ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БИЛАН ҚАТАР ДАВЛАТИ ЎРТАСИДА
Битим
Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Қатар Давлати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
ўзаро ҳурмат принципига асосланган ҳолда ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш ва кучайтириш истагида,
БМТ Низомининг мақсад ва қоидаларига содиқликни таъкидлаган ҳолда,
икки мамлакат халқларининг тарихи, маданияти ва анъаналарининг яқинлиги, улар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига асос бўлишига ишониб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар икки мамлакат ўртасида сиёсий, иқтисодий, савдо ва маданий соҳаларда алоқаларни ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик асосида ривожлантиришга интиладилар.
2-модда
Томонлар муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида, ўзаро манфаатларни ифодаловчи минтақавий ва халқаро масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказадилар ва фикр алмашадилар.
3-модда
Томонлар тажриба алмашиш ва иқтисодий, савдо, маданий, илмий, технологик, алоқа ва ахборот соҳаларида ҳамкорликнинг турли хил жиҳатларини ривожлантириш, спорт ва туризм соҳаларида имкониятларни кенгайтириш ва ривожлантиришга кўмаклашадилар.
4-модда
Томонлар муштарак дастурлар доирасида иқтисодиёт, менежмент, дипломатия, туризм соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тажриба алмашишга, шунингдек профессор-ўқитувчилар ва илмий гуруҳлар алмашинувини рағбатлантиришга келишдилар.
5-модда
Томонлар ижтимоий ташкилотлар, ишбилармонлар доиралари, илмий ва маданий жамиятлар ўртасида ҳамкорликни рағбатлантиришга ҳамда икки мамлакат шаҳарлари ўртасида қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўришга келишиб олдилар.
6-модда
Томонлар тарихий ва маданий меросни муҳофаза қилишда ҳамкорлик қиладилар ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида халқаро маданият, тарихий ёдгорликлар санъат, археология ва бошқа ёдгорликларни ҳимоя қилишга интиладилар.
7-модда
Ушбу Битим қоидалари бошқа давлат манфаатларига, икки мамлакатнинг бошқа давлатлар билан тузилган икки ва кўп томонлама битимларидан келиб чиқадиган мажбуриятларига дахл қилмайди.
8-модда
Томонларнинг ўзаро келишуви асосида ушбу Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши мумкин ва мазкур протоколлар ушбу Битимнинг 9-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ кучга киради.
9-модда
Ушбу Битим Томонлардан бирининг бошқа Томонни ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарномани олган кундан бошлаб кучга киради.
Битим Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмагунча амал қилади.
Мазкур Битимнинг амал қилиши бошқа Томон тегишли нота олганидан олти ой ўтгандан кейин тугатилади.
Доҳа шаҳрида 2010 йил 24 ноябрда ўзбек, араб ва инглиз тилларида икки, асл нусхада имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)