Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш Давлат инспекцияси бошлиғининг
буйруғи
НОН ПИШИРИШДАГИ ОЛОВЛИ ИШЛАРНИ БАЖАРИШДА ХАВФСИЗЛИК ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2011 йил 7 февраль, 6-24/13-981/6-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 июлдаги 153-сон «Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорига мувофиқ буюраман:
1. Нон пиширишдаги оловли ишларни бажаришда хавфсизлик қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Инспекция бошлиғи Б. ҒУЛОМОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 20 январь,
18-сон
«САНОАТГЕОКОНТЕХНАЗОРАТ» давлат инспекцияси бошлиғининг 2011 йил 20 январдаги 18-сонли буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Нон пиширишдаги оловли ишларни бажаришда хавфсизлик
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 386-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон «Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон «Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ нон пиширишдаги оловли ишларни бажаришда хавфсизлик тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар нон пиширадиган ташкилотлар (бундан кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) учун тааллуқлидир.
2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши керак.
3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.
II. Умумий хавфсизлик талаблари
1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш
4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.
5. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш ҳақидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши керак.
6. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ва ходимлар ҳамда иш жойларини шу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.
2-§. Санитария ва гигиена
7. Ташкилот хоналаридаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавони ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 талабларига мувофиқ бўлиши керак.
8. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини тузишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 «Иситиш, вентиляция ва кондициялаш» талабига мувофиқ ташкил қилиш керак.
9. Ишлаб чиқариш хоналари табиий ва сунъий ёруғлилиги даражаси ҚМҚ 2.01.05-98 «Табиий ва суньий ёруғлик» талабларига мувофиқ бўлиши керак.
10. Ишлаб чиқариш биноларида микроиқлим СанҚваМ 0203-06 «Ишлаб чиқариш бинолари микроиқлими санитария меъёрлари» талабларига мувофиқ бўлиши керак.
11. Иш жойлари ишлаб чиқиш жараёнлари хусусиятларига мувофиқ тик туриб ва ўтириб ишлаш учун ГОСТ 12.2.032-78 ва ГОСТ 12.2.033-78 талабларига мувофиқ мосламалар билан жиҳозланиши лозим.
3-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар
12. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 «Табиий ва сунъий ёритиш» талабига мос бўлиши керак.
13. Ёритиш воситаларида кўзни қамаштиришдан сақловчи чоралар кўрилган бўлиши керак.
14. Ёритиш воситалари учун 220 В дан юқори бўлмаган кучланиш қўлланиши керак.
15. Кўчма ёритиш воситаларини ишлатишда резина шлангли эгилувчан ўтказгичдан фойдаланилиши керак.
16. Ёритиш воситаларини таъмирлаш ва унинг ички элементларини кўздан кечириш, куйган лампа ва ҳимоя шишаларини алмаштириш ишлари электр тармоғидан ўчирилган ҳолда бажарилиши керак.
17. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак.
18. Ёритиш воситаларини назорат қилиш ва таъмирлаш ишлари шу ишларни амалга оширишга масъул бўлган ходимлар томонидан амалга оширилиши керак.
19. Электр ёритиш ўтказгичлари полдан 2,5 м дан паст бўлмаган баландликда бўлиши керак.
20. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёритқичлари бўлиши лозим.
21. Авария ёритқичлари бошқа ёритқичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозалаб турилиши керак.
III. Нон пишириш жараёнларига қўйиладиган талаблар
1-§. Нон пишириш печининг ўчоқ бўлимига хавфсизлик талаблари
22. Зарурият туғилганда шошилинч хабар етказиш учун ўчоқ бўлимида телефон ва товушли сигнализация бўлиши керак.
23. Ўчоқ бўлимига кириш ва чиқиш жойлари эркин бўлиши, эшиклар эса ташқарига енгил очилиши керак.
24. Ўчоқ бўлимида хонанинг қарама-қарши томонларида жойлашган камида иккита чиқиш жойи бўлиши керак.
25. Ўчоқ бўлимини турли предметлар билан тўсиб қўйиш, унда бегона ускуналар, материаллар ва эҳтиёт қисмларни сақлаш тақиқланади.
26. Конвейерли бир томони берк бўлган қаттиқ ёқилғида ишлайдиган нон ишлаб чиқариш печлари алоҳида ёнғинга қарши тўсиқлар билан жиҳозланган хонада жойлаштирилиши керак.
27. Ўчоқ бўлимида хизмат кўрсатишга халақит бермаслик шарти билан қаттиқ ёқилғининг бир сменадан ортиқ бўлмаган захираси бўлишига рухсат этилади. Бунда эркин ўтиш жойининг эни 1,5 м дан кам бўлмаслиги керак.
28. Қаттиқ ёқилғини ўчоққа беришда соатига 200 кг кукун ҳамда шлаклар ҳосил бўладиган барча печлардан, уларни чиқариш механизациялашган усулда амалга оширилиши керак.
29. Суюқ ёқилғи учун сарфлаш сиғими алоҳида изоляция қилинган ва шамоллатиш тизими бўлган хонада жойлаштирилиши керак.
30. Суюқ ёқилғи учун сиғимни очиш ва ёпиш мосламаси ҳамда тошиб кетишдан сақлаш учун мўлжалланган чиқариш қувури бўлиши лозим. Ёқилғи сатҳини аниқлаш учун, сиғим сатҳни кўрсатувчи асбоб билан таъминланган бўлиши керак.
31. Суюқ ёқилғини печкага бериш ва авария ҳолатида тўхтатиш учун қувур ўтказгичларда очиш ва ёпиш мосламаси ўрнатилган бўлиши керак.
32. Суюқ ёқилғидан фойдаланилганда, унинг форсункадан томиш эҳтимоли пайдо бўлганида ёқилғи полга тушмаслиги учун алоҳида чиқариш мосламаси назарда тутилиши керак.
33. Печларга ўрнатилган горелкаларда аланга узлуксиз ёниши керак. Печлар горелкаларининг плиталарида, горелканинг ишини кузатиш учун ўзи ёпиладиган мосламали махсус кузатув жойи бўлиши керак.
34. Нон пишириш печларидаги сув иситиш қозонлари сув билан таъминлаш тармоғида тескари клапанлар билан жиҳозланган ва нон ишлаб чиқариш ташкилотининг иссиқлик тизимига уланган бўлиши керак. Сув билан таъминлаш ва чиқиш тармоқларидаги очиш ва ёпиш кранлари очиқ бўлиши, муҳрланган ҳолда печга хизмат кўрсатиш ходимининг дафтарида қайд қилинган бўлиши керак.
35. Сув иситиш қозонлари ҳароратини назорат қилиш учун оператор бошқариш пульти ўлчов асбоблари билан жиҳозланган бўлиши керак.
36. Оловбардошлиги I ва II даражали биноларда ўчокдан қарама-қарши деворгача бўлган масофа қуйидаги ўлчамлардан кам бўлмаслиги керак:
қаттиқ ёқилғидан фойдаланилганда — 3,0 м дан;
суюқ ёқилғи ёки газдан фойдаланилганда — 2,0 м дан;
горелка мосламаларидан деворгача бўлган масофа — 1 м дан.
Қозон ўчоқлари нон ишлаб чиқариш печлари ўчоқларига қарама-қарши қилиб жойлашганда уларнинг орасидаги масофа ўлчамлардан кам бўлмаслиги керак:
қаттиқ ёқилғидан фойдаланилганда — 5,0 м дан;
суюқ ёқилғи ёки газдан фойдаланилганда — 4,0 м дан;
горелка мосламаларидан деворгача бўлган масофа — 2 м дан.
37. Нон пишириш печлари ва қозонлари учун ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланилганда, газ тақсимлаш мосламаси ёрдамида амалга оширилиши керак.
2-§. Нон пишириш бўлимига бўлган хавфсизлик талаблари
38. Нон пишириш печлари технологик режим ва ёқилғининг ёниш жараёнини назорат қилиш учун назорат — ўлчов асбоблари билан жиҳозланган бўлиши керак.
39. Нон пишириш печлари, унда газ ва суюқ ёқилғи босими белгиланган даражадан ошганда, аланга ўчиб қолганда, ҳаво бериш тўхтаб қолганда, электр тармоғидан авария ҳолатида узиб қўйилганда газ ва суюқ ёқилғи берилишини автоматик узиб қўйишни таъминлайдиган хавфсизлик мосламаси билан таъминланиши керак.
40. Иситиш канали бўлган печларда портлашдан сақлаш клапанлари назарда тутилиши керак.
41. Портлашдан сақлаш клапанлари ўчоқ ва газ йўлларининг юқори қисмида, газ тўпланиши мумкин бўлган жойларда ўрнатилиши лозим. Портлашдан сақлаш клапанларнинг сони ва ўрнатиш жойи лойиҳада белгиланади. Бунда битта портлашдан сақлаш клапанининг юзаси 0,05 м2 дан кам бўлмаслиги керак.
42. Печларнинг ташқи девори юзасининг ҳарорати 45° С дан ошмаслиги керак.
3-§. Нон пишириш печида ўт олдириш
43. Нон пишириш печида ўт олдиришдан олдин куйидагилар пухта текширилиши керак:
ўчоқ ва газ йўллари ҳамда очиш ва ёпиш мосламаларининг созлиги;
назорат — ўлчов асбобларининг созлиги ҳамда табиий ҳаво тортишининг мавжудлиги;
печлардаги суюқ ёки газ ёқилғини ёқиш ускуналарининг созлиги;
сув иситиш қозонларидаги сувнинг сатҳи;
ўчоқ ва газ йўлларида одамлар ёки бегона предметларнинг мавжуд эмаслиги.
44. Печда ўт олдиришдан олдин ўчоқ ва газ йўллари 10 — 15 дақиқа муддатда ўчоқларнинг эшиклари очилган ҳолатда табиий ҳаво тортиш билан шамоллатилиши керак.
45. Суюқ ёқилғида ишлайдиган печни ёқишдан олдин, ёқилғининг ҳарорати йўриқномада белгиланган даражагача етказилиши керак.
46. Печни дастлаб паст алангада ўт олдиришни амалга ошириш лозим. Қаттиқ ёқилғида ишлайдиган печни ўт олдиришда тез аланга оладиган материаллардан (бензин, керосин ва бошқалар) фойдаланишга рухсат этилмайди.
47. Газ ёқилғида ишлайдиган печларнинг горелкасида қуйидаги кетма -кетликда ўт олдириш амалга оширилиши керак:
ўчоққа ўт олдиргич (запальник) киритилиши;
аста-секинлик билан очиш ва ёпиш мосламаси орқали газ берилиши ҳамда горелканинг ёнишини кузатиш ва шундан сўнг газ беришни кўпайтириш.
48. Ўчоқ горелкасида турғун аланга ҳосил бўлганидан сўнг, ўчоқдан ўт олдиргич олиб қўйилиши лозим. Агарда ўт олдиришдан олдин аланга ўчиб қолса, зудлик билан горелкага газ бериш тўхтатилиши, ўт олдиргичини ўчоқдан олиниши ва ўчоқ ҳамда газ йўллари 10 — 15 дақиқа муддатда шамоллатилиши лозим. Шундан сўнг ушбу Қоидаларнинг 56-бандида белгиланган тартибда горелкада қайта ўт олдиришга рухсат этилади.
49. Горелкада ўт олдириш вақтида тўсатдан алангадан шикастланишга йўл қўймаслик учун горелка тешиги қаршисида туришига рухсат этилмайди.
50. Печнинг ўчоқ камерасида ҳарорат даражаси аста-секин (10 соатдан кам бўлмаган вақтда) 150° С гача кўтарилиши керак.
4-§. Печни тўхтатиш
51. Газ ёқилғида ишлайдиган печни тўхтатишда қуйидагилар амалга оширилиши керак:
ўчоққа ёқилғи беришни тўхтатиш;
бир неча горелкалар бўлганда, уларга газ беришни кетма-кет тўхтатиш;
барча горелкаларни газ бериш тўхтатилгандан сўнг, умумий тармоқдан газни ёпиш, шамоллатиш мосламасини очиш ва ўчоқ ҳамда газ йўлларини шамоллатиш.
52. Суюқ ёқилғида ишлайдиган печни тўхтатишда қуйидагилар амалга оширилиши керак:
форсункага ёқилғи беришни ёпиш;
бир неча форсункалар бўлганда, уларни кетма-кет ёпиш;
ҳаво беришни ёпиш;
ўчоқ ва газ йўлларини шамоллатиш.
53. Қаттиқ ёқилғида ишлайдиган печни тўхтатишда қуйидагилар амалга оширилиши керак:
қолдиқ ёқилғини паст ҳаво босимида охиригача ёқиш (ёнаётган ёқилғини янги ёқилғи билан кўмиб ёки сув билан ўчириш тақиқланади);
ўчоқ ва бункерни тозалаш;
ҳаво тортишни тўхтатиш, газ йўллари ва ўчоқ эшикларини ёпиш.
5-§. Печни авария ҳолатида тўхтатиш
54. Хизмат кўрсатиш ходими печни авария ҳолатида зудлик билан унга ёқилғи ва ҳаво берилишини тўхтатиши ва цех бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахсга маълум қилиши керак.
55. Қуйидаги авария ҳолатларида печ тўхтатилиши керак:
назорат-ўлчов асбоблари ишлаши тўхтаб қолганда;
газ ёқилғида ишлайдиган печ хонасида тутун ҳосил бўлганда;
газ бериш тўхтаганда;
ўчоқ ёки газ йўлида газ-ҳаво аралашмаси натижасида портлаш содир бўлганда;
печ хонасида ёнғин содир бўлганда.
56. Печда ёнғин содир бўлганда, зудлик билан ёнғин хизматини чақириш ва печни кузатишни тўхтатмасдан ёнғинни ўчириш чоралари кўрилиши керак. Газ ёқилғида ишлайдиган печда ёнғин содир бўлганда, зудлик билан газ беришни хона ташқарисида ўрнатилган ёпиш ва очиш мосламаси орқали тўхтатиш керак.
6-§. Нон пишириш печларидан фойдаланишда ва уларда таъмирлаш ишларини амалга оширишда хавфсизлик талаблари
57. Печларнинг мўркон ва ўчоқлари ичида таъмирлаш ишлари қуйидаги талаблар асосида амалга оширилиши керак:
таъмирлаш ишларидан олдин мўркон ва ўчоқлар шамоллатилиши ва бошқа печлардан газлар кириши имкониятидан ҳимоя қилиниши;
электр двигателларни ишга тушириш ҳамда қувур ўтказгичларнинг очиш ва ёпиш мосламаларида «Қўшма — одамлар ишлаяпти!», «Очма — одамлар ишлаяпти!» деган огоҳлантириш хавфсизлик белгилари осилган бўлиши;
печ камераси ичида таъмирлаш ишларини амалга оширишда, унинг ҳарорати 40° С дан ортиқ бўлмаслиги;
печ камераси ичида ҳар бир ходимнинг бўлиш вақти 20 дақиқадан ошмаслиги ва ундан сўнг 20 дақиқали танаффус берилиши;
ходимлар махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлиши;
ўчоқ ва мўрконлар ичида ишлаш учун кўчма электр чироқларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги;
IV. Хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
58. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.