Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗБЕКИСТОН-ЕИ» ҲАМКОРЛИК КЕНГАШИНИНГ 10-МАЖЛИСИ ДАВОМИДА ЭРИШИЛГАН АҲДЛАШУВЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
2011 йил 14 ноябрда Брюссель шаҳрида «Ўзбекистон — ЕИ» ҳамкорлик Кенгашининг 10-мажлиси давомида эришилган Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича икки томонлама аҳдлашувлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2011 йил 14 ноябрда Брюссель шаҳрида «Ўзбекистон — ЕИ» ҳамкорлик Кенгашининг 10-мажлиси давомида эришилган аҳдлашувларни амалга ошириш чора-тадбирлари дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
2. Тегишли вазирликлар ва идораларнинг Дастурни бажариш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юклансин.
3. Вазирликлар ва идоралар раҳбарлари Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган бандлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминласинлар, уларнинг бажарилиши тўғрисида йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ахборот тақдим этсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қарор билан тасдиқланган Чора-тадбирлар дастурининг бажарилиши тўғрисида умумлаштирилган ахборотни йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2011 йил 25 ноябрь,
311-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 48-сон, 492-модда)