ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН БРАЗИЛИЯ ФЕДЕРАТИВ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
Битим
Дипломатик паспорт эгаларини визалардан озод қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бразилия Федератив Республикаси Ҳукумати (бундан кейин Томонлар деб аталувчилар)
икки мамлакат ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга интилиб,
дипломатик паспортларга эга бўлган фуқароларнинг ўзаро сафарларига кўмаклашиш заруратини тан олиб,
куйидагилар тўғрисида келишдилар:
1-модда
Томонлардан ҳар бирининг амалдаги дипломатик паспортларга эга бўлган, бошқа томон ҳудудида аккредитациядан ўтмаган фуқаролари кирган санадан бошлаб 90 (тўқсон) кундан ортиқ бўлмаган давр давомида бошқа томон давлати ҳудудига визасиз киришлари, транзит ўтишлари, бўлишлари ва чиқишлари мумкин.
2-модда
1. Ушбу Битимнинг 1-моддасида кўрсатилган муддат қабул қилувчи мамлакатнинг ваколатли органи томонидан аккредитациядан ўтган давлат дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасининг ёзма мурожаати асосида узайтирилади.
2. Томонларнинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси мавжуд бўлмаса, дипломатик паспорт эгалари улар бўлиб турган давлат Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бўлимига мурожаат қилишлари лозим.
3-модда
Томонлардан ҳар бирининг амалдаги дипломатик паспортларга эга бўлган дипломатик ваколатхона ёки консуллик муассасасининг аъзоси бўлган, бошқа Томон ҳудудида аккредитациядан ўтган фуқаролари, шунингдек улар билан бирга яшаётган ва амалдаги дипломатик паспортларнинг эгалари бўлган оила аъзолари уларнинг расмий аккредитация муддати давомида бошқа Томон давлати ҳудудига визасиз киришлари, чиқишлари ва транзит ўтишлари мумкин.
4-модда
Ушбу Битимда айтиб ўтилган фуқаролар халқаро йўловчи ташишлар учун очилган чегара назорат-ўтиш пунктлари орқали бошқа Томон ҳудудига киришлари, транзит ўтишлари ва чиқишлари мумкин.
5-модда
Томонлардан ҳар бирининг фуқаролари бошқа Томон давлатининг ҳудудида бўлган вақтда давлатнинг амалдаги миллий қонунчилигига риоя қилишлари лозим.
6-модда
Ушбу Битим Томонлардан ҳар бирининг бошқа Томоннинг номақбул деб ҳисобланиши мумкин бўлган фуқароларининг киришини рад қилиш ёки бўлиш муддатини қисқартириш ҳуқуқларини чекламайди.
7-модда
1. Томонлар ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб 30 (ўттиз) кундан кўп бўлмаган муддатда дипломатик каналлар орқали ушбу Битимда айтиб ўтилган дипломатик паспортлар намуналари билан алмашадилар.
2. Томонлар янги дипломатик паспортлар жорий қилинган ёки амалдагиларга ўзгартишлар киритилган ҳолларда бир-бирларига дипломатик каналлар орқали бундай паспортлар намуналарини ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги маълумотларни улар жорий этилишидан 30 (ўттиз) кун олдин юборадилар.
8-модда
Томонлардан ҳар бири миллий хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ёки фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида ушбу Битимнинг амал қилишини бутунлай ёки қисман тўхтатиш ҳуқуқига эга. Ҳар қандай бундай чоралар, шунингдек уларни тўхтатиш тўғрисида бошқа Томон қисқа вақт ичида дипломатик каналлар орқали хабардор қилиниши лозим.
9-модда
1. Ушбу Битим Томонлардан бирининг бошқа Томонни ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларни бажарганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарномани олган кундан бошлаб 30 (ўттиз) кундан сўнг кучга киради.
2. Томонларнинг ўзаро хоҳиши асосида, ушбу Битимга ўзгартиш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин. Ўзгартиш ёки қўшимчалар ушбу модданинг 1-бандида белгиланган тартибда кучга киради.
3. Томонлардан ҳар бири исталган вақтда дипломатик каналлар орқали ушбу Битимни бекор қилиши мумкин. Бекор қилиш хабарнома олинган санадан бошлаб 90 (тўқсон) кун ўтгач кучга киради.
4. Мазкур Битимни талқин қилиш ёки кўллаш билан боғлиқ ҳар қандай низолар дипломатик каналлар орқали Томонлар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар йўли билан дўстона ҳал этилади.
Бразилия шаҳрида 2009 йил 28 май куни икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, португал ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилишда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)