Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси «Саноатконтехназорат» БОШЛИҒИНИНГ
БУЙРУҒИ
АЦЕТОННИ САҚЛАШ ВА ҚЎЛЛАШДА ХАВФСИЗЛИК ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2009 йил 29 декабрь, 6-15/23-10396/6-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон «Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) мувофиқ буюраман:
1. Ацетонни сақлаш ва қўллашда хавфсизлик қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Инспекция бошлиғи И. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 1 декабрь,
254-сон
«САНОАТКОНТЕХНАЗОРАТ» давлат инспекцияси бошлиғининг 2009 йил 1 декабрдаги 254-сонли буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ацетонни сақлаш ва қўллашда хавфсизлик
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) Қонунига мувофиқ ацетонни сақлаш ва қўллашда хавфсизлик қоидаларини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар ацетонни сақловчи ва қўлловчи ташкилотларга (бундан кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.
2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.
3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.
II. Ацетонни сақлаш ва қўллашда хавфсизлик
1-§. Умумий талаблар
4. Ацетон — енгил алангаланувчи, рангсиз, тиниқ суюқлик. Унинг формуласи СН СОСН.
5. Ацетон органик моддалар, резина, сақич, лак ва бўёқларни, ацетат ва целлюлозаларни эритувчи, органик синтез учун хом ашё сифатида, ацетилен баллонларида ацетиленни абсорбциялаш учун қўлланилади.
6. Ацетонни сақлаш ва қўллашдаги технологик жараёнлар ГОСТ 12.3.002-75 «Ишлаб чиқариш жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари»га мувофиқ бўлиши лозим.
7. Ацетонни сақлаш ва қўллашда асбоблар, тартибга солувчилар. сигнал берувчилар ва масофадан бошқариш воситаларидан иборат технологик жараёнларни автоматлаштиришга мўлжалланган қурилмалар мажмуаси қуйидагиларни таъминлаши керак:
а) жараёнларнинг хавфсиз назорати ва бошқаруви;
б) суюқликларнинг ортиқча қуйилишининг олдини олиш;
в) чегаравий миқдорларга эришганда ёки механизмнинг носоз ҳолатида ҳимоявий блокировкаларнинг ишлаб кетиши;
г) хизмат кўрсатувчи цех ходимларининг ортиқча ҳаракатланишининг олдини олиш мақсадида жараённи назорат қилиш ва бошқаришнинг марказлаштирилиши.
8. Технологик жараёнларни назорат қилиш тизими, автоматлаштирилган ва масофадан бошқариш тизимлари, аварияга қарши автоматик ҳимоя тизими (АҚАҲ тизими), шунингдек авария ҳолатларидан хабар берувчи ва алоқа (алоқа ва хабар бериш тизими) тизимлари, шу жумладан асбоб-ускуналар билан комплект юборилаётган тизимлар амалдаги меъёрий-техник ҳужжат, лойиҳа, регламентлар талабларига жавоб бериши ва технологик параметрларни берилган аниқликда ушлаб туришни, технологик жараёнларни ишончли ва хавфсиз олиб борилишини таъминлаши керак.
9. Ацетон концентрацияси рухсат этилган энг кўп миқдордан кўтарилганда автоматик газоанализаторлар қуйидагиларни таъминлаши лозим:
а) аварияли шамоллатишнинг ёқилишини;
б) технологик жараённи хусусиятига кўра аппаратларни тўхтатишини;
в) технологик аппаратларга ва коммуникацияга ацетонни қабул қилинишини тўхтатадиган авария сурилмаларининг ёпилишини;
г) аппаратлар ва коммуникацияларга флегматизаторларнинг узатилишини.
10. Ацетонни берилган даражасига қатъий риоя қилиш зарур, чунки ундан четга чиқиш портлаш хавфи бўлган маҳсулотларни муҳитга отилиб чиқишини келтириб, портлаш хавфи бўлган аралашмаларни пайдо бўлишини ва кейинги портлашни келтириб чиқаради.
11. Сақловчи клапанлар сони ва уларни ўтказиш қобилияти ГОСТ 12.2.085-82 «Босим остида ишлайдиган идишлар. Сақловчи клапанлар. Хавфсизлик талаблари»га мувофиқ ҳисоб бўйича танлаб олинган ва созланган бўлиши керак.
12. Анализаторларнинг ўлчов асбоблари, автоматик газоанализаторлар ва унга тегишли бошқа асбоблар портлаш хавфи бўлган хоналарда ва очиқ портлаш хавфи бўлган қурилмаларда «Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда хавфсизлик техникаси қоидалари» (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) талабларини ҳисобга олган ҳолда қулфланадиган шкафларда жойлаштирилиши керак.
13. Газоанализаторларнинг датчиги энг кам масофада газ ва буғларнинг чиқиш эҳтимоли кўп бўлган жойда ўрнатилиши, асбобларга хизмат кўрсатиш ва созлаш учун қулай бўлиши керак.
14. Ацетон ҳаводаги кислород билан портлашга хавфли аралашмаларни ҳосил қилгани учун, ацетонни сақловчи ва қўлловчи объектлар портлаш хавфи бўйича В-1а ва В-1г синф тоифаси ва ёнғин хавфи бўйича А тоифасига тегишли.
15. Ацетон ёниб кетганида ўчириш учун механик ҳаво ёки химик кўпик, инерт газлар, сув буғи, аппаратурани совутиш учун сув, қум, асбест матоси ишлатилади.
2-§. Бўяш ишларида ацетондан фойдаланиш
16. Бўёқларни тайёрлашда эритгич буғларининг ажралиши маҳсулотларни бўяш жараёни учун характерли бўлган зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларидан бири ҳисобланади.
17. Бўяш ишларини ўтказганда ишлаб чиқариш хоналарида, технологик ускуналарда ёнғин ва портлашни вужудга келтириш шароитларини бартараф қиладиган чоралар назарда тутилиши зарур.
18. Бўёқ тайёрловчи бўлимларнинг барча ускуналари ёнмайдиган материаллардан тайёрланиши лозим.
19. Бўёқ тайёрловчи бўлимларда очиқ олов ишлатилиши билан боғлиқ ишларни ўтказишга рухсат этилмайди.
20. Лак ва бўёқ материалларни суюлтириш билан боғлиқ барча ишларни вентиляция тизими ёқилган ҳолда ўтказиш зарур.
21. 40дм3 дан кўп бўлган сиғимли идишдан лак ва бўёқ материалларни ва эритгичларни (ацетон) иш идишига узатиш насослар ёрдамида қувурларда амалга оширилиши лозим.
22. Лак ва бўёқ материаллар ва эритгичларнинг чиқиндиларини канализацияга тўкиш ман этилади. Уларни махсус ёпиқ идишга тўплаб ва махсус ажратилган жойга олиб бориш лозим.
23. Ишлатилгандан сўнг қийқиндиларни ва латталарни пўлат қопқоқ билан ёпиладиган пўлат қутиларга жойлаш ва смена сўнгида ёнғин хавфсизлиги хизмати кўрсатмаси бўйича цехдан ажратилган махсус жойга чиқариш лозим.
24. Полларни, девор ва ускуналарни эритгичлар (ацетон) билан ювиш ман этилади.
25. Ацетон тўкилган махсус кийимни дарҳол тозасига алмаштириш лозим.
26. Полга тўкилган ацетонга дарҳол қум сепилиши ва кейин эса чуқурга ёғоч белкурак ёки куракча билан олиб ташланиши керак.
27. Бўёқ тайёрлаш бўлинмаларида овқат сақлаш ва овқатланиш тақиқланади.
28. Узатиш тизими аралаштиргичларда ацетон тўлиб кетишининг олдини олиш учун ўлчагич ёки дозатор ҳисоблагичдан фойдаланиш керак.
3-§. Резинали саноат ташкилотларда ацетондан фойдаланиш
29. Ацетон учун сиғимлар тошиб кетишининг олдини олувчи ва ацетонни авариявий тўкишни таъминловчи қурилмалар билан жиҳозланиши керак.
30. Аралаштиргичга кўчма идишларда (челак ва бошқалар) ацетон узатишдан фойдаланиш тақиқланади.
31. Ацетонни аралаштиргичга эркин шариллаб тушиши тақиқланади.
32. Роторларнинг паррак тароқлари ёки аралаштиргичларни ички юзаси алангаланмайдиган материалдан ясалган ёки шу материаллардан тайёрланган қопламага эга бўлиши керак.
33. Аралаштиргичнинг ишчи камераси герметик ҳолатда бўлиши керак.
34. Эритма (ацетон)ни сувдан ажралиш босқичида, эритмани канализацияга тушишининг олдини олувчи воситалар назарда тутилиши керак.
4-§. Ацетилен баллонларда ацетондан фойдаланиш
35. Ацетилен баллонларида ацетон ацетилен абсорбцияси учун қўлланилади.
36. Баллонга ацетилен ҳайдаш миқдорини ошириш учун техник ацетондан фойдаланилади, яъни баллонга 225 — 230г ацетонни ғовак массаси билан 1 литр баллон сиғимининг ҳар бир литрига киритилади. Ғовак массали модда ацетонга нисбатан ҳам оддий шароитларда ҳам юқори ҳарорат ва босимда нейтраль бўлиши керак.
37. Ацетонни тўлдирилган баллондан камайиши (ацетилен чиққанда), 40 литрлик баллондан бир литрдан ошса, махсус дозаловчи асбоб ёрдамида баллонга етишмайдиган ацетон миқдорини қўшиш зарур.
38. Ғовак масса сифатига, ғовак масса тўлдирилиши тўғрилигига ва биринчи қуйилган ацетон сифатига ишлаб чиқарувчи ташкилот жавобгардир. Ишлатилишда бўлган баллонлардаги тўғри дозалаш ва эритма сифатига ацетон билан тўлдириш ташкилотлари жавобгардир.
39. Ацетилен баллонини ташқи иссиқлик манбаи билан қиздириш тақиқланади. Чунки ҳарорат 56° С дан юқорига кўтарилганда, ацетондаги ацетилен эритмаларининг эриши тезда камаяди ва эритмали ҳолатдаги ацетилен газсимон ҳолатга ўтади, ацетон буғланиши натижасида баллондаги босим ортади яъни буғларининг қизиши 11,2 маротабага ўсиши мумкин, яъни фавқулодда хавфлидир.
40. Бир баллондан соатига олинадиган газ миқдори, 1200 — 1500дм3 дан ошмаслиги керак.
41. Ацетилен баллонлар билан ишлашда барча бирикмаларнинг герметиклигини пухта текшириш зарур, акс ҳолда баллон олдида портлаш хавфи бор газли аралашма пайдо бўлиши мумкин.
42. Ацетиленли баллонларни вертикал ҳолатда сақлаш тавсия этилади, яъни ётқизилган баллонда ацетилен билан анча миқдорда ацетон ҳам ажралади, баллонга ёмон тиқилган ғовак массадан эса ацетон вентиль орқали оқиши мумкин.
5-§. Ацетонни сақлаш
43. Ташкилотларда ацетонни жўнатиш, ундан фойдаланиш ва сақлаш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш, технологик регламентлар, стандартлар ва амалдаги бошқа меъёрий техник ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
44. Ташкилот раҳбари ацетондан фойдаланиш ва сақлашни тўғри ташкил этиш бўйича жавобгар ҳисобланади.
45. Техник ацетонни пўлатли, алюмин, руҳланган идишларда ва шиша бутилларда сақлаш керак.
46. Ацетон прекурсор ҳисобланиб, уни сақлаш ва тақсимлаш «Наркотик моддалар, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб кириш, олиб чиқиш ва транзитлаш ҳақида» ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 31 июлдаги 293-сонли қарори талабларига мувофиқ бўлиши керак.
47. Ацетон сақланадиган сиғимлар пломбаланган бўлиши керак.
48. Ишлаб чиқаришда (ташкилотда) фойдаланиладиган ацетон, омборларда ёки махсус чека биноларда яхши сақланишини таъминлаган ҳолда сақланиши керак.
49. Ацетонни ертўла ва ярим ертўла биноларда сақланишига йўл қўйилмайди.
50. Омбор бинолари эшиклари ёпиқ ҳолда бўлиши керак. Иш вақти тугагандан сўнг эшиклар қулфланиши ва муҳрланиши керак, калит, муҳр ва пломба моддий жавобгар шахсда бўлиши керак. Барча омборларда кўринадиган жойларида ГОСТ 12.4.026.-76.га мувофиқ «Сигнал ранглари ва хавфсизлик белгилари», хавфсизлик техникаси бўйича йўриқнома ва биринчи ёрдам кўрсатиш хавфсизлик белгилари осилган бўлиши керак.
51. Ацетон ва бошқа тез алангаланувчи суюқликларни кичик тараларда (бочка, бидон, банка) сақлашда, омборнинг ҳар бир бўлмасида ажратилган маҳсулот тури сақланиши керак.
52. Ацетонни тараларда омборда сақланиши стеллаж ёки штабелларда амалга оширилади. Стеллажлар ёнмайдиган ва барқарор бўлиши керак.
53. Юклаш-тушириш механизмларидан ўтиш учун стеллаж ва штабеллар ўртасидаги масофа 1,5 м. дан, ўтиш жойлари — 0,8 м. дан кам бўлмаслиги керак. Бундан ташқари ҳар бир омборда бўйи — энига 1,5-2 м. омборни бор бўйига ва кўндалангига эшик тешикларига қарама-қарши ўтиш жойлари бўлиши керак.
54. Полда, штабелларда ацетонли бочкаларни қўлда тахлашда бочкаларни қаторлар орасида таглиги билан горизонтал ҳолати бўйича икки қатордан ортиқ бўлмаслиги ва бочкаларни баландлиги бўйича вертикал ҳолатида бир қаватдан ортиқ бўлмаслиги керак.
55. Полда ацетонли бочкаларни механизациялаштирилган ҳолда тахлашда қаторлар орасидаги таглик билан қаватлар миқдори учтадан ошмаслиги керак.
56. Ацетонли бочкаларни тахлаш стеллажни ҳар бир қаватида баландлиги бўйича бир қатордан бажарилиши керак.
57. Стеллаж ёки штабелни энига ацетонли икки бочкадан ортиқ тахлаш тавсия этилмайди.
58. Ацетонли бочкаларни юмалатганда ва сақлаш жойига юклашда, бочкаларга зарб тегиши ва учқун пайдо бўлишини олдини олиб, эҳтиётликка риоя қилиш зарур.
59. Ацетонли бочкаларнинг тиқинлари юқорига қаратилган ҳолда тахланиши керак. Металл бочка-тараларнинг тиқинлари резьбали ва махсус калит воситасида очилиши керак. Тиқинларни болға, зубило ва бошқа асбоблар билан очишга йўл қўйилмайди, ёғоч тиқинларни қўллашга рухсат этилмайди.
60. Ацетонларни бутилларда сақлашда уларни ёнмайдиган панжараларда жойлаштириш керак.
61. Иситиш асбоблари ёнида ацетонни сақлашга рухсат этилмайди. Стеллаж ёки штабелнинг иситиш элементигача масофаси 1 метрдан кам бўлмаслиги керак.
62. Омбордан ацетонни очиқ усулда тарқатилишига рухсат этилмайди.
63. Ацетондан бўшатилган тара махсус ёпиқ майдончаларда, ишлаб чиқариш бинолари ва омборларидан 30 метрдан кам бўлмаган масофада сақланиши керак. Ацетондан тозалаш ва ювиш учун берувчи-сўрувчи шамолатгич билан жиҳозланган махсус жой (бино) мўлжалланиши лозим.
64. Ацетонни цехлардаги омбор ва омборхона биноларида сақлаш меъёрларини маъмурият ёнғин хавфсизлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди ва ўрнатади. Омборхона биносининг ҳажми 200 м3 дан ошмаслиги керак.
65. Ацетон сақланадиган саноат ташкилотлари омборхоналарида ацетон миқдори, келган санаси, етказиб берувчининг номи, кимга, қачон ва қанча миқдорда ацетон жўнатилганлиги тўғрисида мажбурий тартибдаги карточкалар юритилиши керак.
66. Саноат ташкилотлари цехларида белгиланган тартибда иш журналида — сменалик, цех техник ҳисоботларида — ойлик, йил натижаларига кўра чораклик ацетон ҳисоби юритилади. Техник ҳисобларда тасдиқланган меъёр бўйича чиқим ва ҳисобот давридаги ацетон чиқимлари акс эттирилиши лозим.
67. Ацетонли тараларни ташқи ҳолатини доимий (бутунлигини, герметиклигини, тамғанинг мавжудлигини) назорат қилиш керак.
68. Ацетонни тарада махсус майдончаларда гуруҳларда ҳар бирида 100 донадан ортиқ бўлмаган, гуруҳлар орасидаги узилишлар 1 м дан кам бўлмаган ҳолда тахланиши керак.
69. Очиқ майдонларда ва айвон остида бочкаларни ёғоч тагликда бир қатордан тиқинларини юқорига қилиб тахлаш лозим.
70. Ацетонни кимёвий лабораторияларда кундалик эҳтиёжлардан оширмаган миқдорда металл ёки мустаҳкам шиша тараларда маҳкам тиқинланган ҳолда сақлаш лозим. Ацетонли сиғимлар 2/3 дан ортиқ тўлдирилмаслиги ва ичи асбест ёки шишатола билан қопланган металл яшикларда жойлаштирилиши керак. Яшикни ичкари томонига лаборатория мудири имзолаган сақланувчи моддалар рўйхати ёпиштирилган бўлиши керак. Яшик қулф билан ёпилиши керак.
71. Ацетонни минерал кислоталар, қисилган ва суюлтирилган газлар, ёнувчи моддалар ҳамда органик моддалар ҳамда портлаш хавфи бўлган аралашмалар берувчи ноорганик тузлар билан биргаликда сақлашга рухсат этилмайди.
72. Ацетон кимёвий лаборатория омборхоналарида номерланган, шнурланган, ташкилот раҳбари имзоси ва муҳри билан ёпиштирилган махсус китобда ҳисобга олиниши лозим.
73. Ҳар ойнинг 1 кунида белгиланган тартибда инвентиризация ўтказилади ва ацетон бўйича баланс тузилади.
74. Ацетонни сақлаш учун лаборатория (хона)да, рақамлари кўрсатилган шкаф ва сейфлар сони киритилган мулклар рўйхати бўлиши керак.
75. Металл шкафлар ва сейфлар ёпиқ ҳолда сақланиши керак. Иш куни тамом бўлганидан сўнг, металл шкафлар ва ацетон сақлаш учун хоналар қулфланади, калит, муҳр ва пломбир уларни бутунлигига жавоб берувчи шахсга топширилади.
76. Ацетонни сақлаш учун хоналар, сейфлар (металл шкафлар)ни икки жуфтдан калити бўлиши керак, шундан бир жуфти юридик шахс буйруғи билан тайинланган ацетон бутунлигига жавобгар шахсда, иккинчиси лаборатория раҳбарида муҳрланган қаламдонда (пенал) сақланиши керак. Ушбу калитларни стол ва бошқа жойларда қолдириш ман этилади.
III. Ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарига қўйиладиган талаблар
1-§. Иш жойлари ва ускуналарга хавфсизлик талаблари
77. Конструкция бўйича ишлаб чиқариш ускунаси таъмирлов вақтида, ташиш ва сақлашда, фойдаланишда, технологик схемалар таркибида ёки алоҳида ишлатилганда хавфсизлик талабларини таъминлаши шарт.
78. Технология шартлари бўйича ацетонни кам миқдори билан ишларни ўтказиш жойларида қуйидаги чора-тадбирларга риоя қилиш зарур:
а) иш жойларидаги ацетон миқдорини аниқлаш ва унинг белгиланган меъёрларидан оширмаслик;
б) ацетондан ажраладиган буғини тутиш учун жойидаги сўрғич (отсос) ўрнатилган бўлиши;
в) очиқ ванналарда ва идишларда тузатилган зич ёпиладиган қопқоқлар бўлиши ва ишламаган вақтда ёпиқ ҳолатда бўлиши;
г) стационар ванналардан ва идишлардан ацетонни авариявий бўшатиш имкониятини таъминлаш;
д) ацетон алмашуви бўйича ишларни кам хавфли ва ёнмайдиган эритувчилар билан олиб бориш.
79. Ацетонни берилган даражасига қатъий риоя қилиш зарур, чунки ундан четга чиқиш портлаш хавфини келтириб чиқаришга сабаб бўлади.
80. Идишлардан ёки аппаратлардан ацетонни аварияли тўкиш тармоқлари, сурма клапанлар, қурилмалар тузатилган бўлиши шарт ҳамда танитадиган белгиларига эга бўлиши, уларга остоналар эса бўш бўлиши шарт. Тўкиш операцияларини кетма-кетлиги йўриқнома билан белгиланган бўлиши керак.
81. Ишлаб чиқариш шароитларида ацетон буғлари биноларнинг ҳаво муҳитига тегишини бартараф қилиш учун аппаратларни, ускуналарни тўкиш ва тўлдириш жараёнлари зичлиги сақланган бўлиши шарт.
82. Резьбали бирикмаларнинг зичлигига кераклича зичланадиган ўраш ва мастикани ишлатиш билан эришиш керак.
83. Ацетон билан алоқада ишлайдиган технологик ускунани қўзғаладиган уланишни зичлаш учун ён томонли тур зичлашни ишлатиш тавсия этилади.
84. Зичлаш етарли бўлмаганда, ускуна маҳаллий сўрғичга эга бўлиши керак. Ўрнатилган вентиляцион тизимлар технологик ускунани ишга туширадиган қурилма билан уланган бўлиши керак.
85. Аппаратларни нафас олиш ва заҳарлайдиган тармоқларда ва ацетонли резервуарларда, ҳамда аланга тарқалиши мумкин бўлган қувурларда аланга тарқалишидан ҳимоя воситалари ўрнатилиши шарт. Оловтўсиқлар конструкцияси эксплуатация қилиш ҳисоби билан алангани ишончли бартараф қилишини таъминлаши шарт.
86. Барча агрегатларни зичлаш қурилмалари тартибли, пухта кўрикдан ва текширувдан ўтказилиши шарт. Зичлик бузилганда носоз жойлар тузатилиши керак.
87. Газ ёки буғларнинг отилиб чиқиш манбалари вужудга келган ҳолатларда иш носозликлар бартараф бўлгунича тўхтатилиши шарт.
88. Ускуна паспорт ва рақамга эга бўлиши керак. Тайёрловчи-завод паспорти бўлмаганда у ташкилот эгаси томонидан тузилади. Ускуна рақами бўйича ускуна ҳисоб ва даврий кўриклар махсус дафтарига киритилади.
89. Барча технологик ускуналарга, технологик схема рақамига мувофиқ рақам қўйилган бўлиши керак.
90. Ускунани ҳаракатланадиган ва айланадиган хавф манбаи бўлган қисмларида тўсиқлари бўлиши керак. Тўсиқли мосламалар етарли зич бўлиши, ишончли мустаҳкамланиши ҳамда ишлаб чиқариш ишига ва ускунани созлашга халақит бермаслиги керак.
91. Ишлаб чиқариш ускунасининг жойи ва коммуникацияси уларга хизмат қилишни, таъмирловининг қулайлигини ва хавфсизлигини ва авария ҳолатида ёки ёнғинда инсонларни хавфсиз эвакуация қилинишини таъминлаши лозим.
92. Ҳарорат, босим кузатилишини талаб қиладиган технологик жараёнларни олиб бориш учун ускуна-қурилма жойида назорат асбоблари билан ва бошқариш шитида кўрсатмалар ҳамда масофадан бошқариш асбоблари билан таъминланиши шарт.
93. Ҳар бир иш жойларида ускунадан фойдаланиш йўриқномаси, технологик жараённи олиб бориш, меҳнат хавфсизлиги бўйича йўриқномалар, ушбу технологик жараёнларда заҳарли моддалар билан заҳарланган шахсларга шифокор келгунча ёрдам кўрсатиш бўйича йўриқномалар билан таъминланган бўлиши керак.
94. Ушбу Йўриқномада мўлжалланган муддатларда ва тартибда ўтказилиши керак бўлган, сақлайдиган қурилмалар ва назорат-ўлчаш асбобларини, арматура ҳаракатини тўғри текширилишига эътибор бериб, хавфсизлик техникаси бўйича йўриқнома талабларини хизмат қиладиган ходим бажариши шарт.
95. Арматурадан фойдаланиш, тайёрловчи-завод фойдаланиш йўриқномаси ва техник тарифга мувофиқ бўлиши керак.
96. Арматура унинг фойдаланиш шароитларида, иш параметрларида, муҳит қисмида мўлжалланиши билан мувофиқликда ишлатилиши керак.
97. Қулфлаш арматурани тартибга солувчи сифатида ишлатиш ман этилади.
98. Жўмрак ва зулфинларни очиш ёки ёпиш учун турли дастакларни ишлатиш ман этилади.
99. Қиш вақтида ҳаво мўрисини ташқи учи қор ва муздан тозаланиши шарт.
100. Маъмурият бутун ишлаб чиқариш ускуналарини хавфсиз ишлатилишини таъминлашга мажбурдир.
2-§. Насослар
101. Тез алангаланувчи суюқликларни ҳайдаш учун қўлланиладиган насослар, ГОСТ 15110-78 «Кимёвий ишлаб чиқаришлар учун марказдан қочма насослар» ва ГОСТ 12.2.003-91 «Ишлаб чиқаришли ускуналар. Хавфсизликнинг умумий талаблари»га мувофиқ бўлиши лозим.
102. Насослар, учқун пайдо бўлишига йўл қўймайдиган конструкцияда бўлиши шарт.
103. Тез алангаланувчи суюқликларни бир жойдан бошқасига ўтказиш учун — марказдан қочма сальниксиз икки чекадан зичланган ёки бошқа конструкцияли зичланадиган насослар ишлатиш керак.
104. Сальниклар орқали — тез алангаланувчи суюқликларни чиқиб кетиши мумкин бўлган насослардан фойдаланиш ман этилади.
105. Қоидага кўра, сўриб оладиган йўлни минимал масофасини таъминлаш учун насослар технологик тайинлаш чизмаси бўйича гуруҳлар кўринишида жойлаштирилган бўлиши керак.
106. Насосларнинг тагликларида, уларни ишлатиш жараёнида суюқликларни йиғиш учун ҳамда ювиш ва таъмирлаш вақтида дренаж сиғимида қиялик бўлиши керак.
107. Оқувчи-сўрувчи вентиляция тизими ўчирилган ёки бузилган вақтда ацетонни ҳайдаш насос станцияларидан фойдаланиш ман этилади.
108. Насосларни ишлаш вақтида — ишқаланадиган сиртини мойланиши, сальниклар ва подшипникларни ҳарорати доим кузатиб турилиши керак.
109. Насослар тагида мойланадиган материаллар ва тез алангаланувчи суюқликларнинг тўпланиши ман этилади.
110. Насосларнинг нормал иш тартибини бузадиган носозликлар аниқлангач, насосни тўхтатиш ва носозликни бартараф этиш зарур. Насос, агрегат ва қувурларнинг ишини тўхтатмай, сув билан ювмай ва инерт газ билан тозаламай таъмирлаш ишларини олиб бориш тақиқланади.
111. Насослар технологик қурилмаларнинг этажеркаларининг остида жойлашганда уларни масофадан бошқариш мосламалари орқали тўхтатилиши инобатга олиниши шарт.
112. Насосларнинг пойдеворлари, сув йиғилиш чуқурчалари, нов ва поллари доимо тозаликда сақланиши ва тўкилган маҳсулот ва мойлардан дарҳол тозаланиши шарт.
113. Тез алангаланувчи суюқликларни ҳайдаш учун насосхоналардаги ҳаво муҳитини назорат қилиш асбоблар билан жиҳозланиши шарт. Асбобларни носозлигида насос станцияларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
114. Насосхоналарда тез алангаланувчи суюқликлар, алангаланувчи суюқликлар ва шунга ўхшаш материалларнинг сақланишига йўл қўйилмайди. Қопқоғи зич ёпиладиган махсус металлдан тайёрланган идишда эҳтиёжи бир суткалиқ бўлган мойлаш материаллар сақланиши мумкин.
115. Насос станцияларида ёнғинни ўчириш бирламчи воситаларининг мавжудлиги ва созлигини доимо назорат қилиш лозим.
116. Марказдан қочувчи (центробежный) насослар учун мумкин бўлган чегараларда тебранма даражаси ва унинг сақланишига қуйидаги қўшимча чоралар мўлжаллаш тавсия этилади:
а) агрегат марказини созлаш, роторнинг динамик ва статик мувозанатини, оқим пульсациясининг (помпаж, кавитация) олдини олиш, муфталарни мувозанатлаштириш;
б) рухсат этилган тебранма даражасини ўзгаришида агрегатни автоматик равишда тўхтатиш.
117. Насос қисмларининг материаллари статистик электрларнинг кўпайишига йўл қўйилмаслиги керак.
3-§. Аралаштиргичлар
118. Ацетонни ёнадиган маҳсулотлар билан аралаштириш тартиби ва усуллари, ускунанинг ва аралаштирадиган қурилмаларни конструкцияси, бу маҳсулотларни самарали аралаштирилишини таъминлаши керак.
119. Экзотермик жараёнлар билан ўтадиган аралаштириш ҳолатларида эса, жараён тезлигининг кучайиши, аралашманинг қизиши ва локал зоналарининг пайдо бўлиши мумкинлиги бартараф этилган бўлиши керак.
120. Аралаштиргичларга юбориладиган коммуникациялар тескари клапанлар билан таъминланган бўлиши лозим.
121. Ишлатиш жараёнида аралаштиргичларнинг ишлашини ва реакторлар валларининг сальникли зичлиги герметиклигини назорат қилиш зарур.
122. Аппаратлар остига, аппаратдаги суюқлик ҳажмига ҳисобланган таглик ўрнатиш зарур.
4-§. Лабораторияларда ацетон билан ишлаш
123. Лаборатория хоналарида ацетон билан ишлаганда уч асосий принципга амал қилиш керак:
а) муҳитга ацетон буғларини тарқалишига йўл қўймаслик;
б) ёнғинга хавфли концентрация буғлари тасодифан пайдо бўлганида алангаланиш мумкинлигини бартараф қилиш;
авария оқибатлари минимал бўлиши учун, олдиндан мумкин бўлган чораларни кўриш.
124. Тортувчи шкафдан ташқарида ацетон билан ишларни ўтказиш ман этилади.
125. Ацетонни иситилишини фақат пайдо бўладиган буғларни тўлиқ конденсацияланишни таъминлайдиган қурилмаларда ва асбобларда ўтказиш лозим. Ацетонни иситилиши билан боғлиқ жараёнларни ўтказганда сув музлатгичларидан фойдаланиш керак.
126. Очиқ аланга ва очиқ спиралли электроплиткаларни иситиш асбоблари сифатида ишлатиш ман этилади.
127. Ацетонни лабораторияларда сақланиши тасдиқланган меъёрлар талабларига мувофиқлиги таъминланиши лозим. Зич ёпиладиган қопқоқ билан таъминланган, 1 дм3 дан кўп бўлмаган сиғимли қалин бутилкаларда ацетонни сақлашга рухсат этилади. Ацетонли бутилкаларни иссиқ манбалардан узоқда ўрнатилган махсус қутиларга жойлаштириш лозим.
128. Ацетон чиқиндиларини канализацияга тўкиш ман этилади.
129. Ацетон тасодифан тўкилганда дарҳол барча очиқ олов манбаларини, электр иситиш асбобларини ўчириш ҳамда кундузги вақтда умумий виключателни ўчириб, хонани токсизлантирмоқ лозим. Ацетон тўкилган жойни қум сепиб, ифлосланган қумни рангли металдан ясалган куракча билан олиш керак.
5-§. Қувурлар
130. Мосламага қувурларни ётқизиш усулларига ва жойлаштирилишига талаблар амалдаги қоида ва меъёрларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
131. Қувурларга материал ва уларнинг деталь ҳамда арматураларини танлашда қувурлар классификациясидан, уларнинг шартли ўтиш йўллари ва уларда ҳайдаланаётган муҳитнинг чегараланган параметрлари, уларни агрессив ва эрозион таркибини инобатга олиш зарур.
132. Ацетонни ҳайдаш учун қувурларни конструктив расмийлаштирилиши қуйидагиларни таъминлаши керак:
а) меъёрий муддат чегараларида уларни хавфсиз ва ишончли ишлатишни;
б) лойиҳа параметрлари билан мувофиқликда технологик жараёнларни юритишни;
в) технологик тугунлар (блоклар)га қурилма режасини тузишда уларнинг портлаш хавфининг оптимал даражасини, монтаж ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш қулайликларини;
г) кўтарма-транспорт воситаларини белгиланган лойиҳада фойдаланиш қулайлиги ва бевосита техник ҳолатини кузатишни;
д) қувурларни пайванд чокларини термик қайта ишлашни ва уларнинг синовини;
е) қувурларни нурашдан, такрорий пайдо бўлувчи чақмоқ ва статик электрдан изоляциялаш ва ҳимоялашни;
ж) қувурлардаги тиқинларни олдини олишни;
з) қувурлардаги энг қисқа узунликни;
и) турғун зоналарнинг пайдо бўлиши ва осилишига йўл қўймасликни;
к) қувурларда деформация ҳароратини ўз ўзидан компенсацияланиш мумкинлигини;
л) кўтарма механизмлар, мослама ва ёнғин ўчириш воситаларининг эркин жойлаштириш мумкинлигини.
133. Ички маъмурий, маиший, хўжалик бинолари ва электр тақсимлаш мосламали биноларда, электрқурилмаларда, автоматизация шитларида, трансформатор биноларида, шамолатгич камераларда, иссиқлик пунктларида, ходимлар эвакуация йўлларида (нарвон қафаслари, йўлак ) ҳамда мўлжалланган барча биноларда транзит орқали ацетонни транспортлашда технологик қувурлар ётқизилишига йўл қўйилмайди.
134. Девор, бостирма ва пардевор, А ва Б тоифадаги ажратувчи қўшни бинолар орқали ацетонли технологик қувурлар ётқизилиши, фақат айрим ҳолларда, яъни технологик жараёнларда талаб қилинса рухсат этилади. Қувурларнинг девордан ўтиш жойлари ёнмайдиган герметик қурилмага эга бўлиши ва қувурларни ётқизилишига қулайликни таъминлаши керак.
135. Қувурларни цехга киритилган технологик тугунлари ва қурилмаларига қулфли арматура ўрнатиш керак.
136. Қувурларни бўяш ва тамғалаш, муҳитнинг ҳаракат йўналишлари кўрсаткичлари ГОСТ 14202-69 «Саноат ташкилотлари қувурлари. Таниқли бўёқлари, огоҳлантирувчи белгилар ва маркалаш шитлари»талабларига мувофиқ бўлиши керак. Ацетон қувурларида қизил бўёқ билан огоҳлантирувчи ҳалқа суртилиши керак.
137. Портлаш хавфи бор бўлган технологик схемаларда, қоидага кўра, ацетонни транспортлаш учун стационар қувурлар сифатида эгилувчан шлангларни қўллаш тақиқланади. Бундай ҳолларда махсус металли эгилувчан шланглар қўлланилиши керак.
138. Ацетонни, стационар бўлмаган ускуналарга (темир йўл цистерна) тўкиш ва қуйиш операциялари учун ҳамда ёрдамчи операциялар бажариш учун эгилувчан шланг қўлланишига рухсат этилади.
139. Ёрдамчи операцияларни бажариш (қувурларни ҳаво оқими билан тозалаш, насосларни, пуфловчи газ ва буғларни қайтариш) учун эгилувчан шлангларни улаш, фақат ушбу ишларни ўтказиш пайтида рухсат этилади. Шлангларни қувур билан улашда стандарт бўлинмалар ёрдамида амалга оширилади.
140. Шлангларни танлаш, қўллаш тартиби, ишлатиш муддати, текшириб чиқиш, таъмирлаш, тамғалаш белгиланган тартибда техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
IV. Ацетонни тўкиш-тўлдириш ишларида хавфсизлик қоидалари
141. Тўкиш-тўлдириш ишларида, қатъий ёнғинга қарши тартиб ўрнатилган бўлиши керак. Тўкиш-тўлдириш ишлари вақтида таъмирлов ишларини бажариш, чекиш, очиқ оловни ишлатиш ман этилади.
142. Тўкиш-тўлдириш ишларини бажаришда, атмосферали ва статик электрдан ҳимоя чоралари олдиндан кўрилган бўлиши керак.
143. Тўкиш-тўлдириш ишларини чақмоқ вақтида бажариш ман этилади.
144. Тез алангаланувчи суюқликли темир йўл цистерналарини бўшатиш жойида, эстакада чегараларидаги рельслар ерга мустаҳкам уланган бўлиши керак.
145. Тўкиш-тўлдириш қурилмалари жойлашган темир йўлларда тепловоз ва паровозларнинг ҳаракати ман этилади.
146. Тўкиш-тўлдириш эстакадалари ён томони ёнмайдиган материалли зинапоялар бўлиши ҳамда узунлиги бўйича бир-биридан 100м. дан кўп бўлмаган масофада бўлиши керак. Вагон-цистерналарини ажратиш, улаш ва тартибланиши тўкиш-тўлдириш пунктларидан ташқарида амалга оширилиши лозим.
147. Тез алангаланувчи суюқликларни тўкиш ва тўлдириш учун транспорт воситаларини узатиш, фақат майдончани ва темир йўлни олдиндан тўкилган суюқликлардан тозалангандан кейин рухсат этилади.
148. Тез алангаланувчи суюқликларни тўкиш ва тўлдириш учун темир йўл цистерналарини узатиш ва уларни чиқариш, секин, силтанишсиз ва силкинишсиз амалга оширилиши лозим.
149. Тўкиш-тўлдириш қурилмалари ҳудудида темир йўл цистерналарини металли бошмоқ билан тўхтатиш мумкин эмас. Тўхтатиш учун, тўхташ вақтида учқун бермайдиган материал ишлатилиши шарт.
150. Вагон-цистерналарни тўкиш-тўлдириш жойига думалатиш ва жойидан қўзғатиш учун дастак сифатида пўлатли буюмларни ишлатиш ман этилади.
151. Агар вагон-цистерналарни тўкиш-тўлдиришга узатиш ва чиқариш паровозлар билан амалга оширилса, икки қўш ўқли ғовакдан қопламалар ёки ёнмайдиган юк билан юкланган вагонлар (платформалар) бўлиши керак. Агар цистерналарни узатилиши тепловозлар билан амалга оширилса, қопламалар талаб қилинмайди.
152. Тўкиш-тўлдириш қурилмалари ҳудудида паровоз машинистларининг сифонлаш, ўт қалашни очиш ва жадаллаштириш, ўтхона тешигини очиқ тутиш, машъал ёки оловни бошқа турларидан фойдаланиш ман этилади.
153. Тўкиш-тўлдириш вақтида эстакадада манёвр ишларини ёки бўш йўлга айрим темирйўл цистерналарини узатиш ман этилади.
154. Тўкиш-тўлдириш ишлари вақтида цистернани меъёрдан ортиқ тўлдириб юбориш ман этилади. Цистернани меъёрдан ортиқ тўлдиришга йўл қўймаслик учун, тўкиб-тўлдириш пунктлари ишончли автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак.
155. Амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб берадиган ва темир йўлда юкларни ташиш қоидаларига мувофиқ, тез алангаланувчи суюқликлар учун цистерналар арматура, назорат воситалари, тўкиб-тўлдириш, ҳимояловчи ва бошқа қурилмалар билан жиҳозланиши шарт.
156. Техник кўрикда белгисиз, сизиш аломатлари ва бошқа носозликлари мавжудлигида вагон-цистерналарни тўлдиришга қабул қилиниши ман этилади. Тўкиб-тўлдириш ишларини бошлашдан олдин, тўкиб-тўлдириш қурилмаларини созлигини, қўшувчи вентилларни, ерга уланиш тизимларини, сурилмаларни, шлангларнинг зичлигини ва телескопик қувурларнинг тузатилганлигини текшириш зарур. Носозликлар аниқланганда уларни тезда бартараф этиш керак.
157. Темирйўл цистерналарини тез алангаланувчи суюқликларни тўкиш ва тўлдиришга ўрнатиш тартиби, ушбу ишларни хавфсиз бажарилишини таъминлаши керак.
158. Стационар, омбор (чиқимли) сиғими сифатида темир йўлларда бўлган темир йўл цистерналаридан фойдаланиш ман этилади.
159. Тўкиб-тўлдирадиган пунктларда восита ва усуллар олдиндан кўрилиши шарт, шу билан бирга шикастланган цистерналарни авариявий бўшатиш бўйича ишларни бажариш учун махсус жиҳозланган жойлар олдиндан кўрилиши керак. Ушбу ишларни бажаришдаги хавфсизлик чоралари ташкилотни бош муҳандиси билан тасдиқланган йўриқномада ифода этилади.
160. Тўкиб-тўлдириш тизими цистерналари, сақлагичлари, қувурлари ва бошқа мосламалари ишлатилишда мустаҳкам, оддий ва қулай бўлиши лозим.
161. Ацетонни жуда кичик идишларга (бутил, флакон) қадоқлаш жараёнлари хавфли ва зарарли омиллари яъни иш зонаси ҳавосида эфир буғларини чегаравий рухсат этилган концентрацияси (ЧРК) юқори бўлишига йўл қўймайдиган шартларда ўтказилиши лозим .
162. Ацетонни қуйиш линиялари идишдан (бутл, флакон) суюқликни қайтарадиган вакуум сўрғич қурилмалари билан жиҳозланиши лозим.
163. Ацетонни қадоқлаш чиқим мосламалари, захира қайтарма тўпламлари герметик бўлиши керак.
164. Ацетонни шиша идишларга (бутил, бутилка, флакон) қадоқлаш, ишга тушириши конвейер линиясининг ишга туширилиши блокировкаланган, амалдаги маҳаллий сўрувчи шамоллатгичда ўтказилиши лозим .
165. Автомат ва транспортловчи қурилмалар, механизацияланган ёрдамчи линиялар ишлаш жараёнида пайдо бўладиган шиша синиқлари мосламалар (пластмасс куракча, чётка, илгак) ёрдамида махсус идишларга тозаланиши ва тўпланишига қараб йўқотилиши лозим.
V. Якуний қоида
166. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Ўзкимёсаноат» Давлат акциядорлик компанияси билан келишилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири в.б. А. ХАИТОВ
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Д. ЖАҲОНГИРОВА
Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б.ХОДЖАЕВ
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Б. МАТЛЮБОВ
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. ИКРАМОВ
«Ўзкимёсаноат» ДАК Бошқарув раиси Г. ИБРАГИМОВ