ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН ВЬЕТНАМ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
Битим
Дипломатик паспортга эга фуқароларнинг визасиз сафар қилишлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Вьетнам Социалистик Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга ёрдам беришни истаб,
дипломатик паспортга эга фуқароларнинг ўзаро визасиз сафар қилишлари учун қулай шароитлар яратиб беришга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1- модда
Томонлар давлатларининг амалдаги дипломатик паспортга эга фуқаролари кириш санасидан бошлаб 60 (олтмиш) кундан ошмайдиган муддатда киришлари, чиқишлари ва бошқа давлат ҳудуди орқали транзит ўтишлари мумкин.
2-модда.
Бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспортга эга ва бошқа Томон давлати ҳудудида 60 (олтмиш) кундан ортиқ бўлишга ният қилган фуқаролари олдиндан виза оладилар.
3-модда.
1. Томонлар давлатларининг амалдаги дипломатик паспортга эга ва дипломатик ваколатхона ёки консуллик муассасаси ходимлари сифатида расмий вазифалар бажараётган фуқаролари хизмат фаолиятининг бутун муддати давомида бошқа Томон давлати ҳудудига визасиз киришлари, чиқишлари ва бўлишлари мумкин.
2. Томонлардан бирининг штаб-квартиралари бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотлардаги вакиллари бўлган ёки шуларга ўхшаш халқаро ташкилотларда хизмат қилаётган ва дипломатик паспорт эгалари бўлган Томонлар давлатлари фуқаролари ҳам ушбу модданинг 1 - бандида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар.
3. Бутун хизмат фаолияти даврида юқорида эслатиб ўтилган шахслар билан яшаётган оилалар аъзолари (эр-хотин ва вояга етмаган болалари), агар улар амалдаги дипломатик паспорт эгалари бўлсалар, мазкур модданинг 1 - бандида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар.
4-модда.
Томонлар давлатларининг ушбу Битимнинг 1 ва 3 - моддаларида кўрсатилган фуқаролари халқаро пассажирлар қатнови учун очилган ўтказиш пунктлари орқали кирадилар, чиқадилар ва бошқа Томон давлати ҳудуди бўйича транзит ўтадилар. Шу муносабат билан улар бошқа Томон давлатининг ваколатли органлари ўрнатган зарур расмиятчиликларни бажаришлари шарт.
5-модда.
1. Бир Томон давлати фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудида бўлган вақтларида шу Томон давлати чет эл фуқаролари учун ўрнатган қонун ва қоидаларга, шу жумладан рўйхатдан ўтиш, бўлиш, бир жойдан иккинчи жойга бориш ва транзит юриш қоидаларига риоя қилишлари шарт. Томонлар давлатлари ўзлари иштирокчи бўлган тегишли халқаро шартномаларда бошқа қоида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
2. Ушбу Битим давлатлардан ҳар бирининг ўз ҳудудига бошқа давлатнинг номақбул шахси киришини сабабларини тушунтирмай, рад қилиш унинг ҳудудда бўлишини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқини чекламайди.
6-модда.
1. Томонлар давлатлари Ташқи ишлар вазирликлари дипломатик каналлар орқали Битим имзоланган кундан бошлаб 30 (ўттиз) кун давомида амалдаги дипломатик паспортлар намуналари билан алмашадилар.
2. Амалдаги паспортлар ўзгарган ёки янги дипломатик паспортлар жорий қилинган тақдирда тегишли Томон уларни амалга киритишга қадар камида 30 (ўттиз) кун илгари бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали ушбу ҳужжатларнинг намуналарини юборади.
7-модда.
1. Ҳар бир Томон ушбу Битим доирасида ёки ушбу Битимга мувофиқ тузилган ҳар қандай бошқа битимлар доирасида олинган ёки бошқа Томонга тақдим этилаётган ҳужжатлар, ахборот ва бошқа маълумотларнинг сир тутилишига кафолат беради.
2. Ҳатто агар ушбу Битимнинг амали тугатилса ҳам, мазкур модданинг 1 банди кучида қолишига Томонлар келишдилар.
8-модда.
1. Томонлар жамоат тартибини сақлаш, хавфсизлик мулоҳазаларига кўра ва шунингдек санитария қоидалари ва бошқа сабабларга кўра ушбу Битим амалини вақтинча, бутунлай ёки қисман тўхтатиб туришлари мумкин.
2. Бундай чоралар кўрган Томон мумкин қадар қисқа муддатлар ичида дипломатик каналлар орқали бошқа Томонни шу чоралар кўрилгани ва тегишлича уларни бекор қилиниши тўғрисида хабардор қилади.
3. Бир Томон ушбу Битим амалини вақтинча, бутунлай ёки қисман тўхтатиб туриши бошқа Томоннинг адекват чоралар (айнан бир хил жавоб чоралари) кўриш ҳуқуқини сақлаб қолади.
9-модда.
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига кўра ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, улар алоҳида протоколлар билан расмийлаштирилади, ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва ушбу Битимнинг 10-моддасида кўзда тутилган тартибда кучга киради.
10-модда.
Ушбу Битим қоидаларини қўллашда ёки талқин қилишда баҳс ёки келишмовчиликлар юзага келса, Томонлар уларни музокара ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қиладилар.
11-модда.
1. Ушбу Битим имзолангандан сўнг 60 (олтмиш) кундан кейин кучга киради.
2. Ушбу Битим ноаниқ муддатга тузилди ва бир Томон бошқа Томоннинг ушбу Битим амалини тугатиш нияти борлиги тўғрисида хабарномасини олган кундан бошлаб 90 кун ўтганга қадар ўз кучида қолади.
Тошкент шаҳрида 2010 йил 5 апрелда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, вьетнам ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадларида инглиз тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)