Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШНИ БОШҚАРИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Уй-жойларни хусусийлаштириш ва бозор муносабатларига ўтиш шароитида республика коммунал хизматлари ишини такомиллаштириш, кўрсатиладиган коммунал хизматлар сифати учун маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг роли ва масъулиятини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой-коммунал хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига айлантирилсин.
2. Вилоят уй-жой-коммунал хўжалиги ишлаб чиқариш бирлашмалари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги уй-жой-коммунал хўжалиги корхоналари ва ташкилотлари, «Ўзсувоқова», «Ўзиссиқликманбаи», «Ўзтаъмирқурилиш» ва «Ўзбекгаз» республика ишлаб чиқариш бирлашмаларининг вилоят бўлинмалари негизида ҳудудий коммунал-фойдаланиш бирлашмалари ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, ҳудудий коммунал-фойдаланиш бирлашмалари Ўзбекистон Республикаси Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва тегишли ҳудуд ҳокими тасарруфида бўлади.
«Ўзсувоқова», «Ўзтаъмирқурилиш», «Ўзиссиқликманбаи» ва «Ўзбекгаз» республика ишлаб чиқариш бирлашмалари тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Коммунал хизмат вазирлигининг марказий маҳкамаси таркибида тегишли бош бошқармалар ташкил этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги уй-жой-коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳуқуқий вориси ҳисоблансин ҳамда қуйидагилар вазирлик фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
республикада уй-жой фондидан фойдаланиш ва унинг бу ҳолда сақланишини таъминлаш, коммунал хизмат кўрсатишни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва ўтказиш;
республика шаҳарлари, шаҳарчалари ва туман марказларида аҳолининг ижтимоий-маиший соҳа корхоналари ва бошқа истеъмолчиларнинг коммунал хизматларга, қишлоқ жойларда эса коммунал газ таъминотига бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондириш учун коммунал хўжаликни ривожлантириш концепцияларини, истиқболли дастурларини ва мундарижаларини ишлаб чиқиш;
тармоқда ягона илмий-техника сиёсатини ўтказиш, коммунал корхоналарни лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш масалаларида бошқа давлатларнинг тажрибасини ўрганиш ва ёйиш;
муҳандислик (сув қувури, канализация, иссиқлик ва газ) тармоқлари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва сақлаш масалаларининг узвий ҳал этилишини таъминлаш;
бозор муносабатларига ўтишда вазирлик таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларни акционерлик, жамоа, ижара ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга босқичма-босқич айлантиришда уларга кўмаклашиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. 1994 йилнинг 1 январигача мулк эгалари билан уй-жойларни ижарага олувчилар ва коммунал-фойдаланиш ташкилотлари ўртасидаги муносабатларни ҳисоб-китобларнинг шартномавий тизимига ўтказиш зарур деб ҳисоблансин.
Аҳолининг кам таъминланган табақаларини ва кўп болали оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишни назарда тутган ҳолда, уларга давлат дотацияларининг аста-секин, босқичма-босқич камайтирилишини инобатга олиб, уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва коммунал хизматларга давлат томонидан бериладиган бундай маблағлар сақлаб қолинсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддат ичида Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва уни сақлаш учун ҳисоб-китобларнинг шартномавий тизимини жорий этиш масалаларига доир қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 15 июль,
ПФ-617-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 7-сон, 278-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2000 й., 12-сон, 181-модда)