Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Болгария Республикаси Ҳукумати ўртасида
Болгария Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Болгария Республикаси Ҳукумати, кейинчалик «Томонлар» деб аталувчилар,
София шаҳрида 1998 йил 24 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикаси ўртасида дўстона муносабатлар ва ҳамкорлик тўғрисида Шартномага мувофиқ,
Ўзбекистон Республикаси ва Болгария Республикаси ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришни истаб,
коммуникациялар ва ахборот технологиялари соҳасидаги самарали муносабатлар, бу муносабатларни илгари суриш ва шунингдек икки мамлакат халқларининг фаровонлиги учун иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт ва муҳим омил бўлишини тан олиб,
коммуникациялар ва ахборот жамияти соҳасида ўзаро фойдали, тенг ҳуқуқли ва анъанавий яхши муносабатларга асосланган узвий ҳамкорлик ўрнатишдан ўзаро манфаатдор эканликларини таъкидлаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1- модда
Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикаси ўртасида коммуникациялар ва ахборот технологиялари соҳасидаги алоқалар ўз миллий қонунчилиги, Халқаро электроалоқа иттифоқи (ХЭИ)нинг амалдаги актлари ва тавсияномалари ҳамда ушбу Битим шартларига мувофиқ олиб борилиши керак.
2- модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида икки мамлакат ўртасида коммуникациялар ва ахборот технологиялари хизматларини давомли ривожлантириш ва хизматлар сифатини яхшилаш учун тегишли чоралар кўрадилар ва уларнинг ишончли бўлишини кафолатлайдилар.
3- модда
Табиий офат ёки фавқулодда ҳолат юзага келганда Томонлардан ҳар бири бошқа Томонга ўз миллий коммуникация тармоқлари ва воситалари орқали алоқа таъминлаш учун тегишли устуворлик берадилар.
4- модда
4.1 Томонлар ҳамкорликни қуйидаги йўллар орқали амалга оширишлари лозим:
янги технологиялар, лойиҳалар, халқаро тендерлар ва ҳ.к.га оид ахборот ва ҳужжатлар алмашинуви;
икки томонлама маслаҳатлашувлар;
экспертлар миссиялари алмашинуви ва ишчи гуруҳлар тузиш;
мутахассислар алмашинуви;
таълим дастурлари;
ҳамкорликнинг бошқа шакллари.
4.2 Томонлар ушбу Битим доирасида муайян масалалар бўйича яқинроқ ҳамкорлик қилишни бошлашлари мумкин. Бу мақсадда, зарурат бўлганда ва ўзаро келишувга мувофиқ, тегишли коммуникация идоралари ўртасида мақсадларни, ҳаракатлар дастурларини, муддатларни, контрактларни бажариш ва муваффақиятли якунлаш учун масъул департамент ва шахсларни кўзда тутувчи контрактлар тузилиши мумкин.
5-модда
Томонлар, ҳар сафар амалий мумкин бўлганда ва Томонлардан ҳар бирининг миллий манфаатларига зид бўлмаганда, ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида ихтисослаштирилган халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирок этишда, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва/ёки позицияларни тайёрлашда ҳамкорлик қилишга розилик берадилар.
6-модда
Ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳаси хусусида Томонлар қуйидаги масалалар бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар:
6.1 мониторинг, назорат, частоталар тақсимоти ва ҳ.к. каби фаолиятни амалга ошириш учун процедура ва қоидаларни яратиш;
6.2 ахборот технологиялари ва коммуникациялар секторларида иқтисодий ва тижорат бозор тамойилларини амалга ошириш;
6.3 стандартлаштириш;
6.4 ахборот жамиятини ривожлантириш;
6.5 электрон ҳукуматни амалга ошириш ва унинг техник жиҳатлари, ва шунингдек коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш;
6.6 ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида қўшма тадқиқот лойиҳалари;
6.7 глобал ахборот ва коммуникация технологияларининг охирги ютуқларини илгари суриш;
6.8 инсон ресурсларини ривожлантириш ва потенциалини мустаҳкамлаш;
6.9 ўзаро келишувга биноан бошқа масалалар.
7- модда
Ахборот технологиялари ва коммуникациялар воситаларини илмий тадқиқ этиш ва мутахассисларни ўқитиш борасида Томонлар ўз мамлакатларининг ихтисослаштирилган органлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
8- модда
Ушбу Битим Томонларнинг учинчи мамлакатлар билан тузган халқаро шартномаларидан чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
9-модда
9.1 Ушбу Битимнинг бажарилиши учун масъул ваколатли органлар қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасида: Ўзбекистон Ахборотлаштириш ва алоқа агентлиги;
Болгария Республикасида: Ахборот технологиялари ва алоқа давлат агентлиги.
9.2 Томонлар масъул ваколатли органлар билан боғлиқ ҳар қандай ўзгаришлар юз берган ҳолларда ҳар бир Томонни ўрнатилган тартибда хабардор қиладилар.
10-модда
Ушбу Битим доирасида олинган ҳар қандай маълумот иккала Томоннинг ёзма розилигисиз учинчи томонларга ошкор қилинмайди.
11- модда
Ушбу Битим қоидаларини қўллаш ва талқин қилишда вужудга келадиган ҳар қандай баҳс ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилинади.
12- модда
Ушбу Битимни амалга ошириши билан боғлиқ бўлган ёзишмаларда иккала Томон ҳам рус ва инглиз тилларидан фойдаланади.
Бошқа ташкилотлар ва органлар ўртасидаги ёзишмалар тили ўзаро келишувга асосан танланиши мумкин.
13-модда
13.1 Ушбу Битимга ўзгартиш ва/ёки қўшимчалар Томонларнинг биридан ёзма равишда таклиф олингандан сўнггина, уларнинг ўзаро келишувларига кўра киритилади.
13.2 Аввалги бандга мувофиқ ўзгартишлар ва/ёки қўшимчалар, ушбу Битимнинг 14-моддаси 1-бандига мувофиқ ҳолда кучга киради.
14-модда
14.1 Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
14.2 Ушбу Битим 5 йил муддатга тузилади ва Томонлардан ҳеч бири ушбу Битимнинг навбатдаги беш йиллик муддати тугашидан олти ой олдин Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма равишда дипломатик каналлар орқали бошқа Томонга хабар бермаса, кейинги беш йиллик муддатга чўзилади.
14.3 Ушбу Битим амалининг тўхтатилиши, агар Томонлар бошқача келишиб олмасалар, унинг амали давридаги тадбир ва лойиҳаларнинг бажарилишига дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2008 йил 6 ноябрда иккита асл нусхада, ҳар бири ўзбек, болгар ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил юридик кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, Томонлар инглиз тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)