Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси «Саноатконтехназорат» Бошлиғининг
Буйруғи
ПЎЛАТ РЕЗЕРВУАРЛАРНИ ТЕХНИК ИШЛАТИШГА ОИД ҚОИДАЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2009 йил 9 январь 20-15-452/13-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги 323-сонли «Саноатда, кончиликда ва коммунал маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан буюраман:
1. Пўлат резервуарларни техник ишлатишга оид қоидалар тасдиқлансин.
2. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинганидан сўнг ўн кун ўтгач амалга киритилсин.
Инспекция бошлиғи И. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 12 декабрь,
287-сон
«Саноатконтехназорат» давлат инспекциясининг
2008 йил 12 декабрдаги 287-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
2008 йил 12 декабрдаги 287-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
ПЎЛАТ РЕЗЕРВУАРЛАРНИ ТЕХНИК ИШЛАТИШГА ОИД
ҚОИДАЛАР
I боб. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур «Пўлат резервуарларни техник ишлатишга оид қоидалар» (қуйида — Қоидалар) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 28 сентябрдаги ЎРҚ-57-сонли «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунини амалга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
2. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 й. 10 июлдаги 323-сонли «Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш Давлат инспекцияси фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган.
3. Мазкур Қоидалар лойиҳаланаётган, қурилаётган ишлаб турган, қайта қурилаётган, вақтинча тўхтатиб қўйилган ва демонтаж қилинаётган пўлат резервуарлар учун тааллуқли ҳисобланади.
4. Ушбу Қоидалар қуйидагиларни белгилайди:
а) товар, хом нефть ва нефтьмаҳсулот (қуйида «маҳсулот») учун резервуарларни вазифасига кўра ишлатиш, техник хизмат кўрсатиш, диагностика қилиш, таъмирлаш жараёнларига доир меъёр ва талабларни;
б) резервуарлардаги маҳсулотнинг ҳисобини олиб бориш учун метрологик таъминотга оид асосий қоидаларни;
в) резервуарларни ишлатиш давомида хавфсизлигини, меҳнат муҳофазасини таъминлашга доир тадбирларни;
г) резервуарларни ишлатиш жараёнида ишни ташкил қилиш ва бажаришга доир талабларни;
д) резервуарларни ишлатиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини.
5. Қоидаларда баён этилган талаблар иш бажариш, ташкилий ҳуқуқий шакллари ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, қуйидаги резервуарларни ишлатувчи барча корхоналар, ҳамда бошқа (ташқи) идоралар ва ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади:
а) вертикал пўлат резервуарлар (ВПР);
б) понтонли вертикал пўлат резервуарлар (ПВПР);
в) сузувчи томли вертикал пўлат резервуарлар (СТВПР);
г) горизонтал пўлат резервуарлар (ГПР).
6. Мазкур Қоидалар намунавий лойиҳалар асосида қурилиб, 1997 йилгача ишланган резервуарларга тааллуқлидир. Янги конструктив хусусиятлар ва технологик параметрларга кўра, махсус лойиҳалар асосида қурилган резервуарлар учун ушбу қоидаларнинг бобларига тегишли ўзгариш ва қўшимчалар ишлаб чиқиш ва уларда кўрсатилган резервуарни ишлатишга оид алоҳида ҳолат (талаб)лари баён этилиши керак.
7. Резервуарларнинг технология ва ишлатишга доир ҳужжатларида қўлланилган атамалар мазкур Қоидалардаги атамаларга мос келиши керак.
8. Резервуарларни ишлатаётган ташкилот ва унинг тегишли бўлинмалари мазкур Қоидалар талаблари асосида ва унга мос равишда янги ёки амалдаги техник шартлар, регламентлар, ишлаб чиқаришга оид йўриқномаларга ўзгартириш киритадиган ҳужжатлар ишлаб чиқилишини уюштиришлари зарур.
Ишлаб чиқилган янги йўриқномаларда баён этилган талаблар мазкур Қоидаларда келтирилган талаблар даражасидан паст бўлмаслиги керак.
II боб. ПЎЛАТ РЕЗЕРВУАРЛАР
1-§. Резервуарларни ишлатишни ташкил этиш
9. Резервуарларни ишлатиш жараёни — маҳсулотни қабул қилиш, сақлаш, бериш (тарқатиш), резервуарларни ишлатишдан олдинги синов ва қабул қилиш ишлари, уларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатишга доир барча фаолиятлардан иборатдир.
10. Резервуарларни ишлатишни ташкил этиш тартиби ҳар бир корхона томонидан ишлаб чиқилиб, корхона ва унинг филиаллари, нефтни ҳайдаш ва қуйиш станциялари ва нефтбазалар бўйича қабул қилинган Низом (Қоида)ларда баён этилиши керак.
11. Резервуарларни ишлатиш жараёнидаги ишларнинг асосий турлари қуйидагилардан иборат:
а) резервуарнинг сиғими (ҳажми) ва градуировкасини белгилаш;
б) резервуарларга тезкор-технологик хизмат кўрсатиш (резервуарлардан техник фойдаланиш);
в) резервуарларга техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш;
г) резервуарларни техник жиҳатдан диагностика қилиш;
д) резервуарларни капитал (мукаммал) таъмирлаш.
12. Резервуарни техник ишлатишга жавобгар шахс қуйидагиларни таъминлаши шарт:
а) резервуарларнинг ишончли ва хавфсиз ишлашини;
б) атроф-муҳит муҳофазасига доир тадбирларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;
в) техник жиҳатдан диагностика қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни уюштириб, белгиланган муддатларида ўтказиш;
г) тасарруфидаги ходимларни ўқитиш, уларга йўл-йўриқ бериш, билимларини вақти-вақти билан текшириб туришни ташкил этиш;
д) янги ускуналарни татбиқ этиш, ўзлаштириш, резервуарларни ишлатишни автоматлаштириши ва телемеханизациялаштириши;
е) ҳимоя воситалари ва ўт ўчириш инвентарларининг мавжудлиги ва ўз вақтида текширувдан ўтказилишини таъмирлаши.
2-§. Резервуарларнинг турлари ва уларнинг техник тафсилотлари
13. ГОСТ — 8.570 га кўра вертикал пўлат резервуарлар қуйидаги турларга ажратилади:
а) сиғими (ҳажми) бўйича 100 дан 50 000 m3 гача бўлган резервуарлар;
б) жойлашишига қараб — ерусти ва ерости резервуарлари;
в) газли жойдаги босимга кўра — босимсиз, ортиқча босими 0,002 МРа гача бўлган ва юқори босимли (0,07 МРа гача) резервуарлар.
Вертикал пўлат резервуарларнинг стационар қопламалари конуссимон, шарсимон ва сфероидал шаклларда бўлиши мумкин.
Пўлат резервуарлар деворларининг ташкил этувчи пўлат қатлам (листлар)лар чокли, бир-бирининг устига чиқариб ёпилган ва қисман чокли бўлади. Ишлатиш шароити ва сақланадиган нефтмаҳсулотининг турига қараб иссиқлик изоляцияси билан қопланган бўлиши мумкин.
14. ГОСТ 8.346 га кўра горизонтал пўлат резервуарлар қуйидаги турларга ажратилади:
а) сиғими (ҳажми) бўйича 3 дан 200 m3 гача бўлган резервуарлар;
б) жойлашиши бўйича ерусти ва ерости резервуарлари;
в) газли жойидаги босимга кўра- босимсиз ва ортиқча босимли резервуарлар.
Горизонтал резервуарларнинг таги (туби) текис (ясси), конуссимон, шарсимон, ҳамда кесик конус шаклли бўлиши мумкин.
15. Ҳимоя ёпқичли (сузувчи томли, понтонли ва ш. к.) ёки газ боғлами билан ўралган вертикал резервуарларнинг, категорияси ва резервуар паркининг гуруҳидан қатъи назар, буғланиш даражасини пасайтириш мақсадида, бензин ва нефтларни сақлаш учун қўллаш лозим.
Сузувчи томли резервуарларда авиация бензинини сақлаш мумкин эмас.
16. Ички томони мой бензин ва буғга бардошли ҳимоя қоплама билан ишлов берилган электрстатик учқун хавфсизлиги талабларини қондираоладиган резервуарлар нефть ва нефтмаҳсулотларини сақлаш учун мўлжалланади.
17. Ишлаб турган ҳар бир резервуарда доимий равишда лойиҳада белгиланган миқдордаги тегишли ускуналар комплекти ва улар ишга яроқли ҳолатда бўлиши шарт.
Ишлатиш жараёнида мазкур комплект бутлигича сақланиши керак.
18. Резервуар қирғоқлари қийшайишини ҳисобга олиб бориш учун ватерпас («шайтон») билан жиҳозланган ёки қирғоқлари шкалаланган бўлиши керак.
19. Пўлат резервуарларнинг турлари ва асосий ўлчам (габарит)лари 1-иловада* берилган.
1 — 17 иловалар берилмайди.
3-§. Резервуарларнинг ускуналари
20. Вертикал резервуарларга, вазифасига кўра, стандартлар талабларига жавоб берадиган, резервуарларни ишончли ишлатилишини таъминлайдиган ва нефт, ҳамда нефтмаҳсулотларининг буғланишини озайтирадиган қуйидаги ускуналарни ўрнатиш тавсия этилади:
а) ҳаво олиш клапанлари;
б) сақлагич клапанлари;
в) оловдан сақлагичлари;
г) назорат ва сигнал берувчи асбоблар (сатҳ ўлчагичлар, ПСР русумдаги пастга тушадиган намуна-олгичлар, сатҳ ҳақида сигнал берувчи мосламалар, газ муҳитидаги босимни назорат қилиб борувчи манометрлар);
д) пақиллагичлар;
е) ёнғинга қарши ускуналар;
ж) иситиш ускуналари;
з) қабул қилувчи ва тарқатувчи қувурчалар;
и) тозалагич қувурчалари;
к) шамоллатиш қувурчалари;
л) люк-туйнуклар;
м) ёритувчи люклар;
н) ўлчаш люклари.
Горизонтал резервуарлар доимий (муқим) турадиган қилиб бириктирилган қуйидаги элементлар билан жиҳозланиши мумкин: змеевиклар, кўпик ҳайдагичлар, нарвонлар, аралаштиргичлар, сатҳни назорат қилувчи ва сигнал берувчи асбоблар, ўлчов қувурлари, ўлчов (туйнук)лари ҳамда лойиҳа талабларига оид бошқа ускуналар.
21. Резервуарларни бутлашга доир муайян жиҳозлар танлаш, уларнинг конструкциясига оид элементларни жойлаштириш тартиби лойиҳа ҳужжатларида баён этилган бўлади.
Капитал (мукаммал) таъмирлашда қуйидагилар бажарилади:
а) пақилдоқлар ўрнига ички қабул қилиш ва тарқатиш қурилмаси ўрнатилади;
б) муқим қувурли ювиш тизими олиб ташланиб, ўрнига винтсимон қурилма ўрнатилади;
в) резервуарлар сузувчи томли-понтонлар билан жиҳозланган бўлса, улардаги ҳаво олиш арматурасининг ўрнига оловдан сақлагичли вентиляция (шамоллатиш) қувурчалари ўрнатилади;
г) сузувчи томлар ва понтонлар баландлигини ўзгартириб туриш мумкин бўлган ускуналарга жойлаштирилиб, уларга ишлатиш ҳолатида турадиган қўшимча қувурчалар ўрнатилади.
22. Ҳаво олиш арматура таркибида ҳаво олувчи ва сақлагич клапанлари, шамоллатиш қувурчалари бўлиши керак.
23. Ҳаво олувчи клапанлар ва оловдан сақлагичларнинг русумлари ва уларнинг техник тафсилотлари 2-иловада берилган.
24. Ҳаво олувчи клапанларнинг умумий маҳсулот ўтказиш имконияти (йиғиндиси) резервуарга тўлдириладиган (ёки бўшатиладиган) нефть ва нефтмаҳсулотларининг максимал миқдори (буғ-ҳаво аралашмасининг иссиқлик таъсиридан кенгайиши ҳам инобатга олган ҳолда)га қараб аниқланади.
25. Битта резервуарга ўрнатилган сақлагич клапанларининг умумий маҳсулот ўтказаолиш имкониятининг ўлчами улардаги ҳаво олувчи клапанларнинг имкониятидан кам бўлмаслиги лозим.
26. Ҳаво олувчи клапанга нисбатан сақлагич клапанлар 5 — 10 % миқдорида босим ортиши ва паст вакуум бўлишига мўлжаллаб ростланган бўлади. Сақлагич гидравлик клапан музламайдиган ва кам буғламайдиган, гидравлик тиқин ҳосил қилмайдиган суюқлик билан тўлдириб турилади.
27. НКДМ, КПГ, СМДК, КПР русумдаги ҳаво олувчи ва сақлагич клапанларни КДС турдаги универсал клапанларга алмаштириш лозим.
КПГ ва КПР русумли сақлагич клапанларни ҳаво олувчи клапанлар билан бир пайтда алмаштирилади.
28. КДС, КДС-2 русумдаги универсал клапанлар ҳаво олувчи ва сақлагич клапанлар сифатида ишлаб беради. Мазкур клапанларнинг баёни ва техник тафсилотлари 2-иловада берилган.
29. Оловдан сақлагичлар ҳаво олувчи ва сақлагич клапанларнинг тагига ўрнатилади, куз-қиш мавсумларида ташқи ҳарорат 0° дан паст бўлганда оловдан сақлагичларни ечиб олиб қўйиш зарур.
Оловдан сақлагичларнинг русумлари ва уларнинг техник тафсилотлари 2-иловада берилган.
30. Ҳаво олувчи арматуранинг турини резервуар томининг конструкцияси ва сақланадиган маҳсулотдан чиқаётган тўйинган буғлар босимига қараб қуйидаги тартибда танланади:
а) сақланаётган маҳсулотининг тўйинган буғлари босими 26,6 КРа гача (200 mm Hg) бўлган понтонсиз, муқим томли резервуарларга оловдан сақлагичли шамоллатиш қувурчаларни ўрнатиш зарур;
б) сақланаётган маҳсулотнинг тўйинган буғларининг босими 26,6 КРа (200 mm Hg)дан юқори бўлган понтонсиз, муҳим қопқоқли резервуарларга олов тўсувчи сақлагичли ҳаво олувчи ва сақлагич клапанларини ўрнатиш керак;
в) сузувчи томли (ёки понтонли) резервуарларга оловдан сақлагичли шамоллатиш қувурчалари ўрнатиш лозим.
Ҳаво олувчи арматурани иқлим шароитига кўра (КМК 2.01.01 бўйича) ГОСТ 15150 га мувофиқ равишда ўрнатилади.
31. Горизонтал резервуарлар учун мўлжалланган ҳаво олиш клапанларини вертикал резервуарларга ўрнатиш мумкин эмас.
32. Ускуналар ва аппаратураларнинг русуми, тури, ўлчамлари, бутланганлиги, сақланадиган маҳсулотни резервуарга қуйиш ёки бўшатиш тезлигини ҳисобга олиб тузилган лойиҳа талаблари ва кўрсатмаларига мос бўлиши зарур.
Ташқи муҳитнинг иқлимий омилларига (ҳарорат, ҳаво ёки газнинг намлиги, босимининг денгиз сатҳидан баландлигига қараб ўзгариши, қуёш нурланиши, ёмғир, шамол ва ҳ. к.) кўра мазкур ускуна ва аппаратураларни ишлатиш шартларига мувофиқ категориялари ва уларни бажариш тартиби ГОСТ 15150 ва КМК 2.01.01 талаблари асосида бўлиши керак.
33. Ташқи муҳитнинг иқлимий омилларга чидамлилигига доир талаблар ускуналарнинг норматив-техник ҳужжатларида акс этган бўлиши ва ГОСТ 15150 га мос бўлиши лозим.
34. Моновакуумметр, босим ва вакуумнинг чегаравий ўлчамлари ҳақида сигнал берувчи автоматика мослама ва бошқа асбобларни улаб, резервуардаги босимни назорат қилиб туриш учун резервуарнинг ўлчаш люки (туйнуги)нинг қопқоғига беркитувчи қурилмали штуцер ўрнатиш лозим.
35. Резервуар маҳкам қилиб ўрнатилган ажратувчи зулфинлар билан жиҳозланиши керак.
36. Резервуарларга намуна олиш воситалари билан ускуналаниши, сузувчи томлардан ёнғин сувлари тушадиган махсус мосламалар ўрнатилиши зарур.
37. Резервуар тубини пайдо бўладиган чўкиндилардан тозаловчи ювиш тизими ёки ишлатишга зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлган махсус ускуналар билан жиҳозлаш зарур.
38. Резервуарларда маҳсулотнинг максимал ва минимал сатҳи ҳақида сигнал берувчи ва сатҳни ўлчаш мосламалари бўлиши керак.
39. Резервуарлардаги зарур ускуналар таркибига ўлчаш, ёруғлик, кириш-чиқиш ва бошқа люклари, ускуналар ўрнатиладиган люклар бўлиши лозим (люкларнинг сони ва турлари лойиҳада белгиланган бўлади).
40. Ҳарорати 0° дан паст нефть ва нефтмаҳсулотлари солинадиган резервуарларга совуқ фаслларда махсус музламайдиган ҳаво олиш клапанлари ўрнатилиши зарур.
41. Буғланиш натижасида исроф бўлишнинг камайтирувчи воситалар билан жиҳозланмаган нефть ва бензин солинган резервуарлардаги ҳаво олиш клапанларининг остига акслантирувчи силлиқ пластинка — диск ўрнатиш лозим.
Резервуардаги мазкур дискларнинг самарадорлиги дискнинг диаметри (Д) ва найча қувурнинг қуйи жойидан дискнинг устки текислигигача бўлган узунлик (баландлик) (Н)га боғлиқ.
Дискнинг диаметрини ҳаво олиш клапани диаметрига мос келадиган диаметрдаги йиғиш найчаси орқали тахланган ҳолда, ўта олиш ҳисобга олган конструкциядагисини танлаш керак.
Ҳаво олиш клапанларининг ўлчамларига қараб Д ва Н ни аниқлаш тартиби 3-иловада берилган.
42. Нефть ва нефтмаҳсулотлари учун мўлжалланган вертикал ва горизонтал резервуарларнинг қабул қилиш - тарқатиш ва ўлчаш люкларидаги найча (патрубка)лар амалдаги меъёрий талабларга мос бўлиши лозим.
43. Ёпишқоқ нефтмаҳсулотлари сақланадиган резервуарлар, нефтмаҳсулот сифатини сақловчи ва ёнғин хавфсизлигини таъминловчи иссиқлик изоляцияли иситиш воситалари билан жиҳозланиши керак.
44. Иситиш мосламаларининг конструкцияси белгиланган вазифаси ва ишлатиш принципларига қараб белгиланади.
Аксарият ҳолларда, қуйидаги турдаги иситгичлардан фойдаланиш тавсия этилади:
а) муқим (бир жойда турадиган) ва кўчма иситгичлар;
б) умумий ва маҳаллий (бир объект учун мўлжалланган) ;
в) қувурлар ёрдамида циркуляция усулида иситиш;
г) буғли, электр ёрдамида ва б.
45. Иситгичлар йил давомида узлуксиз равишда буғларининг чақнаш ҳарорати 45° С дан юқори бўлган ёпишқоқ нефтмаҳсулотларини қабул қилиш ва тарқатишни таъминлашга мўлжалланади.
46. Иситгичлар ёпишқоқ нефтмаҳсулотларини қиздириб туриш ёки бир идишдан иккинчисига ҳайдашда зарур тезликни ҳосил қилиш, буғ ва электрэнергияни тежашни таъминлаши лозим.
47. Резервуарлардаги нефтмаҳсулотларини иситиш умумий, маҳаллий ёки электриситишнинг комбинациялашган усулларида амалга оширилади.
Иситиш усулини атроф ҳавонинг ҳарорати, нефтмаҳсулотларининг русуми, йилнинг совуқ пайтидаги маҳсулотни сотиш ҳажми, резервуарнинг тури ва қурилиш тарзига қараб танланади.
Атроф ҳавонинг ҳароратини белгилашда энг совуқ беш кунликдаги ўртача ҳарорат асос қилиб олинади.
48. Резервуардаги нефтмаҳсулотнинг суткалик сарфи 30% ёки ундан кўп бўлган тақдирда маҳсулотни умумий усул билан қиздириш қўлланиб, маҳсулотнинг барча ҳажми иситилиб зарур ҳарорат бир маромда ушлаб турилади.
49. Резервуарни маҳаллий усулда қиздиришда нефтмаҳсулотнинг чегараланган миқдоригина резервуарнинг ичига ўрнатилган иситгич камера ёрдамида қиздирилади. Камеранинг ҳажми нефтмаҳсулотнинг бир суткалик ёки бир сменалик сарфига қараб белгиланади.
Ёпишқоқ нефтмаҳсулотларининг сарфи 1-2 t атрофида бўлганда қувурлар ёрдамида иситилади (ташқи қувур оқими воситасида).
50. Нефтмаҳсулотни комбинациялашган усулда қиздириш, аввал асосий резервуардаги маҳсулотнинг ўзи бошқа ўрталик резервуарга оқиб ўта олиш даражасида сақлаб туриш учун қўлланилади. Мазкур усулдан нефтмаҳсулотнинг суткалик сарфи 3 t дан зиёд бўлганда фойдаланилади. Ўрталик резервуарга маҳсулот иситиб туриладиган қувурўтказгич орқали тўлдирилади. Тўлдириш жараёнини тезлатиш учун улагич қувурўтказгичини диаметри 250 mm дан кам бўлмаслиги керак.
Ўрталик резервуар умумий тарздаги электриситгич билан жиҳозланади. Ўрталик резервуарни тўлдириш узлуксиз ёки вақти-вақти билан амалга оширилиши мумкин.
Ўрталик резервуарнинг ҳажми суткалик максимал сарфга қараб белгиланади. Мазкур резервуар иссиқ сақловчи изоляция қилинган бўлиши керак.
51. Резервуар паркда ишлатиладиган электрускуналар, аппаратлар ва асбоблар ГОСТ-12.2.020 ва «Нефтбазаларини техник ишлатиш қоидалари» талабларига жавоб бериши зарур.
4-§. Резервуар парклари
52. Резервуар парк ўрнатиладиган жой, резервуарлар деворлари орасидаги масофа, резервуар гуруҳининг умумий сиғими, гуруҳлар орасидаги масофа ҚМҚ 2.09.19 талаблари асосида танланиши ва ижро этилиши зарур.
53. Резервуар паркни ўраб турувчи марза (тўсиқ) ичида зулфинлар ўрнатиш мумкин эмас. Резервуарнинг қабул қилиш ва тарқатиш (найча)ларига ўрнатилган муқим (қимирламайдиган) зулфинлар ҳамда ўт ўчириш тизимига доир зулфинлар бундан мустасно.
54. Ҳар бир резервуар гуруҳи атрофи, тўкилган суюқликнинг гидростатик босимига дош бера оладиган, кенглиги камида 0,5 m ли тупроқ марза ёки ёнмайдиган материалдан ясалган тўсиқ-девор билан ўраб чиқилиши лозим.
55. Марза ёки тўсиқ-деворнинг баландлиги, тўқилиши мумкин бўлган суюқлик сатҳидан камида 0,2 m юқори бўлиши керак. Аммо номинал ҳажми (сиғим) 10000 m3 га бўлган резервуарлар учун деворнинг баландлиги 1 т дан зиёд, номинал ҳажми 10000 m3 ва ундан катта бўлган резервуарлар учун эса 1,5 m бўлиши керак.
Резервуар деворидан тўсиқгача бўлган масофа ҳажми 10000 m3 гача бўлган резервуарлар учун камида 3 т, ҳажми 10000 m3 дан зиёд бўлган резервуарлар учун эса камида 6 m бўлиши зарур.
56. Битта резервуар гуруҳидаги ҳар бир ҳажми 20000 m3 дан зиёд бўлган резервуарларни ёки бир неча бир турдаги, аммо умумий ҳажмининг йиғиндиси 20000 m3 гача бўлган резервуарларни ички марза ёки тўсиқ — деворчалар билан ажратиб қўйиш керак.
Ички марза ёки тўсиқ — деворнинг баландлиги вазиятга кўра қуйидагича бўлиши зарур:
а) ҳажми 10000 m3 ва ундан зиёд бўлган резервуарлар учун 1,3 m;
б) бошқа резервуарлар учун — 0,8 m.
57. 200 т гача бўлган масофадаги қўшни аҳоли пунктлари, корхоналар, темир йўлларнинг умумий тармоғи ҳамда 200 m гача бўлган масофадаги дарё, сув ҳавзалари яқинидаги ҳамда уларга нисбатан баланд(юқори)роқ ерга резервуар паркларини жойлаштиришда, нефть оқиб (тўкилиб) кетганда, мазкур объектларни ҳимоя қилишга оид қўшимча тадбирлар амалга оширилиши зарур.
58. Агар ички йўллар ва ўтиш жойларидан туриб ўт ўчириш воситаларини ишлатиш имконияти бўлмаса, икки ёки ундан кўп қаторли резервуар гуруҳлари ичига кўчма ёнғин техникаси кирадиган жойлар режалаштирилган бўлиши керак.
59. Марза ёки тўсиқ-девордан ўтиш, ҳамда резервуар устига чиқиш учун марза ёки девор тўсиғининг ташқи тарафига эни камида 0,7 m келадиган ўтиш жойи -нарвонлар ўрнатилиши лозим. Мазкур нарвонлар сони резервуарлар гуруҳи учун 4 та, алоҳида резервуарлар учун эсга 2 та бўлиши зарур.
60. Марзадан ўтиш жойи ва резервуарга муқим ўрнатилган нарвонлар оралиғидаги масофага эни камида 0,7 m ва қаттиқ қопламали пиёдалар учун йўл (тротуар) солиш керак.
Марза ичидаги қувурлар фақат пайвандлаш йўли билан уланган бўлиши шарт.
61. Таъмирлаш ёки қайта қуриш оқибатида бузилган марза ва тўсиқлар, иш тугаганидан кейин ўз ҳолига келтирилиши лозим.
62. Резервуар паркидан ишлаб чиқариш-ёғин канализациясига қуйидагилар чиқарилиши керак:
а) резервуарлардаги маҳсулот остида ҳосил бўлган ишлаб чиқариш оқова сувлари;
б) ёғин ва қор эриши туфайли ҳосил бўлган атмосфера сувлари;
в) ёнғин пайтида резервуарни совутиш учун сепилган сувлар.
63. Резервуарлар тубини тозалашдан чиққан чўкиндиларни ишлаб чиқариш ёнғин канализациясига ташлаш мумкин эмас. Уларни махсус тортиб (сўриб) олувчи қурилмалар ёрдамида шлам тўплагичларга чиқариб юбориш зарур.
64. Ёғин қабул қилиш қудуқлари гидравлик тўсиқларининг чиқиш жойи орқали ишлаб чиқариш ёғин канализациясига уланиши лозим.
Ёғин қабул қилувчи қудуқлардаги пақилдоқлар доимо берк ҳолатда бўлиши керак.
65. Резервуар парки ҳудудидаги канализация тармоғининг қудуқларини технологик схемада кўрсатилган тартибда рақамлаб чиқиш зарур.
III боб. РЕЗЕРВУАРЛАРНИ ИШЛАТИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ
66. Пўлат резервуарларнинг синови бошлангунча бош пудратчи буюртмачига ҚМҚ 3.03.01 да назарда тутилган, резервуарга тегишли барча техник ҳужжатларни, металл ва пайвандлаш материалларининг сифатига кафолат берувчи бошқа ҳужжатларни, пайвандлаш ишларига оид маълумотлар жамланган сертификатни, пайвандланган чокларни текшириш натижаларини, резервуар пойдеворини тайёрлаш ва изоляцияловчи қатлам ўрнатишга доир актларни, йиғилган резервуардаги пайванд чокларини текшириш натижалари бўйича барча ҳужжатларни бериши лозим.
Ички деворларига коррозияга қарши ҳимояловчи қатлам билан ишлов берилган резервуарлар учун ишлатилган қоплама (бўёқ модда)нинг техник тафсилотлари, қопламани бажариш карта-чизмаси ва адгезия (ёпишқоқлик)га синаш натижалари ҳам топширилиши керак.
67. Резервуар конструкцияларини синаш жараёни ҚМҚ 3.03.01 ва «100 дан 50.000 m3 гача бўлган ҳажмдаги нефть ва нефтмаҳсулотларини сақлаш учун мўлжалланган вертикал цилиндрик пўлат резервуарларни монтаж қилиш» (ВСН 311) талабларига мос равишда ўтказилиши керак.
68. Резервуарларни қабул қилиш учун тайёрлаш ва синовдан ўтказишга доир тадбирлар мажмуаси 4-иловада берилган.
Коррозияга қарши ҳимоя воситалари ҚМҚ-2.03.11 га мос бўлиши зарур.
69. Қурилиши тугалланган пўлат резервуарларга доир қуйидаги техник ҳужжатлар резервуарлар ишлатиладиган ташкилотга берилиши керак:
а) резервуар қурилишига доир лойиҳа — смета ҳужжатлари (кейин киритилган ўзгаришлар ҳам);
б) резервуар паспорти (5-илова);
в) пўлат конструкцияларни тайёрлашга доир сертификатлар;
г) монтаж (йиғиш) жараёнида ишлатилган металл, электродлар, электрод сими, флюслар ва бошқа материаллар сифатини кафолатловчи ҳужжатлар;
д) резервуар деворларидаги пайванд чокларини физик усулда текшириш хулосалари ва текширилган нуқталар жойлашуви схема (чизма)си;
е) пайвандлаш ишларини бажарган пайвандловчилар малакаси ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси (пайвандловчиларга берилган рақамли ёки ҳарфли белгиларини кўрсатиб);
ж) резервуар тагига ишланган изоляцияловчи қатлам ўрнатилганлиги ҳақидаги далолатнома;
з) резервуар асоси (фундаменти)нинг монтаж ишларини ўтказиш учун қабул қилинганлиги-ҳақидаги далолатнома (ВСН-311);
и) резервуарнинг остки қисмидаги пайвандлаб уланган жойларнинг синалганлиги ҳақидаги далолатнома (ВСН-311);
к) резервуар деворларидаги пайванд чокларининг синалганлиги ҳақидаги далолатнома;
л) резервуарга сув қуйиб синалганлиги ҳақидаги далолатнома (ВСН-311); м) резервуар томидаги пайванд чокларининг герметикликка синаш ҳақидаги далолатнома (ВСН-311);
н) резервуардаги ускуналар синалганлиги ҳақидаги далолатнома;
о) пайвандлаш ишлари журнали (ҚМҚ 3.03.01);
п) резервуардаги зулфинларнинг синалганлиги ҳақидаги далолатнома;
р) уланган чокларни гамма нурлари воситасида текширув хулосаси (фақат алоҳида пўлат листлардан тайёрланган, ҳажми 2000 m3 ва ундан зиёд бўлган резервуарлар учун);
с) қурилиш жараёнида лойиҳага киритилган ўзгаришлар ҳақидаги келишув ҳужжатлари;
т) резервуар қурилишидаги металл сарфи ведомости (фақат алоҳида пўлат листлардан тайёрланган резервуарлар учун);
у) резервуар деворларини унинг туби билан уланган пайванд чокларини герметикликка синалганлиги ҳақидаги далолатнома (ВСН-311);
ф) резервуар деворларидаги вертикал йиғиш чокларини нур ёрдамида текшириш ҳақидаги далолатнома (ВСН-311 );
х) градуировка (шкалалаш) жадвали;
ц) резервуарларни ерга туташтириб синаш схемаси ва далолатномаси;
ч) резервуар асосини нивелирлаш схемаси;
ш) ШНК 3.01.04 ва «Тугалланган қурилиш объектларини қабул қилиш ҳақидаги муваққат Низом»га мос равишда қурилиши тугалланган резервуарни қабул қилинганлиги ҳақидаги ишчи комиссиясининг далолатномаси.
Горизонтал резервуарнинг кўринарли жойига қуйидаги маълумотлар ёзилган металл тахтача (табличка) осиб қўйиш лозим:
а) резервуарни ясаган корхонанинг номи;
б) резервуар тури;
в) ясаган корхонага рақамлаш тизими бўйича берилган тартиб рақами;
г) ясалган йили ва ойи;
д) ишчи босим;
е) номинал ҳажми;
ж) резервуар массаси.
70. Понтонли ёки сузувчи томли резервуарлар учун қуйидаги ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак:
а) понтоннинг ёки сузувчи томнинг ўрта қисмини герметикликка синалганлиги ҳақидаги далолатнома;
б) понтон асоси (рамаси) ни ёки сузувчи том рамасини заводда герметикликка синалганлиги ҳақидаги, хамда уларни монтаж қилингандан (йиғилгандан) кейин синалганлиги ҳақидаги далолатномалар;
в) понтон ёки сузувчи томнинг ерга туташтирилганлигини текшириш далолатномаси;
г) зичловчи тўсиқ учун ишлатилган материаллар сифатини кафолатловчи ҳужжатлар;
д) понтон йўналтиргичи, йўналтирувчи қувурчалар ва понтон ёки сузувчи томни вертикал чизиқдан четлашиши ҳақидаги ведомость.
71. Қурилиши кўп йиллар олдин тугалланган резервуарнинг техник ҳужжатлари бўлмаса, резервуарни ишлатувчи корхона томонидан резервуарга паспорт тузилиб, бош муҳандис имзолаши зарур. Мазкур ҳолатларда резервуарнинг барча қисмлари ва конструкциясини мукаммал инвентаризациядан, зарурат бўлса дефектоскопия ва текширувдан ўтказиб (мазкур Қоидаларнинг VI боби) паспорт тузилади.
72. Қурилиши тугаллангандан кейин резервуарда қуйидаги синов турлари ўтказилади:
а) девор ва фундаменти (таги)нинг мустаҳкамлиги;
б) деворлари, томи ва тагининг герметиклиги;
в) понтон ва сузувчи томнинг герметиклиги.
73. Синов ўтказиш тартиби ушбу Қоидаларнинг 4-иловасида баён этилган.
IV боб. РЕЗЕРВУАРЛАРДАН ТЕХНИК ФОЙДАЛАНИШ
1-§. Ишлатишга оид ҳужжатлаштириш
74. Ишлаётган хар бир резервуар учун қуйидаги ишлатишга оид ҳужжатлар бўлиши керак:
а) ускуналарнинг алмаштирилганлиги ҳақидаги далолатномали, резервуарнинг паспорти (5-илова);
б) резервуар учун ижро (бажарилган) ишлар ҳақидаги ва таъмирланганлиги ҳақидаги ҳужжатлар;
в) резервуар тубини нивелирлаш схемаси, пастки қисми четларини иш давомида нивелирланганлиги ҳақидаги баённома;
г) резервуар учун градуировка (шкалалаш) жадвали;
д) резервуарни ишлатишга оид технологик карта (6-илова);
е) жорий хизмат кўрсатиш журнали;
ж) яшин қайтаргич ва статистик электр ҳодисасидан ҳимоялаш воситаларини ишлатиш журнали;
з) яшин қайтаргич ва статик электрдан ҳимоялаш схемаси.
2-§. Технологик карта
75. Резервуарларни маҳсулот билан тўлдириш ва уларни технологик жараёнга улангунча резервуарларни ишлатишга доир технологик карта тузилиши керак.
Технологик карта қуйидаги материаллар асосида тузилади:
а) норматив-техник ва раҳбарий ҳужжатлар талаблари;
б) резервуарлар ва улар ускуналарининг тафсилотларига доир маълумотлар;
в) резервуарларнинг техник ҳолати;
г) маҳсулот ҳайдаш, резервуарнинг юқори белгилари ва ҳайдовчи (насос) агрегатлар схемалари;
д) маҳсулот хоссаси;
е) «резервуарлар — насосхона» участкасининг технологик ўрамидаги қувурўтказгичларнинг диаметри ва узунлиги;
ж) қувурўтказгичнинг унумдорлиги ва мазкур қувурўтказгичга уланган резервуарлар сони;
з) ҳавонинг ҳарорати ва ш. к.
Резервуарнинг технологик картасида унинг энг реал иш шароитлари баён этилган бўлиб, ишловчи ходимларни, маҳсулот ҳайдаш жараёнини бошқариш бўйича тезкор қарор қабул қилиш учун, зарур бўлган барча маълумотлар билан таъминловчи материаллар бўлиши керак.
Мазкур Қоидаларнинг 6-иловасида резервуарларни турли вариантларда ишлатишга оид технологик карталарнинг шакллари ва уларни тўлдириш тартиби тавсия этилган.
Мазкур шакллар асосида корхоналар ўзларининг муайян иш шароитларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқаришга оид технологик карталарни тузишлари, заруратга кўра уни тўлдиришлари, баёнларига, графалари мазмунига аниқлик киритишлари мумкин.
76. Резервуарларни ишлатишга оид технологик карта корхонанинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланади ва заруратга қараб қайта кўриб чиқилади.
77. Технологик карталар резервуарларни ишлатишда иштирок этувчи корхона, нефть база ва уларнинг филиаллари, бўлимларида сақланади.
3-§. Резервуарларни ишлатиш режими
78. Резервуарлар қиш пайтларидаги атроф ҳавонинг ҳарорати минус 34,2° С (Нукус метеостанциясининг маълумотлари) ёз пайтида плюс 47,0° С (Термез метеостанциясининг маълумотлари)гача бўлган турли иқлим ва резервуардаги маҳсулот ҳарорати турлича бўлган шароитларда ишлатилади.
79. Резервуарларни тўлдириш ва бўшатиш технологик картада белгиланган параметрлар чегарасида амалга оширилиши керак.
80. Резервуарларни тўлдириш ва уларга тезкор хизмат кўрсатиш ишларини корхонанинг диспетчерлик хизмати ва корхона операторлари амалга оширади. Тезкор хизмат кўрсатиш резервуарларни ишлатишга доир технологик картада белгиланган параметрлар чегарасида резервуарларнинг иш режимини таъминлаш ва диспетчерлик варақлари (китоби)да резервуардаги маҳсулот сатҳи ҳолатини даврий равишда ўзгаришини акс эттириб боришдан иборатдир.
81. Қурилиши тугалланган (янги) ёки капитал таъмирлашдан ўтган резервуарларни маҳсулот билан тўлдиришда, қабул қилиш-тарқатиш қувурча (найча)сидаги маҳсулот ҳаракатининг тезлиги, оқим тўласича кўмилгунча, понтонли ёки сузувчи томли резервуарларда эса, улар юзага сузиб чиқмагунча (резервуар сиғими ва қувурчанинг диаметри қанча бўлишидан қатъий назар), 1 m/s дан зиёд бўлмаслиги керак.
82. Электростатик хавфсизликни таъминлаш учун қўйилаётган оқим кўмилгандан кейин қабул қилиш-тарқатиш қувурчадаги нефтнинг ҳаракат тезлиги мазкур Қоидаларнинг 7-иловасида баён этилган рухсат этилган максимал миқдордан катта бўлмаслиги лозим.
83. Ҳаво олиш ва сақлагич клапанлари ёки шамоллатиш қувурчалари билан ускуналанган резервуарларни максимал тўлдириш (бўшатиш) бўйича унумдорлиги, улар урғули буғ-ҳаво аралашмасининг максимал ўтказа олишини ҳисобга олиб белгиланади.
Бу ҳолатда, ҳаво олиш клапанлари ёки оловдан сақлагичли шамоллатиш қувурчалари орқали буғ-ҳаво аралашмаси (ҳаво)нинг сарфи, уларнинг лойиҳада белгиланган жами маҳсулот ўтказаолиш имкониятининг 85% дан зиёд бўлмаслиги керак.
Оловдан сақлагичли шамоллатиш қувурчаларнинг ўтказаолиш имкониятини тегишли диаметрдаги оловдан сақлагичларнинг ўтказиш имкониятига қараб белгиланади.
Резервуардан маҳсулот чиқариб олиш ёки унга ҳайдаш миқдорини кўпайтириш зарурати туғилганда, ҳаво олиш арматурасининг ўтказиш имкониятини янги шароитларга қараб тартибга келтириш лозим.
84. Сузувчи томли ёки понтонли резервуарларни тўлдириш жараёни шартли равишда 2 даврга бўлинади:
a) биринчи давр — маҳсулот қўйиш бошлангандан то сузувчи том (понтон) суза бошлагунча;
b) иккинчи давр — понтон суза бошлагандан то энг максимал ишчи баландликгача қуйишгача.
Резервуардаги сузувчи том ёки понтоннинг суза бошлагандан то тўлдириш тугагунча вақтдаги кўтарилиш тезлиги лойиҳада белгиланган ўлчамдан катта бўлмаслиги керак.
85. Сузувчи томли ёки понтонли резервуарларни бўшатиш жараёни шартли равишда 2 даврга бўлинади:
а) биринчи давр — бўшатиш бошлангандан то сузувчи том (понтон)ни таянчларга ўтиришигача. Бўшатиш асносидаги понтоннинг пастга тушиш тезлиги лойиҳада кўрсатилгандек бўлиши мумкин;
б) иккинчи давр — понтон ёки сузувчи том таянч устунларига ўтиришидан то резервуарда минимал маҳсулот қолдиғи ҳосил бўлгунча.
Иккинчи даврдаги бўшатиш унумдорлиги (тезлиги), понтон ёки сузувчи томнинг таги эзилиб (букилиб) кетмаслиги учун, оловдан сақлагичларнинг жами ўтказиш имкониятидан зиёд бўлмаслиги керак.
Тўлдиришнинг иккинчи даври ва бўшатишнинг биринчи даври резервуарларни ишлатишнинг нормал режими ҳисобланади.
86. Бирнеча резервуарга кетма-кет равишда маҳсулот қабул қилишда резервуарлар ва қувурўтказгичларнинг техник ҳолатини текшириш, маҳсулот қабул қиладиган резервуар зулфинини очиш, тўлгандан кейин зулфинни беркитиш лозим. Бир вақтнинг ўзида резервуар паркидаги зулфинларни, қувурўтказгичлар босим ортиб кетишидан ҳимояланганда ва резервуардаги маҳсулот сатҳини назорат қилиб туриш мумкин бўлгандагина очиб ёпиш мумкин.
87. Доимий (кўчмас) томли резервуарларда, лойиҳада бошқа чегаралашлар бўлмаса ёки техник диагностика хулосаларига кўра, қуйидаги ўлчамли босим ва вакуум бўлиши керак:
а) ишлатиш пайтида газли бўшлиқда ортиқча босим 2 КРа (200 mm Н2О), вакуум 0,25 КРа (25 mm Н2О)гача;
б) сақлагич клапанлари 2,3 КРа (230 mm Н20) босим ва 0,4 КРа (40 mm Н20) вакуумга мўлжаллаб мослаштирилиши лозим.
Оловдан сақлагичли ва шамоллатиш қувурчали сузувчи томли (понтонли) резервуарларда босим ва вакуум 0,2 КРа (20 mm Н2О)дан зиёд бўлмаслиги керак.
88. Резервуарни тўлдиргандаги рухсат этилган максимал сатҳ кўпик камераси баландлигини инобатга олиб белгиланади. Понтонли резервуарларда эса, кўпик камера ва понтон, ҳамда маҳсулотнинг ҳажми кенгайиши эҳтимоли ҳисобга олинган идишда захира ҳажм ва резервуарни беркитишга берилган буйруқ маҳалигача маҳсулот қабул қилишни эътиборга олиб белгиланади.
Узоқ вақт ишлатилаётган, занглаш оқибатида бироз емирилган ва асосий элементларида иллати бор резервуарлар учун маҳсулотнинг рухсат этилган максимал сатҳи, резервуар ҳолатининг техник диагностика хулосаларига кўра белгиланади.
89. «Резервуар-насос» тизимида кавитация ҳолатининг ва резервуарда воронка ҳосил бўлишининг олдини олишни таъминлайдиган маҳсулот сатҳи резервуардаги рухсат этилган энг минимал (паст) сатҳ ҳисобланади.
Резервуардаги маҳсулотнинг ҳисоблаб белгиланган рухсат этилган минимал паст сатҳи, агрегатларни тўхтатиш ва резервуарни беркитишга буйруқ бериш давомида сўриб олувчи агрегатларнинг муқаррар ишлашини таъминлайдиган рухсат этилган минимал сатҳдан бир карра юқори бўлиши керак.
90. Понтон (сузувчи том)ли резервуарлар учун рухсат этилган минимал сатҳ, понтоннинг сузиб юриш учун зарур бўлган шароитдан келиб чиқиб белгиланади.
4-§. Маҳсулот миқдорини ўлчаш ва ҳисобини олиб бориш
91. Резервуардаги маҳсулот миқдорини ўлчаш ва ҳисобини олиб бориш тартибига оид ишлар ГОСТ 8.587, РМГ-86 га мос равишда амалга оширилиши лозим.
92. Барча ўлчов асбоблари текширилиб, тегишли шаҳодатномага ёки кўрик тамғасига эга бўлиши керак.
93. Олтингугуртли нефть сақланадиган (водород сульфиди ажралиб чиқиши мумкин бўлган) резервуарлар ўлчаш люки орқали намуна олиш ва ўлчов ўтказишни истисно этувчи махсус асбоблар билан ускуналаниши лозим.
94. Ўлчаш люки орқали ўлчаш ва намуна олиш зарурати туғилганда, мазкур ишларни фильтрли газниқоб кийиб, кузатувчи иштирокида бажариш зарур.
95. Таҳлил учун намуна ГОСТ 2517 га мос ҳолатда олиниши керак.
96. Олинган намуналарини аралаштириш, сақлаш, идишларга солиш, белгилар қўйиш ГОСТ 2517 талабларига мос ҳолда бажарилади.
97. Резервуардаги нефть ҳароратини стационар ёки кўчма ҳарорат даракчилари ёрдамида ёки резервуардан олинган намуна ҳароратини ўлчаш йўли билан ГОСТ 2515 га мувофиқ бажарилади.
98. Ҳароратни ўлчаш учун ГОСТ 28498, ТЛ № 4 га мос термометрлар билан ва бошқа амалдаги норматив-техник ҳужжатлар асосида ўтказилади.
V боб. РЕЗЕРВУАРЛАРГА ТЕХНИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВА РЕЗЕРВУАРЛАРНИ ЖОРИЙ ҲАМДА ЎРТАЛИК ТАЪМИРЛАШ
1-§. Ишлатиш пайтидаги назорат
99. Корхона раҳбарияти маҳаллий шароитлар, ҳамда лойиҳа ва тегишли стандартлар талабларини ҳисобга олган ҳолда, пўлат резервуарларни ишлатишни кузатиб бориш, текширишнинг муддатлари, моҳияти ва усулларига доир муҳим техник талабларни белгилаб берувчи йўриқномани ишлаб чиқиб тасдиқлашлари лозим.
100. Смена бўйича бошлиқ навбатчиликка кириши билан резервуарларни кўрикдан ўтказиши лозим. Аниқланган камчиликлар (резервуар танасидаги чоклар ёки ост қисмидан маҳсулот сизиб - оқиб чиқиши, тўлиб-тошиб кетиши ва ш. к.) ҳақида раҳбариятга тезда хабар бериб, тегишли тадбирларни қўллаши ва резервуарнинг асосий ва арматурасини кўрикдан ўтказиш журналига қайд этиб қўйиш шарт.
101. Резервуардаги ускуналар ва арматура профилактик кўрикдан ўтказилиши керак.
Резервуарларни профилактик кўрикдан ўтказиш ишлари нефтбазаларни техник ишлатиш Қоидаларида баён этилган муддатлар бўйича тузилган, корхона бош муҳандиси тасдиқлаган календар жадвал асосида амалга оширилади.
Хизмат кўрсатиш бўйича хулосалар резервуардаги асосий ускуналар ва арматураларни кўрикдан ўтказиш журналига ёзиб қўйилиши лозим.
2-§. Резервуарларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни жорий ва ўрталик таъмирлаш
102. Резервуарларни таъмирлашда қуйидаги иш турлари бажарилади:
а) жорий таъмирлашда — ишлар (томни таъмирлаш, девордаги юқори белбоғларни эпоксид бирикмалар қўллаб таъмирлаш, резервуарнинг ташқи қисмидаги ускуналарни таъмирлаш ва ш. к.) резервуарларни нефть ва нефтмаҳсулотидан бўшатмай туриб бажарилади;
б) ўрталик таъмирлаш — хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги Қоидаларига риоя қилган ҳолда резервуарни тозалаш, дегазациялаш ишлари (пайвандлаш йўли билан айрим жойларга металл қопламалар ўрнатиш, дарзликлар, чоклар ва ускуналарни таъмирлаш ёки алмаштириш);
в) капитал таъмирлаш — ўрталик таъмирлашдаги жараёнлар, резервуар девори ва ости қопламалари, сузувчи том (понтон) ва ускуналардаги нуқсонли элементларни қисман ёки тўлиқ алмаштириш билан бажариладиган ишлар.
103. Таъмирлаш ишлари белгиланган меъёрий муддатлар ва резервуарни техник текшириш даврийлиги чегарасидаги график (жадвал)асосида ўтказилади.
104. Ҳар бир таъмирлаш ишларининг муддатларини резервуарларни ишлатиш тарзини инобатга олган ҳолда, конструкция элементларининг ҳақиқий емирилиш тезлигига кўра техник текшириш хулосалари бўйича белгиланади.
105. Резервуарни доимий ишлашга тайёр ҳолатда тутиб туриш учун ҳар бир капитал таъмирлашлар орасида уларга зарурий техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлашлар ўтказиш зарур.
Резервуарларга техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирдан ўтказиш ишларини резервуарни ишлатаётган корхона ўз маблағи ва кучи билан амалга оширади.
106. Резервуарларга техник хизмат кўрсатиш ишларига уларни даврий равишда кўрикдан ўтказиб туриш, резервуарлар, улардаги ускуналар, асбоблар ва тизимлар, ҳамда резервуарларни ўраб турувчи қувурўтказгичлар, резервуар паркидаги ўт ўчириш тизими учун зарур бўлган регламентли ишларни ташкил қилиш ва ўз вақтида ўтказиш киради.
Резервуарлар, ускуналар, асбоблар ва тизимларга техник хизмат кўрсатиш ишлари завод берган йўриқнома ва корхонадаги шароитни ҳисобга олиб ишлаб чиқилган йўриқномалар асосида бажарилади.
Резервуарларни кузатув ва кўрикдан ўтказиш корхонанинг бош муҳандиси тасдиқлаган жадвал ва йўриқномага мос равишда амалга оширилганлиги ва резервуарларни кўрикдан ўтказиш, таъмирлаш журналига аниқланган носозликларни бартараф этилганлиги ҳақида ёзиб боришдан иборатдир:
а) ҳар куни — лавозим йўриқномасига кўра хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан;
б) ҳар ҳафтада — резервуарни ишлатишга жавобгар шахс томонидан;
в) ҳар ойда — объект раҳбарияти томонидан;
г) ҳар кварталда, танлаб — структуравий бўлинмалардаги ишлаб чиқаришни назорат қилувчи комиссия (ИНК) томонидан;
д) йилига бир марта, танлаб, корхона ИНК си томонидан, комиссия кўриги далолатнома билан расмийлаштирилиб аниқланган камчиликлар баён этилади.
107. Резервуарнинг техник-ишлатиш тафсилотини бир маромда тутиб туриш учун жорий таъмирлаш ишлари ўтказилади. Мазкур ишлар резервуарни маҳсулотдан бўшатмай бажарилади.
Жорий таъмир, барча мавқедаги ИЧНК, корхонанинг станциялари, қуйиш пунктлари, нефтбазалари, филиаллари бўйича жавобгар шахслар томонидан ўтказилган кўрик хулосалари асосида заруратга кўра амалга оширилади.
108. Резервуар ва резервуар паркидаги ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ҳамда жорий таъмирлашни уюштиришга, амалга ошириш ишларига резервуарни ишлатиш ва хизмат кўрсатишга мутасадди ҳисобланган шахс жавобгардир.
3-§. Резервуарларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни жорий таъмирлаш
109. Резервуарларни кўрикдан ўтказиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари, техник хизмат кўрсатиш картаси (8-Илова)га мос равишда бажарилади.
Резервуарни кўрикдан ўтказишда қуйидаги ҳолатларга алоҳида эътибор қилиш лозим:
а) маҳсулот оқиб (сизиб) чиқишига;
б) пайванд чоклари ва асосий металлда дарзликлар пайдо бўлишига;
в) пачақланиш, букилиш ҳолатларига;
г) резервуарнинг нотекис чўкишига (бир томонга қийшайиб, оғиб қолишига).
110. Доимий (стационар) томли (понтонсиз) резервуарлардаги ортиқча босимини рухсат этилган (белгиланган) меъёрга мос келишини назорат қилиб туриш керак.
Узоқ муддат давомида ишлатилаётган ортиқча ишчи босим, ҳамда максимал босим ва вакуум даражаси резервуар ҳолатини диагностика қилиш хулосаларига кўра аниқланадиган лойиҳада ёзилган катталикдан пастроқ қилиб белгиланади.
111. Понтон сирти (юзаси) ни энг юқори ҳолатда турганда ёруғлик люки орқали кузатиб, понтон гиламчаларида терлаш ёки каркасининг очиқ жойларига маҳсулот тушиб қолмаганлигини текшириб қўйиш лозим.
112. Сузувчи томнинг энг юқоридаги ҳалқасимон майдонидан туриб кузатиб, сузувчи томнинг ҳолатини, унинг горизонталлигини, томнинг марказий қисмига маҳсулот тушмаганлигини, қишда сузувчи том устида қор бор-йўқлигини, ҳалқасимон зичлаб беркитувчи ҳимоя шчитларнинг ҳолатини, сув чиқарувчи зулфиннинг ҳолатини текшириш зарур.
113. Сузувчи томли резервуарларга техник хизмат кўрсатиш давомида сурилувчи нарвоннинг, сузувчи томнинг чўкиши, том танаси ичида ва унинг бўлинмаларида, улар орасида маҳсулот йўқлиги, тўсқич ва ёғин йиғиладиган мосламаларнинг техник ҳолатини назоратдан ўтказиш керак.
114. Хизмат кўрсатишни осонлаштириш учун сузувчи томдаги қабул-тарқатиш қувурчасининг тепасидаги бўлинмаси (короба)дан бошлаб соат мили йўналишида рақамлаб чиқиш лозим.
115. Жорий таъмирлаш ишлари, олдиндан ишлаб чиқилган режа-жадвалга мувофиқ резервуарни тозаламасдан ўтказилади.
116. Резервуарларни жорий таъмирлашда қуйидаги ишлар бажарилади:
а) томни, деворларининг юқори белбоғларини эпоксид ёки бошқа елимловчи бирикмалар воситасида таъмирлаш;
б) сифон жўмракларини таъмирлаш;
в) зулфинларининг сальникларини зичлаштириш;
г) ҳавоза — кўприкчаларни таъмирлаш;
д) ерга туташтириш мосламасини таъмирлаш:
е) бўяш;
ж) болтларни яхшилаб бураб маҳкамлаш;
з) оловдан сақлагичлардаги кассеталарни алмаштириш;
и) резервуарнинг ташқи тарафидаги бошқа ускуналарни резервуар ишини тўхтатмай таъмирлаш.
117. Кўп миқдордаги олтингугуртли нефть ва нефтмаҳсулотлари сақланадиган резервуарларга техник хизмат кўрсатиш тартиби «Олтингугуртли нефть ва нефтмаҳсулотлари сақланадиган резервуарларни хавфсиз ишлатишга оид соҳа йўриқномасида» баён этилган.
4-§. Маҳсулот сатҳини ўлчаш ва намуна олиш воситаларига хизмат кўрсатиш
118. Маҳсулот сатҳини ўлчаш ва намуна олиш воситаларига хизмат кўрсатиш мазкур асбобларга тегишли йўриқномалар асосида бажарилади.
119. Намуна олиш ва ҳисобини олиб боришда ишлатиладиган қурилмаларнинг ҳолати, уларнинг техник ҳужжатларида белгиланган муддатларда техник назоратдан ўтказилиши керак.
120. Техник ҳолатини текшириш ҳақидаги хулосалар резервуарни жорий таъмирлаш журналига қайд қилиб борилиши лозим. Барча аниқланган камчиликлар тўғрисида раҳбариятга маълумот бериб, тегишли чоралар қўллаб, журналга ёзиб қўйиш шарт.
121. Маҳсулот сатҳини ўлчовчи ва намуна олиш учун фойдаланиладиган воситаларнинг конструкцияси уларни қисмларга ажратмай текшириш ва резервуарларни маҳсулотдан бўшатмай ишлатишга имкон бериши керак.
122. Ўлчаш воситалари доимо ишлатиш учун тайёр ҳолатда ва текширувдан ўтган бўлиши лозим.
123. Асбобларнинг нормал ишлашини таъминлаш учун резервуарлар мунтазам равишда пирофор чўкиндиларидан, ўтаёпишқоқ қолдиқлардан, минерал ифлослик, занг ва сувдан тозалаб турилиши керак.
124. Намуна олиш пайтида маҳсулот тўкилиб кетишига йўл қўймаслик, акс ҳолатларда эса уларни тезда тозалаб йўқ қилиш керак. Резервуар томида ветош (чўтка), латта, бегона нарсаларни қолдириш тақиқланади.
125. Маҳсулот остидаги сув сатҳи (баландлиги)ни ўлчаш учун қўлланадиган сувсезгир ленталар устига тальк ёки бўр сепилиб, яхши беркитиладиган идишча (ғилоф)ларда сақланиши лозим.
5-§. Резервуар тагида чўкиндилар ҳосил бўлишининг олдини олиш ва уларни ювиш
126. Резервуарлар тагида чўкинди ҳосил бўлишининг олдини олиш ва уларни тозалаб чиқариб ташлаш учун резервуарларга винтли қурилмадан иборат ювиш тизими ўрнатилиш керак.
127. Мазкур тизимни ишлатиш улардаги техник ҳужжатларга мувофиқ ўтказилади.
128. Чўкиндини ювиш ва чиқариб ташлаш ишлари корхонанинг бош муҳандиси тасдиқлаган жадвал-график асосида бажарилади.
Резервуар тубидаги чўкиндиларни ювишга оид барча ишлар (резервуарни ювишга тайёрлаш, ювиш жараёнини, ҳамда чиқариб ташланаётган маҳсулот ва чўкиндилар аралашмасининг сифатини текшириб бориш) корхона бош муҳандиси тасдиқлаган «Нефтни ҳайдаш станцияларидаги резервуарлар тагида, ҳосил бўладиган чўкиндиларни ювишга доир йўриқнома»га мувофиқ амалга оширилади.
Чўкиндиларни ювиш тугагандан кейин, маҳсулотни рухсат этилган минимал технологик (ишчи) сатҳигача сўриб чиқариш керак.
129. Чўкиндини ювиб ва резервуардаги маҳсулот қолдиғини сўриб чиқаргандан кейин, белгиланган нуқта (жой)лардаги чўкинди қолдиқларининг қалинлигини ўлчаш лозим.
Ювиш ишлари қониқарсиз бажарилган бўлса, уни яна қайта ўтказиш зарур.
130. Чўкинди қолдиқларининг қалинлигини ўлчаш натижаларини чўкиндиларни ювиш ва мавжудлиги ҳисобини олиб бориш журналига ёзиб қўйиш керак.
6-§. Маҳсулот остидаги сувни чиқариб ташлаш
131. Тозалаш иншоотлари билан жиҳозланган ёки оқова сувларни тозалаш имконияти мавжуд бўлган корхоналарда резервуарларда сақланаётган маҳсулот тиниши билан унинг остида ҳосил бўладиган сувни вақти-вақти билан ишлаб чиқариш оқова тизимига чиқариб туриш лозим.
132. Маҳсулот остидаги сувни чиқариб ташлаш пайтини маҳсулот таркибидаги сувнинг миқдори ва резервуарнинг иш режимига қараб белгиланади («қабул-тарқатиш» режимида ишлайдиган резервуарлар учун ҳар сафарги ўлчашдан олдин ўтказилади).
133. Маҳсулот ости сувни чиқараётган пайтида унинг йўналишини назорат қилиб туриш ва бошқа томонга оқиб кетишига йўл қўймаслик керак.
134. Резервуардаги маҳсулот суви сифон жўмраклар орқали чиқариб юборилади. Сифон жўмракларни ҳар сафар сув чиқараётганда кўрикдан ўтказиш, унинг сальникларидан сизиб чиқиш ҳолатлари йўқлигини текшириш лозим. Жўмрак равон ва текис айланиши керак. Жўмрак ишламай турганда унинг қабул қилиш дастаги горизонтал ҳолатда туриши зарур.
7-§. Резервуарлар асоси (пойдевори)нинг чўкишини назорат қилиб бориш
135. Резервуарлар яхши ишлашини таъминлаш учун уни ишлатиш давомида фундамент (пойдевори)нинг чўкишини назорат қилиб туриш зарур.
136. Вертикал пўлат резервуарлар (ВПР) нинг пойдевори чўкишини назорат қилиш, ишлатиш пайтида унинг таги (ости)ни резервуарнинг бутун периметри (айланаси) бўйлаб нивелирлашдан иборатдир. Нивелирлаш хулосаларига кўра далолатнома тузилади (9, 10-иловалар).
137. Резервуарни биринчи тўрт йил давомида ишлатишда ҳар йили унинг таги (ости)нинг қирғоғи бўйлаб ёки энг қуйи белбоғининг юқори қисмининг энг камида 8 нуқтасини нивелирлаш лозим. Нуқталар оралиғи 6 m дан зиёд бўлмаслиги керак. Кейинчалик эса мунтазам равишда ҳар 5 йилда камида бир марта текширув нивелирлашни ўтказиш керак.
138. ВПРнинг таги қирғоғининг нивелирлашни энг пастки белбоғининг вертикал чокларига ҳар 6 m да тўғри келадиган нуқталар (агар пўлат листларнинг узунлиги 6 m дан иборат бўлса)да ўтказиш лозим.
Нивелирлашни айлана бўйлаб соат мили йўналишида ўтказиш зарур. Нивелирланган нуқта (жой)ларни қизил бўёқ билан белгилаб, тартиб рақамини ёзиб қўйиш лозим.
139. Биринчи тўрт йилда ишлатилаётган резервуарлар (пойдевори барқарор ҳолга келгунча) томнинг горизонтал ҳолатдан четлашуви амалдаги норматив-техник ҳужжатларда кўрсатилган миқдордан зиёд бўлмаслиги керак.
140. 4 йилдан кўп муддатда ишлатилаётган резервуардаги рухсат этилган оғиш катталиги, эслатилган норматив-техник ҳужжатлардаги миқдордан ортиқ бўлмаслиги лозим.
141. Резервуарлар пойдеворининг чўкиши ҳақида энг ҳақиқий маълумотларни олиш учун ишлатиладиган геодезик асбобларни текширувдан ўтказиш, реперлар ҳолатини кузатиб бориш, беркитиш арматураси ва нарвонлардаги тамғани резервуардаги нивелирланадиган нуқта (жой) белгисини кўрикдан ўтказиш лозим.
142. Резервуар таги қирғоғини нивелирлаганда, нарвон ва қабул қилиш технологик қувурўтказгичларидаги беркитиш арматурасининг пойдеворларини ҳам нивелирлаш шарт.
8-§. Зулфинлар, резервуарларни ўровчи қувурўтказгичлар, газтекислагич тизимига хизмат кўрсатиш
143. Марза ичидаги резервуарларнинг ўровчи қувурузатгичларига ва ажратувчи зулфинларга хизмат кўрсатиш «Технологик қувурўтказгичларнинг тузилиши ва хавфсиз ишлатишга доир Қоидалар» ва «Нефтни ҳайдаш станцияларидаги ускуналар ва иншоотларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишлари ва технологияни ташкил қилиш бўйича қўлланма»га мувофиқ равишда амалга оширилади.
144. Газ текислагич тизими (ГТТ)га хизмат кўрсатиш «Магистрал нефть ўтказгичларининг резервуар паркларидаги газтекислагич тизимларини ишлатишга оид намунавий йўриқнома» асосида бажарилади.
145. ГТТ га техник хизмат кўрсатиш ишлари тизимнинг герметик (жипс)лигини ва белгиланган ўтказиш имкониятини таъминлаши лозим.
146. ГТТ ни кўрикдан ўтказиш муддатлари иссиқ ҳаво ҳароратида ойига икки марта, совуқ пайтларда эса ҳар ҳафтада камида бир марта қилиб белгиланади.
ГТТни кўрикдан ўтказишда қуйидагилар текширилади:
а) тизимдаги элементларнинг герметиклиги;
б) ер усти газўтказгичлар, уларнинг таянч (устун)лари ва ускуналарининг ҳолати;
в) ҳаво олиш клапанларининг ишлаши;
г) ерга туташтириш қурилмаларнинг яроқлилиги;
д) дренаж қурилмаларда конденсат йўқлиги;
е) зулфинларнинг очилиб-ёпилиши.
147. Таъмирлаш ишлари олиб борилганда қуйидаги талабларга риоя қилиш зарур:
а) ГТТни таъмирлаш ишлари, бажариладиган вазифаларнинг кетма-кетлиги ва хавфсизлик чоралари қайд этилган наряд-рухсатнома бўлгандагина ўтказилади;
б) ГТТдаги ускуналарни ечиб олиш ёки қувурўтказгичларни вақтинчалик муддатга узиб қўйиш билан ишларни бошлашдан олдин, винтли беркитгичлар ёрдамида кўндаланг кесими камида 35 mm келадиган пўлат материалдан, симлар ажраган жойга токни тўсувчи мослама ўрнатиш лозим;
в) ГТТдаги қувурўтказгичлар, зулфинлар ва бошқа арматураларни таъмирлаш билан боғлиқ ишларни бажаришдан олдин газўтказгичнинг керакли жойини беркитиб қўйиш зарур.
9-§. Ишлаб чиқариш оқова тизимига хизмат кўрсатиш
148. Марза ичида жойлашган ишлаб чиқариш оқова тизимининг қабул қилиш қудуқлари, марзадан ташқарига чиқариб қўйилган трос ёрдами бошқариладиган пақилдоқлар билан жиҳозланиши керак.
Нормал ҳолатда пақилдоқ берк бўлади. Пақилдоқнинг ишга яроқлилигини ҳар кварталда камида бир марта текшириб туриш керак.
Ҳар бир гидравлик тўсқичдаги сувли қатламнинг қалинлиги 0,25 m дан кам бўлмаслиги керак. Гидрозатворлар ва улардаги сувнинг сатҳини ҳар ойда камида бир марта кўрикдан ўтказиш зарур.
149. Ишлаб чиқариш оқова тизимининг ишини ҳар ойда камида бир марта текшириш лозим.
150. Резервуар паркидаги оқова тармоғининг ўтказиш имкониятини сақлаб туриш учун уларни ҳар йили камида бир марта тозалаб туриш керак.
151. Кўрик ўтказилгандан кейин, заруратга кўра, нуқсонлар рўйхатини тузиб, таъмирлаш ишларини ўтказиш режалаштирилади.
10-§. Ҳудудни парваришлаш
152. ВПР учун қурилган марзаларни мазкур қоидаларининг II-бобининг 4 параграфидаги талабларга мос равишда парваришлаш керак.
153. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётганда марзалар устидан оғир вазнли транспорт воситалари резервуарларга материал ва ускуналар олиб ўтиши учун марза ёнбағирларига тупроқ ётқизиб қулайлик яратиш лозим.
154. Коммуникация тармоқларини ўрнатиш ёки таъмирлаш оқибатида бузилган марзаларни, иш тугагач қайтадан ўз ҳолатига келтириш зарур. Марзалари бузилган резервуарларни ишлатиш мумкин эмас.
155. Таъмирлаш давомида қазилган траншея ва чуқурликларни иш охирида тупроқ билан кўмиб, текислаб қўйиш керак. Мазкур чуқур ва траншеяларни кечаси (қоронғу пайтида) тўсиқлар билан ўраб, чироқ ёқиб қўйиш даркор.
156. Маҳсулот тўкилган жойни зудлик билан тозалаб, 1-2 cm қалинликдаги маҳсулот шимилган тупроқ қатламини қазиб олиб, олинган тупроқни махсус ажратилган ерга чиқариб ташлаш, ҳосил бўлган чуқурликни тоза тупроқ ёки қум билан тўлдириб қўйиш лозим.
157. Резервуар парки ҳудуди текисланиб, ахлат, қуруқ хашак ва барглардан тозаланиши зарур.
Ёз мавсумида тозалаб олинган кўк ўтларни резервуар парки ҳудудидан чиқариб ташлаш керак. Қиш фаслида эса резервуар парки ҳудудидаги йўлак ва ўт ўчириш машиналари юрадиган йўлларини қор ва муздан тозалаб туриш лозим.
11-§. Резервуарлар, ускуналар, резервуар паркидаги объектларни қиш-ёз вақтида ишлатишга тайёрлаш
158. Резервуарларни қиш ва ёз фаслларида ишлатишга тайёрлаш бўйича тадбирлар рўйхати тузилиб, корхона раҳбарияти томонидан тасдиқланиши керак.
159. Қишда ишлаш учун резервуарни тайёрлашда қуйидаги тадбирлар бажарилади:
а) сифон жўмракларни резервуарларда сақланаётган маҳсулот воситасида ювиш ва ишлатилмайдиган ҳолатга бураб қўйиш ёки заруратга кўра иссиқ сақлаш учун ўраб қўйиш;
б) сув-сепиш (намлагич) ҳалқасининг учидаги (охиридаги) сувни чиқариб ташлаш;
в) ҳаво олгич ва сақлагич арматуралар, сатҳ ўлчагичлар ва намунаолгичларни текшириб, тайёр қилиб қўйиш, оловдан сақлагичлардаги кассеталарни чиқариб (ечиб олиб) қўйиш;
г) нефть сатҳини узлуксиз ўлчаб турувчи асбоб (сатҳ ўлчагич)нинг гидротўсқичидаги ҳаракатланувчи қисмларини текширувдан ўтказиш, гидротўсқични музламайдиган суюқлик билан тўлдириб, гидротўсқич ва сатҳ ўлчагичларни иссиқ ҳолатда сақлаш учун ўраб қўйиш.
160. Сақловчи гидравлик клапанга музламайдиган суюқлик қуйиш лозим.
161. Ҳаво олгич клапанлар ишини, унинг ликопчасини «эгар»га жипс жойлашганлигини текшириш зарур.
162. Резервуарга ўрнатилган нарвон, панжарасидаги тутқичлар ва томдаги майдонча тўсиқлари ҳолатини назоратдан ўтказиш лозим.
163. Оқова сув тармоқларини қишга тайёрлашда ташлама коллектор (ариқ)лар, беркитиш арматураси, ускуналар, зулфинлар ва қудуқларни тафтишдан ўтказиш зарур.
164. Сузувчи том устида қор тўпланиб қолганда, том қийшайишининг олдини олиш учун қорни тозалаш керак.
165. Сузувчи томли резервуар деворига ҳалқасимон беркитгич музлаб ёпишиб қолганда, мазкур жойдаги ҳимояловчи шчитни ечиб туриб, учқун чиқармайдиган металл пластинка ёки ёғоч поналар ёрдамида ёки ўша жойни резервуарнинг ташқи томонидан бут билан иситиш ёки резервуардаги иссиқ маҳсулотни циркуляция (ҳаракатга келтириб) қилиш йўли билан кўчириб олиш керак.
166. Баҳорги сув тошқини эҳтимоли бор ҳудудга жойлашган резервуар парки ёки алоҳида резервуарни баҳорги-ёзги мавсумга тайёрлашни анча барвақт бошлаб, марза ва тўсиқлардаги бузуқ жойларни тиклаш, заруратга кўра баландроқ кўтариш зарур.
167. Баҳор-ёз фаслида резервуарларни ишлатишга тайёрлаш борасида ҳаво олиш ва сақлагич клапанларни текширувдан ўтказиб, оловдан сақлагичларга кассеталар ўрнатиш лозим.
VI боб. РЕЗЕРВУАРЛАРНИ ТЕХНИК ДИАГНОСТИКА ҚИЛИШ
1-§. Резервуарларни техник диагностика қилиш ишларини ўтказиш тартиби
168. Техник диагностика қилиш ишлари таркибига резервуар конструкцияси элементларини натурал текширувдан ўтказиш, резервуарни келгусида ишлатиш имконияти ҳақидаги техник хулоса тузиш ва техник ҳолатига баҳо бериш киради. Мазкур ишлардан мақсад резервуарни ишлатиш давомидаги мустаҳкамлигига путур етказувчи нуқсонларни ўз вақтида аниқлашдан иборат.
169. Техник диагностика қилиш тизимида 2 поғонали ишлар ўтказилади яъни:
а) резервуар ишини тўхтатмай туриб, унинг ташқи томонини қисман техник текширувидан ўтказиш;
б) резервуар ишини тўхтатиб, уни бўшатиб, тозалаб, дегазациялаб, батафсил техник текширувдан ўтказиш.
170. Тўлиқ ва қисман техник текширувларни ўтказиш муддатлари мазкур Қоиданинг 11-иловасида берилган.
171. Техник диагностика қилиш бўйича режа тузилганда, биринчи галда қуйидаги резервуарлар текширувдан ўтказилади:
а) 10 йилдан зиёд муддатда тўлиқ равишда текширилмай ишлатилган резервуарлар;
б) нонамунавий лойиҳалар бўйича қурилганлар;
в) қайновчи ёки бир неча турдаги пўлатдан ясалганлар;
г) ишлатилган муддати 20 йилдан ошганлар;
д) йилига 200 гача тўлиқ цикл билан ишлагани ҳақидаги ҳисоб-китобга кўра 5 йилдан зиёд ишлатилган резервуарлар;
е) ички томони коррозияга қарши ҳимояланмаганлар;
ж) маҳсулот ости сувни тўкишни таъминловчи тизим билан жиҳозланмаган резервуарлар;
з) металлни кучли коррозияга учратувчи маҳсулот сақлаш учун қўлланилган резервуарлар;
и) тажовузкор аралашмали маҳсулот сақлаш учун мўлжалланган резервуарлар.
172. Резервуарларни техник диагностика қилиш ишлари корхона бош муҳандиси тасдиқланган техник топшириқ асосида ўтказилади.
Резервуарларни техник диагностика қилиш намунавий дастур асосида бажарилади. Тўлиқ (батафсил) ёки қисман диагностика қилиш ҳажми, резервуарларнинг техник ҳолати, ишлатиш муддати ва интенсивлигига, ҳамда муҳитнинг тажовузкорлигини текширишга оид қўшимча дастур ҳисобига алоҳида тартибда кўпайтирилиши мумкин.
173. Қисман текширишга оид намунавий дастурда қуйидаги ишларни бажариш кўзда тутилади:
а) техник ҳужжатлар билан танишиш;
б) резервуарнинг металл конструкциясидаги элементларнинг ташқи томонини кўрикдан ўтказиб ўлчамларини белгилаш;
в) резервуар девори ва томининг қалинлигини ўлчаш;
г) девор деталларининг вертикал чизиқдан оғишини ўлчаш;
д) резервуар тагининг ташқи контурини, қабул қилиш-тарқатиш қувурчалари, шахтали нарвон ва газ текислагич тизими пойдеворларини нивелирлаш;
е) марза ҳолатини текшириш ва унинг геодезик ҳолатини картага тушириш;
ж) резервуар асоси ва атрофидаги йўлакча ҳолатини текшириш;
з) текширув натижалари асосида техник хулоса тузиш.
174. Қисман текширишдаги қўшимча дастурда қуйидаги ишларни бажариш режалаштирилади:
а) резервуар девори ва тагини акустика - эмиссия усулида диагностика қилиш;
б) деворнинг биринчи белбоғини ультратовуш ёки магнитли сканерлаш усулида текшириш;
в) инфрақизил спектроскопия қилиш;
г) пойдевор тагидаги тупроқни электр усулида зондлаш ва бошқа ишлар.
175. Тўлиқ текшириш учун тузилган намунавий дастурда қуйидаги ишларни бажариш режалаштирилади:
а) техник ҳужжатлар билан танишув;
б) резервуар металл конструкциялари элементларини ташқи ва ички томонини кўздан кечириб ўлчамларини ўлчаш;
в) резервуар деворлари, томи ва остининг қалинлигини ўлчаш;
г) қувурча (патрубка)ларнинг ва кириш люкларининг қалинлигини ўлчаш;
д) резервуар деворчаларининг вертикалдан оғиши даражасини ўлчаш;
е) резервуар остининг ташқи контури ва юзасини нивелирлаш;
ж) қабул қилиш-тарқатиш зулфинлари, компенсаторлар, технологик қувурўтказгичлар, шахта нарвони ва газтекислагич тизимнинг фундамент (пойдевор)ларини нивелирлаш;
з) резервуар деворларидаги пайванд чокларини физик усуллар воситасида текшириш;
и) резервуар остининг пайванд чокларидаги герметикликни назорат қилиш;
к) резервуарнинг ички ва ташқи қопламалар (агар мавжуд бўлса) нинг ҳолатини текшириш;
л) резервуар пойдевори ва атрофидаги йўлакчаларнинг ҳолатини текшириш; м) марзалар ҳолатини текшириб, геодезик ўлчовлар ўтказиш; н) текширувлар натижаларига кўра, нуқсонлар сони ва рўйхатини эскиз ёки чизмалардаги координаталари кўрсатилган ҳолда техник хулосалар тузиш.
176. Сузувчи том (понтон)ли резервуарларни батафсил ёки қисман текширганда мазкур Қоидаларнинг 257 ва 259-бандларида эслатилганларидан ташқари намунавий дастурда қуйидаги ишларни бажариш режалаштирилиши керак:
а) сузувчи томнинг ҳалқасимон майдончаси, таянч фермалари, силжийдиган нарвонлар ва беркитгичларнинг элементлари ўлчамини аниқлаб, ташқи кўрикдан ўтказиш;
б) сузувчи том (понтон) элементларининг қалинлигини ўлчаш;
в) сузувчи том (понтон) билан резервуарлар деворлари орасидаги тирқишни ўлчаш;
г) сузувчи том (понтон) билан резервуар деворлари орасидаги беркитгич (затвор) ҳолатини текшириш;
д) сузувчи том корпуслари ва мембранасини нивелирлаш;
е) таянч ферма ва силжийдиган нарвонлар асосини нивелирлаш;
ж) мембрананинг занглаган (коррозияга учраган) ва пачоқ (букилган) жойларининг қалинлигини ўлчаш.
177. Батафсил текшириш учун тузилган қўшимча дастурда қуйидаги ишларни бажаришни ҳам назарда тутиш мумкин:
а) металлнинг кимёвий таҳлилини ўтказиш;
б) пайвандлаб уланган жойларни ёки асосий металлнинг ўзини механик синовдан ёки металлографик тадқиқотдан ўтказиш.
178. Техник диагностика қилиш натижаларига кўра нуқсонлар жойининг эскиз ёки чизмаларда координаталари кўрсатилган ҳолдаги техник ҳисобот расмийлаштирилади.
179. Резервуарни диагностика қилиш, тайёрлаш, бажарилаётган ишларни назорат қилиб бориш ва хавфсизлик техникасини таъминлашни резервуарни ишлатаётган ташкилот амалга оширади. Техник диагностика қилиш ишларини ўтказиш иш бажарувчига юкланади.
180. Резервуарни текширувдан ўтказиш ишларини бажариш учун резервуарни ишлатувчи ташкилот (буюртмачи) раҳбариятининг рухсатини, иш бажарувчилар хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлигига оид йўл-йўриқ олганларидан кейингина берилади.
181. Техник диагностика қилиш (шаҳодатлаш)га оид ишлар бажарилганлиги ҳақидаги илк ҳужжатлар (далолатномалар, баённомалар, журналлар ва ш.к.) тузилиб, улар асосида резервуарнинг имконияти ёки келгусида ишлатиш шартлари, таъмирлаш зарурати ёки ишлатишдан чиқариш ҳақида хулосалар берилади.
182. Агар резервуар тўлиқ (батафсил) техник текширувдан ўтган бўлса, у ишлатишдан чиқарилиб, батамом бўшатилиб, тозаланади ва дегазация (газсизлантириш)дан ўтказилади (мазкур Қоидаларнинг VIII боби).
183. Резервуарнинг текширувдан ўтказилиши керак бўлган барча конструктив элементларини текшириш учун қулай шароит яратилиши зарур.
184. Техник диагностика қилинаётган резервуарнинг ичида ишлаш жойлари яхши ёритилиши (энг камида 50 lk) зарур.
185. Резервуарда акустик-эмиссион назоратни ўтказишга тайёргарлик ишлари амалдаги ТҲ талаблари асосида бориши керак.
2-§. Резервуарларнинг асосий элементлари ҳолатини баҳолаш (белгилаш)
186. Резервуарнинг техник ҳолатини баҳолашни қуйидаги натижалар мавжудлигидагина ўтказиш мумкин:
а) техник ҳужжатлар билан танишиш;
б) резервуарнинг ички ва ташқи томонларини кўздан кечириш;
в) деворлари, томи, ости, қувурчалар ва кириш люкларининг қалинлигини ўлчаш;
г) девор элементларининг вертикалдан оғишини ўлчаш;
д) тагликнинг ташқи контури ва юзасини нивелирлаш;
е) девордаги пайванд чокларининг физик усуллар билан текшириб кўриш;
ж) тагликдаги пайванд чокларининг герметиклигини текшириш;
з) резервуар пойдевори ва атрофидаги йўлакчалар ҳолатини текшириш;
и) асосий металл ва пайванд чокларининг мустаҳкамлиги ва кимёвий таркибини текшириш;
к) текширилаётган резервуар деворлари қалинлигини ўлчаш натижалари асосида, мўрт бузилиш ҳолатини инобатга олиб, мустаҳкамлигини ҳисоблаб чиқиш (заруратга кўра).
187. Резервуарлар деворларининг вертикалдан, тагликнинг ташқи контурини горизонталликдан оғишига оид рухсат этилган чегаралар, девор юзасидаги бўртган ёки букилиб қолган жойларидаги нуқсонларнинг рухсат этилган даражаси, пақилдоқларнинг баландлиги, девордаги пайванд чокларидаги бурчак ҳосил қилувчи деформацияларнинг рухсат этилган миқдордан ўзгариш даражаси амалдаги ТҲ асосида аниқланади.
3-§. Резервуарни ёки унинг айрим элементларини бракга чиқариш шартлари
188. Резервуар ва унинг элементларини техник жиҳатдан текшириш натижалари резервуарни келгусида таъмирлашга оид лойиҳалар ишлаб чиқиш ёки келгусида ҳам ишлатиш мумкинлиги ҳақида хулосалар бериш учун асос бўлиб хизмат қилади.
189. Резервуарнинг айрим элементлари (деворлари, томи, таглиги, фермалари, боғламлари, балкалари)ни ёки резервуарнинг ўзини бракга чиқариш учун уни тўлиқ техник жиҳатдан текшириш, келажакда ишлатиш учун ишончлилигини камайтирувчи барча омилларни муфассал дефектоскопия қилиб аниқлаш натижалари асосида бажарилади.
190. Олинган барча техник текширув ва дефектоскопияга оид асосий металлнинг, пайванд чокларининг, деформация, коррозия, геометрик ҳолатини белгиловчи натижалар, кўрсатилган лойиҳа, амалдаги норматив-техник ҳужжатларда келтирилган рухсат этилган ўлчамлар билан қиёслаб чиқилиши керак.
Рухсат этилган чегарадан зиёд нуқсонларнинг махсус рўйхати тузилиб, унда лойиҳа ишлаб чиқиш учун зарур бўлган барча параметрлар кўрсатилиши лозим.
191. Аниқланган, металлнинг механик ва кимёвий хоссаларига доир қониқарсиз сифатлар (белгилар), вертикал пўлат резервуарлар конструкциясининг элементлари ҳаддан ташқари даражада коррозияга учраганлиги, қурилиш жараёнида нотўғри (брак) монтаж қилинганлиги резервуарни тўлиқ бракга чиқариш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
4-§. Текшириш натижалари асосида техник ҳисоботни расмийлаштириш
192. Резервуарда текширув ўтказилиб, техник ҳолатига баҳо берилгандан кейин иш бажарувчи томонидан техник ҳисобот тузилади ва унда қуйидагилар баён этилиши лозим:
а) резервуарнинг жойлашган ўрни ҳақидаги маълумот, унинг инвентарь тартиб рақами ва диагностика қилинган санаси;
б) диагностика ўтказган ташкилотнинг номи, иш бажарувчиларнинг фамилияси ва лавозими;
в) резервуар, уни қуришда ишлатилган материаллар ҳақидаги, ишлатиш режими, сақланган нефтнинг хоссалари ҳақидаги қисқача маълумот;
г) резервуарни ясаш, монтаж қилиш ва таъмирлаш давомида ишлатилган пайвандлаш материаллари ва пайвандлаш технологияси ҳақидаги маълумотлар;
д) олдинги ўтказилган техник диагностика қилиш санаси ва унинг натижалари;
е) содир бўлган авариялар санаси, уланинг турлари, сони ва ўтказилган таъмир ишларининг баёни;
ж) резервуар деворлари, таглиги, томи ва сузувчи том (понтон)нинг элементларига доир лойиҳавий ва ҳақиқий қалинлик;
з) пўлат резервуар деворларининг ҳақиқий қалинлигига кўра, ҳалқа кучланиш ҳолатини ҳисоблаш;
и) конструкция ва пайванд чокларини ташқи кўрикдан ўтказиш натижалари; к) девор элементларининг вертикал ҳолатдан оғишини ўлчаш натижалари; л) тагликнинг ташқи контури ва юзасини нивелирлаш натижалари;
м) деворлардаги пайванд чокларини физик усуллар ёрдамида текшириш натижалари;
н) тагликдаги пайванд чокларининг герметиклигини текшириш натижалари;
о) асосий металл ва пайванд чокларининг механик жиҳатдан синаш, металлографик ва кимёвий таҳлил натижалари;
п) резервуар томи, таглиги, деворчалари ва понтоннинг ёйилган ҳолатидаги нуқсонлар, лойиҳадан четлашишлар, ускуналар ўрнатилган жойлар, элементларнинг қалинлиги ўлчанган нуқталар туширилган эскиз (чизма расм)лар;
р) резервуар ёки унинг айрим элементлари ҳолати тафсилотларини текширишга оид маълумотлар асосида қилинган хулосалар;
с) эскиз ёки чизмаларда кўрсатилган нуқсонлар координаталари баён этилган нуқсонлар рўйхати;
т) резервуарнинг ҳолати ҳақидаги хулоса ва келажакда резервуарни хавфсиз ишлатишга доир тавсиялар.
193. Расмийлаштирилган техник ҳисобот, белгиланган тартиб асосида, диагностика ўтказган ташкилотнинг техник раҳбари томонидан тасдиқланади. Техник ҳисоботнинг бир нусхаси, диагностика ишларини бажарган ташкилотда сақланади.
194. Техник ҳисобот олингандан кейин резервуар паспортига ўтказилган техник диагностика қилинганлиги ҳақидаги маълумот ёзиб қўйилади.
VII боб. РЕЗЕРВУАРЛАРНИ КАПИТАЛ ТАЪМИРЛАШ
1-§. Пўлат резервуарларни капитал таъмирлаш
195. Мазкур бобда пўлат резервуарларни таъмирлашга оид қоидалар ва тартиби баён этилган.
196. Резервуарлар элементларида учрайдиган нуқсонларни шартли равишда 6 гуруҳга бўлиш мумкин:
а) металлургик — прокат (металл материал)ни тайёрлашда содир бўлади (қават-қават бўлиши, нотекис легирланган, микродарзли, прокат геометриясининг бўлиши ва ш. к;
б) лойиҳавий номукаммал тузилган лойиҳа туфайли содир бўлади;
в) заводда рулон туридаги прокат ва бошқа ярим тайёр маҳсулотлар тайёрлашда содир бўлган нуқсонлар (пайвандлашдаги ва йиғишдаги нуқсонлар);
г) транспорт билан боғлиқ — прокатни монтаж қилиш майдончасига ташиб келишда содир бўлган нуқсонлар (рулоннинг бир қисмининг бўғилиши, пачақланиши, нотекислик рўй бериши, узилиб ёки йиғилиб қолиши);
д) монтаж жараёнида содир бўладиган нуқсонлар (пайвандлашдаги, металл конструкцияларни монтаж қилишдаги, пойдевордаги нуқсонлар, монтаж қилиш воситаларининг йиғиштириб қўйилмаганлиги, монтаж чокларида бурчак ҳосил бўлиши ва ш.к.);
е) ишлатиш жараёнида рўй берган нуқсонлар (чўкиш, мустаҳкамлигининг йўқолиши, коррозия, пақиллаш ҳосил бўлиши ва ш.к.).
197. Резервуарларни таъмирлаш усулини, тўлиқ диагностика қилиш ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолатда, аниқланган нуқсонларнинг тури ва геометрик тафсилотларига қараб танланади.
198. Капитал таъмирлашда айрим иш турларини (заруратга кўра) қуйидаги кетма-кетликда бажариш лозим:
а) тайёргарлик ишлари (мазкур Қоидаларини VIII боби);
б) техник диагностика қилиш (мазкур Қоидаларнинг VI боби);
в) таъмирлашга доир лойиҳани ишлаб чиқиш ва тегишли ташкилотлар билан келишиш;
г) иш бажаришга доир лойиҳани ишлаб чиқиш ва келишиш;
д) таъмирлаш ишларини ўтказиш;
1) конструкциядаги элементларни алмаштирмай туриб, нуқсонларни бартараф этиш;
2) қўшимча мустаҳкамловчи элементлар ўрнатиш;
3) рухсат этилмайдиган нуқсонли конструкция элементларини алмаштириш;
4) геометрик ҳолатини тўғрилаш.
е) коррозиядан ҳимояловчи қурилма ўрнатиш;
ж) бажарилган ишлар сифатини текшириш;
з) гидравлик усулда мустаҳкамлик, барқарорлик ва герметикликка синов ўтказиш;
и) ҳужжатларни расмийлаштириб, резервуарни ишлатишга қабул қилиш.
199. Таъмирлаш ишларини бажариш давомида «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси органлари экспертиза қилган таъмирлашга доир лойиҳа талаблари, ҳамда лойиҳада кўрсатилган норматив-техник ҳужжатлар талабларига амал қилиш зарур.
200. Резервуарларни таъмирлаш ишлари амалдаги меҳнат муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ҳолда бажарилади. Олов билан боғлиқ ишларни бошлашдан олдин кўрсатилган муддат ичида ўтказиладиган барча ишлар ҳажми кўрсатилган наряд-рухсатнома расмийлаштирилиши шарт.
201. Таъмирлашга доир лойиҳада объектнинг бош қурилиш режаси ва қабул қилинган техник ечимлар асосида таъмирлаш технологияси ишлаб чиқилган бўлиши керак. Бош қурилиш планида барча вақтинчалик (муваққат) иншоотлар, техника юрадиган йўллар, коммуникациялар, электр энергияси, телемеханика, оқова ва сув ўтказиш тармоқлари, йирик металл конструкцияларни йиғиш майдончаси, қурилиш техникаси турадиган жой ва техниканинг жойлашув тартиби, ёнғинга қарши воситалар ва огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган жойлар акс эттирилиши керак.
202. Бажарилган таъмирлаш ишларининг сифатини буюртмачи ёки рухсатномаси бор холис ташкилот, монтаж қилиш ташкилотининг иш сифатини текширганидан қатъий назар, назоратдан ўтказади. Мазкур резервуарни таъмирлашга оид лойиҳани тузган ташкилот муаллифлик назоратини ўтказади.
203. Капитал таъмирлаш ишлари бажарилгандан кейин резервуарни мустаҳкамлик ва герметиклигига гидравлик усулда текшириб кўрилади. Таъмирлашни металл конструкцияларини алмаштирмай бажарилган ва резервуарларнинг ишлатилган муддати 20 йилдан ортиқ бўлмаган ҳолатлари бундан мустасно.
204. Ташқи иқлим шароити турлича бўлган районларда ишлатиладиган резервуарлар деворларидаги, таглигининг қирғоғидаги, асосий конструкцияларидаги, мустаҳкамлик ҳалқаларидаги, томидаги, понтонларидаги нуқсонли участка (жой)ларини таъмирлаш ва алмаштиришда, резервуарнинг ҳажмига кўра, резервуарнинг лойиҳа ҳужжатларида баён этилган пўлат русумларни қўллаш тавсия этилади.
205. Резервуарларни таъмирлашда қўлланиладиган пўлатларнинг русумлари ва сифати тегишли стандартлар ёки техник шартлар талабларига жавоб бериб маҳсулот юборган завод сертификатларига мос бўлиши керак.
206. Понтонлар, сузувчи томлар, беркитгич ва резервуар ускуналарида ҳар бир муайян маҳсулот турига мос келувчи синтетик, резинотехник ва бошқа полимер материалларни ишлатиш мумкин.
Мазкур материаллар меҳнат муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига ҳам жавоб бериши керак.
207. Пайвандлашда қўлланиладиган материаллар КМК 2.03.05. тавсияларига мос бўлиши лозим.
Резервуарларда қўлда бажариладиган ёйли пайвандлашда куйидаги электрод турларини ишлатиш даркор:
а) Э 42А тури учун УОНИ 13/45 русумини ва ш.к;
б) Э 46А тури учун Э-138/45Н русумини;
в) Э 50А тури учун ОЗС-24 УОНИ 13/55, ОК 48.04, ОК 53.7, Феникс, Гарант русумларини.
208. Пайвандлаш симларини идишларга солиш ва белгилаш тартиби ГОСТ 2246 талаблари асосида бажарилиши керак.
Симларнинг ҳар бир партия (қисми, ўрами) завод берган сертификати, симлар калава ўрамида эса заводнинг биркаси бўлиши керак.
209. Карбонат ангидридли муҳитда пайвандлаш ишларини бажарганда ГОСТ -8050 га мос равишдаги, тозалиги 99,5% бўлган карбонат кислотасини қўллаш зарур.
210. Резервуарларни таъмирлашда саноатда кўплаб ишлаб чиқилаётган ва заводнинг тамғаси бўлган мослама ва асбоблардан фойдаланиш зарур. Таъмир — монтаж ишларининг юқори самарадорлигини ва қўл меҳнатини камайтиришни таъминловчи энг замонавий технологик ускуналардан фойдаланиш тавсия этилади.
211. Юкларни кўтариш, силжитиш, ташиш ишлари ГОСТ 12.3.009 ва ГОСТ 12.3.020 талабларига мос равишда бажарилиши зарур.
212. Резервуар паркида ишлатиладиган кесиш, пайвандлаш учун мўлжалланган ускуналар, электр-асбоблар доимо ишга яроқли ҳолатда бўлиб, иш бошлашдан олдин текширилиб, ҳамда улардан фойдаланишда, электр, ёнғин хавфсизлиги, хавфсизлик техникаси ва ЭҚТҚ талабларини қондира оладиган бўлиши керак.
213. Металл лист (тахтачаси)ни қирқиб ярим маҳсулот олишни, қирғоқларини пайванд учун текислашни механик усулда ёки газ ёрдамида кесиб бажариш лозим. Донали электрод билан электр ёй усулда қирқиш мумкин эмас. Газ ёрдамида кесилган металл қирғоқларидаги куйган, ёпишиб қолган металл парчалари, ғадир-будурликларни металл асоси ялтироқ ҳолга келгунча тозалаш лозим. Қолдиқлардаги нотекисликларнинг баландлиги 1 mm дан зиёд бўлмаслиги керак.
214. Кислород воситасида кесилган металл деталларнинг қирғоқларини механик усулда (жилоловчи машина ёрдамида) 2 mm чуқурликгача тозаланиши, пайвандланадиган деталлар юзаси пайванд жойидан камида 25-30 mm гача жилоланиши зарур.
215. Металл листларни кислород воситасида кесганда 40 дан 60 см гача узунликдаги тутқич (кесмаган жой)ни қолдириш лозим. Тутқичларни узун листларда эса ҳар 2-3 m оралиғида қолдирилади. Тутқичларни кесиш тугаллагандан камида 1 соатдан кейин қирқиб юборилади.
216. Резервуарни пайвандлаш ишлари ҚМҚ 3.03.01 талаблари асосида тузилган лойиҳага мувофиқ бажарилади.
217. Қўлда пайвандлаш, ҳамда тутқичлар ўрнатиш ишларини ҳажми 5000 m3 гача бўлган резервуарларни камида 5-разрядли пайвандловчилар, ҳажми 5000 m3 дан зиёд бўлган резервуарларни эса камида 6-разрядли пайванд ишларини ўтказишга ҳуқуқи бўлган (гувоҳномаси бор) ва назорат (намуна) пайванд ишларини бажарган пайвандловчилар бажарадилар.
218. Резервуарларни таъмирлашда ёйли пайвандлашни қўлда бажариш керак. Автомат ёки яримавтомат шаклида механизациялаштирилган пайвандлаш ишларини резервуарнинг ости (таги)ни, металл понтонларнинг марказий қисмини ва уларни умумий каркас билан боғланадиган жойларидагина ГОСТ 8713 ва ГОСТ 14771 талабларини бажарган ҳолда қўллаш мумкин. Механизациялашган флюс остида пайвандлашдан ҳимояловчи газ ва кукунли сим воситасида фойдаланиш тавсия этилади.
219. Резервуар элементларини газ пайванд воситаларида таъмирлаш (пайвандлаш) мумкин эмас.
220. Асосий (энг тагидаги) пайванд қатламни ҳосил қилиш учун диаметри 3,25 mm зиёд бўлмаган электродларни тўлдирувчи ва устки қисм (қатлам)ларини эса диаметри 4 mm зиёд бўлмаган электродлар билан пайвандлаш лозим.
221. Қўлда бажариладиган ёйли пайвандлаш режимини ишлатиладиган электродларининг паспортига (солинган идишига ёпиштирилган бўлади) мослаб танлаш зарур.
222. Флюс қатлами остида пайвандлаш усулини қуйи (остки) ҳолатдаги чокларни ҳосил қилиш учун қўллаш керак.
223. Карбонат ангидридли муҳитда автоматик тарздаги усулдан остки ҳолатдаги пайванд чокларини ҳосил қилишда фойдаланиш лозим.
224. Резервуардаги нуқсонларни бартараф этиш учун пайвандлаш ишларини атроф ҳавонинг ҳарорати минус 10° С дан паст бўлмаган шароитда бажариш керак.
225. Совуқ (минус) ҳароратда металл конструкцияларни пайвандлашни қуйидаги шароитларда ўтказиш лозим:
а) қалинлиги 16 mm гача бўлган 09 Г2С-12 русумдаги пўлатдан ясалган резервуар металл конструкцияларини, атроф ҳавонинг ҳарорати минус 20° С дан паст бўлмаган шароитларда, олдиндан қиздирмай пайвандлаш керак.
Ҳаво ҳарорати ундан ҳам совуқ бўлганда, металл конструкцияларни 120-160° С гача қиздириб туриб пайвандлаш лозим.
б) конструкцияларни зарбаларсиз ва йиғиладиган элементларни ҳаддан ташқари тарангламай туриб йиғиш керак. Совуқ йўл билан тўғрилаш мумкин эмас;
в) металлни олдиндан қиздиришни қуйидагича бажариш лозим. Уланадиган металларнинг 800 — 1000 mm қисмини ҳар томонидан 100 mm кенгликда қиздириш керак;
г) олдин қиздиришни ГВПН русумдаги горелкалар ёки учликлари № 6 ёки № 7 ўлчамдаги газ алангали горелкалар ёрдамида бажариб, қиздириш ҳароратини махсус термоқаламлар ёки ТП-2 русумли пирометрлар билан текшириб турилади;
д) пайвандлаш режимини пайвандловчи ток кучини 15 — 20 %га кўпайтириш йўли билан танланади;
е) монтаж чоклари узлуксиз равишда пайвандланади. Лойиҳада белгиланган чок тўлиқ ҳосил бўлмагунча пайвандлашни тўхтатмаслик ва чокнинг ҳосил бўлмаган участкаларини қолдириб кетмаслик керак. Зарурат туфайли пайвандлашни тўхтатиш керак бўлганда, пайвандлаш ишини қайта тиклаш учун чок қўйиладиган металл қисмини янгидан қиздириш (120 — 160° С гача) лозим;
ж) кўп қатламли чокларни пайвандлашда тагидаги (ости) чокни «икки қаватли» усулда бажарилади, яъни 170 — 220 mm узунликдаги участкада энг камида 2 та қатлам ҳосил қилиб чок ясалади;
з) пайвандловчининг иш жойига ярим сменага етадиган миқдордаги қиздирилган электродлар етказиб берилади;
и) пайвандловчининг иш жойи ва пайвандланадиган юза тўсиқлар билан ўралган, қор ва кучли шамолдан муҳофазаланган бўлиши керак. Монтаж қилиш майдончасида, пайвандловчилар исиниши учун, ички ҳарорат 20 — 24° С бўлган хона (уйча) қуриш лозим;
к) монтаж қилинадиган мосламаларни, атроф ҳавонинг ҳарорати минус 20° С дан паст бўлганда, улаш ёки кесиш учун металлни радиуси 100 — 150 mm келадиган ўлчамдаги айлана бўйлаб 120 — 160° С гача қиздириб олиш керак;
л) мосламаларни улашни Э - 50А турдаги масалан, УОНИ 13/55 русумдаги электродларни қўллаб бажариш лозим.
226. Атроф ҳаво ҳарорати минус 30° С дан паст бўлганда иш бажарувчи пайвандловчи тегишли синовдан ўтиши зарур. Мазкур синовдан ўтган пайвандловчи синовдаги ҳароратдан 10° гача паст ҳароратда ҳам пайвандлаш ишларини ўтказишига рухсат бериш мумкин.
227. Уланадиган чоклар, пайвандланадиган қирраларнинг тозалиги, бевосита улашдан олдин уста томонидан текшириб чиқилади.
228. Таъмирланадиган листларни ва бошқа конструктив элементларни йиғиш, бир-бирига мослаш, қирраларини текислашни резервуарнинг конструкциясига кўра ГОСТ 5264 бўйича қуйидаги тартибда бажариш керак:
а) қалинлиги 5 mm гача бўлган лист ва бошқа элементларни бир-бирининг устига чиқариб йиғилади.
Қалинлиги 5 mm ортиқ бўлганларини эса бир-бирига яқинлаштириб (жипслаб) йиғилади. Бир элемент (лист) иккинчисининг устига камида 30-40 mm чиқиб туриши керак. Листлар орасидаги тирқиш 1 mm дан зиёд бўлмаслиги лозим;
б) бир-бирининг устига чиқариб уланган элементлар одатда резервуарнинг ички томонига ўрнатилади;
в) жипслаб уланадиган листлар қирралари оралиғидаги масофа энг камида 1 mm, аммо 2 mm дан кўп бўлмаслиги керак;
г) таглик қуйиб жипслаб улашда листлар қирралари оралиғи 4 mm дан ортиқ бўлганда таглик материалнинг қалинлиги пайвандланаётган листлар қалинлигига тенг бўлиши зарур;
д) қўлда бажарилаётган ёйли пайвандлашда элементлар 27 ± 3° бурчак остида оғдириб уланади;
е) таврли уланишда (қўлда пайвандланганда) вертикал ва горизонтал элементлар оралиғидаги тирқиш 2 mm гача бўлиши мумкин.
229. Пайвандлаш учун конструкция элементларини йиғганда, уларни тутқич ёки тортиб турувчи ва монтажлаш мосламалари ёрдамида улаш керак.
230. Йиғиладиган деталларни улашда қўлланиладиган тутқич (ушлаб тургич)ларни пайванд чоклари бор жойга ўрнатилади. Тутқичлар иложи борича кичик ўлчамли бўлиб, доимий (ҳақиқий) чокларни ҳосил қилишда осон эриб кетадиган бўлиши лозим.
231. Тутқичларни, одатда лойиҳа чокларни пайвандлашда қўлланиладиган пайвандлаш материалларидан ясалади. Тутқичларга бўлган талаблар пайванд чоклари талаблари билан бир хил бўлади.
232. Флюс остида, кукунли сим билан ёки ҳимояловчи газ муҳитида конструкция элементларини йиғганда, тутқичларни элементлар тайёрланган металлни қўлда пайвандлашда қўлланиладиган электродлар ёрдамида ясалади.
233. Резервуарлардаги нуқсонли жойларни таъмирлаш ёки бартараф этиш учун пайвандлаш ишларини бажаришда қуйидаги талабларга риоя қилиш зарур:
а) резервуар таги қирғоғини жипслаб йиғишда пайванд чоклари икки қатламли бўлиб, биринчи (асосий) қатлам тўлиқ эриб, иккинчисига қўшилиб кетиши керак; тутқичлар бор жойларга тагликлар ўрнатилади; тагликни резервуар ости (тагига) қирғоғига пайвандлаш тақиқланади; уланган чокнинг охири қирғоқ ташқарисидан узунлиги камида 30 mm ли тагликгача олиб борилиши керак ва у кислородли кесиш усулидаги пайвандлаш тугагандан кейин қирқиб ташланади; тагликнинг қирқилган жойини обдан тозалаш лозим. Таглик билан қирғоқ орасидаги тирқиш 1 mm зиёд бўлмаслиги зарур;
б) резервуар таги қирғоқларининг пайвандлашда ишлатиладиган технологик тагликларнинг қалинлиги 4-6 mm, эни эса камида 100 mm бўлиши керак;
в) резервуар деворидаги уланган вертикал чоклар иккала томондан пайвандланган бўлиб, аввал асосий чокни, сўнгра пайванд чоклар чиқарилади. Пайванд (сўнгги) чокни ясашдан олдин асосий чокни шлакдан тозалаб, металл ялтирагунча жилолаш зарур.
Пайванд чокларини нуқсонлардан тозалаганда, уланаётган элементлар орасидаги тирқишни стандартлар билан белгиланган даражасини ҳамма вақт таъминлаш мумкин бўлмагани учун, уланадиган жойлардаги пайванд чоклари энини 25 % га кенгайтиришга рухсат этилади.
Резервуар деворидаги вертикал чокни бошдан оёқ олиб ташлаш зарурати туғилганда, мазкур жойлардаги қирқиш ва таъмирлаш ишларини узунлиги энг кўпи билан 2 m ли участкаларда ўтказиш лозим.
234. Резервуарларни таъмирлашда уланадиган чокларни қўлда пайвандлашни тескари поғона усулида бажариш керак. Поғоналар узунлиги 200 — 250 mm дан ортиқ бўлмаслиги зарур.
235. Ҳар бир пайванд қатламни бажаргандан кейин ўша жойларни шлак ва сачраган металл зарраларидан тозалаш лозим.
Чокда содир бўлган бўшлиқ (ғовак жойлар)лар, ўйиқ ва дарзликлар обдан тозаланиб, янгидан пайвандланиши керак.
236. Утор усули билан (резервуар туби ва деворлари туташган жойга қўшимча пўлат қатламлар қуйиб) қўлда пайвандланганда кўп қопламали пайванд чокини секциялар бўйича тескари босқич йўли билан бажариш тавсия этилади. Ҳар бир секциядаги чокларни ҳам, ҳар 300 mm участкада тескари босқич усулида пайвандланади.
Секциянинг бир вақтнинг ўзида узлуксиз пайвандланадиган чокининг узунлиги 900 mm гача бўлиши мумкин.
237. Паст легирланган пўлатларни пайвандлашда ҳар бир секциянинг узунлиги 350 mm дан зиёд бўлмаслиги керак. Бунда аввал ички чок, кейин эса ташқи чок ясалади.
238. Паст легирланган пўлатларни (қалинлиги 6 mm дан зиёд) пайвандланганда ишни қисқа (калта) участкалар бўйлаб бажариб, ҳар бир кейинги чок ҳали совуб улгурмаган олдинги қатлам устига тушишига эришиш лозим.
Ҳарорати 200° С атрофида бўлган, чокдаги охирги қатлам устига секин совуйдиган валик ётқизилади. Валикнинг қирғоқлари эриган энг яқин жойдан 2-3 mm нарида бўлиши керак.
239. Флюс остида механизациялашган пайвандлашда қалинлиги 12 mm гача бўлган металлар қирғоғини олдиндан эгмасдан (чегирмасдан), қалинлиги 12 mm дан зиёд бўлган металлар қирғоғини аввал бироз эгиб (чегириб) туриб пайвандлаш лозим.
240. Карбонат ангидридли газ муҳитида пайвандлаганда, қалинлиги 10 mm гача бўлган металлар қирғоғини олдиндан чегирмай, қалинлиги 10 mm дан зиёд бўлган металлар қирғоғини бироз чегириб туриб пайвандлаш керак.
241. Механизациялашган пайвандлаш (автомат усулда) учун йиғилган конструкциялар орасидаги тирқиш улаб пайвандлашда 1 mm дан 3 mm гача, тавр усулида улаш (вертикал ва горизонтал листлар ўртаси)даги тирқишлар энг кўпи билан 3 mm ва бир-бирининг устига чиқариб улашда эса, (листлар ўртасида)ги тирқиш 1 mm дан зиёд бўлмаслиги керак.
242. Вақтинча қўйилган тутқичлар устига чок ётқизишдан олдин мазкур жойни шлак ва металл заррачаларидан обдан тозалаш лозим.
Айни пайтда қониқарсиз ўрнатилган тутқичлар олиб ташланиши ва заруратга кўра, янгидан қўйилиши зарур.
243. Пайвандлаб уланган жойларидаги нуқсонлар қуйидаги усуллар билан бартараф этилади:
а) чоклар орасидаги узилиш ва чуқурчалар пайвандлаб (эритиб) юборилади;
б) дарзликлари, яхши эримаган жойлари, ёки бошқа кечириб бўлмайдиган нуқсонлари бор чокларда носоз жойлар бутун узунлиги бўйлаб ва яна ҳар бир томонга қараб 15 mm қўшимча равишда кесиб олиб ташлаб, янгидан пайвандланади;
в) асосий металлнинг рухсат этилган меъёрдан ортиқ кесиб юборилган жойлари яхшилаб тозаланиб, устига диаметри 3 mm электродлар ёрдамида, юпқа эриган қатлам ётқизилиб, эриган металлдан асосий металлга равон ўтишини таъминлаш учун яна бир марта тозалаб чиқилади.
244. Чокдан олиб ташланган участкаларни қайта пайвандлашда асосий чокнинг учлари ёпилиб кетишига эришиш керак.
245. Қайта тикланган пайванд чокларни такрорий текширувдан ўтказиш зарур.
246. Резервуарларни таъмирлаш ва нуқсонларини бартараф этиш жараёнида олиб борилган пайвандлаш ишлари якунлангандан кейин, заруратга кўра янгидан бўяб қўйиш керак. Барча йиғиш учун ёрдамчи мосламалар, мустаҳкамловчи чокларнинг қолдиқларини йиғиб олиб ташқарига чиқариб юборилиши, пайвандлаб уланган жойлар шлак, металл заррачалари, металл қолдиқлардан тозалаш лозим.
247. Битта носоз (нуқсон) жойни энг кўпи билан 2 марта тузатиш мумкин. Акс ҳолда мазкур металлоконструкциясини бутунлай алмаштириш зарур.
248. Резервуар таги (ости)даги коррозия рўй берган ёки механик бузилиш жойи девордан 400 mm зиёд масофада бўлганда, мазкур иллатли жойга металл ямоқ ёпиштириш усули билан таъмирлаш мумкин.
249. Резервуар деворидаги алмаштириладиган участкасининг ўлчами 200 mm дан катта бўлмаслиги керак.
Пайвандлаш-монтаж ишларини қулай шароитда ўтказиш учун бўйи 500 — 750 mm гача бўлган участкани алмаштириш мумкин.
250. Резервуарнинг қабул қилиш-тарқатиш қувурчаси ёки кириш люк атрофи қисмларидаги нуқсонли элементларни алмаштиришда деворининг биринчи белбоғидаги лист (темир листлар)ларини тўлиқ алмаштириш ва вертикал таъмир чокларини девордаги мавжуд вертикал пайванд чокларига нисбатан 500 mm бошқа томонидан ясаш шарт. Тарқатиш қувурчаси ёки кириш люки остидаги резервуар деворларининг 200 mm гача қисмини алмаштиришга рухсат этилади.
251. Резервуар деворини қисман алмаштириб таъмирлаш қуйидаги ҳолатларда ўтказилади:
а) девор вертикал ҳолатдан рухсат этилган меъёрдан ортиқча оғиб кетганда;
б) девор периметрининг 1/5 қисмини хлопун эгаллаб кетганда;
в) вертикал монтаж чокларда йўл қўйиб бўлмайдиган бурчаклар содир бўлганда;
г) резервуар деворларининг локал ёки муайян бир жойидаги мустаҳкамлик бузилганда;
д) девор материалида ғижимланиш пайдо бўлганда;
е) девор материали ёппасига коррозияга учраганда.
252. Резервуар танаси бир томонга қийшайиб оғганда ёки мустаҳкамловчи элементлари уланган жойларда букилиш, эгилиш рўй берганда, таъмир ўтказиш ва деворларининг вертикалдан оғишини ўлчаш ишларини ўтказиш ҳақидаги қарорни, резервуар деворларининг геометрик ҳолати тиклангандан кейингина қабул қилинади.
253. Йирик ўлчамли резервуар деворидаги нуқсонли жойларни алмаштириш учун кесиб олишдан олдин таянч устунлар ўрнатиб, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш зарур. Кичик ўлчамли резервуарларда қирқиб олинадиган жойининг ҳар иккала қирғоғида 2 та дан мустаҳкамловчи қовурға (мослама)ни ички ва ташқи томонидан ўрнатилади.
254. Таъмир ишларида резервуар таги (ости)ни тўлиқ ёки қисман алмаштириш мумкин. Эски металл лист устига янгисини монтаж қилишдан олдин, тагидаги носоз листга коррозияга қарши ишлов бериш керак.
255. Резервуар тагининг 50% гача бўлган қисмидаги металлконструкциялар юзаси коррозияга учраганда, мазкур қисм қисман алмаштирилиши мумкин. Ушбу таъмир ишлари резервуар тагини листма-лист усулда тўлиқ алмаштиришга ўхшаш усулда бажарилади. Листларни бир-бирининг устига чиқариб, яқиндан улашга, ҳамда эски тагликдан ямоқларни йиғиш учун стенд сифатида фойдаланишга рухсат этилади.
Носоз металл листлар устига ямоқ солганда, занглаган листлар юзасига занглашга қарши ёки бошқа ҳимоя қопламини бериш зарур.
256. Пайванд чоклари сифатини назорат қилишни лойиҳа ва ишлаб чиқилган пайвандлаш технологияси талабларига мослаб, қуйидаги ҳолларда олиб борилади:
а) монтаж чокларининг 100 % даги узунлигини 10 карра катталаштирувчи лупа ёрдамида ташқи кўрикдан ўтказиб, ГОСТ 3272 бўйича шаблон (андаза) билан ўлчаш;
б) резервуар тагидаги завод ясаган ва монтаж чокларини 100 % узунликда вакуум усулида герметикликга текшириш;
в) девордаги монтаж чокларининг 100 % узунликда рентген ёки гамма нурлари ёрдамида ГОСТ 7512 бўйича текшириш;
г) девор билан резервуар таги уланган чокни керосин намунаси усули ёки вакуум усули билан герметикликга текшириш;
д) томдаги пайванд чокларини гидравлик синов пайтида ички босим ҳосил қилиб герметикликга текшириш керак (том таъмирланган бўлса).
257. Рухсат этилган нуқсонлар меъёрини ҚМҚ 3.01.03 ва бошқа амалдаги норматив-техник ҳужжатлар асосида белгилаш зарур.
258. Асосий металл юзасини пайвандлаш оқибатида ҳосил бўлган куйган жойлар абразив диск ёрдамида 0,5 mm чуқурликгача тозаланиши керак. Пайванд уланмаларга ишлов берганда кесими кучсизланиб қолишини (асосий металда чуқурча, ғоваклар содир бўлиши) асосий металл қалинлигининг 3 % дан зиёд бўлмаслиги лозим.
259. Пайванд чоклари ва металл конструкциялар пайвандлаш тугаллангандан кейин шлак, қурум, заррачалардан тозаланиши зарур.
260. Йиғиш-монтаж жараёнида пайвандлаб қўйилган мосламаларни қаттиқ зарбасиз чиқариб олиш, асосий металлга зарар етган жойларни тозалаш, тузатиш лозим.
261. Пайванд чоклари ташқи қиёфасига кўра қуйидаги талабларига жавоб бериши керак:
а) чокнинг юзаси силлиқ ёки тангасимон (бир-бирининг устига чиқмаган, куймаган, узлуксиз) бўлиши, ҳамда асосий металлга аста секин ўтган бўлиши лозим. Динамик зўриқишни ўзига олувчи конструкцияларда бурчак чоклари асосий металлга равон ўтказилган бўлиши зарур;
б) эриган металл чокнинг барча узунлиги бўйича зич, рухсат этилган меъёрдан зиёд дарзликларсиз ва нуқсонларсиз бўлиши лозим;
в) қалинлиги 4 mm дан 10 mm гача бўлган асосий металлдан чок учун ўйиқларнинг чуқурлиги 0,5 mm, қалинлиги 10 mm дан зиёд бўлган металлдаги ўйиқнинг чуқурлиги 1 mm дан кўп бўлмаслига керак;
г) чокдаги барча чуқурлик (бўшлиқ)лар эритилиб пайвандлаб ташланади.
262. Резервуар деворларининг вертикал чокларида ҳосил бўлган ва радиографик текширув натижасида топилган бўшлиқ, шлак қолдиқларини амалдаги норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ қуйидагича, яъни ҳажми 5000 m гача бўлган пайвандланган конструкцияларда — 7 класс, 10 ва 20 минг m ҳажмлар учун 6 класс, 30 минг m3 ва ундан зиёд конструкциялар учун — 5 класс қилиб белгиланади.
263. Пайвандлаб уланган чокларда барча турдаги ва ўлчамдаги дарзликлар бўлиши мумкин эмас.
264. Ташқи ва ички нуқсонларни бартараф этишга, пайванд чокларидаги нуқсонларни тузатишга тажрибаси бор бўлган юқори малакали пайвандловчилар жалб этилади.
265. Пайванд чокларидаги нуқсонларни энг кичик диаметри электродлар ёрдамида, технологик жараёни бўйича белгиланган пайвандлашнинг минимал режимида бажариш лозим.
266. Бузмасдан текшириш усулида аниқланган ички нуқсонларга жилолагич (шлифловчи) машина ёрдамида барҳам бериб, устидан янгидан пайвандланиб, сўнгра тузатилган чок қайта текширувдан ўтказилиши керак. Бир жойнинг ўзидаги иллатни 2 мартадан кўп тузатиш мумкин эмас.
267. Нуқсонлар бартараф этилиши ва уларнинг сони ҳақидаги маълумотларни «Пайвандлаш ишлари журнали»га ёзиб қўйилади.
268. Металл ёки синтетик понтонларни таъмирдан қабул қилишда қуйидагиларни текшириш зарур:
а) резервуар девори билан понтон қирғоғи орасидаги тирқиш ўлчамини, ҳалқасимон беркитгичнинг зич туришини, йўналтирувчи қувурлар затворини, қўлда ўлчаш қувурларини, пасайтирилган намунаолгични ва марказий устун ҳолатларини;
б) чоклар ва таглик (ости)нинг материаллари ҳолати (эритиб уланмаган йиртиқлар бўлиши мумкин эмас);
в) короб ва сузгичлар ҳолати;
г) понтоннинг ерга уланганлиги;
д) беркитгич секцияларини мустаҳкамлик ҳалқасига маҳкамланганлиги;
е) тўр полосаларининг ўзаро уланганлиги, тўрнинг четлари синтетик понтоннинг периметри бўйлаб яхши ўрнатилганлиги;
ж) статик электр ҳодисасидан ҳимояланганлиги;
з) беркитгич конструкциясининг ишлаши;
и) дренаж қурилмаларнинг ишлаши;
к) сатҳўлчагич ва намунаолгичларнинг ишлаши.
269. Резервуар таъмирлангандан кейин, таъмирлаш давомида бажарилган ишлар ҳақидаги далолатнома илова қилинган нуқсонлар рўйхати ва лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида қабул қилинади.
270. Таъмирлаш ишларининг турига кўра қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) нуқсонлар рўйхати (нуқсонлар бир нечта бўлганда);
б) таъмирлашда зарур бўлган чизмалар (чертежлар);
в) резервуарни ёки айрим элементларини, боғламларини таъмирлашга оид технологик карта ва лойиҳа;
г) таъмирлашда қўлланилган металл, электродлар, электрод сими, флюслар, елимлар ва бошқа материалларнинг сифатини кафолатловчи ҳужжатлар(сертификатлар ва бошқа ҳужжатлар);
д) пойдевор ва гидроизоляцияловчи қатламни қабул қилиш ҳақидаги далолатнома;
е) таъмирлашда пайвандлаш ишларини бажарган пайвандловчиларнинг малакаси ҳақидаги гувоҳнома (дипломи)нинг нусхаси (уларга берилган рақамли ёки ҳарфли белгилари кўрсатилиши керак); резервуар ости, деворлари, томи, понтони (сузувчи том)даги пайванд чокларини герметикликга синаш ҳақидаги далолатномалар;
ж) девор ва тагининг қирғоқларидаги пайвандлаб уланиш сифати ҳақидаги хулосалар (физик усулда текширилган нуқталар схемаси билан); таъмирлаш олиб борилган пайтидаги;
з) иқлим шароитлари кўрсатилган таъмирлаш ишларини ўтказиш журнали, пайвандлаш ишлари журнали ва бошқа ҳужжатлар;
и) таъмирлаш давомида чизма ва лойиҳадан четлашиш ҳолатлари содир бўлган бўлса, мазкур ҳолатлар ҳақидаги келишув ҳужжатлари;
к) резервуар таги ва унинг контурини нивелирлаш натижалари, резервуар девори геометрик шаклини ўлчаш (жумладан маҳаллий оғиш) натижалари;
л) резервуар томининг айрим жойларининг оғишни ўлчаш (катта босимдаги резервуарлар учун) натижалари;
м) девор билан понтон оралиғини ўлчаш (девор, короба ва понтон элементларини алмаштирилганда) натижалари;
н) понтондаги йўналтирувчи қурилмасининг (сузувчи том) вертикаллилигини ўлчаш натижалари;
о) анкерли болтлар (агар улар таъмирланган бўлса)ни коррозияга қарши модда билан қопланганлиги ҳақидаги далолатнома;
п) мустаҳкамлик ва герметикликга гидравлик усулда синаш ҳақидаги далолатнома;
р) ускуналарнинг (клапанлар, зулфинлар ва ш.к.) ишлашининг текширилганлиги ҳақидаги далолатнома;
с) таъмир оқибатида резервуарнинг ҳажми ўзгариши муносабати билан унда ўтказилган градуировка жадвали;
т) ерга туташтириш мосламасининг оқим қаршилигини текширилганлиги ҳақидаги далолатнома.
271. Резервуарни қабул қилиш акти (12-илова)ни уни ишлатувчи корхона бош муҳандиси тасдиқлайди.
272. Резервуарни қабул қилиш ва бажарилган ишларга доир барча ҳужжатлар унинг паспорти билан бирга сақланади.
2-§. Резервуарларни демонтаж қилиш
273. Меъёрий ишлатиш муддати ўтган ёки уларни келажакда ишлатишга монелик қиладиган бошқа ҳолатлар рўй берганда резервуарлар демонтаж қилинади. Демонтаж қилиш ҳақидаги қарорни уни ишлатадиган ташкилот қабул қилиб, юқори раҳбар муассасалар билан келишиб олади.
274. Демонтаж қилишда шнурли заряд (портлатиш) воситасини қўллаш энг самарали ҳисобланади лекин бу жараёнда металл конструкциялар талайгина деформацияга учраб, эгилиб-букилиб кетади ҳамда портлаш туфайли ҳосил бўлган тўлқин таъсиридан металл бузилиб яроқсиз ҳолга келиб қолади.
275. Резервуарни кумулятив заряд ёрдамида демонтаж қилишдан олдин, уни мазкур Қоидаларнинг IX бобида баён этилган талаблар асосида тайёрлаб, 0,2 m дан 0,3 m баландликгача сув билан тўлдириш зарур.
276. Портлашда ишлатиладиган кумулятив зарядларни «Портлатиш ишларидаги ягона хавфсизлик Қоидалари» талабларига мос ҳолатда ташиш ва сақлаш лозим.
277. Резервуарни демонтаж қилишда хизмат қилувчи ходимлар портлаш пайтида мазкур жойдан камида 300 m наридаги махсус бино (хона)да беркиниб туришлари керак.
278. Бир пайтда портлайдиган зарядлар (детонацияловчи шнур ёки тез ҳаракатланадиган электр детонаторлар билан бирга) нинг мутлоқ вазни 20 kg дан ошмаслиги керак.
279. Резервуарни демонтаж қилиб, йиғилган металлни ва металл конструкцияларни қайта ишлатиш режалаштирилганда, мазкур ишни монтаж жараёнига тескари равишда бажариш ва иш давомида газли қирқиш, ҳамда юк кўтариш механизмларидан фойдаланилиши лозим.
VIII боб. РЕЗЕРВУАРЛАРНИ ТОЗАЛАШ
1-§. Резервуарларни тозалаш ишларини ўтказиш тартиби
280. Резервуарларни заруратга кўра, маҳсулот сифатини сақлаш шароитлари, резервуар ва ундаги ускуналарнинг ишончли ишлатилишини ҳисобга олиб тозалаш лозим, яъни тозалашни қуйидаги мақсадлар учун ўтказилади:
а) резервуарларнинг ишончли ишлашини таъминлаш учун;
б) пирофор чўкиндилар, ўта ёпишқоқ қолдиқлар, минерал ифлосланишлар, занг ва сувдан тозалаш учун;
в) тўлиқ (батафсил) кўрикдан ўтказиб, таъмирлаш учун.
281. Резервуарларни тозалаш учун қуйидаги бўлимлардан иборат иш бажаришга лойиҳа тузилади:
а) резервуарни ишларни бажариш учун тайёрлаш;
б) тозалашни ўтказиш;
в) ишларни хавфсиз бажариш;
г) ёнғин хавфсизлигини таъминлаш;
д) тозалашда фойдаланиладиган ускуналарни жойлаштириш чизма (схема)си.
282. Резервуарларни тозалаш ишларини уни ишлатувчи ташкилотнинг таъмирлаш бўлимлари ёки тегишли рухсатномаси бор махсуслашган корхоналар бажариши мумкин.
283. Резервуар ичидаги ишларини бажаришга киришишдан олдин, резервуар билан боғлиқ барча қувурўтказгичлар зулфинлар ёрдамида беркитилиб, уларга думчали тиқинлар ўрнатилади. Тиқин материалининг қалинлиги мазкур Қоидаларнинг 13-иловасига мувофиқ ҳисоблаб аниқланади. Тиқинни ўрнатиш вақти ва жойи вахта журналига ёзиб қўйилади. Тозалаш ишларини ўтказиш учун далолатнома (14-илова) ва газдан хавфли (таъмирлаш) ишларини ўтказиш учун наряд-рухсатнома расмийлаштирилади. Вақти-вақти билан такрорланиб бажариладиган технологик жараённинг ажралмас қисми ҳисобланган ишлаш шароити, жойи ва тафсилоти бир хил бўлган, аниқ ижрочилар бажарадиган газдан хавфли ишларни наряд-рухсатнома расмийлаштирмай, иш бошлашдан олдин журналга ёзиб қўйиш шарти билан амалга ошириш мумкин.
284. Резервуарни тозалашга оид технологик жараён таркибига қуйидаги операциялар кириши мумкин:
а) резервуарни ишлатишга оид йўриқномада белгиланган тизим асосида маҳсулотни ҳайдаб чиқариш ва чўкма қолдиқларни ювиш;
б) иложи борича энг минимал сатҳгача ҳайдаб чиқариш;
в) резервуар тагида қолган чўкиндиларни ҳайдаб чиқаришга тайёрлаш, маҳсулот сифатини текшириб туриш ва режа-огоҳлантирувчи таъмирлашга мувофиқ маҳсулотни ҳайдаб чиқариш;
г) резервуарни портлаш концентрациясининг рухсат этилган чегарасигача дегазациялашда газлашишнинг чегаравий даражасига риоя қилган ҳолда иш бажариш(тарқалиш чегараси қуйи концентрациясининг энг кўпи билан 20 % ни ташкил этиши керак);
д) резервуарни лойиҳага кўра тозалаш;
е) резервуарни рухсат этилган концентрациягача дегазациялаш;
ж) тозалаш сифатини назорат қилиш;
з) чўкиндиларни утиллаш.
Тозалаш бўйича технологик вариант резервуарнинг ҳақиқий ҳолати, шароити, чўкиндиларнинг қалинлиги ва хоссаларига қараб белгиланади.
285. Резервуарни дегазациялаш мажбурий шамоллатиш, буғлаш ёки бошқа усуллар билан амалга оширилади.
Резервуарларни буғлаб дегазация қилаётганда люклари очиқ бўлиши керак. Резервуарнинг ичидаги ҳарорат 78° С дан паст бўлмаслиги лозим.
Металл понтонли резервуарларни буғлаганда, юқориги (понтон устидаги) ва пастки (понтон остидаги) қисмларини алоҳида бажариш зарур.
Синтетик материалдан ясалган понтонли резервуарлар буғланмайди. Чўкиндиларни юмшатиш ва газ муҳитини флегматизациялаш учун люкларни беркитиб қўйиб, ҳаво олиш арматурасининг ишини кузатиб бориш керак.
286. Резервуар ичидаги газ ҳажмининг 2 g/m3 қисмини буғлар ташкил этганда, резервуарнинг ичини табиий шамоллатиш учун фақат унинг энг юқори ёруғлик люкларига дефлектор ўрнатиб туриб очиб қўйиш керак.
Резервуарнинг ичидаги нефтгаз маҳсулотларининг буғи миқдори 2,1 g/m3 гача бўлганда, табиий шамоллатиш (аэрация) учун биринчи белбоғдаги кириш люкларини очишга рухсат этилади. Ташқаридаги шамолнинг тезлиги 1 m3 дан кам бўлганда люкларни очиш ва дегазация (мажбурий ва табиий) ўтказиш тақиқланади.
287. Резервуарларни тозалашда ишлатиладиган ускуналар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
а) портлашдан ҳимояланишни ва учқун хавфсизлигини таъминлаш;
б) барча технологик операцияларни жараёндаги техник ва экологик хавфсизликга риоя қилиб бажарилиши;
в) белгиланган қоидаларга мувофиқ сертификатланган (гувоҳномаси бор) бўлишини.
Тозалашда қўлланиладиган ювувчи воситалар кимёвий жиҳатдан контактдаги материалга нисбатан (металл, лок-бўёқ қопламалари) нейтрал бўлиши ва гигиеник сертификатга эга бўлиши лозим.
Турли спектрда таъсир этувчи кимёвий реагентлар гигиеник сертификатли ва уларни нефть-газ қазиб чиқариш объектларида ишлатиш мумкинлиги ҳақида хулосаси бўлиши зарур.
288. Резервуарларни тозалаш жараёнида газли бўшликдаги углеводородлар концентрацияси назорат қилиб борилади.
289. Резервуарларни тозалаш натижасида тўпланган нефть ва нефтмаҳсулот аралашмаларини нефтни қайта ишлашда бошқа нефтмаҳсулотлар ўрнига (ГОСТ 21046) қозонхонада ёнилғи хомашё сифатида ишлатиш мумкин.
290. Нефтьшламларини йиғиш ва жойлаштириш ишлаб чиқариш чиқиндиларини йиғиш ва жойлаштиришга оид экологик норматив-техник ҳужжатлар асосида тартиблаштирилади.
291. Резервуарни тозалаш сифати қуйидагича текширилади:
а) резервуарнинг газли бўшлиғидаги углеводород концентрациясини ўлчаш (рухсат этилган концентрация чегараси 300 mg/m гача);
б) ташқи назорат қилиш;
в) оловли ишлар ўтказиладиган, ифлосланган жойлар учун рухсат этилган ёнғин эҳтимоли зўриқиши чегарасини ўлчаш (резервуар ичига одамлар кирмасдан бажариладиган ишлар учун 0,2 kg/m2, одамлар ичига кириб ишлайдиган шароит учун эга 0,1 kg/m2)
292. Тозалаш ишлари тугаллангандан кейин, бажарилган ишлар бўйича мазкур Қоидаларнинг 15-Иловасига мувофиқ далолатнома тузилади.
293. Таъмирлашни оловли ишлар ёрдамида бажариш зарурати туғилганда 16-Иловага мувофиқ резервуарни таъмирлашга тайёргарлиги ҳақида далолатнома тузилади. Оловли ишлар ўтказиш учун наряд-рухсатнома расмийлаштирилади.
294. Таъмирлаш ва бошқа турдаги ишлар якунлангандан кейин аввал қайилган тиқинлар олиб ташланиб, бу ҳақда журналга ёзиб қўйилади.
295. Нефтбаза, АЁҚШ ва бошқа объектларда бензин, дизель ёнилғиси ва мойлар сақланган, сиғими 50 m3 гача бўлган горизонтал резервуарлардан нефтмаҳсулотлари қолдиғини ҳайдаб чиқариш, дегазация қилиш, тетраэтилқўрғошиндан зарарсизлантиришни механизациялаштириш учун УМ-1 русумли ювувчи қурилмани қўллаш мумкин.
296. УМ-1 қурилмаси ёрдамида бензин, дизель ёнилғиси ва мой солинган резервуарни тўлиқ ва қисман тозалаш мумкин.
Қисман (қисқартирилган) тозалаш — ГОСТ 1510 га мувофиқ равишда вақти-вақти билан тозалашдан иборат.
Тўлиқ тозалаш таъмирлашдан олдин ўтказилади.
2-§. Пирофор чўкиндиларга қарши кураш чоралари
297. Олтингугуртли нефть ва нефтмаҳсулотлар учун ишлатиладиган резервуарларни ишлатиш ва таъмирлаш пайтларида рўй берадиган пирофор чўкиндилар пайдо бўлиш ҳолатларига барҳам бериш учун қуйидаги талабларга риоя қилиш зарур:
а) бензин дистиллятлари, ҳамда хом нефтда водород сульфиди бўлса, уларни резервуарга қўйишдан олдин барқарорлаштириш лозим;
б) дистиллятлар ва хом нефтни бевосита биратўла технологик жараённинг ўзида ишқорлаштиришга рухсат этилади;
в) пирофор чўкиндилар алангаланиб кетишининг олдини олиш учун резервуар ички юзасида, идишнинг юқори қисмларида, ҳаво олгич найчаларда, люклар ва клапанларда ҳосил бўлган коррозия маҳсулотлари (занг)ни даврий равишда тозалаш лозим;
г) резервуардан чиқариб олинган лойқа ва чўкиндиларни корхонадан бошқа жойга олиб боргунча нам ҳолатда ушлаб туриш лозим. Резервуар деворларидаги чўкинди қолдиқларини ҳам намлаб туриш зарур;
д) йиғиб олинган пирофор чўкмалари ёнғиндан хавфсиз, махсус ажратилган жойга олиб бориб, тезда кўмиб юбориш керак.
298. Нефть, нефтмаҳсулотлари ва газлардаги водород сульфидини чиқариб ташлаш нефтни биринчи марта ҳайдовчи ва термокрекинг қурилмасида бензинни обдан физик барқарорлаштириш (пропаннинг ҳаммасини ва бутаннинг аксарият қисми) йўли билан амалга оширилади.
299. Углеводородли ва пастлегирегирланган пўлат конструкциялардан ясалган ва тажовузкор водород сульфиди таъсирида ишлатиладиган резервуарларни ҳимоя қилиш учун махсус ингибиторларни қўллаш лозим. Пайдо бўлган пирофор чўкиндиларга барҳам бериш ва флегматизациялаш учун улар кўпроқ тўпланган жойларга қўшимча равишда ингибиторлар билан ишлов бериш зарур.
Ингибиторлар металл юзасида водород сульфидининг таъсиридан ва пирофор бирикмалар пайдо бўлишидан сақловчи қоплама (парда) ҳосил қилади.
300. Одатда, узоқ вақтга чидайдиган, «совуқ» руҳлаш усули билан ёпиштирилган кислота-ишқорли мастикали қоплама бериш кўзда тутилади.
Юқори ҳарорат (280° С дан зиёд)ли олтингугуртли нефтмаҳсулот билан ишлайдиган аппаратуралар, ускуналар ва қувурўтказгичларни тайёрлашда, водород сульфидли коррозияга чидамли ва пирофор бирикмалар ҳосил қилмайдиган легирланган пўлатлар ва махсус қотишмалардан фойдаланиш зарур.
Ускуналар ва қувурўтказгичларни ясаш, ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида нометалл материаллар ва лок-бўёқ қопламаларни кенг қўллаш лозим. Нометалл материаллардан (фторпласт, полиэтилен, полипропилен, армирланган шиша толалар ва б.) ясалган қувурўтказгичлар, арматура ва насос деталларидан, водород сульфидли газлар ва нефтмаҳсулотлари сақланадиган қурилмаларнинг боғламлари учун фойдаланиш керак.
Мазкур материаллардан фойдаланишда ишлатиш шароитлари (ҳарорат, босим)ни ҳисобга олиш зарур.
301. Сепараторлар, идишлар ва резервуарларни қуриш пайтида, уларда пирофор ҳодисаси рўй бермаслиги учун ички деворларида эпоксид, фенолформалдегид таркибли ва улар аралашмасидан иборат лок-бўёқ қоплама бериш лозим. Хусусан, идиш ва резервуарлар ички юзасини ҳимоялашда, иссиқ олтингугуртли нефть ва нефтмаҳсулотлари учун ФЛ-724 русумли, иссиқ сув ва буғларга дош берадиган ФЛ-723 русумли қопламалардан фойдаланиш тавсия этилади.
302. Резервуарлар юзасида коррозия ва лойқа чўкиндилар пайдо бўлиши устидан, корхона бош муҳандиси ёки объект раҳбари тасдиқлаган жадвал асосида мунтазам назорат ўрнатиши зарур.
303. Агар тадқиқот ва тажриба мақсадлари учун олтингугуртли чўкиндилар намунасини олиш ёки синаш зарур бўлса, мазкур ишлар бош муҳандис рухсати билан,ёнғин хавфсизлиги бўйича вакил иштирокида амалга оширилади.
IX боб. РЕЗЕРВУАРЛАРНИ ҲИМОЯЛАШ ТИЗИМЛАРИ ВА УЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ
1-§. Резервуарларни яшиндан ҳимоялаш
304. Резервуарлар амалдаги норматив-техник ҳужжатлар талаблари асосида ясалган яшин зарбаларидан, электростатик ва электромагнит индукцияларидан, яшинқайтаргич қурилмасининг юқори потенциал энергияни ўтказиб юборишидан сақланиши керак.
305. Яшинқайтаргич қурилма резервуар маҳсулот билан тўлдирилишидан олдин қабул қилиниб ишга туширилиши лозим. Бу ҳақда ижро учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб буюртмачига берилади,
306. Умумий сиғимлари ҳажми 100 000 m3 дан зиёд бўлган резервуар парклари учун яшиннинг тўғридан-тўғри зарбасидан сақловчи алоҳида турадиган яшинқайтаргич қурилади.
307. Резервуарларни яшиндан сақловчи ертуташгичлар сифатида сунъий ертуташтиргичлар хизмат қилади. Улар резервуарнинг периметри бўйлаб камида ҳар 50 m жойда ерга кўмилган бўлиб, резервуарлар корпусига уланган бўлади (резервуарнинг қарама-қарши томонидан камида 2 жойидан уланган бўлиши зарур).
308. ПВПР (понтонли вертикал пўлат резервуар) ва СТВПР (сузувчи томли вертикал пўлат резервуар) резервуарларни электрстатик индукциядан ҳимоялаш учун понтон ёки сузувчи том билан резервуар танасининг камида 2 нуқталарига эгилувчан пўлат улагичлар ўрнатиш лозим.
309. Ер ости ва усти металл коммуникациялар орқали юқори потенциал энергия киришидан сақлаш учун резервуарга кирадиган металл коммуникацияларни ерга туташтириб қўйилади.
Электр узатиш тармоқлари, сигнал бериш манбаларининг ишга тушириш узунлиги камида 50 m ли металл бронли ёки қопламли ёки металл қувур ва тарновлар орқали ўрнатилган кабель орқали амалга оширилади.
310. Таёқчали яшин қабуллагичлар кўндаланг кесими камида 100 mm2 ва узунлиги камида 200 mm2 келадиган ҳар қандай русумдаги пўлатдан ясалиб, устини руҳлаш, қалайлаш ёки бўяш йўли билан коррозиядан сақлаш чоралари кўрилади. Тросли яшин қабуллагичлар кўндаланг кесими камида 35 mm2 ли кўпсимли пўлат канат (арқон)лардан.ясалган бўлиши керак.
311. Яшинқайтаргичларни ерга туташтирувчи қалинлигини 0,05 От дан кўп бўлмаган ток ўтказгичлар ўзаро пайвандлаб ёки болтли улаб бажарилади.
312. Таёқчали ва тросли яшин қабуллагичлар бўлганда улардан келадиган ҳар бир ток ўтказгич 3 ёки ундан зиёд, узунлиги энг камида 3 m ли вертикал электрод орқали сунъий ер туташтиргичга ва ўз навбатида горизонтал ётқизилган электродларга уланади.
Вертикал электродлар орасидаги масофа энг камида 5 m бўлиши керак. Ток ўтказгичлар ва ерга туташтирувчи мосламалар амалдаги норматив-техник ҳужжатлар талаблари асосида танланади.
313. Яшиндан ҳимояловчи қурилмани ишлатишда уларнинг техник ҳолатини мунтазам равишда текшириб туриш лозим. Режали огоҳлантирувчи таъмирлаш ишлари графиги (жадвали)да мазкур қурилмаларга хизмат кўрсатиш ҳам инобатга олинган бўлиши керак.
Яшиндан ҳимояловчи қурилмада механик бузилиш ёки емирилиш ҳолатлари аниқланганда, дарҳол жорий ёки капитал таъмирлаш зарур.
314. Яшиндан ҳимояловчи қурилманинг техник ҳолатини ҳар йили бир марта, момақалдироқлар мавсуми бошланишидан олдин текшириш лозим.
Яшин қабуллагичлар, ток ўтказувчи симлар, улар орасидаги контактлар, ҳамда алоҳида турган яшинқайтаргичларнинг ерга туташган тармоғидаги саноат частотали қаршилик миқдори текширилиб, қурилмаларининг бутлиги, коррозиядан сақланганлигини назорат остига олинади. Қаршилик миқдори мосламани ишлатишга қабул қилиш пайтида ўлчанган қаршилик миқдоридан 5 мартадан ортиқ бўлмаслиги керак. Акс ҳолатларда ерга туташтириш қурилмаси ҳолатини текшириб кўриб, заруратга кўра таъмирлаш лозим.
315. Тафтиш қуйидаги мақсадларда ўтказилади:
а) алмаштириш ёки механик бузилган жойларнинг мустаҳкамлигини оширишни талаб қиладиган элементларни топиш;
б) ток ўтказувчи элементлар орасидаги (пайвандланган нуқталар, болтли уланган жойлар) мустаҳкамлигини текшириш;
в) яшинқайтаргичнинг айрим элементларида рўй берган коррозия ҳодисасининг даражасини ва коррозия туфайли бузилган жойларини аниқлаш.
316. Тафтиш натижасида, момақалдироқ мавсуми бошлангунча, яшинқайтаргич тизимида ўтказилиши зарур бўлган таъмирлаш ишларининг ҳажми аниқланади.
Майда, жорий таъмирлаш ишларини йилнинг момақалдироқ мавсуми ичида ҳам бажариш мумкин.
Капитал таъмирлашни эса, фақат момақалдироқ бўлмаган пайтлардагина ўтказиш лозим.
317. Яшинқайтаргич қурилмасини тафтиш қилиш, ерга туташтиргич қурилмасини текширув-синовдан ўтказиш ишлари натижаларини, яшинқайтаргични ва статик электр ҳодисасидан муҳофазалаш қурилмасини ишлатиш журналига ёзиб қўйиш керак.
318. Яшинқайтаргични тафтиш қилган шахслар кўрик ўтказилганлиги ва аниқланган носозликлар ҳақида далолатнома тузишлари зарур.
2-§. Ўт ўчириш тизими
319. Ёнғин хавфсизлиги ва ўт ўчириш тизимига бўлган талаблар ҚМҚ 2.09.19 «Нефть ва нефтьмаҳсулотлар омборлари», «Вертикал пўлат резервуарларда қаватости ўт ўчириш тизимини лойиҳалашга оид тавсиялар», «Ўзнефтмаҳсулот» АК корхоналарини ишлатишдаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари», «Ўзбекистон Республикасининг нефтгазқазибчиқариш саноатидаги ёнғин хавфсизлиги Қоидалари» ва бошқа норматив-техник ҳужжатларга мос бўлиши керак.
320. Резервуар паркларида ўрнатилиб, ишга туширилган автоматик ўт ўчириш ва сигнал бериш тизими ШНК 2.04.09 ва лойиҳа ҳужжатлари талабларига мос бўлиши лозим.
321. Қабул қилиш станциялари ва боғламларини, ШНК 2.04.09 талаблари асосида кечаю-кундуз хизмат қиладиган ходимлар хонасига ўрнатиш лозим.
322. Резервуар паркларидаги ёнғинни ўчириш ишларида ўртача ва паст карра ҳаво-механик кўпик берувчи ускуналар қўлланилади. Кўпик ҳосил қилувчиларга бўлган техник талаблар амалдаги тегишли норматив-техник ҳужжатларда баён этилган.
323. Резервуарларнинг ўт ўчириш тизими (қурилмаси) ва автоматик ўт ўчириш қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш ишлари «Ўзнефтмаҳсулот» АК корхоналарини ишлатишдаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари» ва бошқа амалдаги норматив-техник ҳужжатларга мос равишда бажарилиши керак.
324. Резервуарларни ўт ўчириш тизимига техник хизмат кўрсатиш ишларини тегишли тайёргарликдан ўтган мутахассислар иштирокида, айрим ҳолатларида эса Давлат ёнғин назорати бошқармаси органларининг ўт ўчириш қурилмаларини созлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича рухсатномасини олган ташкилотларни шартнома асосида жалб қилиб амалга ошириш лозим.
325. Ўт ўчириш тизимига техник хизмат кўрсатишга жавобгар шахсларни ишлатувчи корхона раҳбари буйруқ орқали тайинлайди ва лавозимлар йўриқномасида қайд этиб қўйилади.
326. Автоматик ўт ўчириш қурилмаси доимий равишда ишга тайёр-навбатчи режимида бўлиши шарт.
Ишлатиш жараёнида автоматик ўт ўчириш қурилмасининг ишини тўхтатиб (ўчириб) қўйиш, автоматик режимдан қўлда ишга туширишга ўтказиш ёки режали огоҳлантириш ёки бошқа турдаги таъмирлаш ишлари ўтказилиши муносабати билан қисқа муддатга ишлашини тўхтатиб қўйиш тақиқланади.
327. Автоматик ўт ўчириш қурилмасини қўлда ишга тушириш объектдаги ёнғин муҳофазаси органи билан келишилган ҳолда бажарилади.
3-§. Резервуарларни статик электр ҳодисасидан ҳимоялаш тизими
328. Электрстатик учқун хавфсизлиги ГОСТ 12.4.124 га доир статик электр ҳодисасидан ҳимояловчи воситаларни қўллаб, ГОСТ 12.1.018 ҳамда, «Кимё, нефткимё ва нефтни қайта ишлаш саноатидаги корхоналарда статик электр ҳодисасидан ҳимоялаш Қоидалари» даги талаб ва тадбирлар бўйича тартибга солинади.
329. Резервуарларда электрстатик учқун хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур:
а) резервуардаги барча электрўтказувчи боғлама ва деталларни ерга туташтириб қўйиш;
б) маҳсулотнинг чангланиб ёки тўкилиб (сачраб) кетишига йўл қўймаслик;
в) резервуарга нефт қуйиш еки чўкиндиларни ювиш пайтида маҳсулотнинг оқиши тезлигини рухсат этилган меъёрда ушлаб туриш.
330. Статик электр ҳодисаси ҳимояловчи қурилмани электрускуналар ёки яшинқайтаргич учун ясалган ерга туташтириш қурилмаси билан бирга ерга улаш мумкин.
Фақат статик электрдан ҳимояловчи қурилманинг ерга туташтирувчи мосламасидаги қаршилик миқдори 100 Ош гача бўлиши мумкин.
331. Резервуар паркидаги ва алоҳида турган резервуардаги технологик қувурўтказгичлар ва ускуналар бутун узунлиги бўйича узлуксиз электр занжирни ташкил этиб, ерга туташтирувчи контурнинг камида 2 нуқтасига улаб қўйилган бўлиши зарур.
332. Резервуарнинг сузувчи томи ёки понтони резервуар танасининг энг камида 2 жойига эгилувчан металл улагичлар билан туташтирилган бўлиши лозим.
Агар понтон диэлектрик материалдан ясалган бўлса, унинг ҳимояси махсус лойиҳага мувофиқ амалга оширилади.
333. Учқун чақнаб кетишининг олдини олиш учун маҳсулот юзасида ерга туташтирилмаган электрсимлари (шнур)нинг сузиб юришига йўл қўймаслик керак.
Сузиб юрувчи ёки бир жойга ўрнатилган сатҳўлчагичлар қўлланилганда, уларнинг сузгичлари электрўтказувчи материалдан ясалиб, қандай ҳолатда туришидан қатъий назар ерга туташтирилган бўлиши шарт.
Маҳсулот буғланиб, камайиб кетишини камайтириш мақсадида, электр ўтказмайдиган сузувчи қурилма ва предметлар қўллашни, фақат соҳа бўйича статик электрдан ҳимоялаш билан шуғулланувчи махсус ташкилот билан келишилиб амалга ошириш керак.
334. Понтонсиз ёки сузувчи томсиз бўш резервуарларга маҳсулот қуйиш тезлиги, қабул қилиш-тарқатиш қувурча (найча)си кўмилгунча, понтонли ёки сузувчи томли резервуарларда эса понтон ёки сузувчи том маҳсулот юзасида қалқиб (сузиб) чиққунча 1 m/s дан ошмаслиги керак.
Ундан кейинги рухсат этилган тезлик мазкур Қоидаларнинг 7-Иловасида кўрсатилган меъёрдан зиёд бўлмаслиги лозим.
335. Учқун рўй беришининг олдини олиш учун ўлчаш люки орқали қўлда намуна олиш ёки маҳсулот сатҳини ўлчашни резервуарга маҳсулот қуйиб ёки ундан маҳсулот олингандан кейин энг камида 10 min ўтказиш зарур.
Айни пайтда, ясалган ўлчов ўтказиш қурилмасидаги ток ўтказувчи материалларнинг солиштирма ҳажмий электр қаршилиги 105 Оm гача бўлиши ва ерга туташтирилиши лозим.
336. Ҳар бир ерга туташтирувчи қурилма учун паспорт жорий этилиши керак. Қурилмани илк икки йил давомида ишлатганда, унинг устидаги тупроқ (грунт)нинг чўкишига эътибор бериб бориш зарур, Чўкиш кузатилганда, мазкур жойларга янги тупроқ тўлдириб, яхшилаб шиббалаб (текислаб) қўйилади.
337. Статик электрдан ҳимояловчи қурилмага хизмат кўрсатиш, иш бажариш лойиҳа (ИБЛ)си жадвали асосида ўтказилади.
Статик электрдан ҳимояловчи ер туташ қурилмадаги электр қаршилигини ўлчаш ишлари, бир йилда бир марта тупроқнинг энг кам ток ўтказиш даврида, яъни ёзда тупроқ обдан қуриганда ёки қишда тупроқ энг кўп музлаган пайтда ўтказилади.
Ҳимояловчи қурилмаларни кўрикдан ўтказиш ёки таъмирлашда ток ўтказувчи элементларнинг ўзаро электр алоқаси ишончли эканлигини, алмаштирилиши керак бўлган ёки ҳимоя қурилмасидаги айрим элементлар ишини яхшилаш заруратини, мазкур элементларни занглашдан муҳофаза қилишга доир зарур тадбирларни белгилаш лозим.
338. Ҳимояловчи қурилмаларни текшириб синаш, кўрикдан ўтказиш ва таъмирлаш ишларининг натижалари «Яшинқайтаргич ва статик электрдан ҳимояловчи қурилмаларни ишлатиш журнали»га ёзиб борилиши зарур. Журналга яшинқайтаргич ва статик электрдан ҳимояловчи тизимнинг ижро схемаси ва ерга туташтирилган қурилманинг айрим жойларини очиб кўрикдан ўтказилганлиги ҳақидаги далолатнома илова қилиниши керак.
339. Резервуарларни статик электрдан ҳимояловчи қурилманинг соз ҳолатига корхонанинг бош энергетиги хизмати жавобгар ҳисобланади.
4-§. Резервуарларни коррозиядан ҳимоялаш тизими
340. Резервуарларни коррозиядан ҳимоялаш усуллари, унинг конструкциясига, муҳитнинг тажовузкорлиги даражасига кўра, ҚМҚ 2.03.11 бўйича танланади.
Хусусан нефть ва нефтьмаҳсулотлари учун мўлжалланган резервуарлар конструкциясининг ички юзасини ҳимоялашни ГОСТ 1510 талаблари асосида бажариш лозим.
341. Резервуарларни коррозиядан сақлаш усуллари коррозияга қарши тузилган лойиҳага мос равишда аниқланади.
342. Коррозияга қарши ҳимоя ишларини ҚМҚ 2.03.11 га мувофиқ амалга оширилади (ҚМҚ 2.03.11 нинг 14 ва 15 иловалари). Тажовузкор муҳитларга нисбатан бардошини ошириш учун резервуар ясаладиган пўлатдаги нометалл аралашмалар миқдорини ГОСТ 1778 бўйича тартибга солиб эришилади.
343. Электркимё ҳимояни барпо этишда қўлланиладиган ускуна, жиҳоз ва материаллар, электркимё ҳимоясига доир лойиҳанинг сертификатига, давлат стандартларига ёки техник шартларга мос бўлиб, тегишли сертификатлар ва техник паспортларга эга бўлиши лозим.
344. Электркимё ҳимоясига доир воситалар ва қурилмалар лойиҳадаги спецификация асосида бутлаб олиб келиниши ва уларга техник шартларга мос келишини шаҳодатловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.
345. Электркимё ҳимоясига оид восита қурилмаларини ишга тушириш ва синашда ерости иншоотларини коррозиядан сақлаш бўйича давлат стандартлари, қурилиш нормалари ва қоидалари, норматив-техник ҳужжатларга, ҳамда техник лойиҳа ва электркимё ҳимоясига доир ишчи чизмалар талабларига амал қилиш керак.
346. Электркимё ҳимояси қурилмасининг ер остида жойлашган қисмларини тупроқ билан кўмишдан олдин, улар шаҳодатланиши, буюртмачи вакилининг кўмишга ёзма розилиги олиниши ва еростида бажарилган ишлар ҳақида икки томонлама расмийлаштирилган далолатнома тузилиши шарт.
Протектор қурилмаларнинг контактли уланган жойларидаги изоляциянинг сифати 20 kw кучланишдаги учқунли дефектоскоп ёрдамида текшириб чиққандан кейингина кўмиш мумкин.
347. Резервуарнинг ички юзасига металлаштириш усулида изоляцияловчи материал суртилганда протекторлар ўрнатиш шарт эмас.
348. Катодли ҳимоя таъмирлаш ва унга хизмат кўрсатиш ишлари режали-огоҳлантирувчи таъмир учун тузилган график асосида бажарилади.
349. Протекторли ҳимоя мосламасига хизмат кўрсатишда куйидагилар бажарилади:
а) протекторли ҳимоянинг самарадорлигини текшириш;
б) едирилган протекторларни алмаштириш.
350. Резервуарлар тагининг ташқи юзасини, протекторли ҳимоялаш йўли билан, тупроқ таъсиридан коррозияга учрашини текширишда қуйидаги электр ўлчашлар ўтказилади:
а) «резервуар-грунт» потенциалининг тақсимланиши;
б) протектор қурилма занжиридаги қаршилик (Оm)ни;
в) протектор қурилмадаги ток кучини.
351. Резервуарлар ичига ўрнатиладиган протектор ишини назорат қилиш тартиби «Пўлат резервуарлар тагининг дренаж сувлари таъсиридаги коррозиядан ҳимоялаш ва ишлаб турган резервуарларга протекторларни монтаж қилишга доир тавсиялар»да баён этилган.
352. Протекторли ҳимоянинг самарадорлигини билиш учун «резервуар-элекролит»даги потенциаллар фарқини ва «протектор-резервуар» занжиридаги ток кучини ўлчаш керак. «Резервуар-электролит» даги потенциаллар фарқини (резервуар таги — маҳсулот остидаги сув) мазкур ишлар учун мўлжалланган асбобларда махсус миссульфатли қиёслаш электродлари ёрдамида аниқланади.
353. Ишлатиш давомида едирилган протекторларни алмаштириш протекторларининг хизмат қилиш муддатлари ва ишлатишга доир маълумотлар асосида тузилган ва корхона бош муҳандиси тасдиқлаган таъмирлаш-огоҳлантириш режаси асосида амалга оширилади.
354. Вертикал пўлат резервуарларнинг ички деворлари юзасини коррозиядан ҳимоялаш учун сертификатланган ва рухсатномаси бор бўлган қопламаларни қўллаш лозим.
355. Мазкур ишлар учун лицензия (рухсатнома)си йўқ пудратчиларни ишлатиш тақиқланади.
356. Коррозияга қарши ҳимоя ва пайванд чокларининг ҳолатини юзаси ва огоҳлантириш тариқасида кўрикдан ўтказиш, коррозия вазиятини ҳисобга олган ҳолда, корхона раҳбарияти тасдиқлаган жадвал (график)га мувофиқ бажарилади.
357. Вертикал пўлат резервуарларнинг ички юзаси ҳолатини текшириш, амалдаги норматив-техник ҳужжатлар асосида резервуарни тўлиқ кўрикдан ўтказиш пайтида амалга оширилади.
358. Лок-бўёқ қопламасининг сифатини адгезия (адгезия — энг камида 2 балл — ГОСТ 15140)ни ва қоплама қалинлигини ўлчаш йўли билан аниқланади.
Даврий кўрик пайтида аниқланган қопламадаги нуқсонлар бартараф этилиши зарур.
5-§. Авария ва носозликларнинг олдини олиш тизими
359. Текширилиши зарур бўлган асосий параметрлар қуйидагилардан иборат:
а) резервуардаги маҳсулот сатҳи (баландлиги)нинг чегараси (қуйи ва юқори сатҳ чегаралари резервуарнинг технологик картасида ёзилган бўлади);
б) резервуардаги буғ-газ аралашмасининг босими (ҚМҚ 2.09.03 га мувофиқ энг юқори ишчи босим - кўпи билан 2 кРа, вакуум — кўпи билан 0,25 кРа);
в) резервуар паркидаги резервуарларда, фланецли уламалардан углеводородлар чиқиши ҳисобига ҳудуднинг газланиш даражаси.
360. Резервуардаги маҳсулотнинг олдиндан белгиланган пастки ва юқори сатҳини автоматик тарзда назорат қилиб туриш учун, пўкакли, ултратовуш, радиоизотоп ва бошқа усулларга асосланган турли модификация (русум)даги сатҳ сигнализаторлардан фойдаланилади.
361. Резервуардаги маҳсулот энг максимал (минимал) даражага етганда оператор шчитида операторни диспетчер билан биргаликда маҳсулот қуйиш (ёки ҳайдаб чиқариш)ни технологик юқори (пастки) даражагача кўпайтириш ёки озайтириши зарурлиги ҳақида ёруғлик-овозли сигнал содир бўлади.
362. Авария сатҳ даражасини кўрсатувчи сигнализаторларнинг ўлчашдаги мутлоқ хатолик меъёрлари ± 10 mm дан зиёд бўлмаслиги керак.
363. Резервуар парклари ТҲ талабларига кўра, ёнғиндан сигнал бериш тизими билан жиҳозланиши зарур.
364. Ёнғин (аланга) содир бўлганлиги ҳақида резервуар (периметри бўйлаб) томига ёки деворига ўрнатилган хабарчи мосламалар дарак бериши лозим.
365. Маҳсулотли резервуарлардаги назорат қилинадиган муҳит ҳарорати белгиланган меъёрдан ошганда, сигнал ҳосил қилишга мўлжалланган ёнғин хабарчилари қўлланилади.
366. Қўл ёрдамида хабар берувчи мослама (ускуна)лар уларга қулай борадиган қилиб ўрнатилиши ва етарли даражада ёритилган бўлиши лозим.
367. Резервуардаги маҳсулот сатҳининг чегараси ва иссиқлик — ёнғин ҳақида сигнал берадиган мосламалар мавжуд ТҲ ва лойиҳага мувофиқ равишда ўрнатилади. Мазкур мосламалар, ҳамда уларга борадиган кабель тармоқлари амалдаги меъёрларга кўра портлашдан ҳимояланиб бажарилган бўлиши зарур.
368. Резервуарларнинг технологик қувурўтказгичлари ва арматураларидан маҳсулот тўлиб-тошиб кетиши, босимни меъёрдан ортиб кетишининг олдини олиш мақсадида резервуар парки таркибида ортиқча нефть (маҳсулот)ни қуйиш учун захира (резерв) идишлар бўлиши керак.
369. Ҳар бир корхона учун ишлаб чиқилган авария вазиятларини бартараф этиш режаси (АВБЭР)да резервуар паркидаги рўй бериши мумкин бўлган аварияларга барҳам бериш кўзда тутилиши шарт.
6-§. Резервуар паркидаги технологик жараённи автоматик бошқариш тизими
370. Резервуар паркидаги технологик жараённи автоматик бошқариш тизими марказдан туриб бошқариш ва резервуар паркини маҳаллий диспетчерлик пункти (МДП)дан, ишлатувчи ходимлар бевосита технологик объектда доимий иштирок этмасдан бошқаришга мўлжалланган.
371. Масофадан туриб қуйидаги параметрлар МДПга юборилади:
а) резервуардаги маҳсулот сатҳи даражаси;
б) резервуардаги маҳсулот ҳарорати (заруратга кўра).
372. МДП дан туриб қуйидагилар назорат қилинади:
а) ўлчанган параметрларнинг рухсат этилган даража чегарасида эканлигини текшириш;
б) резервуар ишидаги параметрлар;
в) бўш идишнинг ва маҳсулотнинг ҳажми;
г) резервуар парки технологик қувурўтказгичларининг беркитиш арматуралари ҳолати;
д) маҳаллий автоматик ва алоқа каналлари воситаларининг ҳолати.
373. Резервуар паркда қуйидаги ҳолатлардан эҳтиётлаш чоралари кўзда тутилади:
а) резервуарлардаги маҳсулотнинг тўлиб-тошиб кетишидан;
б) маҳсулот келаётган қувурузатгичлардан босимнинг кўтарилишидан;
в) ёнғин содир бўлишидан.
374. МДПда қуйидагилардан сигнал берувчи мосламалар ўрнатиш режалаштирилади:
а) ёнғиндан;
б) резервуарлардаги рухсат этилган максимал сатҳ даражасидан;
в) маҳсулот келаётган қувурўтказгичларда босим юқорилашиб кетишидан;
г) резервуарлардаги сатҳ чегаралари ҳақида;
д) резервуар паркидаги сурилма зулфинларнинг ҳолати ҳақида;
е) ўлчов тизимидаги носозликдан.
Авария вазиятлари ҳақида овозли ва ёруғлик воситалари орқали автоматик сигнал бериш билан таъминланган бўлиши керак.
375. Резервуарларга ўрнатилган портлашдан хавфли муҳит билан бевосита боғлиқ бўлган, технологик жараёнларни автоматик бошқарув тизими, портлашдан хавфсиз, яъни етарли даражада ва махсус турдаги учқундан хавфсиз электр занжири бўлиши лозим.
376. Технологик жараёнларни автоматик бошқаришнинг барча тизими ва тизимчаларида, ягона интерфайс тизими, ҳамда ахборот ва ҳисоблаш тармоғининг маҳаллий бошқариш тарзида ташкил этилган, электр, конструктив ва ахборот жиҳатдан яқин хоссага эга бўлган, бир хил элемент базали микропроцессор ва ҳисоблаш техникаси воситалари қўлланилиши керак.
Худди шундай ички тизимда ҳам алоқа ва коммуникация тизимини ўзлаштирган ахборот узатишнинг ягона йўли ва воситаларидан фойдаланиш лозим.
377. Авария вазиятлари муносабати билан электр энергия узиб қўйилганда ҳам, маълумотлар базаси сақланиб қолиши керак.
378. Резервуар парки технологик жараёнини автоматик бошқариш тизими (РПТЖАБТ) даги техник воситаларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш муддатлари асосий усуллар ва иншоотларга техник хизмат кўрсатиш графигига мос ҳолда белгиланиши лозим.
379. Техник хизмат кўрсатиш ишлари, технологик жараённи тўхтатмай, техник воситаларни ишлатиш ҳужжатларида кўрсатилган ҳажм ва муддатларда бажарилади.
380. Техник хизмат кўрсатиш давомида қуйидагилар амалга оширилади:
а) кафолатловчи тамғанинг сақланганлигини текшириш;
б) ток келувчи кабель ва сим (шнур)ларда, ҳамда асбоблардаги махсус белгиларининг мавжудлигини;
в) ерга туташтириш мосламасининг борлиги;
г) носоз асбобларни аниқлаш мақсадида, уларнинг умумий ҳолатини текшириб чиқиш;
д) асбобларнинг танаси, қопқоқлари ва ойналари устидаги чанг ва ифлосликларни тозалаш;
е) арматурани тозалаш ва текшириш.
381. Жорий таъмирлаш давомида ускуналарни навбатдаги режали таъмирлашгача яхши ишлашини таъминлай олмайдиган, узоқ муддат ишлаш даражаси паст бўлган қисмларини алмаштириш ёки тиклаш амалга оширилади.
Жорий таъмирда қуйидаги ишларни бажариш кўзда тутилади:
а) техник хизмат кўрсатиш ишларини ўтказиш;
б) ерга туташтириш мосламасининг ишини текшириш;
в) техник воситалар ишини тўхтатиб туриб, уларни қисман бўлакларга ажратиб, тозалаш;
г) ишдан чиққан элементларни алмаштириш;
д) текширилиши керак бўлган жойлардаги техник воситаларнинг иш режимини текшириб, сезгирлигини тартибга солиш.
382. Капитал таъмирлашда қуйидагилар бажарилади:
а) носоз воситаларни демонтаж қилиш;
б) нуқсонли боғламларни қисмларга ажратиб, тозалаш, алмаштириш, созлаш, тартибга солиш ва техник воситаларни синаб кўриш;
в) техник воситаларни давлат ёки ташкилот миқёсида текширувдан ўтказиш;
г) техник воситаларни тўлиқ равишда қисмларга ажратиш, боғланма ва деталлардаги нуқсонларни аниқлаш;
д) нуқсонли боғланма ва деталларни алмаштириш;
е) воситаларни иложи борича замонавийлаштириш, принципиал схемага ўзгартириш киритиш;
ж) коррозияга қарши қопламаларни тиклаш;
з) техник воситаларни йиғиш, тартибга солиш ва ишлатиб синаш;
и) техник воситаларни монтаж қилиб, ишлашини текшириш.
383. Режали асосда таъмирлаш ишларининг ҳажми ҳар бир муайян ҳолатда кўрик натижалари ва ускунанинг ишдан чиқиш тафсилотларига қараб белгиланади.
384. Таъмирлаш ишлари ҳужжатлари корхонада жорий этилган тартиб бўйича расмийлаштирилади.
385. Воситалар ва РПТЖАБТ тизимининг ишлаш имконияти қисмлар, материаллар, 'асбоблар, жиҳозларнинг ишлатишга оид ва бошқа норматив-техник ҳужжатларида белгиланган камаймайдиган захираси билан таъминланади.
386. Дастурий таъминланишига оид хизмат кўрсатиш, дастурнинг ишлатишга доир ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.
X боб. РЕЗЕРВУАРЛАРНИ ИШЛАТИШДАГИ МЕҲНАТ, АТРОФ МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ ВА ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИГА ОИД ТАЛАБЛАР
1-§. Меҳнат муҳофазаси
387. Меҳнат муҳофазаси — меҳнат қилиш давомида ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш тизими ҳисобланади. У ўз ичига ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-техник, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, асл ҳолига келтириш ва бошқа тартибларни олади.
388. Резервуарларни ишлатишдаги меҳнат муҳофазасига доир талаблар Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнат муҳофазаси тўғрисида», «Хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги тўғрисида» Қонунлар, «Хавфли ишлаб чиқариш объектида авария содир бўлганда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига, ҳамда атроф-муҳитга зарар етказилишига фуқаролик жавобгарликни мажбурий суғурталаш тартиби тўғрисидаги Низом» билан аниқланади (ЎзР ВМ нинг 10.12.2008 йилдаги 271-сонли Қарорининг 5-сонли иловаси).
389. Саноат хавфсизлиги талабларига риоя қилиш, ҳамда ишлаб чиқаришда назоратни ташкил қилиш ва амалга ошириш бўйича, резервуарларни ишлатувчи ташкилот раҳбарлари ва лавозим йўриқномасига кўра, зиммасига юклатилган шахслар жавобгар ҳисобланади.
390. Мавжуд «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунига кўра, резервуарларни ишлатувчи объектлар хавфли ишлаб чиқариш объектлари ҳисобланади.
Хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги саноат хавфсизлиги декларациясини ишлаб чиқиш «Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги саноат хавфсизлиги декларациясини ишлаб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низом» га жавоб бериши керак (ЎзР ВМ 10.12.2008 йилдаги 271 сонли Қарорининг 4-сонли иловаси).
391. Резервуарларни ишлатишга доир вазифаларни бажаришга ёши 18 дан катта бўлган, белгиланган тартибда йўл-йўриқ олиб, тайёргарликдан ўтган, тиббий жиҳатдан хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлашга лойиқ бўлган шахслар тайинланади.
392. Резервуарларга хизмат кўрсатиш ва улардаги техник воситаларни таъмирлаш, саноат хавфсизлигининг ваколатли давлат органлари берган тегишли лицензия (рухсатнома) ва резервуарни ишлатишда етказилган талафот учун жавобгарлик масъулияти ҳақидаги суғурта шартномаси асосида амалга оширилади.
393. Меҳнат муҳофазасига доир йўриқномаларни корхона раҳбариятининг касб ва иш турлари бўйича тузган рўйхатга кўра цех, участка, лаборатория ва ш.к. раҳбарлари ишлаб чиқадилар.
394. Резервуарларни ишлатиш давомида қуйидаги хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари рўй бериши мумкин:
а) ёнғин-портлашдан хавфли муҳитининг пайдо бўлиши;
б) иш жойидаги ҳавонинг газланиши;
в) юқори даражадаги статик электр ҳодисаси;
г) иш жойидаги ҳаво ҳароратининг ҳаддан ташқари кўтарилиб ёки пасайиб кетиши;
д) юқори (баландлик)да иш бажариш;
е) ҳавонинг ўта тез ёки ўта секин ҳаракати;
ж) иш жойининг етарли ёритилмаганлиги;
з) одам организмига электр токининг таъсири;
и) ҳавонинг ўта юқори ва ўта паст намлиги.
Резервуарлар ва резервуар паркларида технологик операцияларни бажаришдаги хавфсизлик талаблари
395. Резервуар паркига хизмат қилувчи ходимлар, резервуарни ишлатиш, авария, ёнғин вазиятларида белгиланган вақт ичида хатосиз зарур вазифалар (бураш, тўхтатиш, юргизиш ва ҳ.к.) бажаришлари учун паркдаги коммуникация тармоқлари схемасини билишлари зарур. Мазкур схема (чизма)лар иш жойларида бўлиши керак.
Ҳар бир резервуар деворида технологик схемада ёзилгандек, тартиб рақами бўлиши лозим.
396. Резервуар паркидаги сурма зулфинларни оҳиста, ричаглар ишлатмай очиш ва ёпиш керак.
Маҳсулот ва сув учун мўлжалланган технологик қувурўтказгичларга ўрнатилган беркитиш қурилмаларида «Очиқ» ва «Ёпиқ» ҳолатларини кўрсатадиган белгилар бўлиши зарур.
397. Ишлаб турган резервуар зулфинидаги оқим йўналишини ўзгартирганда, аввал ишга туширилаётган резервуар зулфинини очиб қўйиб, кейин ишлаётган резервуардаги зулфинни беркитиш керак.
Маҳсулот ҳайдалаётган пайтда ишлаб турган резервуар билан янги ишга туширилаётган резервуар зулфинларини бир вақтда очиш ёки ёпиш тақиқланади.
398. Резервуардаги маҳсулот тўлиб-тошиб кетганда, бошқа тўлмаган резервуарни дарҳол ишга тушириш, тўкилган маҳсулотни тўлдирилмаган резервуарларга ҳайдаш лозим. Тўлиб - тошган резервуар ишини тўхтатиш керак. Қайтадан ишга тушириш учун газланганликга барҳам бериш, маҳсулот тўкилиб, ифлосланган тупроқ (грунт)ни йиғиштириб олиб, махсус ажратилган жойга чиқариб ташлаш, тошиб кетиш сабабини аниқлаш ва унинг оқибатларни бартараф этиш лозим.
399. Шабада (шамол) эсмаган, ташқи ҳаво ҳарорати 20° С дан юқори бўлган пайтларида резервуарга маҳсулот ҳайдаётганда резервуар парки ҳудудининг газланганлигини текшириб туриш лозим ва у рухсат этилган концентрация (РЭК)га етган тақдирда резервуарлар иши режимини ўзгартиришга доир чоралар қўлланилиши керак.
400. Резервуар паркига хизмат кўрсатиш пайтида ҳудуддаги атроф ҳаво муҳитида зарарли моддалар борлигини кўчма газтаҳлилагичлар ёрдамида назорат қилиб бориш зарур.
Текширишни маҳсулот тўлдирилаётган резервуарлардан 10 — 12 m нарида ва марзанинг шамол келаётган томонида туриб ўтказиш лозим.
Ундан ташқари олтингугуртли нефт сақланаётган резервуар паркларида буғ концентрациясини ўлчаш ёки намуна олишни марзанинг ташқарисидаги 5 — 10 m гача бўлган масофада, маҳсулот тўлдирилаётган резервуарлар қаторининг ўқи бўйлаб, шамол эсаётган томонда туриб ўтказиш керак.
Буғ концентрациясини ҳар сменада камида бир марта резервуар парки (ПВПР ва СТВПР русумдаги резервуарлар)нинг майдонида туриб ўлчаш, ВПР русумли резервуарлар жойлашган майдонда эса, ҳар 4 соатдан кейин бир марта ўлчаш лозим.
401. Иш жойидаги ҳавога бўлган санитария-гигиеник талаблар (ҳарорат, намлик, ҳавонинг ҳаракати, зарарли моддаларнинг рухсат этилган миқдори чегараси, назорат қилиш усуллари) ГОСТ 12.1.005 га мос бўлиши керак.
Резервуарлар ва резервуар паркида сақланаётган нефть ўзининг заҳарлилиги бўйича зарарли моддаларнинг III-синфига тааллуқли ҳисобланади.
Водород сульфидли нефтлар, концентрациясига кўра II ёки III-синфдаги зарарли моддалар гуруҳига мансуб бўлиши мумкин.
402. Резервуар парки ҳудудига кириш учун марзанинг ёки тўсиқ-деворнинг ҳар иккала томонига қуйидаги тартибда тутқичли нарвонли ўтиш жойларини қуриш лозим:
а) алоҳида турган резервуар учун — камида 2 та;
б) резервуарлар гуруҳи учун камида 4 та.
Қурилган нарвонлар ГОСТ 12.2.044 талабларига жавоб бериши керак.
403. Агар резервуар паркидаги қувурўтказгич тармоқлари ер юзасидан 0,5 m дан баландга ўрнатилган бўлса, улар устидан тутқичли ўтиш кўприкчаларини қуриш зарур.
404. Резервуар паркларини ёритиш учун марзанинг ташқарисида мачталарга ўрнатилган хизмат кўрсатиш учун нарвон ва майдончалар билан жиҳозланган прожекторлар қўлланилади.
Алоҳида жойларни ёритиш учун кучланиши 12 V гача бўлган, портлашдан хавфсиз қилиб ясалган аккумуляторли фонарлардан фойдаланилади.
Фонарларни ёқиш ёки ўчириш марзанинг ташқарисида амалга оширилади.
ПУЭ ва ҚМҚ 2.01.05 талабларига мувофиқ резервуар паркининг минимал ёритиш даражаси қуйидагича бўлиши керак:
а) бутун парк учун — камида 5 lk;
б) резервуардаги маҳсулот сатҳини ўлчайдиган ва паркдаги сурма зулфинларни бошқариш жойларида камида —10 lk;
в) нарвон ва хизмат кўрсатиш майдончаларида — 10 lk;
г) назорат-ўлчов асбоблари ўрнатилган жойларда — 30 lk, (кўчма ёритгичлар билан комбинацияда);
д) ёрдамчи ўтиш жойларида — 0,5 lк;
е) асосий ўтиш жойларида 1 дан 3 lк гача.
405. Резервуарга маҳсулот қуйиш ёки ҳайдаш пайтида сузувчи том тепасида хизмат кўрсатувчи ходимларнинг бўлиши тақиқланади.
406. Резервуарлар томидаги тўсиқ - конструкциялар, резервуар томи, нарвонларнинг доимий ишга яроқли эканлигини устидан назорат ўрнатилган бўлиши керак. Резервуар томи ва нарвонларига нокерак ва ускуналардан ечилган деталларни қалаштириб ташлаш тақиқланади.
407. Резервуарлар ва улардаги ускуналарни ишлатиш, маҳсулот сатҳини ўлчаш, намуна олиш пайтида, хизмат қилувчи ходимлар статик электр зарядини тўплайдиган, ГОСТ 12.4.124 талабларига мос равишда материаллардан тайёрланган коржома ва оёқ кийимида бўлишлари зарур. Оёқ кийимида металл нағал ва михлар бўлмаслиги керак.
408. Қўлда намуна олганда, маҳсулот сатҳини ўлчаганда, маҳсулот ости сувини чиқаришда, ўлчаш ва бошқа люкларни очишда, хизмат кўрсатувчи ходим шамол эсаётган томонда (шамолга ён томони билан) туриши лозим. Очиқ люклар билан ишлаганда, улар сақлагич-панжаралар билан беркитилган бўлиши лозим. Шамол келаётган томонга қараб ишлаш зарур бўлганда газниқобдан фойдаланиш керак.
Газниқобсиз очиқ люк ичига қараш, унинг оғзи яқинида энгашиш тақиқланади. Акс ҳолатда ажралиб чиқаётган зарарли буғ ва газлардан заҳарланиш мумкин.
409. Момақалдироқ пайтида маҳсулот сатҳини ўлчаш, қўлда намуна олиш, ҳамда резервуарни кўрикдан ўтказиш тақиқланади. Музлик, сирпанчиқ пайтларида қўшимча хавфсизлик чораларини қўллаш зарур.
410. Резервуардан газ чиқаётган қувурўтказгичларда оловдан сақлагичсиз газтекислагич тизимини ишлатиш тақиқланади.
Тайёргарлик ва таъмирлаш ишларидаги хавфсизлик талаблари
411. Резервуарга маҳсулот қабул қилиш ёки резервуардан маҳсулот тарқатиш пайтида таъмирлаш ишларини ўтказиш тақиқланади.
412. Резервуарларни тозалаш ва дегазациялаш, баъзибир таъмирлаш ишлари (ички юзасини изоляциялаш ва ш.к.) газдан хавфли ишлар сирасига кириши муносабати билан, уларда оловли ишларни олиб бориш махсус наряд-рухсатнома асосида ўтказилади.
Мазкур ишларни таркибида камида 2 киши бўлган бригада бажаради.
413. Резервуарларни тозалаш, дегазациялаш ва таъмирлаш ишларига хавфсизлик техникасига доир йўл-йўриқ олган, тиббий кўрикдан ўтган ва мазкур ишларни бажаришга рухсатнома олган шахслар тайинланади.
414. Резервуарларни ва улардаги ускуналарни тозалаш ишлари фақат кундузи ўтказилади. Тозалаш ишларини момақалдироқ пайтида бажариш тақиқланади.
415. Таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин, резервуарни хавфсиз ҳолатга келтириш учун, дегазациялаш йўли билан ундаги нефть буғлари миқдорини қуйидаги ўлчамларга келтириш зарур:
а) ходимлар ҳимоя воситасиз резервуар ичида ҳар қандай ишларни бажаришлари учун — 0,3 g/m3 дан зиёд бўлмаслиги;
б) нафас йўлларини ҳимояловчи воситалари бор ходимлар резервуар ичида ишлаши учун — 2,0 g/m3 дан зиёд бўлмаслик.
416. Сузувчи томли резервуарларда тозалаш ва хизмат кўрсатиш ишларини бажаришга киришишдан олдин томни таянч устунларга ўрнатиш зарур.
417. Резервуар ичидаги ишларни ундаги газ концентрацияси рухсат этилган концентрация чегарасида бўлганда, ҳамда ҳарорат рухсат этилган санитария меъёрларида бўлгандагина бажаришга рухсат этилади. Оловли ишлар ўтказилаётган жойда ҳар 2 соатда ҳаво муҳити ҳолатини текшириб туриш, ҳавода нефть буғлари (углеводородлар, водород сульфиди) борлиги сезилганда, уларнинг концентрацияси рухсат этилган концентрациядан ошганда, объект бошлиғи ишларни тўхтатиб, газланиш манбаини тугатиш чораларини қўллаши лозим. Концентрация миқдори алангаланишнинг қуйи чегарасидан 20% га ортганда ходимларни марза ташқарисига олиб чиқиб, объект раҳбарига хабар бериш ва иш жойини зарур санитария меъёрлари талабларига мувофиқлаштиришга доир тадбирлар қўллаш зарур.
418. Резервуар ичида баъзи ишлар (ювувчи ускунани монтаж қилиш, қўлда тозалаш, оловли ва таъмир ишлари)ни бажаришда резервуар ичидаги ҳаво бўшлиғини мажбурий равишда шамоллатиш зарур.
419. Резервуарларни тозалашда хизмат қилаётган ходимлар билиши учун шамол йўналиши кўрсатувчи вимпел (белги) ўрнатилади. Шамол тезлиги 1 m/s дан паст бўлганда резервуарни очиш ва дегазация (мажбурий ёки табиий) қилиш тақиқланади.
420. Резервуарларда ҳосил бўлган чўкиндиларни олиш учун қўлланиладиган асбоблар (куракча, қирғич, челак, ва ш.к.) пўлат предметлар ва конструкцияларга урганда учқун чиқармайдиган материалдан ясалиши керак.
Резервуарни тозалашда учқун чиқармайдиган материаллардан ясалган шчетка ва ёғоч куракчалардан фойдаланиш лозим.
421. Оловли ишларни бошлашдан олдин хавфли ҳудуд чегарасини белгилаб олиш керак. Хавфли ҳудуд радиуси таъмир ўтказиш лойиҳасида берилган бўлади.
422. Электрпайванд ишлари ГОСТ 12.3.003 га мувофиқ, ГОСТ 12.1.010, ГОСТ 12.1.004 лардаги талабларни ҳисобга олган ҳолда ўтказилади. Резервуар ичида бир вақтда электрпайвандлаш ва газалангали ишларни ўтказиш мумкин эмас.
423. Айвонсиз (очиқ) жойларда, ёмғир ёки қор ёғаётганда электрпайвандлаш ишларини ўтказиш мумкин эмас.
424. Кислородли, ацетиленли баллонлар ва генераторни қўллаб газ билан пайвандлаш ва кесишга доир хавфсизлик талабларини Ўзбекистон Республикасида амал қилинаётган ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мос равишда бажариш лозим.
425. Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги Давлат санитария-эпидемиология назорати Департаментининг буйруғига биноан ер юзаси ёки тагликдан 1,5 m юқорида бажариладиган барча ишлар баландликдаги ишлар ҳисобланади.
426. Баландликда ишлаётган ходимларни тушиб кетишдан сақловчи восита бўлиб ГОСТ 12.4.089 га мос ҳолда ясалган кафолатловчи сақлагич белбоғ ҳисобланади.
427. Юқоридаги ишларни бажариш учун ГОСТ 12.4.059 бўйича ишга яроқли тўсиқ воситаларни ва ГОСТ 26887, ГОСТ 27321, ГОСТ 27372 лар талабларига жавоб берадиган ҳимоя мосламалари мавжудлигини режалаштириш зарур.
428. Баландликда ишловчилар калласини ҳимоялаш учун ГОСТ 12.4.087 га мос каскалар билан таъминлаш лозим.
429. Суяб қўйиладиган нарвонлар ГОСТ 26887 талабларига жавоб берадиган, сирпаниб кетмайдиган асосли ва поғонали бўлиши керак.
430. Баландликда ишловчиларни асбоб ускуналар, маҳкамловчи жиҳозлари учун қути ва сумка билан бутлаб, иш учун зарур бўлган барча предметларни ип арқонлар ёрдамида кўтариш ва тушириш зарур. Резервуардан олинган намунани лабораторияга елкага осиб олинган махсус матоли сумкаларда олиб бориш лозим. Оғир деталларни кўтариш учун* «Саноатконтехназорат» Давлат инспекциясининг амалдаги қоидаларни асосида белгиланган муддатларида текширилган тегишли юк кўтариш воситаларини қўллаш керак.
431. Ишловчиларни резервуар ичига киритишдан олдин тайёргарлик ва таъмирлаш ишларига мутасадди ходим шахсан ўзи қувурўтказгичлар узиб қўйилганлиги, тиқинлар мавжудлиги ва барча хавфсизлик чораларига риоя қилиниши текшириб чиқиши шарт. Таъмирлаш ишлари тугаллангандан кейин люкларни беркитишдан олдин, резервуар ичида одамлар, асбоб ва материаллар қолмаганлигига ишонч ҳосил қилиш керак.
432. Резервуарнинг ички деворларини тозалаш ва ювишда ишчиларнинг нафас йўлларини муҳофазаловчи шахсий ҳимоя воситалари, махсус коржома ва оёқ кийимидан фойдаланишлари зарур. Оёқ кийимида пўлат нагал ва михлар бўлмаслиги керак. Коржома устидан хочсимон боғлагичлари бор қутқарув белбоғини боғлаб олишлари лозим. Белбоғга иккита пўлат арқонлар уланиб, уларнинг иккинчи учи резервуар ташқарисига энг яқин люк орқали чиқарилиб, юқорида турган кузатувчини қўлида бўлиши лозим.
433. Резервуар люки ёнида камида 2 киши резервуар ичидаги ишловчига зарур вазиятларда ёрдам беришга тайёр туришлари керак. Мазкур кузатувчиларда ҳам махсус коржома, оёқ кийими ва нафас йўлларини ҳимояловчи воситалар бўлиши зарур.
434. Шлангли газниқоб ишлатилганда, резервуар ташқарисида турган ходимлар шланг букилиб қолмаслиги ва тоза ҳаво ҳудудида бўлишини назорат қилиб туришлар керак. Бунинг учун шланганинг юқоридаги учини олдиндан белгиланган жойга яхшилаб ўрнатиб қўйиш зарур.
435. Шлангли газниқоб кийиб ишлаш вақти 30 min дан ортмаслиги ва ундан кейинги тоза ҳавода дам олиш муддати 15 min дан кам бўлмаслиги лозим.
436. Резервуарни тозалаш ва таъмирлашда, тайёргарлик ва таъмирлаш ишлари учун жавобгар шахс, нафас йўлларини ҳимояловчи шахсий воситаларни ишлатишдан олдин, маска, шланг ва уланган жойларини яхшилаб текшириши ва дарзлик, ёриқ, ножипсликлар аниқланганда улардан фойдаланишни тақиқлаб қўйиши лозим.
437. Резервуар ичида 2 ёки ундан ортиқ киши ишлаганда ҳаво келувчи шланглар ва қутқарув арконлари диаметр бўйлаб қарама-қарши люклар орқали чиқарилиши ва ўзаро чалкашиб, букилиб қолмаслиги зарур.
438. Тозаланаётган резервуарга яқин жойда оғзи яхши ёпилган идишда ичимлик суви ва керакли дори-дармонли аптечка бўлиши керак.
439. Резервуар ичидаги ишларни бажарувчи ишчилар вақти-вақти билан бир йилда камида бир марта тиббий кўрикдан ўтишлари зарур.
440. Таъмирлаш вақтида рўй берадиган чанг, сачраган томчилар, ўювчи моддалар, учиб чиққан қаттиқ моддалар заррачаларидан кўзни сақлаш учун ГОСТ 12.4.013 га мос ҳимоя кўзойнагидан фойдаланиш керак.
441. Полимер композициялар билан ишлашдан олдин ва ишлаш давомида ишчилар 4-5 марта кўлларига ҳимояловчи паста суриб олишлари, иш тугагандан кейин эса, қўлга крем суртишлари лозим.
442. Резервуарнинг ички юзасига елимли полимер композициялар ва уларга ўхшаш моддаларни қоплаганда ишчилар махсус коржома устидан қўшимча равишда енгил ҳимояловчи комбинезон ва резина калиш кийиб олишлари зарур.
443. Ходимларга махсус коржома, оёқ кийими ва шахсий ҳимоя воситалари соҳада ўрнатилган меъёрлар бўйича берилади. Мазкур нормалар мажбурий ҳисобланади.
444. ШҲВ нинг тўғри сақланиши, берилиши, парвариши ва фойдаланиши назорат қилиш корхонадаги меҳнат муҳофазаси бўлими зиммасига юкланади.
Юқори миқдорда водород сульфидли нефть ва нефтмаҳсулотлари билан ишлашдаги хавфсизлик талаблари
445. Юқори миқдорда водород сульфидли (20-10-6 mg/kg дан зиёд) нефт ва нефтмаҳсулотлари сақланаётган резервуар парки атрофидаги марза ичига киришда В, КД русумли фильтрловчи газниқоблар кийиш зарур. Резервуар парки ҳудудига кириш ва у ерда ишлаш кузатувчи (дублер) иштирокида бажарилади. Резервуар паркига кираверишда огоҳлантирувчи белгилар ўрнатиш лозим.
446. Водород сульфидли нефть ёки нефтмаҳсулотли резервуардан кўлда намуна олиш ва маҳсулот сатҳини ўлчаш, маҳсулот ости сувни чиқариб юбориш, ўлчаш ва бошқа люкларни очиш ишлари кузатувчи (дублер) иштирокида амалга оширилади.
447. Пирофор чўкиндилар ўз-ўзидан алангаланиб кетишининг олдини олиш учун резервуар ички юзасини вақти-вақти билан коррозия маҳсулотларидан тозалаб туриш керак. Айни пайтларида резервуар ички юзасини сув билан намлаб туриш зарур.
448. Резервуарни тозалаш пайтида йиғилган маҳсулотлар — ифлослик (лойқа), пирофор ва бошқа чўкиндиларни доимий равишда нам ҳолатда сақлаб, резервуар парки ҳудудидан ташқарига чиқариб кўмиб ташлаш лозим.
2-§. Экстремал (шошилинч) шароитлардаги хавфсизлик талаблари
449. Экстремал шароитларга ташқи ҳавонинг ҳарорати, шамол тезлиги, атмосфера электр разрядлари, жала (кучли ёмғир) рўй беришининг энг юқори ёки паст миқдори туфайли содир бўлган воқеа ва ҳодисалар киради. Мазкур шароитларда очиқ ҳаводаги ёки резервуар ичидаги ишларни тўхтатиш лозим бўлади.
450. Ташқи ҳаво ҳарорати, шамол тезлигининг муайян иқлимий ҳудудлари учун белгиланган чегаравий миқдори (ўлчами) аниқланганда муассаса, корхонанинг раҳбарияти резервуарларга хизмат кўрсатиш бўйича тартиб ўрнатиши лозим.
451. Экстремал шароитлар (музлаш, сирпанчиқ содир бўлиши, туман)да резервуар ва резервуар паркларида юқорида ишлар ўтказиш (намуна олиш, маҳсулот сатҳини қўлда ўлчаш ва ш.к.) учун қўшимча хавфсизлик чоралари (дублер билан ишлаш, қўшимча ёритиш, сақловчи белбоғлар қўллаш, сирғаниб кетмаслик учун қум сепиш ва ш.к.)ни бажариш лозим.
452. Момақалдироқ пайтида яшинқайтаргич ва резервуарларга 4 m дан яқин келмаслик керак.
453. Резервуар паркида содир бўлган авария ва нохуш ҳодисалар пайтида ходимлар аварияни бартараф этиш режасига мувофиқ ҳаракат қилишлари лозим. Мазкур режа ҳар бир корхона бўйича алоҳида ишлаб чиқилади.
Режага қўйиладиган талаблар ушбу Қоидаларнинг 17-Иловасида баён этилган
454. Резервуар паркида содир бўлган ёнғинни ўчириш тегишли режага мувофиқ бажарилади.
3-§. Атроф муҳит муҳофазаси
455. Атроф табиий муҳит (атроф муҳит) деганда, резервуар жойлашган ҳудуддаги нефтьгаз соҳасига оид корхоналар ва уларга ёндош территориядаги барча табиий элементлар ва уларнинг комплекс йиғиндиси тушунилади.
456. Нефтгаз маҳсулотлари учун мўлжалланган пўлат резервуарларни ишлатишдаги атроф муҳит муҳофазаси қуйидагилардан иборат:
а) атроф муҳит ҳимоясига доир стандартлар, меъёрлар ва қоидаларга амал қилиш;
б) углеводород хомашёлари таъсиридан атмосфера, сув ва тупроқнинг ифлосланиш даражасини назорат қилиш;
в) ҳудуддаги қаттиқ чиқиндиларни утиллаш ва ўз вақтида чиқариб ташланишини назорат қилиш.
г) атроф муҳитнинг ифлосланишини ўз вақтида бартараф этиш;
д) атроф муҳитнинг ифлосланишини камайтиришга оид тадбирларни амалга ошириш.
457. Нефтгаз соҳаси бўйича пўлат резервуарларни ишлатишда атроф муҳитининг муҳофазасига доир ишлар бутун республика бўйича ягона ҳисобланган ҳуқуқий, норматив-техник, йўл-йўриқ берувчи ва услубий ҳужжатлар чегарасида, муайян жой учун тафсилотли хусусиятларни ҳисобга олиб бажарилади.
458. Атроф муҳитни ифлослантирганлик учун жарима Ўзбекистон Республикасининг «Табиат муҳофазаси тўғрисида»ги қонуни ёки республикадаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида ундирилади.
Атроф муҳитни ифлослантирганлик учун жарима тўлаш, табиатдан фойдаланувчиларни атроф муҳитни муҳофаза қилиши, табиий ресурслардан омилкорона фойдаланишга доир тадбирларни бажаришдан, ҳамда атроф табиий муҳитга, одамларнинг соғлиги ва мол-мулкига, халқ хўжалигига етказган зарарини амалдаги қонунчилик асосида тўлиқ ҳажмда қоплашдан озод этмайди.
Ҳаво атмосферасини муҳофаза қилиш
459. Атмосферани ифлослантирувчи моддалар, асосан резервуарлардаги нефтнинг буғланишидан ҳосил бўлиб, ҳавога тарқаладиган углеводородлардан иборат бўлади.
460. Ўзбекистон Республикасининг «Табиат муҳофазаси тўғрисида»ги қонунида тасдиқланган ифлослантирувчи моддаларни рухсат этилган меъёрлари чегарасида атмосферага чиқариш мумкин.
461. Углеводород маҳсулотлари сақланаётган резервуарлар учун атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариш мумкин бўлган меъёр чегараси, нефт ҳайдовчи станциялар ва нефтбазалар учун атмосферага чиқариш мумкин бўлган меъёр чегараси баён этилган лойиҳаларда белгиланган.
462. Атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларнинг меъёрий чегарасини белгилашда қуйидаги ҳужжатларга амал қилиш керак: Ўзбекистон Республикасининг «Табиат муҳофазаси тўғрисида»ги қонуни; ГОСТ 17.2.3.02; «Нефть, газ конденсати ва нефтмаҳсулотларни қабул қилиш, ташиш, сақлаш ва тарқатиш пайтидаги табиий йўқолиши (камайиши)га доир вақтинчалик меъёрлар»; «Корхоналар атмосферага чиқарган зарарли моддалар концентрациясини ҳисоблаш методикаси», «Корхоналар учун атмосферага зарарли моддаларни чиқаришга рухсат этилган меъёрий чегаралар моҳияти ва расмийлаштиришга оид тавсиялар».
463. Объектив сабабларга кўра, нефтьни ҳайдаш станциялари ва нефтбазалар учун ҳавога чиқариш мумкин бўлган меъёрий чегараларни аниқлаш ҳал қилинмаган бўлса, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органлари билан келишилган ҳолда вақтинчалик ҳавога чиқариш меъёрий (лимитлари)ни белгилаб туришга рухсат этилади.
Мазкур вақтинчалик меъёрлар қуввати ва технологияси бўйича, ҳамда техник жиҳатдан жиҳозланган нефтни ҳайдаш станциялари ва нефтбазалардагига ўхшаш меъёрларни белгилаш мумкин. Ушбу ҳужжатда ифлослантирувчи моддалар чиқишини этаплар бўйича камайтиришга оид тадбирларни амалга ошириш кўрсатилиши шарт.
464. Нефтни ҳайдаш станциялари ва нефтбазалар учун ҳавога чиқариш мумкин бўлган меъёр чегараси (вақтинчалик келишилган лимит) белгилангандан кейин мазкур корхоналарда ушбу нормаларга риоя қилишини назорат қилиб туриш ва жорий қилинган журналга қайд этиб бориш зарур. Углеводородларни ҳавога чиқариш муддатлари (вақти) «Рухсат этилган чиқаришлар (вақтинча келишилган чиқаришлар)нинг меъёрий чегарасига доир лойиҳа», «Атмосферани ифлослантирувчи манбаларни назорат қилиш бўйича қўлланма» «ОНД - 90 - низомлари»да келтирилган зарарли моддаларни тарқалиши бўйича ҳисоб-китобга асосланиб белгиланади.
Назорат ишларининг корхонанинг ўзи ёки шартнома асосида ишлайдиган махсуслаштирилган ташкилотлар амалга оширади.
465. Углеводородлар таъсиридан атмосферанинг ифлосланиш даражасини пасайтириш учун резервуардаги нефтнинг йўқолиши (нобуд бўлиши)ни камайтиришига оид тадбирларни қўллаш лозим.
Сув объектларини муҳофаза қилиш
466. Нефтни ҳайдовчи станциялар ва нефтбазалардаги ишлаб чиқариш ва ёмғир сувларини сув ҳавзалари ва оқова тизимга ташлашдан олдин тозалаши керак. Тозаланишнинг зарур даражаси оқова сувларни ташлаш жойи ва ифлослантирувчи моддаларни рухсат этилган меъёрий чегарасини ҳисобга олиб асосланади.
467. Оқова сувлардаги ифлослантирувчи моддаларнинг рухсат этилган ташлама меъёрининг чегараси тегишли лойиҳаларда белгиланган бўлиб, шу асосда, белгиланган тартиб бўйича сувдан фойдаланишга рухсат берилади.
Тупроқни муҳофаза қилиш
468. Корхоналар ҳудудидаги тупроқнинг ифлосланишига асосий манба бўлиб резервуар ва ускуналардаги беркитиш арматураси, фланецли ва муфтали уланмалар, пайванд чокларидаги ножипсликлар, резервуарлардаги коррозия туфайли носоз жойлардан сизиб чиқиш, резервуарларни тозалаш маҳсулотлари ҳисобланади.
469. Резервуарларга маҳсулот қуйиш ёки тарқатиш пайтида тупроқ ифлосланишининг олдини олиш учун чуқурдаги резервуарларга борувчи берк дренаж ариқчаларини ўрнатиш ва мазкур резервуарлардан йиғилган маҳсулотни автоматик тарзда сўриб олиш режалаштирилиши керак.
Технологик ускуналардаги сальникли қурилмалар, фланецли уламалар, ечиб олинадиган деталлар, люклардаги герметиклик устиндан доимий назорат ўрнатилиши лозим.
470. Резервуарларга қуйилаётган маҳсулот тўлиб-тошиб кетмаслиги учун, белгиланган даража (сатҳ)га етганда маҳсулот келишини автоматик тарзда тўхтатиб қўядиган сақлагич қурилмадан фойдаланиш лозим.
Чиқиндилар ҳосил бўлиши ва уларни жойлаштиришга доир лимитлар
471. Резервуарларни тозалаш натижасида ҳосил бўлган қаттиқ чиқиндилар (коррозия маҳсулотлари, механик аралашмалар, нефтшламлари) утиллаштирилиб, махсус белгиланган жойларга йиғилиши керак.
472. Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонунига биноан нефтни ҳайдаш станцияларининг иши натижасида ҳосил бўладиган чиқиндиларни жойлаштириш, табиатни ҳимояловчи ҳудудий органларнинг, корхоналарда чиқиндилар ҳосил бўлишига доир меъёрлар ва уларни жойлаштиришга оид лимитларга мувофиқ берган рухсатномалари асосида амалга оширилади.
473. Чиқиндиларнинг ҳосил бўлишига оид меъёрлар ва уларни жойлаштиришга доир лимитлар бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида», «Табиат муҳофазаси тўғрисида»ги қонунлари, «Заҳарли саноат чиқиндиларининг вақтинча классификацияси», «Корхоналардаги чиқиндиларни инвентаризация қилиш, истеъмолга яратиш ва табиий муҳитда чиқиндиларни жойлаштириш меъёрлари чегарасига доир лойиҳаларни расмийлаштириш бўйича услубий тавсиялар»га амал қилиш зарур. Мазкур меъёрларга доир лойиҳаларни тегишли лицензия (рухсатнома)си бўлган ташкилотлар ишлаб чиқади.
474. Нефтгаз соҳаси бўйича, мазкур (юқоридаги) меъёрлар таркибида, резервуарларнинг деворлари ва ости (таги)ни тозалашда ҳосил бўлган қаттиқ чиқиндилар миқдори ҳам инобатга олинган бўлиши лозим.
4-§. Резервуарларни ишлатишдаги ёнғин хавфсизлиги
475. Резервуардаги ёнғин хавфсизлигига ГОСТ 12.1.004 талабларига кўра, қуйидагилар ҳисобига эришилади:
а) маҳсулотнинг тўкилиб, оқиб кетишининг олдини олиш;
б) резервуар парки ҳудудида ёнувчи буғ-ҳаво муҳитининг ҳосил бўлиши ва ёнувчи муҳитда алангаланиш манбаи ҳосил бўлишининг олдини олиш;
в) резервуарлар, ускуналар, қувурўтказгичлардан нефтнинг авария ҳолатида чиқишига барҳам берувчи аварияга қарши ҳимояни ташкил қилиш;
г) резервуар паркига хизмат қилувчи ходимларни авария туфайли маҳсулот оқиб кетишини, ҳамда ёнғин ва ўт олишларнинг олдини олиш бўйича ташкилий тадбирлар ўтказиш.
476. Резервуарларни ишлатиш давомида «Ўзнефтмаҳсулот» АКси корхоналарини ишлатишдаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари», «Ўзбекистон Республикасининг нефтьгазқазибчиқариш саноатидаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари» ва бошқа амалдаги норматив-техник ҳужжатларда белгиланган талаблар бажарилиши керак.
477. Резервуарлардаги ёнғин хавфсизлигини таъминлашга резервуарни ишлатувчи ташкилотнинг биринчи раҳбари ва лавозим йўриқномасига кўра иш жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш топширилган шахслар жавобгар ҳисобланадилар.
478. Резервуарлар парклари ва алоҳида турган резервуарлар ҚМҚ 2.09.19 га мувофиқ кўпикли ўт ўчириш ва сув билан совутиш тизими билан жиҳозланиши шарт.
479. Ўт ўчириш, сигнал бериш, алоқа тизими ва дастлабки ўт ўчириш воситалари ишга яроқли ва доимий тайёр ҳолатда бўлиши зарур.
480. Резервуарларни ишлатувчи корхоналарда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, амалдаги норматив-техник ҳужжатларга мувофиқ, ёнғиндан ҳимоялаш тизими ташкил этилиб, ёнғин ҳимоячилари сони, ҳамда ўт ўчириш техникасининг жиҳозланиши белгилаб қўйилиши лозим.
481. Мазкур қоидаларга мос ҳолда, корхона таркибидаги ҳар бир резервуар парки учун ёнғин хавфсизлигига оид тадбирлар баён этилган цех ва объектлар бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиши керак.
482. Резервуар парклари ва алоҳида турган резервуарлар «Ўзнефтмаҳсулот» АКси корхоналарини ишлатишдаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари», «Ўзбекистон Республикасининг нефтгазқазибчиқариш саноатидаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари» ва бошқа норматив-техник ҳужжатларда кўрсатилган амалдаги меъёрларга биноан зарур бирламчи ўт ўчириш воситалари билан таъминланиши зарур.
483. Резервуар парки ҳудудида ўт ўчириш ашёлари ускуналари, гидрантлар, қудуқлар ва ҳ. к. лар турган жойлар кўрсатилган ёнғин хавфсизлиги белгилари, ҳамда уларга борадиган йўл, ўтиш жойлари, ёнғин хавфсизлигининг бузилишига олиб келувчи ҳаракатларни тақиқловчи белгилар ўрнатилиши лозим.
Ишлатишга оид йўриқномаларга кўра резервуарларнинг ускуналари ҳолатини мунтазам равишда текшириб туриш лозим.
484. Резервуарларнинг портлашдан хавфли ҳудудидаги электртехник ускуналар ГОСТ 12.2.020, ГОСТ 22782.0, ЭҚТҚ (ПУЭ) га мувофиқ портлашдан ҳимояланиб ясалган бўлиши керак.
Электр манбаидан таъминланадиган маҳсулот сатҳини ўлчаш воситалари ва намуна олиш асбобларига доир электр хавфсизлик чоралари ГОСТ 12997 бўйича амалга оширилади.
Сатҳ ўлчаш ва намуна олгич воситаларнинг электр қисмини резервуар ичига ўрнатиш мумкин эмас.
485. Резервуар ҳудудининг ёнғин хавфсизлиги «Ўзнефтмаҳсулот» АКси корхоналарини ишлатишдаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари», «Ўзбекистон Республикасининг нефтқазибчиқариш саноатидаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари» ва бошқа норматив-техник ҳужжатлардаги талабларга жавоб бериши керак.
486. Резервуарларни таъмирлашга тайёрлаш ва бевосита таъмирлаш ишлари «Ўзнефтмаҳсулот» АКси корхоналарини ишлатишдаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари», «Ўзбекистон Республикасининг нефтқазибчиқариш саноатидаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари» ва бошқа норматив-техник ҳужжатларда белгиланган талабларга риоя қилиб бажарилиши керак.
487. Резервуар парки ва резервуарларда оловли ишларни ўтказиш «Ўзнефтмаҳсулот» АКси корхоналарини ишлатишдаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари», «Ўзбекистон Республикасининг нефтқазибчиқариш саноатидаги ёнғин хавфсизлиги қоидалари», «Портлашдан ва портлаш-ёнғиндан хавфли объектларда оловли ишларни хавфсиз бажаришни ташкил этишга доир соҳа йўриқномаси» ва амалдаги норматив-техник ҳужжатлар талабларига мос ҳолда ўтказиш зарур.
488. Мазкур қоидаларни бузилишида айбдор бўлган шахслар ва фуқароларнинг жавобгарликга тортилиш масаласи қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.
XI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
489. «Пўлат резервуарларни техник ишлатишга оид қоидалар» Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, «Ўзбекнефтгаз» МХК, ва ЎзР ЙИВ ЁҲББ билан келишилган.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Д. ЖАҲОНГИРОВА
«Ўзбекнефтгаз» МХК Бошқарув раиси У. НАЗАРОВ
ЎзР ИИВ ЁҲББ бошлиғи И. ИСЛАМОВ