Тошкент вилояти ҳокимининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 июндаги «Ўқувчи ва талаба ёшларни спортга жалб қилишга қаратилган узлуксиз республика спорт мусобақаларини ўтказиш тўғрисида»ги 181-сон қарори тўғрисида
Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларидан келиб чиқиб жорий этилган уч босқичли ягона спорт ўйинлари тизими – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва «Универсиада» мусобақалари ёш авлодни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг спортга қизиқишини, миллий ғурур ва ифтихор туйғусини ошириш борасида беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Ёшларда спортга бўлган ҳавас ва интилишни, жамиятимизда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кучайтириш, ўқувчи ва талаба ёшларни спортга жалб этиш тизимини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 июндаги «Ўқувчи ва талаба ёшларни спортга жалб қилишга қаратилган узлуксиз республика спорт мусобақаларини ўтказиш тўғрисида»ги 181-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 июндаги «Ўқувчи ва талаба ёшларни спортга жалб қилишга қаратилган узлуксиз республика спорт мусобақаларини ўтказиш тўғрисида»ги 181-сон қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг «Умид ниҳоллари», академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг «Баркамол авлод» ҳамда олий таълим муассаса талабаларининг «Универсиада» Республика спорт мусобақаларининг финал босқичларини даврий равишда ўтказиш тизими шаклланганлиги ҳамда ўтказиш режаси тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва «Универсиада» спорт мусобақаларнинг вилоят босқичларини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ташкилий қўмитага мазкур спорт мусобақаларини ўтказиш юзасидан алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилсин.
Ушбу дастурларда қуйидагилар назарда тутилсин:
спорт мусобақалари вилоят Халқ таълими, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаларига ҳамда олий ўқув юртларига спорт ва жисмоний тарбия тадбирларига ажратилган маблағлар доирасида, шунингдек ҳомийларнинг маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағларни жалб этган ҳолда ўтказилиши;
спорт мусобақаларининг вилоят босқичлари бўлиб ўтадиган ҳудудлар ва у ерда жойлашган инфратузилма объектларини талаб даражасида тайёрлаш ва замонавий асосда жиҳозлаш;
спорт мусобақалари давомида ҳар қайси иштирокчининг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш, буюк аждодларимизнинг мардлик ва жасурлик анъаналарини муносиб давом эттиришга қодир инсонлар бўлиб етишишига хизмат қиладиган маданий-маърифий тадбирлар дастурини амалга ошириш.
5. Вилоят ҳокимлиги Молия (К. Умархонов) бошқармаси спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш, ўқувчиларни қатнашишлари учун тегишли йил бюджет параметрларида назарда тутилишини таъминласин.
6. Вилоят Ички ишлар бошқармасига (Муллажонов) спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар ўтадиган ҳамда қатнашчилар яшайдиган жойларда жамоат ва транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилсин.
7. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси (А. Ахмедов) спорт мусобақалари иштирокчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш ва мусобақалар даврида тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этсин, спортчиларнинг дам олиш, овқатланиш жойларида санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинишини таъминласин.
8. Вилоят ҳокими матбуот котиби (Р. Арипов) оммавий ахборот воситаларида мазкур спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнини кенг ёритиб борилишини таъминласин.
9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари С. Абдуллаев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Р. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 10 июль,
143-сон
Тошкент вилояти ҳокимининг 2009 йил 10 июлдаги 143-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва «Универсиада» спорт мусобақаларининг вилоят босқичларини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита
таркиби
| С. Абдуллаев | Вилоят ҳокимининг ўринбосари, ташкилий қўмита раиси |
| Б. Ахмедов | Вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи, раис ўринбосари |
| Х. Ибрагимов | Вилоят Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи, раис ўринбосари |
| А. Азаматов | Вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи в.б., раис ўринбосари |
|
аъзолари: | |
| У. Рашидов | Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали директори, масъул котиб |
| Лавозимига кўра | Саноат, тадбиркорлик, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибият мудири |
| Лавозимига кўра | Иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича котибият мудири |
| Келишув асосида | Вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ходими |
| А. Арипов | Вилоят ҳокими матбуот котиби |
| А. Муллажонов | Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи |
| М. Тўлаганова | Касаба уюшмалари Кенгаши раиси |
| А. Ахмедов | Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи |
| Э. Азизов | Вилоят ҳокимлиги транспорт департаменти раҳбари |
| М. Каримов | Вилоят «Транстерминал» уюшмаси раиси |
| К. Вахобов | Вилоят «Ватанпарвар» ташкилоти кенгаши раиси |
| Б. Султонов | «Ўзбекнаво» вилоят бўлими раҳбари |
| Ш. Қўчқоров | «Камолот» ЁИХ вилоят бўлими раиси |
| Р. Шералиев | «Маҳалла» хайрия жамғармаси вилоят бўлими раиси |
| Г. Вахобова | Вилоят «Соғлом авлод учун» жамғармаси раиси |
| Н. Рустамова | «Қизил ярим ой» жамияти вилоят бўлими раиси |
| Х. Кимсанбоев | Тошкент давлат аграр университети ректори |
| А. Хазратқулов | Ангрен давлат педагогика институти ректори |