Тошкент вилояти ҳокимининг
Қарори
Оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш орқали оила бюджетларида даромадларни кўпайтириш, иш билан банд бўлмаган аҳолини ишлаб чиқариш фаолиятига жалб этиш ва халқ ҳунармандчилигининг кўп асрлик анъаналарини сақлаб қолиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 июлдаги 216-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 июлдаги «Оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 216-сон қарори маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан:
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Иқтисодиёт вазирликлари, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатасининг фуқароларнинг ҳунармандчилик фаолиятини касаначилик меҳнати шаклларига киритиш тўғрисидаги таклифига розилик берилганлиги;
оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага* мувофиқ тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
* Илова берилмайди.
3. Вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Бош бошқармаси (Ҳ.Исамуҳамедов):
шаҳар ва туман ҳокимликлари, манфаатдор бошқарма ва идоралар, «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бўлими билан биргаликда оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришни тизимли асосда мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлашни;
вилоят Статистика бошқармаси билан биргаликда оилавий тадбиркорликда қатнашаётган, шунингдек ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни, шу жумладан шогирд ҳунармандларни касаначилик билан шуғулланадиган шахс сифатида ҳисобга олишни ташкил этишни;
оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш параметрларининг янги иш ўринлари ташкил этиш ҳудудий дастурлари прогноз параметрларига киритилишини;
2009 йил учун Бандликка кўмаклашувчи давлат жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган 85 млн сўм имтиёзли кредит маблағларининг оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратишга мақсадли йўналтирилишини таъминласин.
4. Вилоят «Микрокредитбанк» ва бошқа тижорат банкларига оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга, уй меҳнатини ташкил этишга белгиланган тартибда имтиёзли кредитлар ажратилишини кенгайтириш тавсия этилсин.
5. Шаҳар ва туман ҳокимлари, вилоят бошқарма ва идора раҳбарларига:
хоналарни ижарага бериш, махсус жойларни ажратиш ва обод қилиш, ҳунармандлар ишлаб чиқарган буюмлар ва товарларни сотиш учун ихтисослаштирилган дўконлар ва шохобчаларни ташкил этиш йўли билан ҳунармандчиликни ривожлантиришга кўмаклашсинлар;
ҳунармандчилик субъектларини маҳаллий хом ашё, материаллар, асбоблар ва кичик механизация воситалари билан таъминлашда, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаларини ўтказишда, ёшларни ҳунармандчилик кўникмаларига ўқитиш учун зарур шарт-шароитларни яратишда амалий ёрдам кўрсатсинлар;
меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни таъминласинлар.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари С.Абдуллаев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Р. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 10 август,
170-сон