Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ КУТУБХОНАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА «МАЪРИФАТ МАРКАЗИ» БИНОСИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА
Мамлакатнинг йирик ахборот ва маданият маркази сифатида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолиятини ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий талабларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш, аҳолининг интеллектуал эҳтиёжларини энг юқори даражада қондиришга йўналтирилган принципиал жиҳатдан янги ахборот-кутубхона муассасасини ташкил этиш, маданий, маънавий-ахлоқий қадриятларни сақлаш ва кўпайтириш, шунингдек ягона ижтимоий-маданий ва ўқув-таълим маркази сифатида «Маърифат маркази» биносининг зарур даражада фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида «Маърифат маркази» биносидан фойдаланиш ва бинога туташ ҳудудга хизмат кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган дирекция» давлат муассасаси (кейинги ўринларда Ихтисослаштирилган дирекция деб аталади) ташкил этилсин, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
белгиланган меъёрлар ва стандартларга мувофиқ «Маърифат маркази» биносидан эҳтиётлаб ва самарали фойдаланиш ҳамда бинонинг инфратузилмасини, унга туташ ҳудуднинг ободонлаштирилганлиги ва тозалигини зарур даражада сақлаш, шунингдек дов-дарахтларни доимий парвариш қилишни таъминлаш;
бинони сақлашнинг мураккаб технологик асбоб-ускуналари, ахборот ва муҳандислик-коммуникация тизимларининг зарур тарзда ишлашини таъминлаш, фойдаланилаётган машиналар, механизмлар ва иншоотларга ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ҳамда манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботнинг белгиланган талабларига риоя этиб «Маърифат маркази» биносида халқаро симпозиумлар, конгресслар ва конференциялар ўтказилишига кўмаклашиш.
2. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Маърифат маркази» биносини белгиланган тартибда Ихтисослаштирилган дирекция балансига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Усмонов) бир ой муддатда:
Ихтисослаштирилган дирекция уставини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ихтисослаштирилган дирекция директорини тайинласин;
«Маърифат маркази» биносининг давлат қабул комиссияси далолатномаси натижаларидан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Ихтисослаштирилган дирекциянинг штат жадвалини ва ходимларининг лавозим маошлари миқдорларини тасдиқласин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда комплекс тадбирларни, шу жумладан «Маърифат маркази» биносидан фойдаланишда хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботнинг белгиланган талабларига риоя этиш тадбирларини амалга оширсин.
4. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
Ихтисослаштирилган дирекция учун 3 та транспорт воситасини (улардан 2 таси — енгил автомашина) сотиб олиш Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги маблағлари ҳисобига амалга оширилади;
жорий хизмат кўрсатиш ҳамда кондиционерлаштириш ва вентиляция тизимлари профилактикаси, энергия таъминоти, компьютер ва кўтариш-ташиш асбоб-ускуналари, қўриқлаш сигнализацияси ва инфратузилманинг бошқа элементлари бўйича тадбирлар, шунингдек биноларни мукаммал тозалаш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ва ўсимликларни парвариш қилиш ишлари, қоидага кўра, Ихтисослаштирилган дирекция харажатлари сметасида назарда тутилган бюджет маблағлари ҳисобига, шартнома асосида ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
5. «Маърифат маркази» биносига Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (кейинги ўринларда Миллий кутубхона деб аталади) жойлаштирилсин.
6. Белгилансинки:
а) Миллий кутубхона фаолияти:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
пулли хизматлар кўрсатишдан олинадиган маблағлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
б) Миллий кутубхонага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза, ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплекси (А.Н. Арипов) ташкил этилган асосан янги ташкилий шарт-шароитларни ва «Маърифат маркази» биносини қуришда фойдаланилган технологик ечимларни ҳисобга олган ҳолда жаҳон стандартлари даражасидаги ахборот-кутубхона фаолиятини амалга ошириш учун Миллий кутубхона фаолиятини ташкил этиш юзасидан қуйидагиларни назарда тутадиган амалий чора-тадбирлар кўрсин:
Кейинги таҳрирга қаранг.
зарур ахборотдан фойдаланиш имконини бериш билан бирга билишга доир қизиқишларни шакллантириш ва Миллий кутубхона ҳузуридаги музей, кўргазмалар зали ва киномарказда ташриф буюрувчиларнинг маданий дам олишини ташкил этиш имконини берадиган ягона ижтимоий-маданий ва ўқув-таълим маркази сифатида кутубхона фаолиятини ташкил этиш;
фойдаланувчиларнинг, шу жумладан имкониятлари чекланган фойдаланувчиларнинг энг замонавий компьютер техникаси, ахборот киоскалари ва виртуал маълумотнома хизматлари билан жиҳозланган кутубхонанинг қироатхона залида ҳамда Wi-Fi маълумотлар узатишнинг симсиз технологияларидан ва интернетдан фойдаланган ҳолда кутубхона ташқарисида миллий ва жаҳон ахборот ресурсларидан қулай фойдаланиши учун замонавий шарт-шароитларни таъминлаш;
махсус дастурий комплексларни жорий этиш асосида кутубхона фаолиятининг барча жараёнларини автоматлаштириш, шу жумладан ахборот-кутубхона ресурсларини тўлдириш, илмий қайта ишлаш, сақлаш ҳамда қоғоз ва электрон шаклларда фойдаланувчиларга бериш, шунингдек миллий электрон ресурсларни, йиғма электрон каталогни шакллантириш ҳамда корпоратив, миллий тармоқларни ва бошқа тармоқларни республиканинг ягона электрон ахборот-кутубхона ресурсига интеграциялаш;
матнларни электрон форматга ўтказишнинг жаҳон даражасидаги янги илғор технологияларини қўллаган, нодир китоблар ва манускриптга махсус ишлов берган ва уларни тегишли шароитларда сақлаган ҳолда миллий ахборот-кутубхона ресурсларини, шу жумладан ноёб ва алоҳида қимматли нашрларни сақлаш, консервация қилиш ва таъмирлаш.
8. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Миллий кутубхона билан биргаликда бир ой муддатда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ташриф буюриш ва унинг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
9. Миллий китоб палатаси ва Миллий кутубхонанинг миллий библиография бўлими уларнинг функцияларини мақбуллаштириш ва Миллий кутубхона тузилмасида миллий библиография ва давлат библиографик ҳисобга олиш бўлими ҳамда китоблар ва даврий нашрларнинг халқаро стандарт рақамлари бўлими (ISBN ва ISSN)ни ташкил қилиш йўли билан қайта ташкил этилсин.
10. Қуйидагилар:
«Маърифат маркази» биносидан фойдаланиш ва бинога туташ ҳудудга хизмат кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган дирекция» давлат муассасасининг ходимларнинг чекланган сони 55 нафар, шу жумладан бошқарув ходимлари сони 5 нафар бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ходимларнинг чекланган сони 148 нафар бўлган, шу жумладан бошқарув ходимлари 12 нафар бўлган тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тўғрисидаги Низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Маданият ва спорт» тармоғи бўйича бюджет маблағлари доирасида 2011 йилда Миллий кутубхона ва Ихтисослаштирилган дирекция таъминотига зарур сарф-харажатларни молиялаштирсин, 2012 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ушбу мақсадлар учун тегишли маблағ ажратилишини назарда тутсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Вазирлар Маҳкамасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини ташкил этиш тўғрисида» 2002 йил 12 апрелдаги 123-сон қарорининг 1, 2 ва 10-бандлари ҳамда қарорга 1 ва 2-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2011 йил 14 ноябрь,
302-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 14 ноябрдаги 302-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Маърифат маркази» биносидан фойдаланиш ва бинога туташ ҳудудга хизмат кўрсатиш бўйича ихтисослаштирилган дирекция» давлат муассасасининг
тузилмаси
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 14 ноябрдаги 302-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси
ТУЗИЛМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 14 ноябрдаги 302-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (кейинги ўринларда Миллий кутубхона деб аталади) Ўзбекистон Республикасида миллий ва жаҳон маданиятини, фан ва таълимни ривожлантириш манфаатлари йўлида ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этувчи ва амалга оширувчи умумдавлат универсал ахборот-кутубхона муассасаси ҳисобланади.
2. Миллий кутубхона Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфида бўлади.
3. Миллий кутубхона ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга амал қилади.
4. Миллий кутубхонанинг ахборот-кутубхона фонди давлат мулки ҳисобланади.
5. Миллий кутубхонанинг нашрларнинг мажбурий нусхасини олиш ҳисобига шакллантириладиган, шунингдек нодир ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурслари сақланадиган ахборот-кутубхона фонди миллий қадриятлар ҳисобланади ва моддий маданий мерос объекти сифатида сақланиши керак.
6. Миллий кутубхона ахборот-кутубхона фондларини ва бошқа ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш ҳамда улардан фойдаланишнинг махсус режимини, шунингдек улардан фойдаланиш режимини белгилайди.
7. Нодир ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурслари сақланишини таъминлаш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда Миллий кутубхонага ташриф буюриш ва ундан фойдаланиш қоидаларида кутубхонанинг ахборот-кутубхона фондларидан фойдаланишда чеклашлар белгиланиши мумкин. Миллий кутубхонада мавжуд бўлган, чекланган тартибда фойдаланиладиган ахборот-кутубхона ресурслари тўғрисидаги ахборотдан ҳамма фойдаланиши мумкин.
8. Миллий кутубхона юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, банкларда ҳисоб-китоб рақамларига ва бошқа ҳисоб рақамларига эга бўлади.
9. Миллий кутубхонанинг жойлашган манзили: Тошкент шаҳри, Истиқлол кўчаси, «Маърифат маркази» биноси.
II. Асосий вазифалари
10. Қуйидагилар Миллий кутубхонанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда қатнашиш;
фойдаланувчиларнинг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланишини таъминлаш;
фойдаланувчиларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий ва таълимга оид ахборотларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун шарт-шароитлар яратиш;
миллий маданиятнинг тикланишига ва янада ривожланишига кўмаклашиш;
Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини сақлаш;
ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланилишини таъминлаш.
Миллий кутубхона барча идораларнинг ахборот-кутубхона муассасалари учун республика методик маркази ҳисобланади.
III. Асосий функциялари
11. Миллий кутубхона ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;
ахборот-кутубхона фондини шакллантиради, унинг сақланишини таъминлайди ҳамда фойдаланувчиларга миллий ва хорижий нашрларнинг энг тўлиқ тўпламини қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этади;
Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларнинг мажбурий нусхаларини, шунингдек диссертациялар нусхаларини олади;
Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларнинг давлат библиографик ҳисобини ва статистика назоратини юритади;
Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларга ISBN, ISSN тизими бўйича китоб ва даврий нашрларнинг халқаро стандарт тартиб рақамларини беради;
электрон кутубхонани ва электрон каталогни шакллантиради;
кутубхоначилик ишлари, библиографияшунослик, китоб ишлари соҳасида илмий-тадқиқот ва илмий-методик ишларни олиб боради ва мувофиқлаштиради;
нодир ва алоҳида қимматга эга бўлган ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш, консервация ва реставрация қилиш ишларини амалга оширади;
йиғма электрон каталогни шакллантиради ва юритади;
ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратади;
бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
Миллий кутубхона қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.
IV. Миллий кутубхонанинг ҳуқуқлари
12. Миллий кутубхона қуйидаги ҳуқуқларга эга:
«Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва ушбу Низомга мувофиқ ўз ахборот-кутубхона фаолиятининг мазмуни ва аниқ шаклларини белгилаш;
белгиланган тартибда ноширлик ва матбаа фаолиятини амалга ошириш;
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан тасдиқланган вақтинчалик нархлар прейскурантига мувофиқ ахборот-коммуникация технологиялари асосида пулли ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш;
кутубхонадан фойдаланувчилар томонидан етказилган зарарнинг турларини ва ундириш миқдорларини қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан тасдиқланган Миллий кутубхонадан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ белгилаш;
ўз ахборот-кутубхона фондларидан, уларнинг тўлиқлиги ва бутлигига хилоф етказмасдан ахборот-кутубхона ресурсларининг ортиқча сони ва нусхаларини ҳисобдан чиқариш, шунингдек уларни Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан келишилган ахборот-кутубхона ресурсларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ ҳамда «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини ҳисобга олган ҳолда сотиш;
Миллий кутубхонанинг ахборот-кутубхона фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган мол-мулкни харид қилиш ёки ижарага олиш;
юридик ва жисмоний шахслар билан тузиладиган шартномалар асосида Миллий кутубхонанинг ахборот-кутубхона фондларидан фойдаланиш шартларини белгилаш;
ўз ваколатлари доирасида халқаро ахборот-кутубхона муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек хорижий мансабдор ва хусусий шахслар билан алоқаларни амалга ошириш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;
юридик ва жисмоний шахсларга нашрларни идентификация қилиш бўйича маслаҳатлар бериш, уларни, шу жумладан миллий қадриятларга, моддий маданий мерос объектларига мансуб нашрларни экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш;
ахборот-кутубхона фаолияти масалаларини кўриб чиқиш учун доимий ва вақтинчалик комиссиялар, кенгашлар ташкил этади.
Миллий кутубхона ўз ваколатлари доирасида, юкланган вазифалардан келиб чиқувчи бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
V. Миллий кутубхонани бошқариш
13. Миллий кутубхона фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.
14. Директор:
Миллий кутубхонага юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Миллий кутубхонанинг штатлар жадвалини, унинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;
Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда директор ўринбосарларини ва илмий котибни лавозимга тайинлайди;
ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
Миллий кутубхона ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, улар билан меҳнат шартномалари (контрактлари) тузади ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ Миллий кутубхона ходимларини рағбатлантириш чора-тадбирларини кўради ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллайди;
белгиланган тартибда Миллий кутубхонанинг мол-мулки ва маблағларини тасарруф этади, ишлаб чиқариш ва ижтимоий вазифаларни ҳал этиш учун кутубхонанинг ахборот-кутубхона ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлайди;
Миллий кутубхонанинг моддий-техника базасини зарур даражада сақлаш ва ривожлантириш, кутубхона фойдаланувчилари ва ходимлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини белгиланган тартибда амалга оширади, ахборот-кутубхона фондлари ва маълумотномалар аппарати, алоҳида қимматли ва нодир ахборот-кутубхона ресурслари тўпламлари, шунингдек бинолар, иншоотлар, асбоб-анжомлар, Миллий кутубхонанинг бошқа мол-мулки сақланиши ва улардан зарур даражада фойдаланилиши учун жавоб беради.
15. Миллий кутубхонада маслаҳат органи сифатида етакчи олимлар, кутубхона ва бошқа илмий ташкилотлар мутахассисларидан шакллантириладиган Илмий кенгаш фаолият кўрсатади. Миллий кутубхона директори Илмий кенгаш раиси ҳисобланади, у Илмий кенгаш тўғрисидаги низомни ҳамда унинг таркибини, шунингдек Илмий кенгаш фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатларни тасдиқлайди.
VI. Миллий кутубхонанинг мол-мулки ва маблағлари
16. Ушбу Низомда назарда тутилган фаолиятни таъминлаш учун Миллий кутубхона қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.
17. Миллий кутубхонанинг молиявий маблағлари:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
пулли хизматлар кўрсатишдан олинадиган маблағлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.
18. Миллий кутубхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 45-46-сон, 475-модда; 2012 й., 14-сон, 157-модда, 36-сон, 412-модда; 2016 й., 17-сон, 176-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.01.2018 й., 09/18/1038/0508-сон; 04.06.2019 й., 09/19/457/3235-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)