ЎЗБЕКИСТОН АВТОМОБИЛЬ ВА ДАРЁ ТРАНСПОРТИ АГЕНТЛИГИ БОШЛИҒИНИНГ
буйруғи
РАҚАМЛИ НАЗОРАТ ҚУРИЛМАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДАГИ ЙЎРИҚНОМАНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 26 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2346]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 22 декабрдаги 340-сонли «Автомобилда халқаро юк ташийдиган автотранспорт воситаларига рақамли назорат қурилмаларини жорий этиш тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 51–сон, 546-модда) ижросини таъминлаш мақсадида буюраман:
1. Рақамли назорат қурилмаларидан фойдаланиш тўғрисидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Бошлиқ А. АБДУВАЛИЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 27 февраль,
35-сон
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг 2012 йил 27 февралдаги 35-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Рақамли назорат қурилмаларидан фойдаланиш тўғрисидаги
ЙЎРИҚНОМА
Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 22 декабрдаги 340-сон «Автомобилда халқаро юк ташийдиган автотранспорт воситаларига рақамли назорат қурилмаларини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 51-сон, 546-модда) мувофиқ халқаро йўналишларда юк ва йўловчи ташувларини амалга оширишга мўлжалланган автотранспорт воситаларидаги рақамли назорат қурилмаларидан (тахографдан) фойдаланиш тартибини белгилайди.
I-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Йўриқнома талаблари халқаро йўналишларда юк ва йўловчи ташувларини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар ва рақамли назорат қурилмаларини ўрнатиш, қиёслаш, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва тамғалаш бўйича фаолият олиб борувчи юридик шахслар (бундан буён матнда устахона деб юритилади) учун мажбурий.
2. Мазкур Йўриқномада қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
рақамли назорат қурилмасини автотранспорт воситасига идентификация қилиш — автотранспорт воситасининг рақамли назорат қурилмаси хотирасида сақланиб қоладиган параметрларини янгилаш ва тасдиқлаш;
рақамли назорат қурилмасига техник хизмат кўрсатиш — рақамли назорат қурилмасини уни ишлаб чиқарувчининг йўриқномасига мувофиқ ишчи ҳолатига олиб келувчи техник операциялар (автотранспорт воситасига идентификация қилиш, рақамли назорат қурилмасини ишга тушириш, рақамли назорат қурилмасидан маълумотларни ўқиш);
рақамли назорат қурилмасини тамғалаш — рақамли назорат қурилмасини пломбалаш, унга қиёслаш баённомасида белгиланган маълумотлар ва устахона махсус белгиси туширилган пластинкаларни ўрнатиш.
II-боб. Рақамли назорат қурилмасини ўрнатиш ва қиёслаш
3. Фойдаланишдаги автотранспорт воситасига рақамли назорат қурилмаси устахона томонидан ўрнатилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Автотранспорт воситаларига ўрнатилган рақамли назорат қурилмасини қиёслаш устахона ёки Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан амалга оширилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 13 августдаги 18-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3552, 15.08.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)
5. Автотранспорт воситаларига ўрнатилган рақамли назорат қурилма бир йилда камида бир марта қиёсланади. Рақамли назорат қурилмаси таъмирлангандан ва техник хизмат кўрсатилгандан кейин қиёсланганлик муддатидан қатъии назар, қайта қиёсланиши лозим.
6. Қиёслаш натижасида рақамли назорат қурилмасини фойдаланишга яроқлилиги аниқланади.
7. Рақамли назорат қурилмасини яроқлилиги қиёсланганлик тўғрисидаги гувоҳнома билан тасдиқланади. Рақамли назорат қурилмасини қиёсланганлик тўғрисидаги гувоҳнома бир йил давомида сақланади.
8. Рақамли назорат қурилмасидан кейинги фойдаланиш имкониятини ўрганиш бўйича калибрлаш ишлари олти йилда камида бир марта ўтказилиши шарт.
III-боб. Рақамли назорат қурилмасига техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш
9. Рақамли назорат қурилмасига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш фақат устахона томонидан амалга оширилади.
10. Рақамли назорат қурилмасига бир йилда камида бир марта техник хизмат кўрсатилади. Қиёслаш натижаларида оғишишлар аниқланган тақдирда ҳам техник хизмат кўрсатилади.
11. Таъмирлаш қуйидаги ҳолларда ўтказилади:
фойдаланиш жараёнида носозлик аниқланганда ҳайдовчи талаби бўйича;
техник кўрик жараёнида носозлик аниқланганда;
қиёслаш вақтида носозлик аниқланганда.
IV-боб. Рақамли назорат қурилмасини тамғалаш
12. Рақамли назорат қурилмасини тамғалаш уни ўрнатган, унга техник хизмат кўрсатган, таъмирлаган ёки қиёслаш ишларини бажарган устахона томонидан амалга оширилади.
13. Рақамли назорат қурилмасини тамғалаш ишлари қурилма ўрнатилгандан, унга техник хизмат кўрсатилгандан, таъмирлангандан ёки қиёслаш ишлари бажарилгандан сўнг амалга оширилади.
14. Устахона пломбага босиладиган махсус белгига эга бўлиши шарт.
15. Рақамли назорат қурилмасини пломбалашда ишлатиладиган пломбалар учун устахонанинг қуйидаги махсус белгилари ишлатилади: «UZ — XXX», бу ерда XXX — устахонанинг тартиб рақами.
16. Рақамли назорат қурилмасини автотранспорт воситасига идентификация қилинганлиги тўғрисидаги пластинка ўзи елимланадиган ва уни олиб ташлашга уринилганда зарарланиб қоладиган бўлиши лозим.
17. Рақамли назорат қурилмаси пластинкасида қиёслаш баённомасида ва рақамли назорат қурилмасини автотранспорт воситасига идентификация қилиш баённомасида белгиланган маълумотларга мувофиқ қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:
рақамли назорат қурилмасига техник хизмат кўрсатувчи устахонанинг махсус белгиси;
автотранспорт воситасининг характеристик коэффициенти «k = ... r/km» ёки «w =... imp/km»;
автотранспорт воситаси ғилдираги шиналарининг эффектив айланаси «L=... mm»;
рақамли назорат қурилмаси константаси қуйидаги шаклда «k =... r/km» ёки «w =. .. imp/km»;
рақамли назорат қурилмасининг автотранспорт воситасига идентификация қилинган санаси.
V-боб. Рақамли назорат қурилмасидан фойдаланишда ҳайдовчиларга талаблар
18. Ҳайдовчи фақат ўзининг карточкасидан фойдаланиши шарт.
19. Қатновда иккита ҳайдовчи иштирок этган ҳолда иккинчи ҳайдовчининг ҳайдовчи карточкаси рақамли назорат қурилмасига биринчи ҳайдовчининг ҳайдовчи карточкаси ўрнига автотранспорт воситаси тўлиқ тўхтагандан кейин ўрнатилиши керак.
20. Ҳайдовчи:
фақат соз ҳолдаги рақамли назорат қурилмасидан фойдаланиши;
рақамли назорат қурилмасининг носозлигини аниқлаганда уни алмаштириш ва таъмирлаш чораларини кўриши;
меҳнат ва дам олиш режимига риоя қилиши шарт.
21. Ҳайдовчига қуйидагилар тақиқланади:
рақамли назорат қурилмаси, спидометр ва юритма датчигидаги пломбани узиш;
диаграмма тасмаси ўрнатилмаган рақамли назорат қурилмасидан фойдаланиш;
автотранспорт воситасининг ҳаракати давомида рақамли назорат қурилмасидан ҳайдовчи карточкасини чиқариш;
рақамли назорат қурилмасини очиш;
диаграмма тасмасини алмаштириш;
рақамли назорат қурилмасини мустақил равишда таъмирлаш;
рақамли назорат қурилмасини электр тармоғидан узиш.
VI-боб. Якуний қоида
22. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва «Ўзстандарт» агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
Ички ишлар вазири Б. МАТЛЮБОВ
2012 йил 28 январь
«Ўзстандарт» агентлиги бош директори А. АБДУВАЛИЕВ
2012 йил 28 январь
Савдо-саноат палатаси раиси А. ШАЙХОВ
2012 йил 28 январь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 13-сон, 148-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)