ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН ИНДОНЕЗИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
САВДО БИТИМИ
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Индонезия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
Савдо ва иқтисодий муносабатларнинг муваффақиятли ривожланишини мамнуният билан таъкидлаб,
Икки мамлакат ўртасидаги тенглик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган савдо ва иқтисодий муносабатларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ниятида,
Икки мамлакат қонунларининг устуворлигига асосланиб;
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1- модда
Мақсад
Мақсад
Аҳдлашувчи Томонлар иккала мамлакат ўртасидаги савдо ва иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантириш, енгиллаштириш ва ривожлантириш учун зарур бўлган шарт-шароитларни узоқ муддатли ва барқарор асосда яратиш учун тегишли чора-тадбирларни кўрадилар.
2- модда
Энг қулай режим
Энг қулай режим
Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатлари ўртасидаги савдо ва иқтисодий ҳамкорликка оид барча масалаларда бир-бирлари учун энг қулай режим яратадилар.
3- модда
Имтиёзларнинг қўлланилиши
Имтиёзларнинг қўлланилиши
2-модда қоидалари қуйида берилган ёки бериладиган имтиёзларга нисбатан қўлланилмайди:
1. Чегарабўйи савдосини енгиллаштириш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлардан бири қўшни давлатлар учун яратадиган имтиёз ва афзалликларга;
2. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳозирда мавжуд бўлган ёки келгусида ташкил этиладиган божхона уюшмалари, эркин савдо зоналари ёки савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг бошқа шаклларидаги иштироки натижасида яратиладиган имтиёз ва афзалликларга.
4- модда
Савдо кемалари ва юклари
Савдо кемалари ва юклари
Бирор-бир мамлакатнинг савдо кемалари юки бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, бошқа мамлакат чегарасига кираётганда, уни тарк этаётганда ёки мамлакат ҳудудида қолаётганда, ушбу мамлакатнинг қонунчилигига мувофиқ, учинчи давлат байроғи остидаги кемаларга берилган энг қулай шароитлардан фойдаланадилар. Ушбу тамойил соҳил бўйида навигация ишларини олиб бораётган кемаларга нисбатан амал қилмайди.
5- модда
Савдо енгилликлари
Савдо енгилликлари
Товарлар ва хизматлар импорти ва экспорти жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тузиладиган шартномаларга асосланган халқаро савдо амалиётига мувофиқ амалга оширилади.
Аҳдлашувчи Томонлар жисмоний ва юридик шахслари ўртасида тузилган шартномалардаги мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича жавобгарликни ўз зиммаларига олмайдилар.
6- модда
Юклар транзити
Юклар транзити
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг юкларини ўз ҳудуди орқали ўтиши учун керакли енгилликлар билан таъминлайди.
7- модда
Тўлов
Тўлов
Ушбу Битим юзасидан амалга ошириладиган барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар, агар шартнома томонлари бошқача келишиб олмаган бўлсалар, эркин муомаладаги валюталарда амалга оширилади.
8- модда
Савдони рағбатлантириш
Савдони рағбатлантириш
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўз хўжалик субъектларининг иккала мамлакатда уларнинг савдо муносабатларининг ривожланиши манфаатида ташкил этиладиган ярмарка, кўргазма ва семинарлар каби савдони қўллаб-қувватловчи тадбирларда иштирок этишига кўмаклашадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар қуйидаги товарларни импорт ёки экспорт қилишда солиқ ва/ёки бошқа тўловлардан озод қиладилар:
а. тижорат аҳамиятига эга бўлмаган намуналар ва реклама материаллари;
б. вақтинчалик кўргазмаларга ва тақдимотларга мўлжалланган товарлар.
9- модда
Қўшма учрашувларни ташкил этиш механизми
Қўшма учрашувларни ташкил этиш механизми
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимни амалга оширишни енгиллаштириш мақсадида ўзаро розилик асосида иккала Аҳдлашувчи Томонлар вакилларидан иборат Қўшма учрашувларни ўтказадилар.
10- модда
Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш
Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш
Аҳдлашувчи Томонлар амалдаги қонунларига ва ўрнатилган қоидаларга мувофиқ бир-бирларининг интеллектуал мулкларини ҳимоя қилишни таъминлайдилар.
11- модда
Жамият соғлиғи ва миллий манфаатини ҳимоя қилиш
Жамият соғлиғи ва миллий манфаатини ҳимоя қилиш
Ушбу Битим қоидалари Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бирининг миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ва/ёки ҳайвонот ва ўсимлик касалликларини олдини олиш зарурияти билан боғлиқ тўсиқ қўйиш ҳуқуқини чекламайди.
12- модда
Солиқ масалалари
Солиқ масалалари
Ушбу Битимнинг ҳеч бир қоидаси солиққа тортиш масалаларига нисбатан қўлланилмайди.
13- модда
Низоларни ҳал қилиш
Низоларни ҳал қилиш
Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида келиб чиқадиган низолар ўзаро маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали дўстона ҳал этилади.
14- модда
Қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш
Қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш
Битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг келишувига биноан киритилган ҳар қандай қўшимча ёки ўзгартиришлар, Аҳдлашувчи Томонлар белгилаган кундан кучга киради.
15-модда
Битимнинг кучга кириши
Битимнинг кучга кириши
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар уни кучга киритиш учун зарур барча давлат ички процедураларини бажарилганлигини бир-бирларига маълум қилган охирги кундан кучга киради. Ушбу Битим 5 (беш) йил мобайнида амал қилади.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни ушбу Битимни тугатиш тўғрисидаги ниятидан камида олти ой аввал ёзма равишда хабардор қилмаса, у ўз-ўзидан кейинги 5 (беш) йиллик муддатларга узайтирилади.
3. Ушбу Битимга ўзгартириш киритилиши ёки унинг бекор қилиниши икки мамлакат жисмоний ва юридик шахслари ўртасида ушбу Битимга асосан тузилган шартнома ва битимларнинг амал қилишига таъсир ўтказмайди.
Юқоридагиларни тасдиқлаб, ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли ваколатга эга қуйидаги имзо чекувчилар мазкур Битимни имзоладилар.
Тошкентда, 2008 йил 13 майда, ўзбек, индонезия ва инглиз тилларида тузилди. Барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади
(имзолар)