Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Венгрия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Венгрия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Венгрия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
томонлар давлатлари ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлашни ва иқтисодий ва бошқа муносабатларни ривожлантиришни истаб,
анъанавий иқтисодий муносабатларни давом эттиришга ва яхшилашга интилиб, шунингдек ўзаро манфаатли иқтисодий, индустриал, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорликни жадаллаштириш ва ривожлантиришни ният қилиб,
келишув шартлари кенгайиши келажакдаги ҳамкорлик учун зарур ва мақбул асосларни таъминлашига ишониб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1- модда
Томонлар ўз давлатлари миллий қонунчилигига ва давлатлари иштирокчиси бўлган халқаро шартномалар қоидаларига мувофиқ иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва диверсификация қилишга кўмаклашадилар.
2- модда
Томонлар иқтисодий муносабатларнинг ривожланиш истиқболларини ва ҳолатини ҳисобга олиб, қуйидаги соҳаларда, аммо бу билан чекланиб қолмасдан, узоқ муддатли ҳамкорлик учун мавжуд мақбул шароитларни келишиб олдилар:
а) энергетика тармоғи;
б) минерал хом-ашё ресурсларини ва тоғ-кон саноати маҳсулотларини разведка қилиш, қазиб олиш ва қайта ишлаш, шунингдек сотиш;
в) қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати;
г) қурилиш ва қурилиш материаллари ва ускуналарини ишлаб чиқариш;
д) кимё саноати;
е) тўқимачилик саноати;
ё) упаковка қиладиган технология;
ж) атроф муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш;
з) ёғочга ишлов бериш саноати;
и) таълим;
й) инсон ресурсларини ривожлантириш;
к) соғлиқни сақлаш соҳасида хизматлар тақдим этиш, тиббиёт технологиялари, фармацевтика саноати;
л) туризм, спорт ва курорт иши;
м) кичик ва ўрта бизнес соҳасида ҳамкорлик;
н) коммуникация;
о) компьютер ва ахборот технологиялари;
п) транспорт ва логистика;
р) илмий-техникавий соҳада ҳамкорлик.
3-модда
Томонлар қуйидаги йўллар орқали ҳамкорликни кенгайтириш ва жадаллаштиришни қўллаб-қувватлайдилар:
а) тижорат тармоғи вакиллари ўртасида ўзаро манфаатларни акс эттирувчи иқтисодий масалалар бўйича оммабоп маълумотларни алмашишни ўз ичига олувчи алоқаларни мустаҳкамлаш;
б) ҳукумат ташкилотлари, профессионал ассоциациялар ва ишбилармон доиралар, савдо-саноат палаталари вакиллари, шунингдек мазкур Битимнинг 2-моддасида белгиланган масалаларни назорат қилувчи ҳудудий органлар вакилларининг ташрифлари билан алмашиш;
в) жисмоний шахслар ва тадбиркорлар ташрифлари ва учрашувларни қўллаб-қувватлаш орқали икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ва яхшилашга кўмаклашиш;
г) маълумотлар алмашинуви, ярмаркалар ва кўргазмалар ўтказишда, семинарлар, симпозиумлар, конференциялар ва бошқа учрашувларни ташкил этишда кўмаклашиш;
д) икки томонлама иқтисодий алоқаларда хусусий секторнинг кичик ва ўрта корхоналари иштирокини рағбатлантириш;
е) консалтинг, маркетинг ва эксперт хизматлари кўрсатиш соҳаларида ҳамкорликка кўмаклашиш;
ж) молия институтлари ва банк секторларининг яқин алоқалар ўрнатишда ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги фаолиятларини рағбатлантириш;
з) томонлар мамлакатларидаги инвестицион фаолиятни қўллаб- қувватлаш, қўшма корхоналар, ваколатхоналар ва компанияларнинг филиалларини ташкил этиш;
и) ўзаро манфаатларни акс эттирувчи ҳудудлараро ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
4- модда
Мазкур Битимни амалга ошириш мақсадида, Томонлар ўз давлатларининг тегишли органлари ва компаниялари вакилларидан ташкил топган Ўзбекистон Республикаси ва Венгрия Республикаси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияни ташкил этишлари мумкин. Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари Томонларнинг келишуви билан навбатма-навбат Ўзбекистон Республикасида ва Венгрия Республикасида ўтказилади.
Комиссиянинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантиришни муҳокама қилиш;
иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги имкониятларни аниқлаш;
икки мамлакат корхоналари ўртасидан иқтисодий ҳамкорлик шартларини яхшилашга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш:
икки томонлама иқтисодий алоқаларнинг ҳолатини баҳолаш ва таҳлил қилиш;
мазкур Битимни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича таклифлар тайёрлаш.
Комиссия зарур ҳолларда ҳамкорликнинг маълум бир масалалари билан шуғулланувчи ишчи гуруҳларини ташкил қилади.
Комиссия ишининг тартиби унинг биринчи йиғилиши давомида аниқланади. Томонлар ўз давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ Комиссия фаолияти билан боғлик харажатларни мустақил равишда қоплайдилар.
5- модда
Мазкур Битим Венгрия Республикасининг Европа Иттифоқидаги аъзолигидан келиб чиқадиган мажбуриятларига ҳеч қандай кўринишда зарар етказмаслиги керак. Мазкур Битимнинг қоидалари билан Венгрия Республикасининг Европа Иттифоқига асос солган Шартномаларидан, шунингдек Европа Иттифоқининг асосий ва иккинчи даражали қонунларидан келиб чиқадиган мажбуриятларини бутунлигича ёки умуман бекор қилувчи куч ёки бошқа кўринишда татбиқ қилиниши ёхуд изоҳланиши мумкин эмас.
Мазкур Битимнинг қоидалари Ўзбекистон Республикасининг у иштирокчи бўлган халқаро шартномалардан, шунингдек халқаро ташкилотларга аъзолигидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этмайди.
6- модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра ушбу Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган, алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
7- модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ва татбиқ қилиш билан боғлиқ ҳар қандай низолар Томонлар ўртасида музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
8- модда
Мазкур Битим Томонлар тарафидан у кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиботлар бажарилганлиги тўғрисидаги сўнгги ёзма хабарномани олинган кундан ўттиз кундан сўнг кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади. Томонлардан бири мазкур Битимни бекор қилиш нияти тўғрисида ёзма хабарномани бошқа Томонга юбориш билан бекор қилиш мумкин. Бундай ҳолда Томонлардан бири бундай хабарномани олган санадан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг мазкур Битим ўз кучини йўқотади.
2011 йил 7 ноябрда Тошкент шаҳрида икки нусхада, ҳар бири ўзбек, венгер ва рус тилларида имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда Томонлар ўртасида тафовутлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)