Тошкент вилояти ҳокимининг
Қарори
Вилоят ҳудудидаги транспорт воситаларининг мажбурий техник кўригини ташкил этиш ва уни ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида»ги 54-сонли қарор ижросини таъминлаш ҳамда вилоят ҳудудидаги транспорт воситаларининг мажбурий техник кўригини ташкил этиш мақсадида қарор қиламан:
1. Тошкент вилояти ҳудудида вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг жойлардаги бўлим ва бўлинмалари томонидан транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ишларини амалга ошириш ташкиллаштирилсин.
2. Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказилишида қуйидаги даврийликка риоя этилсин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчиларнинг ўрнидан ташқари) автомобиллар, одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — 1 йилда 2 марта, шундан биринчиси 2012 йил 1 мартдан 30 июнгача, иккинчиси 1 сентябрдан 31 октябргача;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситалардан ташқари) — икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситалардан ташқари) — бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт-воситаси-шатакчиси учун белгиланган муддатларда такдим этилади.
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб улардан фойдаланишнинг биринчи йили мобайнида транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмайди (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситалар бундан мустасно).
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 2012 йилда 1 мартдан 30 июнга қадар, жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январдан 31 августга қадар ўтказилади.
3. Вилоят Ички ишлар бошқармаси (А.Муллажонов):
йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг шаҳар ва туман бўлим, бўлинмалари билан биргаликда 2012 йилнинг 1 февраль кунигача юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жадвалини ишлаб чиқсин ва туман, шаҳар ҳокимликларига тақдим этсин;
техник кўрик жадвалига транспорт воситалари рўйхатга олинган юридик ва жисмоний шахслар, уларга тегишли транспорт воситалари сони ва мажбурий техник кўрик ўтказиш муддати киритилсин;
4. Шаҳар ва туман ҳокимликлари:
транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш юзасидан тегишли қарорларни қабул қилсин;
2012 йилнинг 25 январь кунига қадар йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш комиссиялари билан ҳамкорликда, юридик шахслар раҳбарларини жалб этган ҳолда транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикка тайёрлаш ва уни ўтказиш чора-тадбирларини ишлаб чиқсин ва уларни амалга оширилиши устидан назорат ўрнатсин;
транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг шаҳар ва туман бўлим, бўлинмалари, мудофаа ишлари бўйича бўлимлари вакиллари ва юридик шахсларнинг муҳандис техник ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузсин;
йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг шаҳар ва туман бўлим, бўлинмалари билан биргаликда фаолияти тугатилган юридик шахслар тасарруфида бўлган транспорт воситалари, тиркамалар, ярим тиркамаларни аниқлаш ва уларни ўрнатилган тартибда ҳисобдан чиқариш чораларини кўрсин;
йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг шаҳар ва туман бўлим, бўлинмалари ҳамда ички ишлар бўлимининг бошқа хизмат ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларнинг тўлиқ мажбурий техник кўрикдан ўтказилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 28 февралдаги “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 294-сонли, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида Автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда Автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларини тасдиқлаш ҳақида» 482-сонли қарорлари ижросини таъминлаш, йўловчиларга самарали транспорт хизмати кўрсатиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоятдаги барча тижорат асосида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар тасарруфидаги, ишлаб чиқарилган йил 2000 йилгача бўлган автобус ва кичик автобусларнинг (Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари, Пискент, Бўка ҳамда Оҳангарон туманларида мавжуд бўлган, ишлаб чиқарилган йилидан қатъи назар, барча турдаги автобус ва микроавтобусларнинг) мажбурий техник кўриги Олмалиқ шаҳридаги 1-сонли Диагностика тармоғида ўтказилиши ташкиллаштирилсин;
транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жадвали асосида автобус ва кичик автобусларни мажбурий техник кўрикка тайёрлаш ва тақдим этиш юридик шахслар раҳбарлари ҳамда жисмоний шахслар томонидан таъминлансин.
5. Вилоят ҳокимлигининг Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш Департаменти (Э.Азизов):
йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлим, бўлинмалари билан биргаликда транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ишларини ташкил этсин.
6. Ўрнатилган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтмаган автобус ва кичик автобуслардан фойдаланиш тақиқлансин.
7. Юридик шахслар раҳбарлари мажбурий техник кўрик бошланишидан камида 10 кун олдин вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармасининг рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлими ҳамда туманлараро рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинмаларига (РИБ, ТРИБ) улардаги мавжуд транспорт воситалари ҳақидаги далолатномани таққослаш учун тақдим этсинлар ва уларга техник кўрик учун белгиланган тўловларни ўз вақтида тўлашни таъминлаш лозимлиги кўрсатиб ўтилсин.
8. «Агросуғурта» Давлат акциядорлик компаниясининг Тошкент вилояти дирекцияси (О.Файзиев) ва вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган бошқа суғурта ташкилотларига:
йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлинмалари билан ҳамкорликда мажбурий транспорт воситаси суғуртаси тўловларини ундириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
9. «Тошкент ҳақиқати» ва «Ташкентская правда» газеталари бош муҳарририяти (У.Абдушохидов):
қарор ижросини тўлиқ таъминлаш ва уни кенг оммага етказиш мақсадида ушбу қарорни «Тошкент ҳақиқати» ва «Ташкентская правда» газеталарида расман чоп этсин ва жойлардаги ҳокимликларнинг расмий нашрлари орқали транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорлар, мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги мақсадли тадбирлар тарғиб қилиб борилишини назоратга олсин.
10. Мазкур қарор расман эълон қилинганидан сўнг ўн кундан кейин кучга киради.
11. Вилоят ҳокимининг 2010 йил 30 декабрдаги «Вилоят ҳудудидаги транспорт воситаларини мажбурий техник кўригини ташкил этиш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги 292-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари С. Ильхамов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Р. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 7 декабрь,
242-сон