Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН ШАХСИЙ ЁРДАМЧИ ХЎЖАЛИКЛАРГА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ЕТИШТИРИШ УЧУН МИКРОКРЕДИТЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 20 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2344]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 22 июндаги 14/11-сонли «Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор ва унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2344-3, 16.07.2019 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 54-модда), «Микромолиялаш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 37-38-сон, 369-модда) қонунларига мувофиқ, Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:
1. Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Марказий банк раиси Ф. Муллажонов
Тошкент ш.,
2012 йил 10 март,
8/1-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2012 йил 10 мартдаги 8/1-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 54-модда), «Микромолиялаш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 37-38-сон, 369-модда) қонунларига мувофиқ, тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, шунингдек паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш ҳамда ихчам иссиқхоналар ташкил этиш учун микрокредитлар бериш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
I. Умумий қоидалар
1. Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, шунингдек паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш ҳамда ихчам иссиқхоналар қуриш учун микрокредитлар бериш қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шахсий ёрдамчи хўжалик деганда, шаҳарча, қишлоқ, овулларда яшовчи фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида уй-жой қуриш учун берилган участкаларнинг бир қисми – томорқада оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида оила эҳтиёжлари учун деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда оила эҳтиёжидан ортиқчасини деҳқон бозорларида сотиш билан шуғулланадиган оилавий хўжалик тушунилади.
2. Шахсий ёрдамчи хўжаликларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар миқдори энг кам иш ҳақининг 100 бараваригачани ташкил этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ушбу микрокредитлар шартнома асосида қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз:
мевали дарахтлар ва узум кўчатлари сотиб олиш учун бир йиллик имтиёзли давр билан 3 йилгача бўлган муддатга;
уруғликлар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш ҳамда паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш учун олти ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача бўлган муддатга берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Имтиёзли давр ўрнатилган ҳолда берилган кредитлар бўйича асосий қарзни тўлаш имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади.
Имтиёзли даврда кредит бўйича фоизлар ҳисобланади ва ундирилади. Бунда фоизлар қарз олувчига кредит бўйича қарздорликнинг амалдаги қолдиғига кунлик ҳисоблаб борилади ва ҳар ойда бир марта ундирилади.
5. Микрокредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда белгиланади.
II. Микрокредитлар беришни расмийлаштириш
6. Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахслар микрокредит олиш учун, қоида тариқасида, ўзлари истиқомат қиладиган жойдаги тижорат банклари филиалларидан бирига микрокредит беришни сўраб ариза билан мурожаат этишлари мумкин.
7. Микрокредит олиш учун шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахс томонидан тижорат банкига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
мазкур Низомнинг 1-бандида назарда тутилган мақсадлар учун микрокредит бериш сўралган ариза;
Кейинги таҳрирга қаранг.
маҳалла, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини Кенгаши раиси томонидан имзоланган, белгиланган тартибда берилган санаси ва рақами қайд этилган ҳамда гербли муҳр билан тасдиқланган тавсиянома ва микрокредит олувчи шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахсда томорқа участкаси мавжудлиги ҳамда унинг майдони кўрсатилган маълумотнома.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахс мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган тегишли ҳужжатларни топширишда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатади ҳамда ундан нусха тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Қарз олувчилар микрокредитлар қайтарилишининг таъминоти сифатида тижорат банки филиалига қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим этишлари лозим:
мол-мулк гарови;
банк ёки суғурта компаниясининг кафолати;
учинчи шахс кафиллиги;
қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси.
10. Кредитнинг таъминоти сифатида мол-мулк гарови бўйича тузиладиган шартномалар қонунда назарда тутилган ҳолларда нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
11. Кафиллик банк фойдасига кафил ва қарз олувчи ўртасида ёзма шаклда 3 (уч) нусхада тузиладиган кафиллик шартномаси билан расмийлаштирилади. Ушбу шартноманинг охирги бетида кафил ва қарз олувчи имзоларидан кафиллик қабул қилинганлиги тўғрисида тижорат банк филиали бошқарувчиси томонидан имзоланган ва думалоқ муҳр қўйилган ёзув киритилади.
12. Микрокредит сўраб, мазкур Низомнинг 7-бандида белгиланган барча зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда берилган ариза банкка келиб тушган кундан бошлаб, тижорат банки филиали кредит қўмитаси томонидан ушбу ариза бўйича қарор қабул қилиш муддати 3 иш кунидан ошмаслиги лозим.
13. Тижорат банки филиалининг кредит қўмитаси қарори микрокредитларни бериш ёки бермаслик учун асос бўлиб ҳисобланади.
14. Микрокредит бериш асослантирилган ҳолда рад этилган тақдирда, тижорат банк аризачига бу ҳақда кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ёзма шаклда маълум қилиши шарт.
15. Тижорат банки филиали кредит қўмитасининг микрокредит бериш тўғрисидаги ижобий қарори қабул қилинган тақдирда, қарз олувчи билан кредит шартномаси тузилиши ҳамда ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган, кредитнинг таъминоти сифатида қарз олувчи томонидан тақдим этилаётган таъминот турларидан бири қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилиши лозим.
16. Тижорат банки ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган кредит шартномасида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
кредит суммаси;
кредит муддати;
кредит учун фоиз ставкаси миқдори;
кредитнинг мақсади;
кредит таъминотига оид маълумотлар;
томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
томонларнинг жавобгарлиги;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар.
17. Кредит шартномаси тузилиб, кредитнинг таъминотига оид ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштириб бўлинган куннинг эртасидан кечиктирмаган ҳолда тижорат банки томонидан қарз олувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ссуда ҳисобварағи очилади.
III. Кредитлаш ва кредитни қайтариш
18. Микрокредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг тўлов топшириқномасига асосан, кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
19. Шахсий ёрдамчи хўжаликларга берилган микрокредитлар ҳисоби 14900-сонли «Жисмоний шахсларга берилган узоқ муддатли кредитлар» баланс ҳисобварақларида юритилади.
20. Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахс томонидан микрокредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни тўлаш тижорат банк кассасига нақд пул топшириш ёки қарз олувчининг омонат ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш ёхуд банк пластик карточкалари орқали амалга оширилади.
21. Тижорат банклари томонидан микрокредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида маҳалла, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини Кенгашининг масъул ходими иштирокида микрокредитдан самарали ҳамда мақсадли фойдаланилаётганлигини аниқлаш бўйича бевосита жойига чиқиб доимий мониторинг ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Олинган микрокредитдан бошқа мақсадда фойдаланилганлиги аниқланган тақдирда, тижорат банки кредит шартномасида белгиланган тартибда кредитнинг мақсадга номувофиқ ишлатилган қисмини қарз олувчидан муддатидан илгари ундириб олиш ҳуқуқига эга.
23. Микрокредит бўйича қарздорликни ундиришда биринчи навбатда микрокредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ундирилади.
24. Микрокредит белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда, тижорат банки ундирувни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда микрокредитнинг қайтарилиш таъминоти сифатида тақдим этилган таъминот шаклига қаратади.
IV. Якуний қоида
25. Ушбу Низом қоидаларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 12-сон, 136-модда; 2015 й., 11-сон, 132-модда; 2017 й., 16-сон, 282-модда)