Тошкент шаҳар ҳокимининг
Қарори
Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида санитар холатни яхшилаш, қишлоқ хўжалик махсулотлари нархини сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олиш, арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда нақд пул муомаласини барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 4 июндаги 390/41-6-сонли «Тошкент шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Тошкент шаҳри деҳқон бозорларига арзон ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда савдодаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархини мувофиқлаштириш ва асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олиб келишга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда 2008 йил 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. 2008 йилнинг март — май ойларида Тошкент шаҳри деҳқон бозорларига сифатли ва арзон қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш, савдодаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархини мувофиқлаштириш ҳамда деҳқон бозорларининг санитар ҳолатини яхшилаш масалаларига оид чора-тадбирлар дастурлари 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар:
«Тошбозортайёрловсавдо» уюшмаси тизимидаги «Тошкент матлубот савдо» корхонаси ва савдо-харид корхоналари томонидан 2008 йил қиш-баҳор мавсумига захирага қўйилган картошка ва пиёз маҳсулотини савдога чиқариш жадвали 2-иловага* мувофиқ;
Аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, бозордаги нархларни мувофиқлаштириш мақсадида 2008 йил март — май ойлари давомида туман ҳокимликлари, прокуратура, Ички ишлар бошқармалари ва давлат солиқ инспексиялари томонидан асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини келтириб сотиш режаси 3-иловага* мувофиқ;
Тошкент шаҳри деҳқон бозорларида 2008 йил март — май ойлари давомида «INTERTEX MEDPRODUKT» МЧЖ томонидан «ДИВНОЕ» писта ёғи маҳсулотини (3000 сўм) ва «КОНФИ СИЛК ТРАЙД» корхонаси томонидан «Золотая семечка» писта ёғи маҳсулотини (3300 сўм) савдога чиқариш жадваллари 4-5-иловаларга* мувофиқ;
Тошкент шаҳри деҳқон бозорларида 2008 йил март — май ойларида «ДИЕТ ТРЕЙД» қўшма корхонаси томонидан тухум ва товуқ гўшти маҳсулотларини савдога чиқариш жадвали 6-иловага* мувофиқ мақуллансин.
3. Туман ҳокимлари:
3.1. Асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўйича мавсумига тайёрланган захирага қўшимча равишда 7-иловага* мувофиқ захира яратилиши таминлансин.
* 1 — 7-иловалар берилмайди.
3.2. Амалга оширилган ишлар тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимлигига кундалик ахборот тақдим этилсин.
4. Савдо хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш департаменти (Р. Абдумажитов), «Тошбозортайёрловсавдо» уюшмаси (М. Аташиков) туман ҳокимлари:
4.1. Сурхондарё вилотиятидаги фермер хўжаликлари ва агрофирмаларидан арзон ва сифатли эртанги етиштирилган картошка, пиёз, карам маҳсулотини олиб келиш ҳамда Тошкент шаҳрида барча деҳқон бозорларида сотилишини ташкил этиш.
4.2. Шаҳар аҳолисини қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эхтиёжини тўлароқ таъминлаш, уларнинг бозорлардаги нархларини мувофиқлаштириш мақсадида Тошкент вилояти хамда бошқа вилоятларидаги деҳқон ва фермерлар билан тўғридан-тўғри шартнома асосида арзон ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиб келиниши таъминлансин.
4.3. 2008-2009 йиллар кузги-қишки захирасини тайёрлаш мақсадида Тошкент вилояти ва бошқа худудлардан тўғридан-тўғри шартнома асосида арзон ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини келтирилиши юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилансин.
5. Бюджет муассасаларига хизмат кўрсатувчи ташкилот ва идоралар 2008-2009 йиллар кузги-қишки захирасини тайёрлаш мақсадида Тошкент вилояти ва бошқа худудлардан тўғридан-тўғри шартнома асосида арзон ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини келтириш чоралари кўрилсин.
6. Савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш департаменти (Р. Абдумажитов). «Пойтахт таъсис» ДУК (Ш. Рахимов):
6.1. Қишки захирани тайёрлаш учун республикамиз ва чет эллардан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ҳамда гўшт маҳсулотларини олиб келиш чора-тадбирлари амалга оширилсин ҳамда ички бозор конъектураси, талаб ва таклифлар ўрнатилсин.
6.2. Шаҳар аҳолисини куз-қиш мавсумида арзон нархлардаги картошка, пиёз, сабзи маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида вилоят ва бошқа давлатлардан асосий қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг захирасини тайёрлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилсин ва тасдиқлаш учун тақдим этилсин.
6.3. Марказий мева-сабзавот омборхонаси (ПОК-5) қиш мавсумида маҳсулотлар сақлаш учун талаб даражасига келтирилсин ва таъмирлаш ишлари амалга оширилсин.
7. Марказий банк Тошкент шаҳар бошқармаси (Ш. Хаджизодаев), тижорат банклари билан биргаликда, Тошкент шаҳри аҳолисини куз-қиш мавсумида сифатли ва арзон қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондириш мақсадида, «Пойтахт-таъсис» ДУК, «Тошбозортайёрловсавдо» уюшмаси имтиёзли кредитлар ажратиш юзасидан чора-тадбирлари амалга оширилсин.
8. Ички ишлар бош бошқармаси (Қ. Накибов), Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази (Б. Қурбонов), Ветеринария бошқармаси (Р. Хасанов), тезкор санитар хизмати (Ў. Хушваков) бозорларнинг санитар холатига, маҳсулотларининг тегишли мутахассислар кўригидан ўтказилган ҳолда савдога чиқарилиши, тозаликка риоя этилиши юзасидан ҳар бир раҳбарнинг шахсий маъсулияти белгилаб қўйилсин.
9. Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси (А. Юлдашев):
9.1. Барча деҳқон бозорлари ҳудудининг белгиланмаган жойларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдоси бартараф қилган ҳолда савдо ўрни (жойи) учун ўрнатилган тартибда патта тўловини назорат касса аппаратлари орқали ўрнатилган тартибда кассаларга ўз вақтида тўлиқ тўланиши тўғри ташкил этилсин ва тегишли назорат ўрнатилсин.
9.2. Барча деҳқон бозорларида асосий истеъмол моллари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархларини сунъий равишда ошиб кетиши олдини олиш борасида мунтазам равишда мониторинг ишлари амалга оширилсин.
10. «Тошбозортайёрловсавдо» уюшмаси (М. Аташиков), барча деҳқон бозорлари раҳбарлари билан биргаликда:
10.1. Шаҳар аҳолисининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлароқ таъминлаш, савдо-харид корхоналари орқали вилоятлардаги деҳқон ва фермерлар билан тўғридан-тўғри шартнома асосида арзон ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини кунма-кун олиб келиб сотилиши ташкил этилсин:
10.2. Тошкент вилоятининг деҳқон - фермер хўжаликлари ва агрофирмаларига қулайликлар яратиш ва шаҳарга арзон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиб келишини ташкил этиш учун ҳар бир деҳқон бозори худудидан 20 тадан 40 тагача тўлиқ жиҳозланган бепул жойлар ажратилсин.
11. Савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш департаменти (Р. Абдумажитов), Ички ишлар бош бошқармаси (Қ. Накибов), «Тошбозортайёрловсавдо» уюшмаси (М. Аташиков), туман ҳокимлари, Тошкент шаҳар аҳолисининг сифатли ва арзон маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятларидан балиқ маҳсулотларини олиб келиш ва савдога чиқариш жадвали тасдиқлансин ва бажарилиши назоратга олинсин. Шунингдек, чет давлатлардан балиқ маҳсулотини олиб келиш ва савдога чиқариш чоралари кўрилсин.
12. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (Қ. Накибов), Давлат солиқ бошқармаси (А. Юлдашев) билан биргаликда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархини асоссиз ошишига йўл қўяётган, ўртада туриб воситачилик билан шуғулланувчиларга (ушбу фаолият билан ноқонуний шуғулланаётган) нисбатан тегишли чоралар кўрилсин.
13. Савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш департаменти (Р. Абдумажитов), Давлат солиқ бошқармаси (А. Юлдашев), «Тошбозортайёрловсавдо» уюшмаси (М. Аташиков), туман ҳокимлари юқоридаги масалалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳар 10 кунда Тошкент шаҳар ҳокимлигига ёзма ахборот киритиб борилиши белгилаб қўйилсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.И. Тохиров ва Савдо хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш департаменти бошлиғи Р.А. Абдумажидов зиммаларига юклатилсин.
Ҳоким А. ТЎХТАЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 13 март,
142-сон