Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тайланд Қироллиги Ҳукумати ўртасида
Битим
МАДАНИЯТ ВА СПОРТ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тайланд Қироллиги Ҳукумати, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,
икки давлат ва уларнинг халқлари ўртасида маданият ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни истаб,
маданият ва спорт соҳасида ва соҳаларда ҳамкорлик ва алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси ва Таиланд Қироллиги халқлари манфаатларига мос келишига чуқур ишонган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўзаро манфаат ва тенглик асосида ҳамда Томонларнинг миллий қонунлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ҳамда ҳар икки давлатнинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ икки давлат ўртасида маданият ва спорт соҳасида тегишли даража ва турдаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
2-модда.
Томонлар қуйидаги шаклларда маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар:
— икки мамлакатнинг маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшмалари, зиёлилар ва маданият ходимлари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш;
— артистлар ва артистлар гуруҳлари билан алмашиш;
— ёзувчилар, маданият ва санъат ходимлари билан алмашиш;
— рассомчилик, ҳайкалтарошлик, амалий санъат намуналари ва фотосуратлар кўргазмаларини ўтказиш;
— санъат, театр, кино, мусиқа фестиваллари ва халқ ҳунармандчилиги кўргазмаларини биргаликда ташкил этиш;
— кинофильмларни биргаликда ишлаш, театр пьесаларини саҳналаштириш;
— маданият ва санъат соҳасидаги китоблар ва нашрлар билан алмашиш ва бошқа Томон ташкил этадиган халқаро маданий тадбирларда иштирок этиш.
3-модда
Томонлар ўз миллий қонунлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги шаклларда жисмоний тайёргарлик ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар:
— жисмоний тайёргарлик ва жисмоний таълим бўйича касбий тажриба, тадқиқотлар ва маълумотларни алмашиш;
— жисмоний тайёргарлик ва спорт соҳасидаги педагогик кадрлар билан алмашиш ҳамда жисмоний тайёргарлик ва спорт соҳасидаги мутахассислар учун амалиёт ўташ, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;
— спортнинг анъанавий турларини ва спорт фестивалларини ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш;
— меҳнат қобилиятини йўқотган шахсларнинг жисмоний тайёргарлиги, сузиш, шахмат, атлетика, ногиронлар аравачаларида пойга ва бошқа спорт турлари бўйича мусобақаларни ташкил этиш юзасидан тажриба алмашиш;
— спорт клублари ва федерациялар, делегациялар, жамоалар, спортчилар ўртасида тажриба алмашиш, икки томонлама ва кўп томонлама мусобақаларни, даврий машқлар ва мусобақаларни, шунингдек ёзги спорт лагерларини ташкил этиш;
— спорт дастурларини келишиб олиш мақсадида спорт фани масалалари бўйича икки томонлама учрашув ва семинарлар ташкил этиш, шунингдек халқаро спорт ва хусусан Олимпиада тадбирлари бўйича ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказиш;
— спортни молиялаштириш, шу жумладан ҳам жамоавий, ҳам якка тартибдаги ҳақ тўланадиган меҳнатни ҳамда спортни рағбатлантириш ва ташкил этиш бўйича бошқа фаолиятни ривожлантириш масалалари юзасидан тажриба алмашиш.
4-модда
Томонлар кутубхоналар, архивлар ва музейлар ўртасидаги бевосита ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар ҳамда бошқа Томоннинг мутахассисларига маданиятга оид билимлар тарқатиш мақсадида мазкур муассасаларнинг материалларидан фойдаланиш учун имкон яратадилар.
5-модда
Томонлар тарихий, географик ва маданиятга оид ҳужжатларни алмашиш орқали ўз тарихи ва маданияти билан ҳар икки давлат халқларининг танишишини рағбатлантирадилар.
6-модда
Томонлар ҳар икки давлат ҳудудида жойлашган ёдгорликлар, қадимий ва маданий бойликларни сақлаш ва таъмирлашда ҳамкорлик қиладилар.
7-модда
Томонлар ЮНЕСКО ва бошқа халқаро маданият ва спорт ташкилотлари доирасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
8-модда
Томонлар ўз мамлакатларида ўтказилаётган халқаро симпозиумлар, кўргазмалар, конференциялар, фестиваллар, танловлар, мусобақалар тўғрисида бир-бирини хабардор қиладилар ва тегишли материаллар билан алмашадилар.
9-модда
Томонлар ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ушбу Битим доирасида маданият, санъат, фан ва спорт ташкилотлари, муассасалари ўртасида алоҳида битимлар тузилишини рағбатлантирадилар.
10-модда
Ушбу Битим Томонларнинг тегишли ваколатли муассасалари зиммасига бажарилиши юклатиладиган Ҳаракатлар режаларини қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.
Ҳар бир ҳаракатлар тури учун барча шартлар, шу жумладан молиялаштириш шартлари юқорида белгиланган Режада кўрсатилади.
Томонлар вакилларининг учрашув вақтлари дипломатик каналлар орқали келишилади.
11-модда
Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирокчиси бўлган бошқа халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларига дахл қилмайди.
12-модда
Томонлар ушбу Битимга унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланувчи алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши мумкин, улар ушбу Битимнинг 14-моддасида назарда тутилган тартибда кучга киради.
13-модда
Ушбу Битимни амалга ошириш ва/ёки талқин қилиш чоғида юзага келиши мумкин бўлган низо ва ихтилофлар дипломатик каналлар орқали дўстона музокаралар ёки маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилади.
14-модда
Ушбу Битим у имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим беш (5) йил муддатга тузилади ва Томонлардан бири амалдаги беш (5) йиллик давр тугашидан олти (6) ой олдин бошқа Томонни ўзининг ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш мақсади тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилмагунча келгуси беш (5) йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Ушбу Битим амал қилишининг тўхтатилиши, агар Томонлар бошқача келишган бўлмаса, Томонларнинг ушбу Битимга мувофиқ амалда бўлган дастурлар, лойиҳалар ва фаолиятни амалга оширишга таъсир қилмайди.
2012 йил 8 майда Бангкок шаҳрида ҳар бири ўзбек, тай ва инглиз тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимни талқин қилишда ихтилофлар юзага келган тақдирда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2012 й., 1-2-сон)