Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ «БУНЁДКОР» СТАДИОНИДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2011—2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2011 йил 19 январдаги ПҚ-1466-сон қарорини бажариш юзасидан ҳамда Тошкент шаҳридаги «Бунёдкор» стадионидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 апрелдаги 102-сон ва 2012 йил 13 мартдаги 70-сон қарорларига мувофиқ Тошкент шаҳрида халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган ва замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар билан жиҳозланган «Бунёдкор» стадионининг қурилиши тугалланаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «FK BUNYODKOR» ФК ОАЖ, «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Футбол федерациясининг:
«FK BUNYODKOR» ФК ОАЖ ҳузурида юридик шахс шаклида «Бунёдкор» стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ташкил этиш;
Дирекцияга Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида» 2012 йил 1 июндаги 158-сон қарорининг божхона ва солиқ имтиёзлари беришни назарда тутувчи қоидаларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
3. Қуйидагилар:
«Бунёдкор» стадионининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
«Бунёдкор» стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси тузилмаси 2-иловага мувофиқ маъқуллансин
4. Белгилансинки, Дирекция фаолиятини молиялаштириш, «Бунёдкор» стадионини сақлаш ва ундан фойдаланиш:
«Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси маблағлари;
«FK BUNYODKOR» ФК ОАЖ маблағлари;
Дирекциянинг ўз даромадлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
«Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси ва «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси Дирекция фаолияти ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласинлар.
5. «FK BUNYODKOR» ФК ОАЖ бир ой муддатда:
Дирекциянинг уставини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
«Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси билан келишган ҳолда Дирекциянинг штатлар жадвали ва ходимларнинг лавозим маошлари миқдорини тасдиқласин;
Дирекцияни малакали бошқарув ва хизмат кўрсатувчи ходимлар билан тўлдириш чораларини кўрсин.
6. «FK BUNYODKOR» ФК ОАЖ Дирекция билан биргаликда қурилиши тугалланган объектларга ҳамда ўрнатилган асбоб-ускуналарга жорий хизмат кўрсатилишини ва улардан фойдаланилишини, шунингдек уларнинг сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Футбол федерацияси ва «FK BUNYODKOR» ФК ОАЖ Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда «Бунёдкор» стадиони комплексидан самарали ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари комплексини ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар, бунда:
«Бунёдкор» футбол клуби тадбирлари ва ўйинларига хизмат кўрсатилиши;
стадионда Республика ва халқаро спорт мусобақалари ва тадбирларининг ўтказилиши;
«Бунёдкор» футбол клуби ҳузурида болалар-ўсмирлар футбол мактаби фаолият кўрсатиши;
Тошкент шаҳри аҳолиси, айниқса болалар, ўсмирлар ва ёшлар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратилиши назарда тутилсин.
8. Дирекция янги қурилган «Бунёдкор» стадионига: Тошкент шаҳар, Бунёдкор кўчаси, 47-уй манзилига жойлаштирилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ғ.И.Ибрагимов ва А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 2 август,
235-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 2 августдаги 235-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Бунёдкор» стадионининг ташкилий тузилмаси
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 2 августдаги 235-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Бунёдкор» стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекциясининг
тузилмаси
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 32-сон, 375-модда)