ўтказиш йўли билан учинчи томон ҳамда халқаро судга мурожаат қилмаган ҳолда дипломатик каналлар орқали ҳал қилинади.
12-модда.
Битимнинг кучга кириши, амал қилиши ва ўз кучини йўқотиши
Битимнинг кучга кириши, амал қилиши ва ўз кучини йўқотиши
1. Ушбу Англашув Меморандуми Томонлар уни имзолаган кундан кучга киради ва ўн (10) йил муддат давомида амал қилади. Бундан кейин, Томонлардан биронтаси ушбу Англашув Меморандумининг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида унинг муддати тугашидан камида уч (3) ой илгари бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, у кейинги беш (5) йиллик муддатга ўз-ўзидан узаяверади.
2. Ушбу модданинг қоидаларига қарамасдан, ҳар бир Томон ушбу Англашув Меморандумининг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни ёзма равишда дипломатик каналлар орқали камида уч (3) ой илгари хабардор қилиши мумкин.
3. Ушбу Англашув Меморандуми ўз кучини йўқотиши, Англашув Меморандуми кучини йўқотиш санасидан аввалроқ Томонлар келишуви асосида бошланган фаолият ва дастурларни амалга оширилишига таъсир қилмайди.
Юқоридагиларни тасдиқлаб, ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли ваколат олган қуйида имзо чекувчилар ушбу Англашув Меморандумини имзоладилар.
Путражайя шаҳрида, 2005 йил 3 октябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, малай ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилиш жараёнида келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)