Тошкент шаҳар ҳокимининг
Қарори
Тошкент шаҳрида паспорт тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чоралар тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 4 июндаги 390/41-6-сонли «Тошкент шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4117-сонли Фармони талабларини ва Тошкент шаҳар ҳокимининг 2009 йил 9 июлдаги 342-сонли қарорини ўз вақтида бажариш, фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш учун Тошкент шаҳрига келиб-кетиш жараёнларини тартибга солиш, уларга бу борада қулайликлар яратиш мақсадида ҳамда Ички ишлар бош бошқармаси ва Маҳалла жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлимининг 2010 йил 13 апрелдаги қўшма мурожаатларини инобатга олиб қарор қиламан:
1. Ички ишлар бош бошқармаси ва Маҳалла жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлимининг Тошкент шаҳридаги барча мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинлари штат жадвалига фуқароларнинг паспорт тизими масаласи билан шуғулланувчи биттадан штат бирлиги киритиш ҳамда жамғарма томонидан уларнинг ойлик иш маошини таъминлашни белгилаш ҳақидаги таклифлари маьқуллансин.
2. Фуқароларнинг паспорт тизими масаласи билан шуғулланувчи ходимнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Мавжуд кўп қаватли ҳамда якка тартибдаги уйларда фуқароларнинг келиб-кетиш назоратини олиб бориш;
Рўйхатга қўйилаётган (доимий ва вақтинча) фуқаролар таҳлилини юритиш, аниқланган ҳар бир ноқонуний ҳолат юзасидан тегишли ИИБ ХЧК ва ФБларга ахборот бериш;
Ф-4, Ф-5 ҳисоб-варақаларини юритиш, уларни умумлаштириш ва сақланишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикасидаги Паспорт тизими қоидалари юзасидан ҳудуддаги аҳоли орасида тегишли тушунтиришларни олиб бориш;
Аниқ белгиланган кун ва вақтда маҳалла фуқаролари томонидан паспорт тизими масаласида тўпланиб топширилган ҳужжатларни туман ИИБ ХЧК ва ФБларга ўз вақтида тақдим этиш ва уларнинг натижалари бўйича ҳужжатларни фуқароларга ўз вақтида топшириш;
Маҳалла, туман ва шаҳар ҳудуди миқёсида ўтказиладиган паспорт тизими тадбирларида фаол иштирок этиш ва салбий ҳолатлар юзасидан маълумотларни тегишли идораларга мунтазам тақдим этиб бориш;
Туман ИИБ ХЧК ва ФБлари раҳбари томонидан паспорт тизими билан боғлиқ берилган бошқа қўшимча топшириқларни бажариш.
3. Ички ишлар бош бошқармаси (Қ. Накибов), Маҳалла жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими (Т. Собитов), ИИББ Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш шаҳар (А. Агзамов) ва туман бўлинмалари билан биргаликда:
3.1. Паспорт тизимини янада такомиллаштириш билан боғлиқ олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар бир маҳалла бўйича фуқароларнинг паспорт тизими масаласи билан шуғулланувчи ходимнинг қабул кунлари ва вақтлари юзасидан аниқ режалар белгилансин ва ҳар бир маҳалла фуқаролари йиғини биноси пештахталарига ушбу режалар қўйилиши таъминлансин.
3.2. Алоҳида эътибор, ходим томонидан алоҳида муҳрланган фуқароларни қабул қилиш китоби тутган ҳолда, фуқаролардан олинган ҳужжатларнинг туман ИИБ ХЧК ва ФБларга ўз вақтида топширилишига, улар томонидан ҳужжатлар кўриб чиқилгач, натижаларнинг фуқароларга ўз вақтида етказилишига, ариза ва шикоятларнинг «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун талабларига асосан кўриб чиқилишининг таъминланишига қаратилсин.
3.3. Мазкур ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини тўлақонли бажариши учун шароит яратиш мақсадида биргаликдаги Ҳаракат ва Хизмат Йўриқномаси ишлаб чиқилиб, ўрнатилган тартибда тасдиқлансин.
3.4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра мазкур ходим ўз хизмат вазифаларини қонунчиликда ўрнатилган тартибда бажариши учун бир йилда бир маротаба йўриқномада белгиланган тартибда Тошкент шаҳар ИИББ ХЧК ва ФБ қошида тузилган комиссияда шаҳодатдан (аттестация) ўтказиб борилсин.
4. Янги киритилаётган штатга номзодларнинг Маҳалла фуқаролар йиғини раислари томонидан, туман Ички ишлар бошқармаси Хорижга чиқиш-келиш ва фуқаролик бўлимлари бошлиқлари билан келишилган ҳолда ушбу қарорнинг 3.4-бандида назарда тутилган шаҳодатдан (аттестация) ўтгандан сўнг, лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод этилиши белгилаб қўйилсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, паспорт тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган мазкур чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан масъулият туман ИИБ бошлиқлари ва туман «Маҳалла» жамғармаси раислари зиммаларига юклатилади.
6. Ички ишлар бош бошқармаси (Қ. Накибов), Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати уюшмаси (А. Набиев), Маҳалла жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими (Т. Собитов):
Ҳозирги кунда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидаги фуқароларни рўйхатга олиш ходимида мавжуд бўлган фуқароларнинг паспорт тизими масаласидаги мурожаатлари бўйича тўпланган ҳужжатларнинг ўрнатилган тартибда шу ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинига топширилиши таъминлансин.
7. Маҳалла жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими (Т. Собитов), Хорижга чиқиш-келиш ва Фуқаролик бошқармаси (А. Агзамов), Молия бош бошқармаси (М. Мирмаҳмудов), Иқтисодиёт бош бошқармаси (С. Насреддинов):
Паспорт тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш бўйича, тақдим этилган ҳисоб-китобларга асосан янги киритилаётган ходим иш ҳақини ва унинг нормал иш фаолиятини йўлга қўйиш учун молиялаштириш манбаси юзасидан таклиф киритилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Р.Ж. Усмонов ва Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Қ.У. Накибов зиммаларига юклатилсин.
Ҳоким А. ТЎХТАЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 20 апрель,
212-сон