ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН ВЬЕТНАМ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
Битим
ТЕРРОРИЗМ, ТРАНСМИЛЛИЙ УЮШГАН ЖИНОЯТЧИЛИК ВА ЖИНОЯТНИНГ БОШҚА ТУРЛАРИГА ҚАРШИ КУРАШДА ВА УЛАРНИ ОЛДИНИ ОЛИШДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Вьетнам Социалистик Республикаси Ҳукумати (бундан кейин Томонлар деб аталувчилар);
икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш ва мавжуд дўстона муносабатларни мустаҳкамлашни истаб;
ўз фуқароларининг ҳаёти, мулки фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш зарурлигини англаб;
терроризм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва жиноятнинг бошқа турларига қарши курашиш соҳасидаги халқаро шартномаларни инобатга олиб;
суверенитет, мустақиллик, ҳудудий дахлсизлик, ички ишларига аралашмаслик, тенглик ва ўзаро манфаатдорлик принципларини тан олиб;
терроризм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва жиноятнинг бошқа турлари томонидан таҳдидни ошиб бораётганлигидан жиддий ташвишланиб;
трансмиллий уюшган жиноятчилик ва жиноятнинг бошқа турларидан тушадиган маблағ терроризмни молиялаштиришнинг асосий манбаларидан бири эканлигини англаб;
терроризм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва жиноятнинг бошқа турларига самарали қарши курашда ва уларни олдини олишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини англаб;
терроризм ва трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда жиноятнинг бошқа турларига қарши курашда ва уларни олдини олишда кучларини бирлаштиришни мақсад қилиб;
ўз давлатларининг мавжуд қонун ҳужжатларига асосланиб;
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1- модда
Битимнинг мақсади
Битимнинг мақсади
Томонлар ушбу Битим ва ўз давлатларининг қонун ҳужжатлари доирасида маълумотлар ва тажрибалар алмашиш орқали жиноятчиликни олдини олиш, фош қилиш ва унга қарши курашишда ҳамкорлик ўрнатадилар.
2- модда
Ҳамкорлик соҳалари
Ҳамкорлик соҳалари
Томонлар ушбу Битим ва ўз давлатларининг қонун ҳужжатлари доирасида жиноятчиликни, хусусан қуйидаги жиноий ҳаракатларни олдини олиш, фош қилиш ва унга қарши курашишда ҳамкорлик қиладилар:
а) терроризм ва шу каби жиноий фаолиятни молиялаштириш;
б) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалари ҳамда уларнинг прекурсорларини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёки қонунга хилоф равишда муомала қилиш;
в) одам савдоси;
г) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни ошкорлаштириш (легаллаштириш);
д) қурол-яроғлар, ўқ-дорилар, портлатиш мосламалари ва бошқа хавфли моддалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, уларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва фойдаланиш;
е) электрон ва компьютер воситалари ёрдамида содир этилган жиноятлар;
ж) халқаро иқтисодий жиноятлар;
з) контрабанда ва божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузиш;
и) Томонлар зарур деб топган жиноятнинг бошқа турлари.
Ушбу Битим жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва экстрадиция масалаларига дахл қилмайди.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Ушбу Битимнинг 2-моддасида мустаҳкамланган ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Томонлар:
1. Миллий қонунчилик ва ўзларининг ваколатлари доирасида қуйидаги ахборот ва ҳужжатлар билан алмашадилар:
а) ушбу Битимнинг 2-моддасида белгиланган жиноят турларига дахлдор жиноий ҳаракатлар ва фаолиятни олдини олиш, фош қилиш ва уларга қарши курашишни такомиллаштириш мақсадидаги маълумотлар;
б) бошқа Томоннинг юрисдикцияси остида содир этилган жиноят ижрочилари ҳақида ахборотлар ва шахсий маълумотлар;
в) жиноятчиликни олдини олиш, фош қилиш ва унга қарши курашишга доир ўзаро келишилган бошқа ахборотлар.
2. Лозим топилган тақдирда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан белгиланган тарзда уларнинг юрисдикцияси остида содир этилган жиноятлар бўйича махсус тадбирларни миллий қонунчилик ва тегишли ваколатлар доирасида амалга оширилишини топшириш.
3. Ушбу Битимда белгиланган жиноятларга қарши кураш бўйича Томонларнинг миллий қонун ҳужжатлари тўғрисида тегишли ахборотлар билан алмашиш.
4. Ушбу Битим доирасида техник ва бошқарув малака соҳасида қиёсий таҳлилни амалга ошириш ва тажрибалар билан алмашиш мақсадида расмий ва экспертлар гуруҳи ёки ўқув машғулотлари иштирокчиларини бошқа давлатга юбориш ва қабул қилиш.
5. Махсус тадбирлар, жиноятни олдини олиш ва унга қарши курашишда илмий ва технологик тадқиқотлар ўтказиш, ишлаб чиқариш тадбирлари ва махсус техник ускуналар ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ишлатиладиган қўшимча воситалардан фойдаланишда тажриба билан алмашиш.
6. Терроризмга қарши курашиш, гаровга олинган шахсларни тутқунлиқдан озод қилиш ва Томонлар зарур деб ҳисоблаган бошқа соҳаларда ҳуқуқ-тартиботни сақлаш бўйича ўқитиш ва тайёрлаш ҳамда ҳуқуқ-тартибот ўқув ва тайёрлов тузилмасини яратишда кўмак бериш йўли билан ҳамкорлик қилиш.
7. Ушбу Битимда назарда тутилган соҳалардаги нашрлар ва амалга оширилган илмий изланиш натижалари билан алмашиш.
4-модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
1. Ушбу Битим мақсадларини амалга ошириш учун Томонларнинг ваколатли органлари ўзларининг белгиланган ваколатлари доирасида бир-бирлари билан тўғридан-тўғри ёки вакил(лар)и орқали алоқаларни амалга оширадилар.
Томонларнинг ваколатли органлари:
а) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан:
1) Ташқи ишлар вазирлиги;
2) Ички ишлар вазирлиги;
3) Миллий хавфсизлик хизмати;
4) Бош прокуратура;
5) Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази;
6) Давлат божхона қўмитаси.
б) Вьетнам Социалистик Республикаси Ҳукумати номидан:
1. Жамоат хавфсизлиги вазирлиги;
2. Ташқи ишлар вазирлиги;
3. Олий халқ прокуратураси;
4. Молия вазирлиги;
2. Томонлар ўзларининг ваколатли органлари рўйхатига киритилган ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини дарҳол дипломатик каналлар орқали хабардор этадилар.
5- модда
Алоҳида ҳужжатлар тузиш ҳолатлари
Алоҳида ҳужжатлар тузиш ҳолатлари
Ваколатли органлар миллий қонунчилик ва ўзларининг ваколатларига асосан ҳамда мазкур Битим доирасида махсус дастур ва тадбирларни назарда тутувчи алоҳида ёзма келишувлар тузишлари мумкин.
6- модда
Ахборот алмашиш
Ахборот алмашиш
1. Томонлар миллий қонунчилик ва ўз ваколатлари доирасида жиноятларни фош қилиш ва олдини олиш, ҳуқуқбузарларни қўлга олиш, судловга тортиш юзасидан уларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари сўров асосида бир-бирларига хабар беришларини таъминлайдилар. Сўралаётган Томон миллий қонунчилигида бундай мурожаат суд идораларига қилиниши лозимлиги белгиланган бўлса, ушбу модда қоидалари қўлланилмайди.
2. Ушбу модданинг 1 -банди зарур ҳисобланган ахборотларни, хусусан ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича ахборотларни, Томонлар ўз ташаббуслари билан миллий қонунчилик асосида бир-бирларига беришларига тўсқинлик қилмайди.
3. Ушбу Битимга мувофиқ ахборот бериш ва/ёки ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров ёзма равишда расмийлаштирилиб, сўраётган Томоннинг ваколатли органи раҳбари ёки тайинланган вакили томонидан имзоланади ва расмий муҳр билан тасдиқланади.
4. Ахборот бериш ва/ёки ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
а) ёрдам сўраётган ваколатли органнинг номи;
б) ишнинг моҳияти ва унга тегишли маълумотлар ҳамда қўлланиладиган ҳуқуқ нормалари;
в) сўровда кўрсатилган шахснинг номи, миллати ва доимий турар жойи;
г) сўровнинг мақсади;
д) сўровни бажаришда сўралаётган Томон риоя қилиши зарур бўлган алоҳида тартиб тавсифини асосланиб берилиши;
е) сўров ижросини амалга ошириш муддати;
ж) сўровнинг бажарилиши учун лозим бўлган ҳар қандай бошқа ҳужжатлар.
з) агар лозим топилса, сўровномани махфийлигини таъминловчи алоҳида кўрсатмалар.
5. Сўраётган Томон сўралаётган Томон ахборотларига жорий қилинган махфийлик даражаларга риоя қилинишини таъминлайди
6. Томонлар маълумотларни тўғридан -тўғри ёки дипломатик каналлар ёхуд Интерпол маълумотларни алмашиш тизими орқали юбориш йўли билан мулоқотга киришадилар.
7- модда
Назорат остида етказиб бериш
Назорат остида етказиб бериш
Томонлар ўз миллий қонунлари ва халқаро мажбуриятлари асосида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар халқаро ноқонуний муомалада бўлишининг олдини олиш ҳамда бундай муомалада иштирок этаётган шахсларни аниқлаш мақсадида Томонларнинг ваколатли органлари билан ўзаро келишилган ҳолда назорат остида товарлар етказиб бериш усулидан фойдаланади, яъни ноқонуний муомалага киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ўз назоратлари остида божхона ҳудудига олиб кирилишига, божхона ҳудудидан олиб чиқилишига ёки божхона ҳудуди орқали транзит олиб ўтилишига йўл қўядилар.
8- модда
Ҳамкорликни чеклаш
Ҳамкорликни чеклаш
1. Агар сўровни бажариш инсон ҳуқуқларининг бузулишига олиб келса, давлат суверенитети ёки хавфсизлигига зарар етказса ёхуд сўралаётган Томоннинг қонунчилиги ёки халқаро мажбуриятларига зид келса, унинг бажарилиши тўлалигича ёки қисман рад этилиши мумкин.
2. Сўровни бажаришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолда, Томонларнинг ваколатли органлари бу тўғрисида рад этилишнинг сабабини кўрсатган ҳолда, бир-бирларини хабардор қиладилар. Бундай рад жавоби мазкур Битимнинг ижросига таъсир қилмайди.
9-модда
Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш
Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш
1. Ушбу Битимни қўллашда шахсий маълумотларни берилиши ва у билан ишланиши ҳар бир Томоннинг миллий қонунчилиги ва Интерпол доирасида амалда бўлган қоидаларига мос келиши лозим.
2. Ушбу Битим мақсади йўлида сўраётган Томон сўралаётган Томоннинг талабига асосан барча ахборот, ҳужжатлар, намуналар ёки техник ускуналарнинг махфийлигини таъминлаш юзасидан зарур чораларни кўриши лозим.
3. Ушбу Битим доирасида алмашинилаётган ахборот, ҳужжатлар, намуналар ва техник ускуналар учинчи томонга бошқа Томоннинг ёзма розилигисиз маълум қилинмаслиги, ўтказилмаслиги ёки берилмаслиги лозим.
4. Ушбу модданинг 1-банди қоидаларини чекламаган ҳолда, қуйидаги қоидалар ушбу Битимни қўллаш юзасидан берилган шахсий маълумотлар билан ишлашга татбиқ этилади:
а) маълумотлардан, агар ушбу Битимда бундай маълумотлар берилиши мумкинлиги белгиланган бўлса, сўраётган Томон фақат Битим мақсадлари йўлида фойдаланиши мумкин, бундай маълумотлар фақат сўралаётган Томон рухсати олингандан кейингина ва сўраётган Томон қонунчилигига мувофиқ бошқа мақсадларда фойдаланилиши учун берилиши мумкин.
б) маълумотлар Томонлар тайинлаган тегишли суд, ички ишлар идоралари ёхуд бошқа ҳуқуқ-тартибот органи томонидан фойдаланилиши мумкин, бундай органлар рўйхати бошқа томонга хабардор этилиши лозим.
в) маълумотларни бераётган Томон унинг аниқлигини кафолатлайди, агар маълумотни бундай тарзда бера олмаган тақдирда, бу ҳақда сўраётган Томонни дарҳол хабардор этади; шундан сўнг сўраётган Томон тегишли маълумотларни тузатиши ёки йўқ қилиши лозим.
г) Томонлардан бири жабрланувчи томонга нисбатан ўз миллий қонунчилигида белгиланган мажбуриятларидан бўйин товлаш мақсадида бошқа Томоннинг ноаниқ маълумот берганлигини важ қилиб арз қилмайди.
д) маълумотларнинг берилиши ва қабул қилиниши қайд этилиши лозим. Томонлар бундай қайд этишни юритувчи муассасалар рўйхати билан алмашадилар.
е) маълумотларни бериш ва унга кириш тегишли шахс томонидан сўралаётган Томон миллий қонунчилиги асосида амалга оширилади. Маълумотлар бундай шахсга фақат ушбу маълумотларни дастлабки берган Томон рухсати билан берилиши мумкин.
5. Ҳар бир Томон шахс ҳуқуқларини бузилишини олдини олиш ва чеклаш мақсадида бошқа Томон тарафидан берилган ахборотлардан фойдаланилиши устидан кузатув олиб боради.
10- модда
Халқаро мажбуриятлар
Халқаро мажбуриятлар
Ушбу Битим қоидалари, Ўзбекистон Республикаси ёки Вьетнам Социалистик Республикаси иштирок этган бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
11- модда
Харажатлар
Харажатлар
Томонлар, агар ўзгача келишиб олинмаган бўлса, ушбу Битим қоидаларини бажарилиши билан боғлиқ харажатларнинг ўз ҳудудида келиб чиққан қисмини қоплайдилар.
12- модда
Қўшимча ва ўзгартиришлар
Қўшимча ва ўзгартиришлар
Ушбу Битимга ҳар қандай вақтда Томонларнинг ўзаро розилиги билан қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин ва ёзма равишда баённомалар шаклида расмийлаштирилиши лозим. Бундай қўшимча ва ўзгартиришлар Томонлар томонидан белгиланган муддатда кучга киради.
13- модда
Ҳамкорликни амалга ошириш тили
Ҳамкорликни амалга ошириш тили
Ушбу Битим доирасида ҳамкорликни амалга оширишда инглиз тилидан фойдаланилади.
14- модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Ушбу Битим қоидаларини қўллаш ёки талқин қилиш билан боғлиқ бўлган барча низолар Томонлар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш ёки дипломатик каналлар орқали ҳал этилади.
15- модда
Битимнинг кучга кириши, амал қилиши ва ўз кучини йўқотиши
Битимнинг кучга кириши, амал қилиши ва ўз кучини йўқотиши
1. Ушбу Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган тегишли давлат ички талабларини Томонлар бажарганликлари тўғрисида сўнги хабарнома олинган санадан 60 кундан сўнг кучга киради.
2. Ушбу Битим 5 (беш) йил муддат давомида амал қилади. Бундан кейин, Томонлардан биронтаси ушбу Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида унинг муддати тугашидан 6 (олти) ой илгари бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, у кейинги 5 (беш) йиллик муддатга ўз-ўзидан узаяверади.
3. Ушбу Битим амал қилишининг тўхтатилиши, агар Томонлар ўзгача аҳдлашиб олмаган бўлсалар, ушбу Битим асосида олинган ахборот ва маълумотларнинг махфийлигини сақлаш борасидаги Томонларнинг мажбуриятларига дахл қилмайди.
Юқоридагиларни тасдиқлаб, ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли ваколат олган қуйида имзо чекувчилар ушбу Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2010 йил 10 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, вьетнам ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)