ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
КРЕДИТ БЮРОЛАРИ ВА КРЕДИТ БЮРОЛАРИГА КРЕДИТ АХБОРОТИНИ ТАҚДИМ ЭТУВЧИ ОРГАНЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАР ЎРТАСИДА КРЕДИТ АХБОРОТИ АЛМАШИНУВИ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 2 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2330]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 17 июндаги 12/9-сонли «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3645, 07.07.2025 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 40-сон, 412-модда) қонунларига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Кредит бюролари ва кредит бюроларига кредит ахборотини тақдим этувчи органлар ва ташкилотлар ўртасида кредит ахбороти алмашинуви тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 14 январь,
1/1-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2012 йил 14 январдаги 1/1-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Кредит бюролари ва кредит бюроларига кредит ахборотини тақдим этувчи органлар ва ташкилотлар ўртасида кредит ахбороти алмашинуви тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда) ва «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 40-сон, 412-модда) қонунларига мувофиқ кредит бюролари ва кредит бюроларига кредит ахборотини тақдим этувчи органлар ва ташкилотлар ўртасида кредит ахбороти алмашинуви тартибини белгилайди.
I. Кредит бюросининг кредит ахборотини тақдим этувчи органлар ва ташкилотларга мурожаат қилиши
1. Ўзбекистон Республикасининг «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига мувофиқ кредит бюроларига қуйидаги органлар ва ташкилотлар (бундан буён матнда тегишли органлар ва ташкилотлар деб юритилади) томонидан кредит ахбороти тақдим этилади:
юридик шахсларни, якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан — Юридик шахсларнинг давлат реестрига ва Якка тартибдаги тадбиркорларнинг давлат реестрига киритилган маълумотлар ҳажмида;
кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни ва унга доир битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан — Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ва кўчмас мулк ҳақидаги бошқа очиқ фойдаланиладиган маълумотлар базаларига киритилган маълумотлар ҳажмида;
давлат солиқ хизмати органлари томонидан — солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш маълумотлари, шунингдек уларнинг молиявий ҳисоботи тўғрисида;
ички ишлар органлари томонидан — берилган паспортлар тўғрисида, шу жумладан, йўқолган ёки амал қилиш муддати тугаган паспортлар ўрнига берилган паспортлар, шунингдек автомототранспорт воситаларининг рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақида ҳамда уларнинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисида;
Кейинги таҳрирга қаранг.
давлат нотариал идоралари томонидан — битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисида;
Кейинги таҳрирга қаранг.
лицензия ва (ёки) бошқа рухсат этувчи ҳужжатларни берувчи органлар томонидан — ушбу ҳужжатлар берилганлиги фактлари тўғрисида, лицензиянинг ва (ёки) бошқа рухсат этувчи ҳужжатларнинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги ҳақида, шунингдек уларнинг бекор қилинганлиги ва қайта расмийлаштирилганлиги тўғрисида.
2. Кредит бюролари кредит ахбороти субъектларининг кредит тарихини шакллантириш учун тегишли органлар ва ташкилотлардан ўзаро тузилган кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартнома (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) асосида кредит ахборотини олишга ҳақли.
3. Тегишли органлар ва ташкилотлар кредит бюролари билан қонун ҳужжатлари талабларига мос бўлган шартномани тузишни асоссиз равишда рад этишга ҳақли эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Кредит бюролари тегишли органлар ва ташкилотларга кредит ахборотини олиш учун ёзма ёки электрон шаклда сўров юборади. Сўровда олинадиган кредит ахборотининг таркиби кўрсатилиши лозим.
II. Кредит ахборотини тақдим этиш
5. Кредит ахбороти алмашинувида кредит ахборотининг бутлигини, ишончлилигини, махфийлигини таъминлаш учун Кредит бюроларининг техник ва дастурий воситаларига ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш бўйича қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2318, 2012 йил 23 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 3-4-сон, 35-модда) мувофиқ хавфсизлик чоралари кўрилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Тегишли органлар ва ташкилотлар кредит бюроларига қоида тариқасида кредит ахборотини электрон шаклда тақдим этади. Кредит ахборотининг қоғозда тақдим этилиши шартномада белгиланади.
7. Кредит бюроларида мавжуд бўлган кредит ахборотига зарар етганда ёки улар йўқолганда кредит бюролари тегишли органлар ва ташкилотлардан зарар етган ёки йўқолган кредит ахбороти ҳажмида қўшимча сўров асосида кредит ахборотини олиши лозим.
8. Кредит бюролари тегишли органлар ва ташкилотлардан олинаётган кредит ахборотининг махфийлигини таъминлаш учун ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлари доирасини белгилайди.
III. Кредит ахборотларини қайта ишлаш
9. Кредит бюролари тегишли органлар ва ташкилотлардан олинган кредит ахборотини йиғади, таҳлил қилади ва ундан кредит ахбороти субъектининг кредит тарихини шакллантиради.
10. Тегишли органлар ва ташкилотлар томонидан кредит бюроларига тақдим этилган кредит ахборотининг тўғри эканлигига кредит бюроларида шубҳа туғилса, улар тегишли органлар ва ташкилотларга бу ҳақида сўров юборишлари лозим. Кредит ахборотининг тўғрилиги юзасидан туғилган шубҳа ўз тасдиғини топган тақдирда тегишли органлар ва ташкилотлар кредит ахборотини уч иш куни муддатида тузатиб, бу ҳақда кредит бюроларини хабардор қилишлари лозим.
11. Тегишли органлар ва ташкилотлардан олинган кредит ахборотига кредит бюролари томонидан ўзгартириш киритиш тақиқланади, мазкур Низомнинг 10-банди бундан мустасно.
IV. Якуний қоидалар
12. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан келишилган.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
2011 йил 30 декабрь
Ички ишлар вазири Б. МАТЛЮБОВ
2011 йил 30 декабрь
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси С. АРАБОВ
2011 йил 30 декабрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 8-9-сон, 90-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.06.2019 й., 10/19/2330-1/3314-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 07.06.2022 й., 10/22/2330-2/0499-сон)