Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғининг
Буйруғи
АММИАКЛИ СОВУТИШ ҚУРИЛМАЛАРИНИНГ ТУЗИЛИШИ ВА ХАВФСИЗ ИШЛАТИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2009 йил 21 декабрь 6-15/23-10119/6-сон]
Ўзбекистон Республикаси «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006й., 39-сон, 386-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги 323-сонли «Саноатда, кончиликда ва коммунал маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 2004 й. 7-сон, 64-модда) қарорига мувофиқ, буюраман:
1. Аммиакли совутиш қурилмаларининг тузилиши ва хавфсиз ишлатиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кунидан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Инспекция бошлиғи И. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 19 ноябрь,
237-сон
Ўзбекистон Республикаси «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғининг 2009 йил 19 ноябрдаги 237-cонли буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Аммиакли совутиш қурилмаларининг тузилиши ва хавфсиз ишлатиш
қоидалари
Мазкур «Аммиакли совутиш қурилмаларининг тузилиши ва хавфсиз ишлатиш қоидалари» (кейинги ўринларда — Қоидалар) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 28 сентябрдаги ЎРҚ-57-сонли «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 386-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги 323-сонли «Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 2004 й., 7-сон, 64-модда) мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, ташкилий-ҳуқуқий ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар саноат хавфсизлиги соҳасида фаолият олиб бораётган ва «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси назоратида бўлган барча корхона ва ташкилотлар учун мажбурийдир.
Қоидалар совутиш агенти сифатида аммиак қўлланиладиган ёпиқ цикл бўйича ишлайдиган стационар компрессорли совутиш қурилмаларидан (совуқ билан таъминлаш тизимларидан) фойдаланилганда хавфсизликни таъминлашга кўмаклашувчи ташкилий, техник ва технологик талабларни ўз ичига олади, уларга амал қилинганда саноат хавфсизлиги таъминланишига оид талабларни белгилаб беради ва аммиакли совутиш қурилмаларидаги авария, ишлаб чиқаришда травматизм ҳолатларининг олдини олишга йўналтирилган.
I боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар қуйидаги ҳолларда қўллаш учун мўлжалланган:
а) совутиш агенти сифатида аммиак қўлланиладиган ёпиқ цикл бўйича ишлайдиган стационар компрессорли совутиш қурилмаларини (совуқ билан таъминлаш тизимларини) лойиҳалаштириш, қуриш, эксплуатация қилиш, кенгайтириш, реконструкция қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, консервация қилиш ва тугатиш (1-илова*);
* 1-илова берилмайди.
б) «а» пунктда кўрсатилган объектларда қўлланиладиган техник қурилмаларни тайёрлаш, монтаж қилиш, ўрнатиш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш.
2. Мазкур Қоидалар ушбу совутиш қурилмаларини тузилиши ва ишлатишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда «Портлаш-ёниш хавфи бор кимё, нефть-кимё ва нефть-газни қайта ишлаш корхоналари учун портлаш хавфсизлигининг умумий Қоидалари»га («Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси томонидан 2009 йил 5 январдаги 1-сонли буйруғи билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 19 январдаги 20-15-15/12-сонли хат асосида техник қоидаларга тегишли деб топилди) билан қўшимча равишда қўлланилади.
II боб. Умумий талаблар
3. Ўз тасарруфида совутиш қурилмалари бўлган корхона ва ташкилотлар уларнинг қуйидаги ҳужжатларига эга бўлиши лозим:
а) совутиш қурилмасининг лойиҳа ва ижро ҳужжатлари;
б) технологик регламент;
в) совутиш қурилма паспорт (6-илова*), барча турдаги совутиш ва технологик жиҳозларнинг паспорти, шунингдек аммиак трубаларининг паспорти;
* 6-илова берилмайди.
г) авария ҳолатларини маҳаллийлаштириш режаси (АҲМР);
д) корхонанинг техник масалалар бўйича раҳбари томонидан тасдиқланган рўйхатга биноан меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсиз тарзда ишларни олиб бориш бўйича ишчи йўриқномалар;
е) таъмирлаш ишларини олиб боришга оид ҳужжатлар.
4. Аммиакли совутиш қурилмасини ишлатиш технологик регламентга асосан амалга оширилиши лозим. Технологик регламент лойиҳани ишлаб чиқувчи лойиҳа ташкилоти, илмий-тадқиқот муассасаси ёки лойиҳани ишлаб чиқувчи лойиҳа ташкилоти билан келишилган ҳолда совутиш қурилмасини эксплуатация қилаётган ташкилот томонидан ишлаб чиқилади.
5. Ишлаб чиқариш объектининг саноат хавфсизлиги декларациясини ишлаб чиқиш зарурияти Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги ҳақида»ги Қонунининг 2-моддасига асосан белгиланади (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2006й., 39-сон, 386-модда).
6. Компрессор цехида белгиланган намунадаги суткалик журнал юритилади. Совутиш қурилмаларига тааллуқли бўлган ва мазкур Қоидаларнинг кейинги бобларида санаб ўтиладиган барча журналлар тартиб рақами қўйилган, ип билан боғланган ва муҳр қўйилган бўлиши ҳамда корхонада сақланиши лозим.
7. Совутиш қурилмасининг машина, аппарат ва конденсатор бўлимларидаги хоналарга бегона шахсларнинг кириши мумкин эмас.
Ушбу хоналар кириш эшикларининг ташқи томонидан хизмат кўрсатувчи персонални чақириш учун қўнғироқ ўрнатилиши, шунингдек 12.4.026 ГОСТ талабларига биноан огоҳлантирувчи ёзув ва хавфсизлик белгиси осиб қўйилиши лозим.
8. Аммиакли совутиш қурилмаси таркибига кирадиган технологик блокларнинг қиёсий энергетик потенциалини Qв амалдаги қоидаларда келтирилган умумий принциплар асосида ҳисоблаш керак.
Бунда, одатда, Qв<27 (III категория портлаш хавфи)ни таъминловчи лойиҳа ечимлари қабул қилиниши лозим.
9. Аммиакли совутиш қурилмаларини жойлаштириш ва уларнинг схемаларидаги ечимлар мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига* асосан белгиланади.
* 1-илова берилмайди.
10. Тўлиғича заводда тайёрланган контейнерлар кўринишида етказиб бериладиган совутиш станциялари, шунингдек блоклар сифатида етказиб бериладиган совутиш машиналари ўрнатилган тартибда мувофиқлаштирилган техник шартлар асосида ихтисослашган ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилиши ва тайёрланиши лозим.
Технологик истеъмолчиларни ушбу станция ва машиналарга улаш, шунингдек уларни майдончаларга жойлаштириш амалдаги меъёрий ҳужжатлар ва мазкур қоидалар асосида амалга оширилиши лозим.
III боб. Қурилмани расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар
11. Аммиакли совутиш қурилмасининг идишлари «Босим остида ишлайдиган идишларнинг тузилиши ва хавфсиз эксплуатация Қоидалари»га (ЎзР Госгортехнадзор томонидан 10.12.93 й. тасдиқланган) биноан 1-гуруҳга тегишлидир.
12. Совутиш қурилмасида компрессорнинг сўрувчи тешигига суюлтирилган аммиак тушишининг олдини олувчи аппарат кўзда тутилиши лозим.
13. Совуқ етказиб берувчини совутиш учун мўлжалланган буғлантирувчи блоки буғ ҳолатидаги суюқликка эга аммиак қоришмасини суюқлик томчиларидан ажратиб олувчи ва ажралиб чиққан суюқликни буғлантирувчига қайтарувчи қурилмани ўз ичига олиши лозим.
14. Суюқ фазадан бевосита совутиш йўли билан совутиш тизимидаги ҳаракатланиб турадиган буғ ҳолатидаги суюқлик қоришмасини ажратиб олиш учун ҳар бир қайнаш ҳарорати учун суюқликни ажратиш функциясини ўзида мужассам этган циркуляцион (ёки ҳимоя) ресиверлари кўзда тутилиши лозим.
Ушбу мақсадларда суюқликни ажратиш функцияси мужассам бўлмаган циркуляцион (ёки ҳимоя) ресиверлари билан трубалар орқали уланган алоҳида суюқлик ажратувчиларини кўзда тутишга йўл қўйилади.
15. Совутиш қурилмасига насос схемаларида пастдан ва юқоридан аммиак етказиб беришнинг ҳар бир қайнаш ҳарорати учун суюқлик ажратиш функциясини ўзида мужассам этган устунли циркуляцион ресивернинг геометрик ҳажмини 2-иловада* келтирилган формула бўйича ҳисоблаш керак.
* 2- илова берилмайди.
16. Суюқликни ажратиш функциясини ўзида мужассам этган ресиверларнинг геометрик ҳажмининг Vз.р m3 ҳар бир қайнаш ҳарорати қуйидаги формула асосида ҳисобланиши лозим:
Вертикал турдаги қурилмалар учун Vз.р > Vc · 0,5
Горизонтал турдаги қурилмалар учун Vз.р > Vc · 0,6 ,
бу ерда Vc — совутиш қурилмалари ва технологик аппаратларининг (бир маротаба қайнаш ҳарорати учун) умумий геометрик ҳажми, m3.
17. Суюқлик ажратиш функциясини бажарувчи вертикал идиш ёки аппаратнинг буғ зонаси ўлчами 0,5 m/s дан ортиқ бўлмаган буғ зонаси кесимидаги аммиак буғлари тезлигини таъминлаши лозим.
Суюқлик ажратиш функциясини ўзида мужассам этган горизонтал циркуляцион (ҳимоя) ресиверлари учун ажратиш зонасининг тегишли узунлигини (совуқликни истеъмол қилувчи аммиакнинг буғ ҳолатидаги суюқлик қоришмасининг кириш трубкачаларидан компрессорларга буғларнинг чиқишигача бўлган масофа) инобатга олган ҳолда буғ зоналари кесимидаги аммиак буғларининг ҳисобланган тезлигини 1,0 m/s сифатида қабул қилиш мумкин.
18. Совутиш қурилмалари, аппаратлари, идишлари ва блокларидан суюлтирилган аммиакни авария ҳолатида (таъмир ишларида) чиқариб ташлаш, шунингдек қайноқ буғлар ёрдамида совутиш қурилмалари эриганда конденсатларни чиқариб ташлаш учун аммиакни кўп сарфлайдиган аппарат, идиш ёки блокдан аммиакни қабул қилиб олувчи сўрувчи ресивер кўзда тутилиши лозим.
Сўрувчи ресивернинг геометрик ҳажмини 80 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда тўлдириш шартларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш лозим.
19. Совутиш қурилмаларининг геометрик ҳажми совутиш қурилмалари хоналари, технологик аппаратлар ва буғлантирувчиларнинг умумий геометрик ҳажмига нисбатан 30 фоиздан кўп бўлмаган ҳажмда қабул қилиш керак.
Аммиак дозасига эга совутиш машиналари учун линия бўйича ўрнатиладиган ресивер кўзда тутилмайди.
20. Аммиакнинг йиллик захирасини сақлаш учун линиялар бўйича ўрнатиладиган қўшимча ресиверлар кўзда тутилиши мумкин. Бунда ресиверларни 80 фоиздан ортиқ геометрик ҳажмда тўлдириш мумкин эмас.
21. 1000 kg гача аммиак билан тўлдирилган совутиш қурилмасига бир йиллик аммиак захирасига мўлжалланган ва мазкур Қоидаларнинг XIV боби талабларига жавоб берадиган линия бўйича ўрнатиладиган битта ресивер бўлишига йўл қўйилади.
22. Лойиҳа билан асослаб берилган ва аммиакни битта транспорт воситасидан қабул қилиб олиш имкониятини яратиб берадиган ҳажмдаги аммиакни сақлашга мўлжалланган ресиверларни кўзда тутиш мумкин.
23. Совутиш қурилмаларида линия бўйича ўрнатиладиган (унификация қилинмаган) ресиверларни ҳимоя, дренаж ёки циркуляция ресивери сифатида, трубали буғлантирувчиларни эса — конденсаторлар сифатида қўллашга йўл қўйилмайди.
24. Паст босимга эга идишларни (қурилмаларни) суюлтирилган аммиакдан бўшатиш ва мойдан тозалаш учун юқори босимдаги аммиак буғини юборишда, ушбу идишлардаги (қурилмалардаги) босим 3-иловага* биноан зичлик синовлари босимидан юқори бўлмаслиги лозим.
* 3-илова берилмайди.
25. Иссиқлик алмашинувчи қурилмаларда умумий тўлдириш магистрали бўлган тақдирда (аммиак буғларини қизитиш учун) ёпиш клапанларига эга бўлган айланма линиялар қурилмаси талаб қилинади.
26. Ҳаво ва бошқа конденсация ҳолатига келмайдиган газлар тизимдан махсус ўрнатилган ҳаво ажратувчи қурилма орқали сув ёрдамида чиқариб юборилиши лозим.
IV боб. Жиҳозни жойлаштиришга қўйиладиган талаблар
27. Аммиак билан ишлайдиган жиҳоз қуйидаги жойларга ўрнатилиши мумкин:
махсус хонага — машина ёки аппарат бўлимига;
сув истеъмол қилинадиган хонага;
очиқ майдончада.
28. Магистрал тўлдирувчи трубалардаги вертикал трубали, буғлантирувчи ва ҳаво конденсаторлари очиқ майдончаларга ўрнатилиши керак. Конденсаторларни машина бўлимларининг юқори қисмига, линия бўйича ўрнатиладиган ресиверларни эса хонанинг ҳам ички, ҳам ташқи томонига ўрнатиш мумкин.
29. Икки томонлама сув билан таъминлаш тизимининг сув насосларини махсус хонага — бинонинг устки қисмида конденсатор ўрнатиш мумкин бўлган насос станцияларига жойлаштириш тавсия этилади.
30. Машина (аппарат) бўлими хонасига компрессор агрегатлари, блокларга бўлинган совутиш машиналари, циркуляцион (ҳимоя) ресиверлари, ўтказувчи идишлар, аммиак насослари, мой йиғувчилари, горизонтал трубали конденсаторларни ўрнатиш керак. Буғлантирувчининг блоклари, мой сақланадиган ресиверлар, циркуляцион, ҳимоя ва дренаж ресиверлар, аммиак ва совутиш агентларини ушбу жиҳозларнинг климатик бажарилиши ва меҳнатни муҳофаза қилиш меъёрлари имкон берса машина (аппарат) бўлимининг ташқарисидаги очиқ майдонларда жойлаштириш мумкин. Ўрнатиш жойлари лойиҳа ҳужжатлари асосида белгиланади.
31. Машина (аппарат) бўлимидан ташқарида жойлашган аппарат (идиш) орасидаги масофа бино деворидан камида 1,0 метр бўлиши керак. Бу талаб контейнер типидаги машина бўлимларига нисбатан қўлланилмайди.
32. Совутиш жиҳозларини қуйидаги жойларга ўрнатишга йўл қўйилмайди:
ёқилғи, заҳарли ва портловчи маҳсулотлар бўлган технологик трубаларнинг эстакадалари остига;
очиқ насос ва компрессор қурилмаларининг очиқ майдончаларига. Герметик ҳолатдаги (сальниксиз) насослардан фойдаланиш ёки пастда ўрнатилган жиҳозга аммиак тушишининг олдини олиш учун махсус хавфсизлик чоралари кўрилган ҳоллар бундан мустасно.
33. Янги қурилаётган ва реконструкция қилинаётган совутиш қурилмалари учун:
жиҳозга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган марказий ўтиш йўлининг кенглиги 1,5 метрдан кам бўлмаслиги лозим;
қуввати 55 kW дан ортиқ бўлган электр двигателига эга аппаратлар, идишлар, компрессор агрегатлари ва блокларга бўлинган совутиш қурилмаларининг устки қисмлари учун 1,0 метрдан кам бўлмаган ўтиш йўллари кўзда тутилиши мумкин;
қуввати 55 kW дан ортиқ бўлган электр двигателига эга алоҳида жойлаштирилган компрессор агрегатлари ва блокларга бўлинган совутиш машиналарининг устки қисмлари орасидаги ўтиш йўли 1,5 метрдан кам бўлмаслиги лозим (реконструкция қилишда 1,0 метр бўлишига йўл қўйилади);
ички устунларга эга хоналарда машина (аппарат) бўлими жойлаштирилганда меъёрдаги катталикдаги ўтиш йўллари бўлган тақдирда устундан жиҳознинг устки қисмигача бўлган масофа 0,7 метр бўлиши мумкин.
34. Полдан 1,8 метр юқори бўлган баландликда жиҳозга (қурилмага) доимий хизмат кўрсатиш учун тўсиқ ва зиналарга эга бўлган металдан тайёрланган майдонча тайёрланиши лозим. Майдоннинг узунлиги 6 метрдан ортиқ бўлганда майдончанинг ҳар икки томонига зиналар қўйилиши лозим.
Майдончаларга мустаҳкамлаш учун мосламаларга эга бўлган кўчма ёки йиғиладиган зиналар кўзда тутилиши мумкин.
Майдончалардаги тутқичларнинг баландлиги 1,0 метр, бортларнинг узунлиги эса камида 0,15 метр бўлиши лозим.
35. Циркуляцион ва ҳимоя ресиверлари ҳамда аммиак насослари остига қўйиш учун таглик ёки товалар кўзда тутилиши лозим.
Аммиак энг кўп сиғадиган идишдан тагликка авария ҳолатида совутиш агенти оқиб тушиш ҳолатидаги ҳисобланган суюлтирилган аммиак даражаси таглик борти даражасидан паст бўлиши лозим.
Циркуляр ресивердан оққан аммиак миқдори идишнинг ишчи ҳолатда тўлиши, ҳимоя ресиверидан оққан миқдор эса идишнинг максимал тарзда тўлиш даражаси билан белгиланади.
Машина ва аппарат бўлимлари хоналарига 2,5 метргача чуқурликдаги очиқ това ўрнатилишига йўл қўйилади. Това 1,1 метрдан кам бўлмаган тўчиққа ва иккита зинага эга бўлиши лозим, тованинг чуқурлиги 2 метрдан ортиқ бўлганда эса зиналардан бирининг ўрнига тованинг ташқарисида ўрнатилган зина ҳудудидан бевосита ташқарига чиқиш йўли бўлиши лозим.
36. Линиялар бўйича ўрнатилган ва дренаж ресиверларини махсус тагликларга ўрнатиш лозим.
Авария ҳолатида катта ҳажмдаги идишдан тагликка оқиб тушадиган суюлтирилган аммиакнинг ҳисобланган даражаси таглик бортидан паст даражада бўлиши лозим. Линия бўйича ўрнатилган ёки дренаж ресиверидан оқиб кетган аммиак миқдори унинг минимал 80 фоизда тўлиш ҳисобидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Линиялар бўйича ўрнатиладиган ресиверлар қуёш нурлари ва ёғиндан очиқ томлар ёрдамида муҳофаза қилиниши ва қулф билан беркитиладиган эшикларга эга бўлган 1,5 метрдан кам бўлмаган деворлар билан тўсиб қўйилиши лозим.
37. Тизимни аммиак билан тўлдириш учун аммиак цистерналари ва балонларини улаш учун мўлжалланган боғланувчан тармоқлар кўзда тутилиши керак.
38. Барча аммиак трубалари, совутиш қурилмасининг идиш ва аппаратлари «Босим остида ишлайдиган идишларнинг тузилиши ва хавфсиз эксплуатация Қоидалари» ва «Ёқилғи, токсик ва суюлтирилган газ трубаларининг тузилиши ва уларни хавфсиз тарзда эксплуатация қилиш Қоидалари» (ПУГ) талабларига биноан мунтазам равишда пневматик синовдан ўтказилиши лозим (ПУГ-69).
Машина (аппарат) бўлимида монтаж ва таъмирдан кейин аммиак тизимини пневматик синовдан ўтказишга мўлжалланган ҳаво компрессорини ўрнатишга йўл қўйилади.
Ҳаво компрессоридан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
V боб. Трубалар ва қурилмаларга қўйиладиган талаблар
39. Трубаларни категорияларга ажратиш «Ёқилғи, токсик ва суюлтирилган газ трубаларининг тузилиши ва уларни хавфсиз тарзда эксплуатация қилиш Қоидалари» (ПУГ-69) ва «Технологик трубаларнинг тузилиши ва уларни хавфсиз тарзда эксплуатация қилиш Қоидалари»га асосан амалга оширилиши лозим.
40. Аммиакни етказиб берувчи труба линияларида қўлланиладиган трубалар, шакллантирувчи улаш қисмлари, мустаҳкамловчи қисмлар, тагликлар ва маҳкамловчи материаллар сифати, техник характеристикаси ва улар тайёрланадиган материаллар бўйича амалдаги меъёрий-техник ҳужжатлар талабларига жавоб бериши лозим.
Аммиакли совутиш қурилмалари учун меъёридаги кимёвий таркибга ва металлнинг механик хусусиятларига эга (В гуруҳдаги) трубалар ишлатилиши лозим. Трубаларнинг материали иш шароитларига мос бўлиши лозим.
41. Аммиак трубаларининг барча конструктив элементларида алюмин, мис, кумуш, цинка ва эритмалардан фойдаланиш тақиқланади.
42. Паст ҳарорат таъсирида бўладиган жиҳозлар қисмларининг материаллари ўз ҳолига қайтмайдиган структуравий ўзгаришларга учрамаслиги лозим. Иш вақтида аммиак ва мойлар билан тўқнашадиган қисмларнинг материали уларга нисбатан кимёвий жиҳатдан инерт (ҳаракатсиз) бўлиши лозим.
Аммиак трубаларининг мустаҳкамловчи ва шакллантирувчи деталларини тайёрлаш учун характеристикалари бўйича ўхшаш бўлган 4543 ГОСТ бўйича 10Г2, 1050 ГОСТ бўйича 10 ва 20 ёки бошқа русумдаги пўлатдан фойдаланиш керак.
Очиладиган қисмларини зич қилиш учун 481 ГОСТдаги паронит ёки ўхшаш қаттиқлик ва аммиак ва мойга чидамли бўлган бошқа материаллардан тайёрланган тагликлар ишлатилиши лозим.
43. Трубалар энг кам узунликка эга бўлиши лозим. Жиҳоз ва трубаларни жойлаштириш монтаж ва таъмир ишларини бажариш ва уларни ташқи кўрикдан ўтказиш учун меъёридаги шароитни таъминлаши лозим.
44. Машина ва аппарат бўлимларида пар ҳолатидаги аммиак трубаларини юқоридан (компрессорлар устидан) ўтказиш кўзда тутилиши керак.
Ушбу трубаларни пастдан (компрессорлардан пастда) ўтказишга фақат айрим ҳолларда йўл қўйилиши мумкин (масалан, горизонтал поршенли компрессорлар учун).
45. Аммиак трубаларини ўтиб бўладиган ёки ўтиб бўлмайдиган каналларда ётқизишга йўл қўйилмайди.
46. Машина (аппарат) бўлимларида трубаларни юқоридан ўтказиш ҳолларида сўрувчи ва тўлдирувчи аммиак трубаларини, уларда мой ва суюлтирилган аммиак йиғилиб қолишининг олдини олиш мақсадида, умумий трубаларга юқоридан улаш лойиҳалаштирилиши лозим. Бунда сўрувчи магистраллар циркуляцион ёки ҳимоя ресиверлари, ёки суюқликни ажратувчи мосламалар томонига қараб камида 0,5 фоиз энгашган бўлиши, тўлдирувчилари эса — мой ажратиб берувчилар ёки конденсаторларга қараб энгашган бўлиши лозим.
47. Компрессорларнинг пастдан ва юқоридан ўтказилган сўрувчи ва тўлдирувчи трубалари узоқ муддат туриб қолиш (беркитилган ёпиш қурилмаси билан) натижасида йиғилиб қолган суюлтирилган аммиак ва мойни йиғиб олиш мосламаси ёки сувли идишга чиқариб ташлаш учун пастки қисмида 25 mm дан кам бўлмаган шартли диаметрга эга дренаж вентиллари билан жиҳозланиши лозим.
48. Корхона ҳудудида аммиак трубасини фақат ер устига ётқизиш кўзда тутилиши лозим.
49. Аммиак трубаларини маиший, ёрдамчи, административ-хўжалик, электр машиналари, электр тақсимлаш, трансформатор хоналари, назорат-ўлчов приборлари хоналари, зинапоялар, шунингдек ОНТП 24-86 га биноан А ва Б категорияларига кирувчи ишлаб чиқариш хоналари орқали ўтказишга йўл қўйилмайди.
50. Аммиак трубаларини бошқа технологик трубалар бирга ётқизиш мумкин.
Аммиак трубаларини биргаликда ётқизишда юқори қувватли, ёритиш ва бошқа кабеллар билан бирга ётқизиш «Электр қурилмалар тузилиши Қоидалари» (ЭТҚ) талабларига амал қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
51. Биноларнинг деворлари ва тўсиқлари орқали ўтадиган трубалар учун трубаларнинг ташқи диаметрига қараганда ички диаметри 10 — 20 mm катта бўлган (иссиқлик изоляциясини инобатга олган ҳолда) трубалардан тайёрланган пўлат гильзалар кўзда тутилиши лозим. Ҳар икки томонидан труба билан гильза оралиғидаги бўшлиқ трубани тўғри ўқи бўйича суриш имконини берадиган ёнмайдиган материал билан тўлдирилиши лозим.
52. Совутиш камералари ва технологик хоналардаги трубаларни кўчириладиган юк ва транспорт воситалари зарар етказишига йўл қўймайдиган ҳолатда жойлаштириш лозим.
53. Ишлаб чиқариш биноларидаги эшик ва дераза туйнуклари бўлган ташқи деворлар бўйлаб трубаларни ётқизишга йўл қўйилмайди. Ушбу трубаларни ҳамма томонлари ёпиқ бўлган деворлар бўйлаб ётқизиш мумкин.
54. Аммиак трубаларини бино ва иншоотлар устидан ўтказишга йўл қўйилмайди, бевосита совутиладиган совутиш ва технологик жиҳозлар жойлаштирилган бино ва иншоотларнинг айрим қисмлари бундан мустасно.
55. Совутиладиган камералар, транспорт коридорлари ва юк вестибюлларининг ички қисмларида совутиш қурилмаларидан тақсимлаш қурилмаларига трубаларни ётқизишни кўзда тутиш керак.
56. Блокларга бўлинган совутиш машиналари ёки дозага эга машиналарнинг трубаларини бир бири билан бирлаштиришга йўл қўйилмайди. Ушбу талаблар ёрдамчи трубаларга (авария ҳолатида муҳофаза клапанларидан аммиакни чиқариб ташлаш, дренажли ресиверга эга тармоқлар, мойни тўлдириш ва қуйиш тармоқларидаги трубаларга) нисбатан қўлланилмайди. Ёрдамчи трубаларда (авария ҳолатида аммиак буғини чиқариб ташлаш учун мўлжалланган трубалардан ташқари) иккитадан ёпиш вентили ўрнатилиши керак.
57. Компрессорнинг тўлдириш трубаларида ва барча турдаги насосларнинг босим линияларида компрессор (насос) билан ёпиш қурилмаси ўртасида қайтувчи клапанларни ўрнатиш кўзда тутилиши керак.
58. Суюқлик трубасида линия бўйича ўрнатиладиган ресивер учун автоматик тарзда бошқариладиган ёпиш клапани кўзда тутилиши лозим.
59. Трубалар схемасида аммиак буғларини истаган аппарат, идиш, батарея ва ҳавони совутиш мосламалари, буғлантирувчи ва ҳаво конденсаторлари ёрдамида сўриб олиш кўзда тутилиши лозим.
60. Машина (аппарат) бўлимида мойни йиғиб олиш мосламаси ўрнатилганда мойни чиқариб юборувчи труба қўшимча манометр ва ёпиш вентили ўрнатилган ҳолда ташқарига чиқарилади.
61. Аммиак трубаларига ўрнатиладиган ёпувчи ва маромига келтирувчи қурилма бошқариш ва таъмирлаш учун қулай бўлган жойларда ўрнатилиши лозим.
Қурилма эшик туйнуклари, деразалар ва жиҳозга хизмат кўрсатиладиган ўтиш йўлларини устки қисмида ўрнатилмаслиги лозим.
Аммиак қурилмаларини совутиш камераларида ўрнатишга йўл қўйилмайди.
62. Технологик истеъмолчилар машина ёки аппарат бўлимидан ташқарига чиқадиган барча аммиак трубаларида совутиш агентини қабул қилишни (етказиб беришни) оператив ҳолда тўхтатадиган ёпиш қурилмалари кўзда тутилиши лозим.
63. Буғлантирувчи жиҳозларга аммиакни паст томондан етказиб беришда суюқлик трубалари насос тўхтаб қолганда ёки унинг қайтувчи клапани носоз ҳолга келганда аммиак оқиб кетишининг олдини оладиган баландликда батарея ва ҳавони совутиш мосламаларига уланиши лозим.
64. Трубаларни меъёрдаги қиялик даражасида совуқлик истеъмолчисидан циркуляцион ёки ҳимоя ресиверларигача ётқизиш имкони бўлмаган тақдирда (яъни «қоп» ҳосил бўлганда) «қопдан» циркуляцион ёки ҳимоя ресиверларигача оқиб тушиш назарда тутилиши лозим (узоқ муддатли таъмир учун тўхтатилганда).
65. Буғни сўриб олиш ёки суюлтирилган аммиакни етказиб бериш учун стационар трубалар сифатида эгилувчан шланглардан (резинали, пластмассали ва ҳоказо) фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Аммиак учун мўлжалланган эгилувчан шланглардан цистернадан (тизимни тўлдиришда) аммиакни қуйиш операцияларини бажаришда, шунингдек қўшимча операцияларни бажаришда (трубалар, аппаратлар, фильтрларни аммиак ва мой қолдиқларидан бўшатишда) фойдаланилади.
Фақат ушбу ишларни бажариш вақтида қўшимча операцияларни бажариш учун эгилувчан шлангларни улашга рухсат этилади.
Қувурларга шлангларни улаш учун шлангларга хомутлар билан маҳкамланадиган металли ҳалқалар (штуцерлар) ишлатилади. Сим билан маҳкамлашга йўл қўйилмайди.
66. Трубаларнинг паспортида лойиҳа ташкилоти томонидан белгиланадиган уларни эксплуатация қилиш муддати кўрсатилиши лозим.
67. Аммиак трубаларининг схемаси авария натижасида уларнинг герметик ҳолати бузилганда суюлтирилган аммиакни истаган аппарат, идиш ёки блокдан дренаж ресиверига тушириб юбориш имкониятини яратиши лозим.
68. Трубалар ва қурилмаларнинг иссиқлик изоляциясини лойиҳалаштириш амалдаги қурилиш меъёрлари ва қоидалари асосида амалга оширилиши лозим.
69. Совутиш агенти трубаларида рангли таниқли ҳалқалар бўлиши кўзда тутилиши лозим. Ушбу ҳалқаларни тайёрлаш бўйича тавсиялар мазкур Қоидаларнинг 4-иловасида* келтирилган.
* 4-илова берилмайди.
VI боб. Қурилмаларнинг бинолари ва иншоотларига қўйиладиган талаблар
70. Аммиак учун мўлжалланган жиҳозлар жойлаштирилган хоналар амалдаги ёнғин хавфсизлиги меъёрлари талабларига жавоб бериши лозим. Авария ҳолатида тизимнинг герметик ҳолати бузилиши натижасида портлашнинг пастки концентрация даражаси юзага келиши мумкин бўлган хоналар муҳофаза (осонлик билан олиб ташланадиган) конструкцияларига эга бўлиши лозим.
71. Аммиак совутгичли қурилмаси бор бинода, ингичка сочилувчи сувни олиш имконини берувчи сув пуркагичли шланг (ствол)лар билан жиҳозланган бўлиши керак.
72. ОНТП 24-86 талабларига мувофиқ аммиакли совутиш қурилмаларининг машинали (аппаратли) ва конденсаторли бўлинмалари учун портлаш-ёнғин ва ёнғин хавфи бўйича «А» тоифа белгиланган. Совутиш камералари ёнғинга хавфли тоифага («B» ва «Д» тоифалар) киритилган. ПУЭ-B-Iб мувофиқ портлаш хавфи минтақа синфи.
73. Куну-тун хизмат кўрсатувчи ходимлар бўлмайдиган автоматлаштирилган совутиш қурилмаларининг машинали (аппаратли) ва конденсаторли бўлинма хоналарида, нозимхона (диспетчерлик) шаҳобчасига чиқарилган ва бўлинма (кириш эшиги юқорисига) ташқарисига жойлаштирилган, ҳолатини билдирувчи ёритқич кўрсаткичлари билан жиҳозланган, ишчи минтақа ҳавосида авария ҳолатидаги аммиак буғлари концентрацияси сигнализаторлари ўрнатилиши керак, ҳамда аммиак буғларининг концентрацияси 500 mg/m3 дан ошганда авария вентиляцияси автоматик тарзда ёқилишини таъминловчи тўхтатиш тизимига эга бўлиши керак.
Совутиш қурилмаларининг машинали бўлинмаларида авария концентрацияси сигнализаторлари аммиак буғлари концентрацияси 1500 mg/m3 га етганда совутиш қурилмасининг асосий электр таъминоти манбаларини ўчириши ва авария вентиляциясини ишга тушириш учун ёқиши керак, ҳамда хона газга тўлалиги ҳақида огоҳлантирувчи, машинали (аппаратли) бўлинма эшиги устидаги ёритилган таблони ҳам ишга тушириши керак.
74. Автоматлаштирилган совутиш қурилмаларининг ҳар бир хонасида, камида иккита бир бирига боғлиқ бўлмасдан ҳаракатланувчи авария концентрацияси сигнализаторлари ўрнатилган бўлиши керак.
75. Аммиакли совутиш қурилмалари ўрнатилган ва эксплуатация қилинаётган совуқликни истеъмол қилувчи корхоналар корхона ҳудудидан ташқарида жойлашган бошқа объектларгача бўлган масофа, санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ аниқланади.
76. Машина, аппарат бўлимлари жойлаштирилган бинолар билан совуқликни истеъмол қилувчи корхона майдонидаги бошқа иншоотлар орасидаги масофа қурилиш меъёрлари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини инобатга олган ҳолда белгиланади.
77. Биноларда машина (ёки аппарат) бўлимларини жойлаштириш амалдаги қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига биноан амалга оширилади.
Машина (аппарат) бўлимини подвал ва энг устки қаватларда жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
78. Машина ва аппарат бўлимлари устида доимий иш ўринларига эга бўлган хоналарни, шунингдек маиший ва административ хоналарни жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
79. Аммиакли совутиш қурилмалари хоналаридаги тўсиб турувчи конструкцияларнинг иссиқлик ва буғ изоляцияси «Совутгичлар» ҚМҚ 2.09.15 талабларига биноан бажарилади.
80. Машина (аппарат) бўлимларида камида иккита эвакуация ҳолатида чиқиш йўли бўлиши лозим, улардан бири тўғридан-тўғри ташқарига олиб чиқиши лозим. Ўтиш йўллари бўйича машина бўлимидаги истаган жойдан энг яқин чиқиш йўлигача бўлган масофанинг узунлиги 25 метрдан ошмаслиги лозим.
81. Машина ва аппарат бўлимларини тўсиқ билан ажратилган бир бирига чиқувчи хоналарга жойлаштириш керак бўлганда, ушбу хоналарнинг чиқиш йўллари 80-бандга биноан кўзда тутилади, лекин айтиб ўтилган тўсиқларда эшиклар ўрнатилган туйнуклар кўзда тутилиши керак.
82. Машина (аппарат) бўлими хоналаридан ёрдамчи хоналарга (масалан, маиший, бошқарув автоматизация пункти) ёки бошқа мақсадлардаги хоналарга (слесарлик устахонаси), шунингдек юқорида айтиб ўтилган барча хоналарни бирлаштирадиган коридорга тамбур-шлюз орқали чиқиш йўлига ҳаво тўлдирилган, ўзи ёпиладиган ва периметр бўйича герметик ҳолатини таъминлайдиган тагликка эга бўлган қулфсиз ёнғинга қарши эшиклар ўрнатилиши керак.
83. Машина (аппарат) бўлимининг барча эшиклар хавф кам бўлган томонга очилиши лозим.
84. Машина (аппарат) бўлимининг поллари текис, сирпанмайдиган бўлиши ҳамда ёнмайдиган ва учқун чиқармайдиган материалдан тайёрланиши лозим.
Ўтилмайдиган каналлар ва қопқоқлар пол билан бирга ечиб олинадиган плиталар ёки лок-бўёқ билан қопланган металдан тайёрланган мустаҳкамланган плиталар билан ёпилиши лозим.
Машина (аппарат) бўлимини режалаштирилган ҳудуддан пастга жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
85. Мойларни янгилаш, тозалаш ва сақлаш учун жиҳозлар тўғридан тўғри ташқарига чиқиш йўлига эга бўлган махсус хоналарга жойлаштирилиши лозим.
VII боб. Бино ва иншоотларнинг муҳандислик жиҳозларига қўйиладиган талаблар
86. Машина (аппарат) бўлимларидаги иситиш ва вентиляция тизимлари ҚМҚ 2.04.05 «Иситиш, вентиляция ва ҳаво алмаштириш» талабларига биноан бажарилиши лозим.
Машина ва аппарат бўлимларидаги ҳаво параметрлари 12.1.005 ГОСТ бўйича ишчи зоналардаги ҳавога қўйиладиган санитария-гигиена талабларига мос бўлиши лозим.
87. Хоналарда жойлаштириладиган машина, аппарат бўлимлари, шунингдек конденсатор бўлимлари ва тақсимлаш қурилмалари мунтазам равишда ишлаб турадиган таъминлаш-сўриш ва авария ҳолатида сўрувчи механик вентиляция тизимлари билан жиҳозланиши лозим. Ҳаво алмашиниш сони лойиҳа ташкилоти томонидан белгиланади.
88. Чиқариб ташланадиган ҳаво атмосферага тозаланмаган ҳолда чиқарилиши мумкин.
89. Аммиакли совутиш қурилмалари жойлаштирилган хоналар хўжалик-ичимлик, ишлаб чиқариш ва ёнғинга қарши сув таъминоти ҳамда канализация тизими билан жиҳозланиши лозим.
Совутгичлар ўрнатилган биноларда ички ишлаб чиқариш сув таъминоти тармоғини очиқ ҳолда ўтказишга йўл қўйилади. Совутиладиган хоналарда сув таъминоти тармоқларини ўтказишга йўл қўйилмайди.
90. Совутиш қурилмалари учун сув истеъмол қилиш ва сувни чиқариб ташлаш меъёрлари ҚМҚ 2.09.15 бўйича белгиланади.
91. Трансформатор кичик станциялари, тақсимлаш қурилмалари, электр тақсимоти қутиси, диспетчерлик, оператор пунктлари, бошқарув пунктлари, назорат-ўлчов приборлари ва автоматика (НЎП ва А) хоналари «Портлаш-ёниш хавфи бор кимё, нефть-кимё ва нефть-газни қайта ишлаш корхоналари учун портлаш хавфсизлигининг умумий Қоидалари» ва 7.3 боб. «Электр қурилмалар тузилиши Қоидалари» (ЭТҚ) талабларига жавоб бериши лозим.
92. Мустақил манбалардан олинадиган иккита электр таъминоти манбасига эга бўлган объектларда ишчи ва авария ҳолатидаги ёритгичларни электр таъминотининг турли манбаларидан ток билан таъминлаш лозим.
Битта электр таъминоти манбасига эга бўлган объектларда авария ҳолатида ёритиш тизими электр таъминоти манбаси ўчиб қолганда автоматик тарзда аккумулятор батареяларига уланиши лозим.
Машина, аппарат ва конденсатор бўлимлари, совутиш камералари хоналари ва бошқа совуқ истеъмолчилари, тақсимлаш қурилмалари авария ҳолатида ёритиш тизимига эга бўлиши лозим.
93. Аммиакли совутиш қурилмасининг электр жиҳозлари учун 2-портлашдан ҳимоя даражаси белгиланган.
94. 0°С ва ундан паст ҳароратда ишловчи совутиш камералари «Камерада одам бор» сигнализация тизими билан жиҳозланиши лозим. «Камерада одам бор» деган нурли ва овозли сигналлар доим навбатчи ходим бўлган хонага (диспетчерлик хонаси, оператор хонаси, кириш пункти) келиб тушиши лозим. «Камерада одам бор» ёзуви бўлган нурли табло одам бўлган камеранинг ташқи томонидаги эшикнинг устки қисмида ёниб туриши керак.
Камерадан нурли-овозли сигнал етказиб турувчи қурилмалар полдан 5 метргача бўлган баландликда, камерада чиқишда ички ўнг томонда жойлаштирилиши, ёниб турувчи кўрсаткичлар билан юк билан тўсиб қўйиш мумкин эмаслиги ҳақидаги ёзув билан белгиланиши ва зарарлардан ҳимояланган бўлиши лозим.
95. Совутиладиган камеранинг ичида чиқиш эшигини ёритиб туриш учун доим ёниб турадиган ёритқич ва «Камерада одам бор» сигнализациясининг қурилмаси (тугмаси) кўзда тутилиши лозим. Ёритқични чиқиш эшигининг ичкари томонида, сигнализация тугмасининг ўнг устки қисмида ўрнатиш керак.
Совутиладиган хонага киришда (коридорда, эстакадада) совутгич камераларида иш олиб боришда меҳнат муҳофазаси ва совутиш батареялари ва аммиак трубаларини зарар кўришдан ҳимоя қилиш бўйича йўриқнома осиб қўйилиши лозим.
96. Совутиш қурилмасининг барча жиҳозларини (вентиляция электр двигателларидан ташқари) авария ҳолатида электр таъминотидан қўлда ўчириш учун машина ва аппарат бўлимларининг барча киришларидаги деворларининг ташқарисида махсус қурилмалар (тугмалар) ўрнатилиши лозим.
Тегишли жиҳознинг электр таъминоти ўчирилган вақтнинг ўзида ушбу қурилмалар (тугмалар) авария ҳолати учун мўлжалланган ва умумий алмашинувчи сўриш вентиляцияларини, шунингдек нурли-овозли сигнализацияни ишга тушириши лозим.
97. Умумий алмашинувчи ва авария ҳолатлари учун мўлжалланган вентиляция вентиляция қилинадиган хоналарнинг ички қисмида қўлда ишга тушириладиган қурилмаларга эга бўлиши лозим.
Машина (аппарат) бўлимларининг сўрувчи ва авария ҳолатлари учун мўлжалланган вентиляцияси учун вентиляторлар ва электродвигателлар портлашдан хавфсиз тарзда тайёрланиши кўзда тутилиши лозим.
98. В-1б портлашдан хавфли зона хоналарига тегишли бўлган машина, аппарат ва конденсатор бўлимлари «Бино ва иншоотларни яшиндан ҳимоялаш мосламалари тузилиши бўйича намунавий йўриқнома» (РД 34.21.122)га биноан II категорияга тегишли биноларнинг чақмоқдан ҳимоя қурилмасига эга бўлиши, шунингдек чақмоқнинг иккинчи бор юзага келишидан ҳимоя ва ер усти ва ер ости коммуникацияларининг юқори потенциал натижасида олиб кетилишидан ҳимояга эга бўлиши лозим. Юқори майдонга эга (кенглиги 100 метрдан ортиқ) биноларнинг ичида потенциални тўғрилаш бўйича тадбирларни амалга ошириш лозим.
99. Машина ва аппарат бўлимларининг хоналари, трансформатор кичик станциялари (ТКС), тақсимлаш қурилмалари (ТҚ), электр таъминоти қутиси, диспетчерлик пунктлари, оператор пунктлари (НЎП ва А хоналари) тури ва сони ёнғин хавфсизлиги органлари билан мувофиқлаштирилган муассаса меъёрлари билан белгиланадиган ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланиши лозим.
VIII боб. Газланганлик даражасини назорат қилиш ва авария ҳолатларида аммиакнинг оқиши ҳақида хабар бериш тизимларига қўйиладиган талаблар
100. Газланганлик даражасини назорат қилиш ва авария ҳолатларида аммиак оқиши ҳақида хабар бериш тизими (кейинчалик матнда – газланганлик даражасини назорат қилиш тизими) хоналар ва объект ҳудудида аммиак оқиши сабабли газланиш даражасини назорат қилиш имкониятини яратиши лозим.
101. I ва II категориялардаги портлаш хавфига эга технологик блоклардан фойдаланилганда:
а) газланганлик даражасини назорат қилиш тизими тегишли бошқарув таъсирини шакллантириш учун етарли бўлган ҳажмдаги аммиак буғлари концентрациясининг сигнализатор датчиклари ўрнатиладиган жойлардаги ҳаводаги аммиак концентрацияси ҳақида автоматик режимда маълумот йиғиш ва таҳлил қилишни таъминлаши лозим;
б) газланганлик даражасини назорат қилиш тизими аммиак оқиши билан боғлиқ авария ҳолатлари юзага келганда автоматик режимда аварияни маҳаллийлаштириш тизимидаги техник қурилмалар, авария ҳақида хабар бериш воситаларини ишга тушириши ва ишлаган ҳолатда авария масштаби ва оқибатларининг ўсишига олиб келувчи совутиш қурилмасининг жиҳозларини ўчириши лозим;
в) газланганлик даражасини назорат қилиш тизимининг структураси икки контурли бўлиши ва иккита даражага эга бўлиши лозим.
Ташқи контур кимёвий заҳарланиш зонасининг тарқалиб кетиш истиқболини белгилаш учун аммиакли совутиш қурилмаси ҳудудидаги газланганлик даражасининг назорати ҳақидаги маълумотларни объект ҳудуди ташқарисига етказиб беришни ва хона ташқарисида жойлашган совутиш қурилмаси жиҳозларидан авария ҳолатида аммиак оқишини назорат қилишни таъминлаши лозим.
Ички контур хоналарда газланганлик даражасини ва авария ҳолатида аммиак оқишини назорат қилиши лозим.
Газланганлик даражасини назорат қилиш тизимдаги ташқи ва ички контурлар ҳаводаги аммиак концентрациясини назорат қилишнинг иккита даражасига эга бўлиши лозим:
I даража. Йўл қўйиладиган энг юқори концентрация (ЙҚЭЮКрз) — хоналар ва уларнинг ташқарисидаги ишчи зоналардаги ҳаводаги аммиак концентрацияси датчиклар ўрнатилган жойларда 20 mg/m3 (ЙҚЭЮКрз) га тенг даражага етиши;
II даража. Авария ҳолатида аммиакнинг оқиши — аммиак концентрацияси датчиклар ўрнатилган жойларда 25 ЙҚЭЮКрз ёки 500 mg/m3 га тенг даражага етиши.
г) тизим саноат майдончаларидаги газланганлик даражасини назорат қилиш имконини берадиган (ташқи назорат контурининг 1-даражаси) ва кимёвий заҳарланиш зонасини объект ҳудудидан ташқарига тарқалиши истиқболини белгилаш учун автоматик воситалар билан жиҳозланиши лозим. Бу каби жиҳозлаш тегишли ҳисоблар билан тасдиқланган авария ҳолатининг юзага келиши мумкин бўлган оқибатларини баҳолаш билан асослаб берилиши лозим.
Майдончада мумкин бўлган газланиш масштабларини ҳисоблашда фойдаланиладиган маълумотларни олиш учун шамолнинг йўналиши ва тезлигини ўлчайдиган қурилма ўрнатилиши лозим.
102. Ўз таркибида III категория портлаш хавфига эга технологик блоклари бўлган аммиакли совутиш қурилмалари учун:
а) концентрациянинг белгиланган кўрсаткичларида ишга тушадиган аммиак буғи концентрацияси сигнализаторларини ўрнатишга йўл қўйилади. Ўрнатилган сигнализаторлардан олинадиган маълумотлар ҳажми тегишли бошқарув таъсирини шакллантириш учун етарли бўлиши лозим;
б) аммиак концентрацияси даражаси ортиб кетганда газланганлик даражасини назорат қилиш тизими қуйидаги ҳаракатларни автоматик тарзда бажарилишини таъминлаши лозим:
хоналарнинг ишчи зоналарида ҳаводаги аммиак концентрацияси ЙҚЭЮКрз(20 mg/m3) га тенг даражадан кўтарилиб кетганда бошқарув хонасида (хизмат кўрсатувчи персонал хонасида) огоҳлантирувчи нурли ва овозли сигнализацияни ёқиш ҳамда машина, аппарат ва конденсатор бўлимларида умумий алмашинадиган вентиляцияни ишга тушириши; бошқарув хонасида «ЙҚЭЮК даражасининг кўтарилиши» нурли ва овозли сигнализацияни ёқиш ҳамда хонанинг (машина, аппарат ва конденсатор бўлимларининг) ишчи зоналарида ҳаводаги аммиак концентрацияси 3 ЙҚЭЮКрз (60 mg/m3) га тенг даражадан кўтарилганда авариявий вентиляцияни ишга тушириш; мавжуд концентрация кўрсаткичлари 3 ЙҚЭЮКрз (60 mg/m3) ёки ЙҚЭЮКрз (20 mg/m3) даражасидан пасайганда умумий алмашинув вентиляциясини ўчирмаган ҳолда барча тизимларни илк ҳолатига қайтариш;
очиқ майдончалардаги технологик блоклар яқинида жойлашган датчиклар ўрнатилган ишчи зоналарда ҳаводаги аммиак концентрацияси ЙҚЭЮКрз (20 mg/m3) га тенг даражадан кўтарилганда бошқарув хонасида нурли ва овозли сигнализацияни ёқиш; датчиклар ўрнатилган ишчи зоналарда ҳаводаги аммиак концентрацияси 3 ЙҚЭЮКрз (60 mg/m3) даражадан кўтарилганда бошқарув хонасида «ЙҚЭЮК даражасининг кўтарилиши» нурли ва овозли сигнализациясини ва объектдаги хабар бериш тизимини ёқиш; мавжуд концентрация кўрсаткичлари ЙҚЭЮКрз (20 mg/m3) даражасидан пасайганда барча тизимларни илк ҳолатига қайтариш;
совутиш камераларининг тақсимлаш қурилмалари хонаси ва бошқа совуқликни истеъмол қилувчи хоналарнинг ишчи зоналаридаги ҳаводаги аммиак концентрацияси ЙҚЭЮКрз (20 mg/m3) даражасидан кўтарилганда бошқарув хонасида бир вақтнинг ўзида ТҚ хоналаридаги авариявий вентиляцияни ишга тушириш билан бирга «Авария» нурли ва овозли сигнализациясини ёқиш, аммиак концентрацияси 3 ЙҚЭЮКрз (60 mg/m3) даражадан кўтарилганда назорат қилинадиган хоналарга аммиак етказиб беришни тўхтатиш – бундай ҳолатда таркибида аммиак бўлган технологик жиҳозлар ўрнатилган ишлаб чиқариш цехлари хоналарида сўрувчи вентиляция автоматик тарзда ишга туширилиши лозим;
машина, аппарат ва конденсатор бўлимлари хоналарининг датчиклар ўрнатилган жойларида, очиқ майдончаларда жойлаштирилган технологик блоклар ва жиҳозлар яқинида аммиак концентрацияси 25 ЙҚЭЮКрз (500 mg/m3) даражадан кўтарилганда бошқарув хонасида огоҳлантирувчи «Авария» нурли ва овозли сигнализацияси, аварияларни маҳаллийлаштириш тизимининг техник воситалари, объектда хабар бериш тизимини ёқиш, аммиак билан ишлайдиган жиҳозларнинг ишини тўхтатиш.
Датчиклар ўрнатилган жойларда аммиак концентрацияси даражаси кўтарилганда бошқарув хонасида «Авария» нурли ва овозли сигнализацияси, аварияларни маҳаллийлаштириш тизимининг техник воситалари, объектда хабар бериш тизимини ёқиш, аммиак билан ишлайдиган жиҳозларнинг ишини тўхтатиш.
в) тизим авария содир бўлган аниқ жой ҳақида бошқарув хонасини оператив тарзда огоҳлантириш ва авария оқибатларини маҳаллийлаштириш учун керак бўладиган техник воситаларнинг ишга тушишини таъминлаши лозим.
103. ЎЭҚҚ (Ўрнатиш ва эксплуатация қилиш қоидалари)га биноан электр билан таъминлашнинг ишончлилигини таъминлаш бўйича газланганлик даражасини назорат қилиш тизими I категориядаги электр қабул қилувчи қурилмаларга тегишлидир. Объектда иккинчи мустақил электр таъминоти манбаи бўлмаган тақдирда аккумулятор батареялари билан жиҳозланган автоматик захира манбаи станцияларидан фойдаланиш лозим.
104. Аммиак буғлари концентрацияси сигнализатори датчикларнинг техник характеристикаси, сони ва жойлашуви лойиҳа ҳужжатларига асосан белгиланади.
Газланганлик даражасини назорат қилиш тизимининг таркиби ва тузилиши авария оқибатларини маҳаллийлаштириш ва тугатиш учун мўлжалланган техник воситаларга мос бўлиши лозим. Газланганлик даражасини назорат қилиш тизими лойиҳаси юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатлари сценарийси ва тегишли ҳисобларга асосан тасдиқланган уларнинг оқибатларининг баҳоси билан бирга тайёрланиши лозим.
105. «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси томонидан қўллашга рухсат берилмаган, аттестация қилинмаган ва давлат текширувидан ўтмаган қурилмалардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Датчикларни тайёрлаш эксплуатация қилиш шартларига мос келиши лозим. Датчикларнинг конструкциясида санкциясиз улардан фойдаланиш, атмосфера ёғинлари ва нам ҳолда тозаланганда сув сачраши таъсиридан ҳимоя қилиш кўзда тутилиши лозим.
106. Автоматик ёқишга нисбатан мумкин бўлган авария оқибатларига олиб келадиган техник ечимлар таъсирини баҳолаш натижасида асослаб берилган маҳаллийлаштириш ва авария оқибатларини бартараф қилиш тизимида қўлланиладиган техник воситаларни ноавтоматик тарзда (жойидан ёки масофадан) ёқиш мумкин.
IX боб. Ҳимоя қурилмаларига қўйиладиган талаблар
107. Ички диаметри 150 mm дан ортиқ бўлган трубали қурилмалар, бевосита совутиладиган технологик жиҳозлар (тез музлатадиган қурилмалар, фризерлар ва муз генераторлари), шунингдек босим остида ишлайдиган идишлар босим кўтарилиб кетишига қарши ҳимоя қурилмалари билан жиҳозланиши лозим. 70 mm гача бўлган ички диаметрга эга чоксиз трубалардан тайёрланган ва 150 mm гача ички диаметрга эга чоксиз трубалардан тайёрланган коллекторли ҳаво билан совутиш қурилмаларини ҳимоя қурилмалари билан жиҳозламасликка йўл қўйилади.
Ҳимоя қурилмалари сифатида қуйидагилар қўлланилади: амалдаги меъёрий техник ҳужжатларга асосан пружинали ҳимоя клапанлари ва мембранали ҳимоя қурилмалари.
108. 0,025 m3/s ва ундан ортиқ назарий ишлаб чиқариш ҳажмига эга бўлган тўлдириш компрессорларининг сўнгги ва оралиқ даражаси, суюлтирилган аммиакнинг поршенли, шестернали ва винтли насосларининг тўлдириш қатлами тегишли қатламдан қайтувчи клапан ва пружинали ҳимоя клапанининг ёпиш қурилмасига қадар қурилма билан ҳимоя қилиниши лозим.
109. Ҳимоя қурилмаларини танлашда қуйидагилар инобатга олинади: аммиак буғларини сиқиш учун мўлжалланган сўнгги ва оралиқ даражадаги қатламларда ўрнатиладиган ўз-ўзидан ҳаракатга келадиган ҳимоя қурилмаларининг ўтказиш қобилияти ҳимоя қилинадиган компрессор ёки унинг сиқиш даражасининг ишлаб чиқариш ҳажмида камида 0,9 массада бўлиши лозим.
110. Таркибида суюлтирилган аммиак бўлган идишлар, қурилмалар ва технологик жиҳозларнинг (кейинчалик бу бобда — идишлар, қурилмалар) ишдан чиқишдан ҳимояловчи қурилмаларининг ўтказиш қобилияти жиҳознинг узлуксиз ишлаши ва аммиак сарфини камайтиришни таъминлаши лозим.
Ҳимоя клапанининг ўтказиш қобилияти 12.2.085 ГОСТ бўйича белгиланади.
111. Совутиш тизимларининг идиш ва қурилмалари ёқиш-ўчириш қурилмасига эга бўлган иккала клапаннинг бир вақтнинг ўзида ёпилиб қолишининг олдини оладиган иккита ҳимоя клапанлари билан жиҳозланиши лозим. Ҳар бир клапан тўлиқ ўтказиш қобилиятига эга бўлиши лозим.
Идишнинг геометрик ҳажми 0,3 m3 дан ортиқ бўлмаса, уларни битта ҳимоя клапани билан жиҳозлашга йўл қўйилади.
112. Пружинали ҳимоя қурилмаларининг ўтиш жойларидаги кесимлар ўлчами стандартлар талаблари асосида белгиланади.
113. Идишларнинг (қурилмаларнинг) тўлдириш ва сўриш қисмларидаги ҳимоя қурилмалари идишларни (қурилмаларни) ишлаб чиққан заводнинг паспорт ҳужжатларида кўрсатилган босимнинг очилиш вақти бошланишига тўғриланиши керак.
Совутиш қурилмасида турли рухсат этилган босимга эга идишлар (қурилмалар) бўлса, уларнинг ҳимоя клапанлари очилишнинг бошланишига тўғриланиши лозим: сўриш қисмида — 1,2 МРа (12 kgf/cm2) босимда, тўлдириш қисмида — 1,8 МРа(18 kgf/cm2) босимда.
Очилиш вақтида тўлдириш ва сўриш қатламларини бирлаштирадиган компрессорларнинг ҳимоя клапанлари компрессорни ишлаб чиққан заводнинг йўриқномасига биноан босим турлича бўлганда очилишга тўғирланиши лозим.
114. Совутиш қурилмаларидаги суюқлик ва сўриш вентиллари автоматик тарзда ёпиладиган узлуксиз совутиш тизимларида ёпиш вентилларининг орқа қисмидаги сўрувчи трубаларга (аммиак йўли бўйича ёки авария ҳолатида аммиак қолдиқлари чиқариладиган трубаларга буғни чиқариб ташлаш учун мўлжалланган ҳимоя клапанлари ўрнатилиши лозим. Бу клапанлар совутиш қурилмаларининг паст босимида ишлатиш рухсат этилган жиҳозларнинг ортиқча босимда очилишининг бошланишига тўғирланиши лозим.
Электр иситгичлар ёрдамида қор қопламалари эритиладиган ҳаво билан совутиладиган ҳимоя қурилмаларининг ўтказиш қобилияти қуйидаги тенглама бўйича аниқланади:
G = Nэл / r, kg/s,
Бу ерда Nэл – ҳаво билан совутиш мосламаларининг совутиш қисмларида жойлаштирилган электр иситгичларнинг қуввати, kW.
115. Аммиакнинг қайноқ буғлари ёрдамида совутиш қурилмалари эритиладиган тизимларда, ушбу буғларни йиғиб олиш линияларида, ёпиш вентилидан кейин (аммиак буғларининг йиғиш жойидан совутиш қурилмаларигача бўлган йўлида) совутиш қурилмаларидаги ҳисобланган босимининг энг кам даражасига мос келадиган ортиқча босимда очилишнинг бошланишига тўғриланган ҳимоя клапани ўрнатилиши керак.
116. Ҳимоя қурилмалари орқали аммиак буғларини атмосферага чиқариш 5 метр радиусдаги энг баланд бинонинг томидан 3 метр баландликка ўрнатиладиган трубалар ёрдамида амалга оширилиши лозим.
Аммиакни чиқариб ташлаш учун мўлжалланган трубанинг оғиз қисмини паст томонга қаратишга йўл қўйилмайди, бунда труба атмосфера ёғинлари йиғилиб қолишидан ҳимояланган бўлиши лозим.
Аммиак буғларини чиқариб ташловчи трубанинг бутун узунлиги бўйича ички диаметри ҳимоя қурилмаси чиқиш трубасининг ички диаметридан кичкина бўлмаслиги лозим.
Тўрт ёки ундан кам чиқариш трубалари кесимига тенг бўлган кесимдан камида 100 фоиз кўндаланг кесимга эга ва агар чиқариш трубаларининг сони тўрттадан кўп бўлса, камида 50 фоиз кесимга эга бўлган алоҳида ётқизилган трубаларни ҳимоя қурилмаларига улашга йўл қўйилади.
117. Компрессор агрегатларининг ҳимоя қурилмаларининг ишлаш (очилиш ва ёпилиш) босими йилига камида бир марта, идишларнинг (қурилмаларнинг) ҳимоя қурилмалари олти ойда камида бир марта текширилиши лозим.
Иккита ҳимоя клапанларидан бири ечиб олинганда қурилма ишга туширилган клапанга уланиши ва шу ҳолатда пломба қўйилиши лозим.
Клапанлар текширилган ва жойига қўйилганидан кейин уларга пломба қўйилиши лозим (текширув акти тузилган ҳолда).
Ҳимоя клапанларини текшириш учун ечиб олиш, жойига ўрнатиш ва уларга пломба қўйиш фақат идишлар (қурилмаларнинг) соз ҳолати ва хавфсиз тарзда ишлаши учун масъул шахс кўрсатмаси ва унинг иштирокида амалга оширилиши лозим.
118. Тўлдириш ва сўриш қатламини бирлаштирувчи компрессорнинг ҳимоя клапани компрессорни ишлаб чиқарадиган завод томонидан тайёрланади ва етказиб берилади. Ишдан чиққан ҳолда у компрессорни ишлаб чиқарадиган заводдан олинадиган янги қурилма билан алмаштирилади.
X боб. Совутиш қурилмаларини назорат қилиш, бошқариш, сигнализация ва аварияга қарши автоматик ҳимоя тизимлари
119. Совутиш қурилмаларини назорат қилиш, бошқариш, сигнализация ва аварияга қарши автоматик ҳимоя тизимлари (АҲҚ), шунингдек комплект тарзида жиҳоз билан етказиб бериладиган тизимлар мазкур Қоидалар, амалдаги меъёрий техник ҳужжатлар, лойиҳалар ва регламентлар талабларига жавоб бериши ҳамда совутиш тизимларининг белгиланган технологик параметрлари, ишончли ва хавфсиз тарзда эксплуатация қилишнинг аниқлигини таъминлаши лозим.
120. Аммиак жиҳозлари бўлган хоналарда жойлаштириладиган электр приборлари ҳамда автоматик ва масофадан бошқариш воситаларининг ҳимоя даражаси IP44 дан паст бўлмаслиги лозим.
121. Аммиакли компрессорлар қуйидаги параметрлар бўйича ишга тушадиган АҲҚ воситалари билан жиҳозланиши лозим:
тўлдириш босимининг йўл қўйиладиган энг катта кўрсаткичи;
тўлдиришдаги йўл қўйиладиган энг юқори ҳарорат;
мойлаш тизимидаги босимдаги фарқларнинг йўл қўйиладиган энг паст даражаси;
аммиак буғлари сўриб олинадиган қурилма ёки идишдаги суюлтирилган аммиакнинг йўл қўйиладиган юқори даражаси;
оралиқ идишдаги (компрессор босқичлари оралиғидаги) суюлтирилган аммиакнинг йўл қўйиладиган юқори даражаси.
Параметрларнинг йўл қўйиладиган энг юқори кўрсаткичлари илмий-тадқиқот муассасаси томонидан бериладиган маълумотлар, назорат, ўлчаш ва бошқариш воситаларининг характеристикалари, жиҳозни ишлаб чиқарадиган завод ҳужжатлари асосида лойиҳа ишлаб чиқувчи томонидан белгиланади.
122. Босим ортиб кетишидан ҳимоя қилишда электр двигателлари ишини тўхтатишга таъсир кўрсатадиган ёки босим ортишини чеклайдиган операцияларни бажарадиган, лекин «Босим остида ишлайдиган идишларнинг тузилиши ва хавфсиз эксплуатация Қоидалари» ва мазкур Қоидаларда кўрсатилган ҳолларда ҳимоя қурилмалари (мембраналарни чиқариб ташлашга йўл қўймайдиган пружинали ҳимоя клапанлари) жиҳозларига монтаж қилиш имкониятини берадиган босим релелари кўзда тутилиши лозим.
123. Бир нечта буғлантириш тизимларига хизмат кўрсатадиган, иккита ёки ундан кўп компрессорлар билан жиҳозланган совутиш тизимларида ҳар қандай тизимдаги идишдаги (қурилмадаги) суюқлик даражасининг ҳимоя релеси ишга тушганда барча компрессорлар ишининг тўхташини таъминловчи қурилмалар кўзда тутилиши керак.
124. Совутиш агенти (тузли сув, сув ва бошқалар) бўлган совутиш тизимларида трубали буғлантирувчилар орқали бу совутиш агентлари ҳаракати тўхтаганда ёки уларда аммиакнинг қайнаш ҳарорати совутиш агентини музлашга олиб келувчи даражагача пасайганда компрессорларни ўчириш қурилмалари кўзда тутилиши лозим.
125. Сув билан совутиш тизимига эга бўлган ҳар бир компрессор ёки агрегатда сув оқими тўхтаганда ёки сув босими белгиланган даражадан пасайиб кетганда компрессорларни ўчириш қурилмалари кўзда тутилиши лозим. Сув етказиб берувчи трубаларда компрессор тўхтаганда сув етказиб беришни тўхтатадиган электромагнит клапанлар ўрнатилиши лозим.
126. Автоматик ҳимоя қурилмалари носоз бўлган ёки ўчирилган тақдирда компрессорларни ишга тушириш ва ишлашига йўл қўйилмайди.
127. АҲҚ ишга тушганда қўл билан ўчириладиган нурли-овозли сигнализация автоматик тарзда ёқилиши лозим.
128. Ҳар бир қуйида санаб ўтилган совутиш тизими идишлари (қурилмалари) суюлтирилган аммиак даражаси бўйича ҳимояга эга бўлиши лозим:
а) буғлантирувчи блок (трубали ёки панелли): олдиндан сигнализация ишга тушган ҳолда аммиак йўл қўйиладиган энг юқори даражага етганда компрессорларни ўчирадиган иккита даражани белгиловчи релелар;
б) циркуляцион ресивер (суюқлик ажратувчи мослама функциясини ҳам бажарадиган), ўтказувчи идиш: олдиндан сигнализация ишга тушган ҳолда аммиак йўл қўйиладиган энг юқори даражага етганда компрессорларни ўчирадиган иккита даражани белгиловчи релелар; аммиак даражасининг хавфли тарзда ортиб кетиши ҳақида огоҳлантириш учун хабар берувчи сигнализация релеси;
в) суюқликни ажратувчи мослама: олдиндан сигнализация ишга тушган ҳолда идишдаги аммиак йўл қўйиладиган энг юқори даражага етганда компрессорларни ўчирадиган иккита даражани белгиловчи релелар. Аммиак доза бўйича тўлдирилган қурилмаларда циркуляцион ресивер (шу пунктнинг «б» пункти бўйича) ёки суюқликни ажратувчи мосламага огоҳлантириш сигналини бериш учун даража релесини ўрнатмасликка йўл қўйилади;
г) ҳимоя ресивери (суюқлик ажратувчи мослама функциясини ҳам бажарадиган): олдиндан сигнализация ишга тушган ҳолда идишдаги аммиак йўл қўйиладиган энг юқори даражага етганда компрессорларни ўчирадиган иккита даражани белгиловчи релелар; аммиак даражасининг хавфли тарзда ортиб кетиши ҳақида огоҳлантириш учун хабар берувчи сигнализация релеси; аммиакнинг минимал даражаси ҳақида хабар берувчи сигнализация учун реле;
д) линия бўйича ўрнатиладиган ва дренаж ресиверлари: аммиакнинг максимал даражасига эришилганлиги ҳақида огоҳлантириш учун сигнализация релеси; аммиакнинг минимал даражаси ҳақида хабар берувчи сигнализация учун реле.
129. Идиш ва қурилмаларда суюлтирилган аммиакнинг санаб ўтилган даражасига эришилганда қуйидаги лампалар билан таъминланган нурли сигнализация ёқилиши лозим:
қизил — юқори даражанинг хавфли тарзда ортиши ҳақида сигнал (авария ҳолати юзага келгунгача бўлган сигнализация);
сариқ — йўл қўйиладиган энг юқори даража ҳақидаги сигнал (огоҳлантириш сигнализацияси).
130. Суюлтирилган аммиакнинг йўл қўйиладиган ва хавфли даражасидаги нурли сигналлар қўл билан ўчириладиган овозли сигнал билан бирга ишга тушиши лозим.
131. Қурилмаларни (идишлар)ни суюлтирилган аммиак билан тўлдириш даражасини паст босим ҳолатида даражанинг автоматик регуляторлари ёрдамида, дозали тўлдириш тизимларида эса — юқори босим ҳолатида баҳолаш керак.
132. Юқори босим остида аммиак етказиб бериладиган қурилманинг (машинанинг) ҳар бир қурилмаси (идиши) уларга суюқлик оқиб тушиши тўхтаганда қурилмалардан (идишлардан) буғларни сўриб олувчи компрессорлар ишини тўхтатувчи автоматик тарзда ёпиладиган вентиллар билан жиҳозланиши лозим.
Агар тизимлардан аммиак буғини сўриб олиш битта компрессор ёрдамида амалга оширилаётган бўлса, бир нечта буғлантириш тизимига суюлтирилган аммиак етказиб берувчи умумий трубага битта автоматик тарзда ёпиладиган қурилма ўрнатилиши мумкин.
133. Битта прибордан бир вақтнинг ўзида ҳам маромига келтириш, ҳам ҳимоя қилиш учун фойдаланиш тақиқланади.
134. Айланувчан қурилмаларга эга кўп нуқтали приборлардан аварияга қарши ҳимоя воситаси сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
135. Совутиш тизимларининг автоматик ҳимоя электр приборлари авария ҳолатида ёки прибор ишдан чиққанда ажраладиган назорат параметрларининг меъёрдаги шароитларида ёпиқ чиқиш занжирларига ёки ёпиқ уланиш жойларига эга бўлиши лозим.
136. Электр схемалари ҳимоя қурилмалари ишга тушгандан кейин компрессорни автоматик тарзда ишга тушириш имкониятини бермаслиги лозим. Унинг ишга тушиши фақатгина ҳимоядан қўл ёрдамида чиқарилгандан сўнг амалга ошириш имкониятини бериши лозим.
137. Даража релесини ўрнатишда қўлланиладиган оралиқдаги устунчалар мой йиғилиб қоладиган даражадан юқори бўлган қисмларга устунчаларда мой шаклланишининг олдини олиш йўли билан қурилмаларга уланиши ва даражани белгилайдиган реленинг созлигини текшириш учун ётқизилган трубаларга эга бўлиши лозим.
138. Ҳар бир компрессорнинг тўлдирувчи ва сўрувчи трубаларида (ёпиш вентилларидан 200 — 300 mm узоқликда) термометрларни механик зарарлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган қопламага эга бўлган термометр гильзалари ўрнатилиши лозим.
Аммиакли совутиш тизимларининг назорат нуқталарида ҳароратни ўлчаш учун симобли термометрлардан (ва симобли қурилмалардан) фойдаланишга йўл қўйилмайди.
139. Аммиакли совутиш тизимлари учун махсус аммиак муҳитида ишлатиш учун мўлжалланган манометрлар ва 2,5 дан кам бўлмаган аниқлик тоифасига тегишли мановакуумметрлар ишлатилиши лозим.
Қурилмаларнинг ўлчами, уларни ўрнатиш ва текшириш муддатлари «Босим остида ишлайдиган идишларнинг тузилиши ва хавфсиз эксплуатация Қоидалари»га мос бўлиши лозим.
140. Ишлаб чиқарадиган завод ҳужжатлари ёки техник шартларга биноан бошқа ўлчаш ва параметрларни назорат қилиш воситаларидан фойдаланиш мумкин.
141. Совутиш қурилмалари ва машиналарида манометр (мановакуумметрлар) қуйидаги жойларда ўрнатилиши лозим:
сўриш ва тўлдиришнинг ишчи босимини кузатиб туриш учун компрессорларда, мойлаш тизимида (насос билан мажбурий ҳолда мой етказиб берилганда) ва картерда (сўриш билан картер орасидаги даражани тенглаштириш имконияти бўлмаганда);
бевосита совутиладиган барча қурилма, идиш, аммиак насослари, технологик жиҳозларда, шунингдек совутиш камералари жиҳозлари билан трубалар ёрдамида уланган аммиак қурилмаларининг тақсимловчи суюлтирадиган ва эритувчи коллекторларида. Контейнер типидаги агрегатлашган совутиш машиналари ва қурилмаларидаги трубалар ва коллекторларда манометрларни (мановакуумметрларни) ўрнатиш зарурияти жиҳозни ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан белгиланади.
Марказлаштирилган тизимда мановакуумметрлар совутиш қурилмасининг буғлантирувчи тизимининг ҳар бир сўрувчи магистралидан суюқлик ажратиб берувчи мосламагача (буғлар йўли бўйича) ўрнатилиши, тўлдирувчи трубаларда эса умумий тўлдириш магистралидан ёпиш қурилмалари ёрдамида ўчириб қўйиладиган ҳар бир компрессорда — қайтувчи клапандан кейин (аммиак буғлари йўли бўйича) алоҳида манометр ўрнатилиши лозим.
142. Идишлардаги (қурилмалардаги) суюлтирилган аммиак даражасини визуал назорат қилиш зарурияти пайдо бўлган тақдирда ишлаб чиқарувчи завод йўриқномаси талабларига биноан уларда кўриш ойналари қўлланилиши лозим. Аммиак даражасини кўрсатиш мосламалари ясси тозаланган ва 3,5 МPа гача бўлган босим остида термик усул билан куйдирилган ойналардан тайёрланиши ва ойна зарар кўрганда уларни идиши ёки қурилмадан автоматик тарзда ўчириб қўйиш учун мўлжалланган мосламалар билан жиҳозланиши лозим. Ойналарнинг кўриш майдончаси юзаси 100 сm2 дан ошмаслиги лозим.
Кўриш ойналари синган ҳолатларда хизмат кўрсатувчи ходимларни лат ейишдан сақлаш учун ҳимоя қурилмаси кўзда тутилиши лозим.
143. Аммиакли компрессорларини автоматик тарзда ҳимоя қилиш приборлари, шунингдек хона ва ташқи майдончалардаги ҳаводаги аммиак буғлари концентраторлари сигнализациясининг созлиги ойига камида бир марта, қурилмалардаги (идишлардаги) даражани белгиловчи ҳимоя релеларининг созлиги — 10 кунда бир марта текширилиши лозим.
XI боб. Жиҳозларга қўйиладиган талаблар
144. Тайёрланадиган жиҳоз «Портлаш-ёниш хавфи бор кимё, нефт-кимё ва нефт-газни қайта ишлаш корхоналари учун портлаш хавфсизлигининг умумий Қоидалари», тегишли стандартлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бериши лозим.
145. Совутиш жиҳозининг мустаҳкамлиги ҳисоби тегишли совутиш қурилмаси босими Рр (паст ёки юқори босим) асосида амалга оширилиши лозим.
146. Ҳисобланган босим ишлаб турган ёки тўхтатилган совутиш қурилмасида юзага келувчи максимал ортиқча босим сифатида белгиланади.
147. Аммиакли совутиш қурилмаларининг ҳисобланган босими амалдаги давлат ва тармоқ стандартларига мос бўлиши, лекин мазкур Қоидаларнинг 3-иловасида* келтирилган зичликни синаш босимидан паст бўлмаслиги лозим.
* 3-илова берилмайди.
148. Компрессордан тўғридан-тўғри аммиак буғи келиб тушадиган юқори босимли жиҳозлар учун деворларнинг ҳисобланган ҳароратини аниқлашда совутиш агентини тўлдириш вақтидаги ҳароратни инобатга олиш лозим.
149. Мустаҳкамликни назорат қилиш ва ишчи босимни чегараловчи ҳимоя қурилмалари ва приборларини маромига келтириш учун мўлжалланган синаш босимининг кўрсаткичлари 5-иловага* мувофиқ жиҳознинг ҳисобланган босимининг ҳажми асосида белгиланади.
* 5-илова берилмайди.
150. Катта ҳажмда сиқиш учун мўлжалланган компрессорлар билан жиҳозланган совутиш агрегатлари ва машиналари қуйидаги жойларда ўрнатиладиган қўл билан бошқариладиган ёпиш вентилларига эга бўлиши лозим:
компрессорларнинг тўлдириш ва сўриш қисмларида;
ресиверли аммиак йиғиш мосламасига эга ресивер ва конденсаторларнинг конструкцияларидан суюлтирилган аммиакнинг чиқиш жойларида.
151. Компрессорлар ва насосларнинг сўрувчи линияларида ушбу жиҳозларга бегона предметлар, ахлат ва чўкиндилар тушиш хавфини бартараф этувчи ечиб олинадиган (вақтинчалик) фильтрловчи элементлар кўзда тутилиши лозим.
152. Жиҳознинг ҳаракатланувчи қисмлари ҳимоя тўсиқларига эга бўлиши лозим.
153. Аммиак юзасининг геометрик ҳажми 0,3 m3 дан ортиқ бўлган идиш ва қурилмаларда суюлтирилган совутиш агенти даражаси кўрсаткичлари ўрнатилиши лозим.
154. Идиш ва қурилмалар, приборлар ва трубалардаги мустаҳкамловчи бирикмалар унинг герметик ҳолатини таъминловчи («бўртиш-чуқурлик», «шип-паз») зичланган юза билан тайёрланиши лозим.
155. Ажратилмайдиган бирикмалар қуйиш (сварка) йўли билан тайёрланиши лозим.
156. Қурилма конструкцияси шпинделнинг тўлиқ буралишига йўл қўймаслиги лозим. Сальник ёрдамида зичлаштириладиган қурилма бутунлай очиқ ҳолатда сальник камерасини аммиак оқиб ўтиш йўлидан ажратиб турувчи мосламага эга бўлиши лозим.
157. Аммиакли совутиш қурилмаларининг идиш ва қурилмалари босим остида ишлайдиган пўлатдан қуйилган қурилмалар ва идишларни лойиҳалаштириш ва тайёрлаш бўйича меъёрий техник ҳужжатлар талаблари асосида ишлаб чиқилади ва тайёрланади.
159. Вентиляторлар, насослар, компрессор ва компрессор-қурилмаларининг агрегатлари шовқин ва тебраниш характеристикалари меъёрлари талабларига жавоб бериши лозим.
160. Совутиш жиҳозлари комплектига кирадиган электр двигателлари, автоматиканинг электр приборлари ва бошқарув қутилари «Электр қурилмалар тузилиши Қоидалари» (ЭТҚ) талабларига жавоб бериши лозим.
161. Истеъмолчиларга идишлар ва қурилмалар билан бирга етказиб бериладиган ҳужжатлар меъёрий техник ҳужжатлар талабларига мос бўлиши лозим.
162. Истеъмолчиларга совутиш компрессорлари, насослари, компрессор қурилмаларидаги агрегатлар комплектдаги қурилмалар (станциялар) ва машиналар қуйидаги ҳужжатларга эга бўлиши лозим:
а) жиҳознинг техник характеристикаси ва уни тайёрлашда ишлатилган материаллар, шунингдек тебраниш-шовқин характеристикалари ва жиҳознинг хизмат кўрсатиш муддати ҳақидаги маълумотлар ҳамда ҳажми ва қабул қилиш-топширишдаги синовлар натижалари киритилган паспорт (формуляр).
б) қуйидагиларни ўз ичига олган эксплуатация қилиш бўйича йўриқнома:
жиҳознинг техник таснифи;
фундамент, уни мустаҳкамлаш қисмларига қўйиладиган тегишли талаблар, хоналар (жиҳоз жойлаштириладиган), ташқи трубаларнинг улаш қисмлари, электр таъминоти, ерга улашга қўйиладиган талаблар киритилган монтаж бўйича йўриқнома;
ишга тушириш ва хавфсиз тарзда хизмат кўрсатиш қоидалари;
таъмир бўйича кўрсатмалар ва асосий тез эскирадиган деталларнинг эскириш меъёрлари.
163. Эксплуатация қилиш бўйича йўриқномага қуйидагилар илова қилиниши лозим:
тайёрланган материаллар кўрсатилган жиҳоз, унинг асосий қисмлари ва тез эскирадиган деталларининг умумий кўриниши чизмаси;
ҳимоя клапанлари ва қурилмаларининг паспорти (давлат ва тармоқ стандартлари бўйича белгиланган шакл бўйича).
XII боб. Монтаж ишларига қўйиладиган талаблар
164. Совутиш қурилмалари ва уларнинг қисмларининг монтаж ишлари лойиҳа ҳужжатлари бўлган тақдирда амалга оширилиши лозим.
Лойиҳа ташкилоти билан мувофиқлаштирмасдан лойиҳадан чекинган ҳолда монтаж ишларини бажаришга йўл қўйилмайди.
165. Монтаж ишлари амалга оширилганда шунингдек жиҳоз, трубалар, қурилмалар, приборлар ва автоматизация воситаларини ишлаб чиқарувчилар техник ҳужжатлари, «Босим остида ишлайдиган идишларнинг тузилиши ва хавфсиз эксплуатация Қоидалари», «Ёқилғи, токсик ва суюлтирилган газ трубаларининг тузилиши ва уларни хавфсиз тарзда эксплуатация қилиш Қоидалари», «Ёнғин хавфсизлиги Қоидалари», КМК 3.01.02 талабларига амал қилиш лозим.
166. Монтаж қилишдан олдин монтаж ишлари амалга ошириладиган жиҳоз ва материаллар техник ҳужжатларга мос келиши текширилиши, шунингдек монтаж қилиш бўйича йўриқнома бўлиши лозим.
167. Жиҳозлар ва совутиш қурилмаларини монтаж қилиш учун қабул қилишда уларни кўрикдан ўтказиш, комплектланганлиги ва техник ҳолати текширилиши лозим. Дефекти бўлган жиҳозларни монтаж қилишга йўл қўйилмайди.
168. Кафолат муддати ўтган жиҳоз ва бошқа қисмларни монтаж қилишга фақат ишлаб чиқарувчи ҳужжатларида кўзда тутилган ишлар (текшириш, дефектларни бартараф қилиш ва ҳоказо) амалга оширилгандан сўнг рухсат берилади. Амалга оширилган ишларнинг натижалари жиҳознинг ҳужжатларига ёзиб қўйилиши лозим.
169. Монтажга қадар жиҳоз, унинг қисмлари ва материаллари уларни ишлаб чиқарган ташкилот ҳужжатлари талабларига биноан сақланиши лозим. Сақлаш вақтида кўрикдан ўтказиш учун йўл бўлиши, зарар кўриш, ички қисмларига нам ва чанг тушишининг олдини олиш учун шароитлар яратилиши лозим.
170. Қуйиш (сварка) ишларини амалга ошириш ва металларни қирқишда кўрсатилган ишларни хавфсиз тарзда олиб бориш бўйича давлат стандартлари ва «Портлаш хавфи ва портлаш-ёниш хавфи бор объектларда оловли ишларни хавфсиз олиб борилишини ташкил қилиш бўйича намунавий Йўриқнома»нинг тегишли талаблари бажарилиши лозим.
171. Фундаментларини қуриш ва уларга совутиш жиҳозларини ўрнатиш, фундамент больтларини тайёрлашда жиҳозларни ишлаб чиқарувчининг техник ҳужжатлари, лойиҳа талабларига, шунингдек қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига амал қилиниши лозим.
172. Монтаж ишлари даврида совутиш қурилмалари жиҳозлари, трубалари ва бошқа қисмлари жойидан кўчирилганда ишлаб чиқарувчи ҳужжатлари, стандартлар талаблари, амалдаги «Юк кўтариш кранларининг тузилиши ва уларни хавфсиз тарзда эксплуатация қилиш Қоидалари», қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига амал қилиниши лозим.
173. Босим остида ишлайдиган идишларда қуйиш ишлари (сварка) амалга оширилганда идишларни тайёрлаш бўйича техник ҳужжатлар, лойиҳа ечимлари ва «Босим остида ишлайдиган идишларнинг тузилиши ва хавфсиз эксплуатация Қоидалари»га амал қилиниши лозим.
174. Қўлда бошқариладиган сальник қурилмасини пастга қаратиб ўрнатишга йўл қўйилмайди.
Электрмагнит вентиллари ва аммиак ҳаракати йўналишидаги вентиллар ишлаб чиқарган завод йўриқномасида кўрсатилгандек бўлиши лозим.
175. Трубалар 1,2 захира коэффициенти билан қабул қилинган труба, совутиш агенти ва иссиқлик изоляцияларининг массалари инобатга олинган ҳолда махсус кўтаргичлар ва осгичлар ёрдамида ўрнатилиши лозим.
176. Трубаларнинг қуйма чокларини 50 mm гача диаметрга эга трубалар кўтаргичлари ва осгичларидан 100 mm масофада ва 50 mm ва ундан кўп диаметрга эга бўлган трубалар 200 mm дан кам бўлмаган масофада жойлаштириш лозим.
177. Трубаларнинг иссиқлик изоляцияси уларнинг мустаҳкамлиги ва зичлиги синовдан ўтказилгандан ҳамда аниқланган барча дефектлар бартараф қилингандан сўнг амалга оширилади.
178. Совутиш қурилмалари трубаларида қуйиш ишларини олиб боришга қурилмалар ва трубаларнинг барча қисмлари ўчирилганда ва аммиакдан (ювиш ва ҳаво ёки инерт газ билан пуркаш йўли билан) тозалангандан сўнг ва ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган олов ва газдан хавфли ишларни амалга ошириш учун ёзма рухсатнома бўлган тақдирда рухсат этилади.
179. Қурилма, трубаларни синаш (пуркаш) учун сиқилган ҳаво ёки инерт газни етказиб бериш махсус труба орқали махсус вентил орқали қурилма ёки трубанинг қисмига улаш йўли билан амалга оширилади.
Синовдан ўтказилаётган (пуркалаётган) қурилма, идиш ёки трубанинг қисми уни тизимдан ажратиш имконини берадиган ёпиш қурилмасига эга бўлиши лозим.
180. Трубаларни монтаж қилишда давлат стандартлари бўйича трубаларнинг стандарт деталларидан фойдаланиш лозим (Ру 10 МPа (≤ 100 kgf/cm2) бўйича пўлат чоксиз қуйилган трубаларнинг деталлари (17374÷17380 ГОСТлари).
Қуйилган қатламли ўтиш жойларини қолдиришга йўл қўйилмайди.
181. Монтаж ишларининг қулайлиги ва ишчиларнинг хавфсизлигини таъминловчи мосламалар (зиналар, нарвонлар, иш платформалари, тахталар ва бошқалар) хавфсиз тарзда ишларни олиб боришни таъминлаш бўйича давлат стандартларига (12.2.012 ГОСТ) жавоб бериши лозим.
182. Ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан комплект тарзда монтаж қилинадиган жойга етказиб бериладиган блокли совутиш машиналари ва қурилмалари, шунингдек контейнер типидаги қурилмаларда трубаларни конструктив тарзда расмийлаштириш ушбу ташкилот ҳужжатлари асосида белгиланади.
183. Жиҳоз ва трубаларни монтаж қилишда расмийлаштириладиган ишлаб чиқариш ҳужжатларининг рўйхати ва мазмуни қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига мос бўлиши лозим.
184. Ишлаб турган совутиш қурилмалари хоналари ва участкаларида монтаж ва таъмир ишларини бажаришда «Кимё, нефть-кимё ва нефть-газни қайта ишлаш хавфли ишлаб чиқариш объектларида таъмирлаш ишларни бехатар олиб бориш тартиби тўғрисида Низом» талабларига асосан ушбу ишларни амалга ошириш учун буйруқ-рухсатнома расмийлаштирилиши лозим.
XIII боб. Идишлар (қурилмалар), трубаларни синовдан ўтказиш
185. Совутиш қурилмаларининг идишлари, қурилмалари ва трубалари монтаж ишларидан сўнг (ишга туширишдан олдин) техник кўрикдан ўтказилиши, мунтазам равишда эксплуатация жараёнида ва зарурият бўлган ҳолларда (таъмирдан ва узоқ муддат, бир йилдан ортиқ, тўхтаб тургандан сўнг) эса — навбатдан ташқари кўрикдан ўтказилиши лозим.
186. Идишлар, қурилмалар ва трубаларнинг техник кўриги таркибига қуйидагилар киради:
ташқи ва ички (қопқоқлар (люклар) бўлган тақдирда) кўрикдан ўтказиш;
идишлар (қурилмалар) ва трубаларнинг мустаҳкамлиги, зичлигини пневматик синовдан ўтказиш.
Идишлар (қурилмалар) ва трубаларнинг мустаҳкамлиги, зичлигини пневматик синовдан ўтказишда акустик-эмиссион (АЭ) назорат усули ёки бошқа ўрнатилган тартибда мувофиқлаштирилган ишдан чиқишнинг олдини оладиган назорат усулидан фойдаланиш лозим. Пневматик синовлар акустик-эмиссион усул ёрдамида назорат қилинганда:
идишни босим остида ушлаш: синовларни акустик-эмиссион усулда назорат қилиш ва унинг натижаларини баҳолаш «Идишлар, қозонлар ва технологик трубаларнинг акустик-эмиссион усулдаги назоратини ташкил қилиш ва ўтказишга қўйиладиган талаблар»га биноан амалга оширилади;
навбатдаги кўрик ва техник диагностика вақтидаги синов босимининг ҳажмини рухсат этилган ишчи босимдан келиб чиққан ҳолда аниқлаш керак. Бунда 1,05 Рраб < Pисп < 1,25•Рраб тенгсизлиги бажарилиши лозим. Барча бошқа ҳолларда синов босими 3-иловада* кўрсатилган ҳажмга тўғри келиши лозим.
* 3-илова берилмайди.
187. Идишлар ва қурилмаларни техник кўрикдан ўтказиш вақти:
ташқи ва ички кўрикдан ўтказиш ҳамда босим билан синаш — ишга туширишдан олдин;
синовсиз ички ва ташқи кўрикдан ўтказиш — 2 йилда камида 1 марта;
ишчи ҳолатдаги идишларни (қурилмаларни) мунтазам равишда кўрикдан ўтказиш;
идиш билан бирга келган идишлар ва жиҳозларнинг техник ҳужжатлари комплектини текшириш — 2 йилда камида 1 марта;
ташқи ва ички кўрик, қалинлигини ўлчаш, текширув босими остида синаш — 8 йилда камида 1 марта.
Навбатдаги ички кўрикни акустик-эмиссион назорат билан бирга пневматик синов билан алмаштириш мумкин — 4 йилда камида 1 марта.
Йиғилган ҳолда етказиб берилган, консервация қилинган, эксплуатация ҳужжатларида сақлаш шартлари ва муддатлари кўрсатилган ва уларга амал қилинган янги ўрнатиладиган идиш ва қурилмалар ишга туширишдан олдин фақат кўрикдан ўтказилади. Мустаҳкамлиги бўйича синов ўтказиш талаб қилинмайди.
Бу ҳолда технологик схемага биноан ҳисобланган босим бўйича ҳаво ёки инерт газ ёрдамида идиш ёки қурилманинг зичлиги синалиши лозим (3-илова*). Навбатдаги синов муддати идишни эксплуатация қилишга рухсат берилган санадан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
* 3-илова берилмайди.
Ихтисослашган ташкилот томонидан коррозия активлиги ёки совутадиган сув ёки совуқлик агентларида абразив хусусиятларга эга механик қоришмалар аниқланган ҳолларда трубали конденсаторлар ва буғлантирувчиларни кўрикдан ўтказиш муддатлари қисқартирилиши мумкин.
188. Трубаларни техник кўрикдан ўтказиш вақти:
ташқи кўрик ва синов босими остида синаш — монтаж ишлари тугагандан сўнг эксплуатацияга киритишдан олдин;
ташқи кўрик — 2 йилда камида 1 марта;
ишчи ҳолатдаги трубаларни мунтазам равишдан кўрикдан ўтказиш;
ташқи кўрик ва синов босими остида синаш — 8 йилда камида 1 марта.
189. Тизимни монтаж ишлари тугагандан сўнг (эксплуатацияга киритишдан олдин) техник кўрикдан ўтказишда синов учун босимни 3-иловага* мувофиқ белгилаш керак. Бунда аммиакни босиш муҳити сифатида ва аммиакли компрессорни ҳаво компрессори сифатида ишлатишга йўл қўйилмайди.
* 3-илова берилмайди.
190. Кўрикдан ўтказилаётган қисмларнинг ташқи юзасида коррозия ҳолатини кўрсатувчи намланиш ва шишиб қолиш аломатлари бўлса иссиқлик изоляцияси ва идиш, қурилма ва трубаларни коррозиядан ҳимоя қилиш воситаларини ечиб олиш лозим. Трубаларнинг қуйма ва монтаж чоклари ҳамда мустаҳкамловчи қисмлари кўриш учун қулай бўлиши лозим.
191. Монтаж ишларидан сўнг (эксплуатацияга киритишдан олдин) мустаҳкамлиги синовдан ўтказилаётган идиш (қурилма), труба (унинг қисмлари) мустаҳкамловчи қисмлардан камида 20 mm чиқиб турадиган ўзакларга эга бўлган металлдан тайёрланган ёпиш мосламалари ёрдамида бошқа идиш, қурилма ва бошқа трубалардан ажратиб қўйилиши лозим. Ёпиш мосламаси қалинлиги синов босимидан 1,5 марта юқори бўлган босимда ишлаш шароитларига мос бўлиши лозим.
Синовдан ўтказилаётган идиш (қурилма) ва трубаларни бошқаларидан ажратиб қўйиш учун ёпиш қурилмасидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Синов ўтказиш вақтида ёпиш мосламалари ўрнатилган жойлар тўсиб қўйилиши ва одамларнинг бу ҳудудда бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги огоҳлантирувчи белгилар қўйилиши лозим.
192. Синовларни ўтказишда идиш (қурилма) ва трубаларга ўрнатилган барча ёпиш қурилмалари тўлиғича очиқ, сальниклар — мустаҳкамланган бўлиши лозим; маромига келтирувчи клапанлар ва ўлчов қурилмалари ўрнига монтаж ғалтаклари ўрнатилган бўлиши лозим; барча тешиклар, штуцерлар, ёстиқчалар ёпиб ташланган бўлиши лозим.
193. Синов вақтидаги босим текширилган ва пломба қўйилган иккита манометр ёрдамида назорат қилиниши лозим. Манометрлар 1,5 дан кам бўлмаган бир хил классдаги аниқликка, 160 mm дан кам бўлмаган корпус диаметрига ўлчанаётган босимнинг 4/3 га тенг номинал босим шкаласига эга бўлиши лозим. Битта манометр ёпиш вентилидан кейинги ҳаво компрессори ёнига, иккинчиси эса — идиш (қурилма) ва трубадаги ҳаво компрессоридан энг узоқда жойлашган нуқтага ўрнатилади.
194. Трубаларни синовдан ўтказишда тўлдириш ва сўриш қисмидаги синов босими ҳажми трубанинг айнан шу қисмидаги идиш ва қурилмалар мустаҳкамлигини синаш босимига тўғри келиши лозим.
Янги жиҳоз аввал ўрнатилган анча паст ишчи босимига эга жиҳоз билан бирга ишлатилганда синов босими ҳажми энг кичик кўрсаткич бўйича белгиланиши лозим.
195. Идиш (қурилма), трубадаги босувчи муҳит босимини бир минутда камида 0,1 МPа (kgf/сm2) босим кўтарилиши тезлигида синов босимига қадар ошириш керак.
Босимнинг синов босимига нисбатан 0,3 ва 0,6 га тенг даражасига, шунингдек ишчи босимига эришилганда босим ортишини тўхтатиш ва идиш (қурилма), трубанинг оралиқ кўригини ўтказиш ва устки юзасини текшириш лозим. АЭ назорат маълумотларини ёзиш кўрсатилган босим остида объектни ушлаб турган бутун давр мобайнида амалга оширилади.
196. Идиш (қурилма), труба синов босими остида камида 5 минут давомида бўлиши лозим, кейин босим аста секин ҳисобланган даражага қадар туширилади ва идишнинг (қурилманинг, трубанинг) ташқи юзаси текширилади, унинг чоклари ва ажраладиган қисмларининг зичлиги совунли қоришма ёки бошқа усуллар ёрдамида текширилади.
АЭ усули ёрдамида синаш ишлари назорат қилинганда қуйма чоклар ва ажраладиган қисмларнинг зичлигини баҳолаш оператив тарзда қайд этилган АЭ назорат маълумотларини таҳлил қилиш асосидаги приборларнинг кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.
197. Идишлар, қурилмалар ва трубаларнинг барча тизимлари зичлигини синаш 3-иловага* асосан юқори ва паст босимга эга қисмлари бўйича алоҳида ўтказилади. Зичликни аниқлаш бўйича якуний синовларни бир неча соат (камида 3 соат) давомида ички ва ташқи муҳит ҳароратини бир хил даражага келтиргандан сўнг ўтказиш керак. Синов вақтининг давомийлиги — камида 12 соат, бунда, атроф муҳит ҳароратида ўзгариш бўлмаса, босимни ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
* 3-илова берилмайди.
198. Идиш (қурилма) ва трубаларнинг мустаҳкамлиги ва зичлиги бўйича олинган синов натижалари синов вақтида узилишлар, кўзга кўринадиган деформация содир бўлмаса, манометр кўрсаткичи бўйича босим тушиб кетмаса ва АЭ назорат (ёки бошқа синов усуллари бўйича) ижобий натижаларга эришилса қониқарли деб ҳисобланади.
199. Идиш, қурилма ва трубаларнинг рухсат этилган эксплуатация параметрлари, навбатдаги техник кўрик муддати кўрсатилган техник кўрик натижалари кўрикни ўтказган шахс томонидан жиҳоз ва трубаларнинг паспортига ёзиб қўйилиши лозим. Қурилма, идиш, трубани ишга туширишга рухсат айнан шу шахс томонидан берилади ва идиш, қурилма ва трубанинг паспортига ёзиб қўйилади.
200. Пневматик синовлар тугагандан сўнг тизимни 0,01 МPа (0,1 kgf/сm2) қодиқ босим остида 18 соат давомида ушлаб туришни талаб қиладиган вакуумлаш ишлари амалга оширилади.
Босим ушбу вақт мобайнида ҳар соатда белгилаб турилади. Биринчи 6 соат давомида босимни 50 фоизга оширишга йўл қўйилади. Қолган вақтда босим доимий ҳолатда қолдирилиши лозим. Идишни (трубани) эксплуатация қилиш рухсат этиладиган босимни Рисп ҳажмда эришилган синов босими даражасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш керак. Агар синовлар АЭ назорати билан бирга ўтказилган бўлса, бунда рухсат этилган босим Рисп/1,05 дан юқори бўлиши мумкин эмас.
XIV боб. Тизимни аммиак билан тўлдириш
201. Совутиш тизимини илк бор тўлдириш учун керак бўладиган суюлтирилган аммиакнинг умумий миқдори унинг элементларини тўлдириш ҳисоблари асосида лойиҳа бўйича белгиланиши лозим. Бунда жиҳознинг ички ҳажмини суюлтирилган аммиак билан тўлдириш қуйидаги ҳажмлардан ортиб кетмаслиги лозим, %:
Буғлантирувчилар:
трубали ва вертикал трубали — 80;
суюқлик ажратувчилар бўлишидан қатъи назар эгри ва қатламли (панелли) — 50;
Совутиш камераларининг батареялари:
аммиак юқоридан етказиб бериладиган — 30;
аммиак пастдан етказиб бериладиган — 70;
Ҳавони совутиш мосламалари:
аммиак юқоридан етказиб бериладиган — 50;
аммиак пастдан етказиб бериладиган — 70;
Конденсаторлар:
ресиверли қобиқ (ўрама) қисми бўлган трубалар — ресиверли ўрама қисмининг бутун ҳажми;
бошқа типлар учун — суюлтирилган аммиак йиғиш мосламаларининг 80% даги ҳажми;
суюқликни ажратиш мосламалари — 0;
ресиверлар:
линия бўйича ўрнатилган — 50;
суюқлик устунчаларига эга циркуляцион вертикал ва горизонтал — 15;
суюқлик устунчалари бўлмаган циркуляцион вертикал ва горизонтал — 30;
ҳимоя — 0;
дренаж — 0;
суюлтирилган аммиакни қайта совутиш мосламалари — 100;
икки босқичли сиқиш қурилмаларидаги оралиқ идишлар:
вертикал — 30;
горизонтал — 50;
барботаж типидаги мой ажратиш мосламалари — 30;
суюлтирилган аммиак трубалари — 100;
бевосита музлатувчи музлатадиган ва плитали қурилмалар — 80;
буғларни сўриш ва суюлтирилган аммиакни қуйиш учун мўлжалланган трубалар — 30.
Комплектланган совутиш қурилмалари ишлаб чиқарадиган завод йўриқномасига биноан суюлтирилган аммиак билан тўлдирилиши ва ундан бўшатилиши лозим.
202. Тизимнинг совутиш агенти билан тўлдиришга тайёрлиги монтаж ишлари тугаганидан ва мустаҳкамлик ва зичлик синовлари ўтказилганидан кейин комиссия томонидан аниқланади. Тизимни тўлдириш ҳақидаги қарор қуйидаги масалалар ўз аксини топиши лозим бўлган акт билан расмийлаштирилади:
умумалмашинувчи ва авария вентиляция тизимининг ишга тайёрланганлиги;
корхонада ўқитилган техник ходимлар шакллантирилганлиги;
ходимларнинг керакли нафас олиш органлари, тананинг индивидуал ҳимоя воситалари ва шифокор келгунга қадар биринчи ёрдам кўрсатиш воситалари билан таъминланганлиги;
керакли лойиҳа, технологик ҳужжатлар ва авария ҳолатларини маҳаллийлаштириш режасининг мавжудлиги.
203. Эксплуатация жараёнида совутиш тизимларини аммиак билан тўлдиришда (тўлдириш лозимлиги ҳақида сўриш пайтида аммиак буғларининг меъёридан ортиқ қизиб кетишидан билиш мумкин) тизимдаги суюлтирилган аммиак миқдори лойиҳа ҳужжатлари ва технологик регламент билан белгиланган миқдордан ортиб кетмаслиги лозим.
204. Аммиак давлат стандартларида белгиланган талабларга жавоб бериши лозим. Аммиак намуналарини танлаб олиш ва уларнинг сифатини текшириш махсус шу мақсадлар учун мўлжалланган ташиш идишлари қурилмаси ёрдамида ва аммиак бўйича амалдаги стандартлар талабларига биноан амалга оширилиши лозим.
205. Суюлтирилган аммиакни қуйиш операцияси газдан хавфли бўлган ишларга тегишлидир.
206. Қуйиш тармоғидаги суюлтирилган аммиак трубалари манометрлар, шунингдек суюлтирилган аммиакни қуйиш учун мўлжалланган трубалардаги ажраладиган қисмларининг герметик ҳолати бузилганда аммиакли совутиш қурилмасининг суюлтирилган аммиакни йиғиб олиш мосламасидан суюлтирилган аммиакни орқага оқиб кетишига тўсқинлик қиладиган автоматик қурилмалар билан жиҳозланиши лозим.
207. Темир йўл цистерналарини совутиш қурилмаларининг стационар тармоқларига улаш қулай бўлиши, улаш тармоғига осонликча бириктириш ва унинг герметик ҳолатини таъминлаши лозим. Улаш учун қуйидаги вақтинча улаш турларидан фойдаланиш мумкин:
5 — 7 метр узунликка эга, тирсак ёки спирал шаклидаги металлтрубанинг эгилган қисми ёрдамида осонликча улаш;
эгилувчан металлшланглар;
нометалл материаллардан тайёрланган эгилувчан шланглар;
шарнирли бурилувчан бирикмалар.
208. Автомобил цистернасидан суюлтирилган аммиакни қуйиш тўлдирадиган автомобилнинг ечиладиган трубаси ёрдамида амалга оширилади.
209. Қуйиш пунктидаги трубаларнинг эгилувчан ва шарнирли участкаларини эксплуатация қилиш, кўрикдан ўтказиш, таъмирлаш, белгилаш тартиби ва муддатлари уларнинг ўрнатилган тартибда мувофиқлаштирилган техник ҳужжатлари асосида белгиланади.
210. Суюлтирилган аммиакни қуйиш пунктлари аммиак гази билан тўлганлик даражасини назорат қилиш тизими датчиклари, цистерналарнинг сурилиб кетиш сигнализаторлари, аммиакни қуйишни автоматик тарзда тўхтатиш тизимлари, авария оқибатларини маҳаллийлаштириш ва бартараф этиш учун мўлжалланган стационар ва кўчма техник қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
211. Ташиш идишлари бутунлай бўшатилганда қолдиқ ортиқча босим назорат қилиниши ва 0,05 МPа (0,5 kgf/сm2) дан кам бўлмаслиги лозим.
212. Туйнукларнинг ечиб олинадиган бирикмалари мустаҳкамланадиган жойлардан, қурилмалардан, ёпиш арматураси зичлиги бузилганда ёки қурилмалар зарар кўрган ҳолларда ташиш идишларидан аммиакнинг оқишини бартараф қилиш ишлари мустаҳкамловчи қопқоқни ечган ҳолда газ вентилини секинлик билан очиш йўли билан идишлардаги босимни атмосфера босимигача пасайтиргандан сўнг амалга оширилиши лозим.
213. Темир йўл ва автомобил цистерналаридан суюлтирилган аммиакни қуйиш майдончаси асфальт ёки бетон юзага эга бўлиши, шунингдек дренаж тармоғи ва цистерналарда юзага келган аварияларни маҳаллийлаштириш ва бартараф қилиш вақтида оқиб чиқадиган суюлтирилган аммиак ва аммиак сувини махсус ўраларга тушириб юбориш учун қия ҳолдаги ариқчалар бўлиши лозим.
Ўраларнинг конструкцияси ва ҳажми мавжуд канализация тизимларига эркин ҳолда оқиб тушишининг олдини олиши ҳамда лойиҳа ҳужжатларига асосан белгиланиши лозим.
214. Қуйиш пунктида цистерналарни қулай ва хавфсиз тарзда стационар трубаларга улаш учун шароитлар яратилиши лозим. Ходимларнинг регламент ишларини олиб бориши учун мўлжалланган платформа уларнинг ташиш идишларининг қурилмаларига ўтиши ва авария ҳолатида эвакуация қилиш учун қулай бўлган ёнмайдиган конструкцияларга эга бўлиши лозим.
215. Ташкилотга келган аммиак тўлдирилган цистерна юкларни ташиш қоидаларига биноан акт бўйича қабул қилиб олинади.
216. Цистернанинг ташкилот ҳудудида бўлишининг бутун даврида куну-тун уни кузатиб туриш ишлари ташкил қилиниши лозим.
217. Цистернани визуал текшириш ўтказилади, пломбалар борлиги, ёпиш қурилмаларининг созлиги ва герметик ҳолати текширилади, шунингдек топшириладиган юкнинг қабул қилиш-топшириш акти ва цистернанинг паспорт маълумотларига мувофиқлиги текширилади.
218. Цистерна кўриб чиқилгандан сўнг цистерна ҳолати ва қуйиш ишларини амалга ошириш мумкинлиги ҳақида ёзма хулоса берилади, бу ҳақида қайд журналига тегишли ёзувлар киритилади, цистернанинг оғирлиги (нетто, брутто) ва рақами белгилаб қўйилади. Аммиакни қабул қилиш ва қуйиш бўйича қайд журнали рақамланган, тикилган ва муҳрланган бўлиши лозим.
219. Мазкур Қоидалар талабларидан чекинишлар аниқланган тақдирда цистернадан аммиакни қуйиш тақиқланади. Бу ҳолда ташкилотда акт тузилади ва бу ҳақда тўлдирувчи ташкилотга хабар берилади.
220. Темир йўл цистернасидан аммиакни қуйишдан олдин локомотив йўналишни ўзгартирувчи ёй (стрелка) бўлган жой ёки тўсиқ ортига олиб кетилиши лозим. Ташкилотга кириш йўлларидаги стрелкалар ҳаракатланувчи составлар киришининг олдини оладиган ҳолатга келтирилиши ва қулфлаб қўйилиши лозим.
221. Ташкилотнинг йўналишни ўзгартирувчи стрелкалар бўлмаган ички темир йўлларида цистернадан камида 3 метр узоқликда ҳимоя тўсини қўйилади. Релсли йўлдаги цистернанинг ғилдираклари маҳкамланиши ва ҳар икки томонидан тормоз башмаклари қўйилиши лозим. Қуйиш ишлари амалга ошириладиган вақтдан олдин ва қуйиш мобайнида цистерна қизил рангдаги кўчма сигналлар билан тўсиб қўйилади ва «Тўхта! Кириш йўли беркитилган. Аммиак» ёзувлари бўлган 400 х 600 mm ўлчамдаги белги ўрнатилади. Аммиакни қуйишдан олдин цистерна ерга уланган бўлиши ва цистернанинг силжишини тўхтатувчи мосламага уланган бўлиши лозим.
222. Автомобил цистернаси тормоз ёрдамида тўхтатилган ва ғилдиракларининг ҳар икки томонига тормоз башмаклари қўйилган, ерга уланган, цистернанинг силжишини тўхтатувчи мосламага уланган ва темир йўл цистернаси каби тўсиб қўйилган бўлиши лозим. Агар автомобил цистернаси қуйиш учун ички транспорт йўллари билан боғланган ҳудудга қўйилган бўлса, бу ҳолда бегона транспорт воситаларининг хавфли ҳудудга киришининг олдини олиш учун барча чоралар кўрилиши лозим (кириш мумкин бўлган барча йўлларни тўсиб ташлаш, қоровуллар қўйиш ва ҳоказо).
223. Аммиакни қуйиш операциясини амалга оширишдан олдин тушириш вақтида оқиши мумкин бўлган аммиакни (аммиак сувини) йиғиб олиш учун мўлжалланган ўралар бўшатилиши, аварияларни маҳаллийлаштириш ва бартараф этиш тизимининг техник қурилмалари ишчи ҳолатига келтирилиши лозим.
224. Агар аммиакни қуйиш ишлари амалга оширилмаётган бўлса, цистернани тизимга уланган ҳолда қолдиришга йўл қўйилмайди. Танаффус вақтида трубаларнинг ечиб олинадиган қисмлари цистернадан узиб қўйилади.
225. Цистернадан аммиакни қуйиш вақтида бегона шахсларнинг бўлиши, олов билан боғлиқ ишларни бажариш ва цистерна ёнида чекишга йўл қўйилмайди. Цистерна ёнида ёнғин чиққан тақдирда, уни ёнғин тарқалиши мумкин бўлган ҳудуддан ташқаридаги хавфсиз жойга олиб ўтиш, олиб ўтишнинг имкони бўлмаса — хавф бартараф қилинмагунга қадар катта ҳажмда сув сепиш.
226. Цистернани қуйиш тармоғидаги стационар трубаларга улаш ва уни узиш билан боғлиқ операциялар нафас олиш органлари ва терининг индивидуал ҳимоя воситаларига эга ходимлар томонидан амалга оширилиши лозим.
227. Автомобил ёки темир йўл цистернасидаги суюлтирилган аммиак тизимдаги босимни пасайтириш йўли билан совутиш қурилмаларининг компрессорлари ёрдамида ҳосил қилинадиган цистерна ва совутиш қурилмасининг қабул қилувчи қисмларидаги турлича босим таъсири остида совутиш тизимига ҳайдалиши лозим.
Совутиш тизимининг етарли даражада тўлдирилганлигини тизимнинг қабул қилиш қисмидаги аммиак даражаси кўрсаткичларига биноан назорат қилиш керак.
Цистернадан аммиакнинг тўлиғича қуйиб олинганлигини (унинг бўшатилганлигини) цистернанинг назорат қурилмасидан аммиак чиқишининг тўхтаганлигидан аниқлаш мумкин.
228. Аммиак қисман ёки тўлиғича қуйиб олингандан сўнг цистернага пломба қўйилиши ва цистернада қолган аммиак миқдори ҳақида маълумотнома берилиб топширилиши лозим.
Аммиакни қуйиш бўйича барча ишлар якунлангандан кейин совутиш қурилмасининг қабул қилувчи вентиллари ёпилиши ва уларга пломба қўйилиши лозим, қурилманинг барча қабул қилувчи қисмлари эса калит билан қуфлаб қўйилиши керак.
229. Ташкилотда суюлтирилган аммиакни қуйишга тайёрлаш ташкилотнинг буйруғи асосида тайинланган муҳандис-техник ишчилар раҳбарлигида амалга оширилиши лозим.
230. Захира ресиверларига аммиакни қуйиш қуйидаги талабларга биноан амалга оширилиши лозим:
ресивернинг суюқлик (қуйиш) трубалари цистернага улангандан сўнг суюқликни ажратиш мосламаси орқали буғларни сўриб олиш йўли билан босимни пасайтирган ҳолда қабул қилувчи ресивернинг сўрувчи вентиллари очилади;
цистернанинг қуйиш вентили ва ресивердаги аммиакни қабул қилиб олиш вентиллари очилади, бунда ресиверга суюлтирилган аммиакнинг тўлиш даражаси назорат қилиб турилади;
захира ресиверлари уларнинг геометрик ҳажмига нисбатан 80 фоизгача тўлдирилиши лозим.
XV боб. Совутиш қурилмаларини эксплуатация қилишга қўйиладиган талаблар
1-§. Компрессорлар ва насослар
231. Компрессорни ишга туширишни — илк бор, узоқ муддатга тўхтатилгандан, таъмирдан, профилактика ишлари олиб борилгандан кейин, шунингдек авариядан ҳимоя приборлари ишга тушганда тўхтагандан кейин — ишлаб чиқарган завод йўриқномасига биноан ёпиқ ҳолдаги сўрувчи вентиллар ёпилган ҳолатда қўл билан амалга ошириши керак.
232. Компрессорни ишга туширишдан олдин компрессордан конденсаторгача бўлган тўлдириш трубасидаги барча ёпиш вентиллари очиқ эканлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Компрессорни ичига ўрнатилган байпас қурилмасидан фойдаланиб ёқишда, агар ишлаб чиқарувчи завод йўриқномасида кўзда тутилган бўлса, компрессорнинг тўлдириш вентили ёпиқ бўлиши, байпас қурилмасининг вентили эса очиқ бўлиши лозим.
233. Асосий совутиш тизимидан ажралган ҳолда ишлайдиган заводда тайёрланган блокли машиналардан ташқари совутиш қурилмасидан компрессорлар ёрдамида аммиак буғларини сўриб олиш учун суюқликни ажратиб олиш мосламаларидан (ёки уни алмаштирадиган идишлардан) фойдаланишга йўл қўйилмайди.
234. Компрессорларнинг герметиклиги учун доимий назорат ўрнатилиши керак.
235. Компрессорлар, насослар, вентилларнинг штоклари орқали аммиак оқиб чиқиш ҳоллари улар аниқлангандан сўнг зудлик билан бартараф қилиниши лозим.
Таъмир ишларидан олдин компрессорнинг сўрувчи қисмлари вакуум усулида тозаланади (ёпиқ сўрувчи вентиллар ёрдамидаги қисқа муддатли ишлар). Тўлдириш вентили ёпилади ва қолган аммиак резинали шланг орқали компрессордан чиқариб ташланади, шлангнинг бир учини компрессорда жойлашган махсус вентилга уланади, иккинчи учи эса ташқарига чиқарилади — сувли идишга туширилади (унинг сатҳи бўйлаб). Аммиак чиқарилаётган вақтда компрессорга сув тушишининг олдини олиш учун босимнинг атмосфера босимидан камайиб кетишига йўл қўймасдан картердаги босимни назорат қилиш керак.
236. Компрессор ёрдамида сўриб олинаётган аммиак буғларининг қизиш ҳарорати бир босқичли ва юқори босимли икки босқичли компрессорлар учун камида 5°С, ва икки босқичли паст босимдаги компрессорлар учун 10°С бўлиши лозим. Бу қизиш ҳарорати компрессор ёрдамида сўришда термометр билан ўлчанадиган буғ ҳарорати билан мановакуумметр ёрдамида сўриш босими ўлчанган ушбу приборнинг ҳарорат шкаласи бўйича ёки тўйинган аммиак буғларининг жадвали бўйича аниқланадиган аммиакнинг қайнаш ҳарорати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади. Мановакуумметр шкаласининг юқори чегараси 1 МPа (kgf/сm2) дан кўп бўлмаслиги, аниқлик класси эса — 1,5 дан кам бўлмаслиги лозим.
237. Аммиакли совутиш қурилмаси ишининг доимий назорат қилинадиган жойларидаги ҳарорати стационар ҳолда ўрнатилган ва узлуксиз ишлаб турадиган приборлари ёрдамида аниқланиши лозим. Бу ҳолатда кўчма приборлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Тўлдириш вақтидаги ҳарорат, агар завод йўриқномасига биноан бошқа кўрсаткичлар кўзда тутилмаган бўлса, замонавий поршенли компрессорлар учун 160°С дан юқори бўлмаслиги, винтлилари учун — 90°С, горизонтал шовқинсиз ишлайдиган компрессорлар учун эса — 135°С бўлиши лозим.
238. Суюлтирилган аммиакни поршенли компрессорнинг сўрувчи трубасига пуркашга йўл қўйилмайди.
Ишлаб чиқарувчи завод томонидан кўзда тутилган ҳолларда суюлтирилган аммиакни пурковчи винтли компрессорларни эксплуатация қилишга йўл қўйилади.
Ишлаб чиқарувчи завод ҳужжатларида кўзда тутилмаган пуркаш мосламаларини ўрнатишга йўл қўйилмайди.
239. Компрессор цилиндрида тўқиллаш пайдо бўлганда машинист зудлик билан компрессорни тўхтатиши ва компрессорни тўхтатиш сабабларини машина бўлимидаги суткали журналга ёзиб, катта машинистга бу ҳақда хабар бериши лозим.
240. Тўлдирувчи компрессорда аммиак буғларини иситиш даражаси пасайганда ва ҳарорат тез тушиб кетганда, сўрувчи қатлам деворлари музлаб қолганда (музлаш даражаси ошганда) ва бошқа нам ҳолатда ишлаш белгилари пайдо бўлганда (поршенли компрессорда — тўлдирувчи клапанларидаги тўқиллаш ва мойлаш босимининг тушиб кетиши; винтли компрессорда — ишлашдаги шовқин характерининг ўзгариши ва мойлаш босимининг тушиб кетиши; ротацион кўп қатламли — ишлашдаги шовқин характерининг ўзгариши ва мой ажратиб берувчи мосламада сатҳнинг кўтарилиши) зудлик билан компрессорни тўхтатиш, кейин ёпиладиган сўрувчи ва тўлдирувчи, маромига келтирувчи клапанларни ёпиш ва компрессорнинг нам ҳолда ишлаш сабабини бартараф этиш лозим. Кейинчалик компрессорни ишга туширишдан олдин сўрувчи трубани йиғилиб қолган суюқликдан бўшатиш керак. Аммиакни тўхтатилган компрессордан сўриб олишда унинг блокидаги сувни тўкиб ташлаш лозим.
241. Совутиш жиҳозининг таъмири ва профилактикасидан сўнг, шунингдек компрессорнинг ишидаги жиддий носозликлар сабабли у мажбуран ўчирилгандан кейин, компрессорни эксплуатацияга киритиш мазкур Қоидаларнинг XVI боби талабларига биноан ўрнатилган тартибда ёзма ҳолда расмийлаштирилган рухсатнома асосида амалга оширилади.
Аммиакни етказиб бериш миқдорини қўл билан маромига келтириш қурилмасига эга бўлган винтли компрессорни ишга туширишдан олдин қурилмани минимал маҳсулдорлик ҳолатига келтириш керак.
242. Қишда ва сув музлаб қолиши мумкин бўлган вақтларда совутиш қурилмаси ишида танаффуслар бўлганда сувларни компрессорлар, сув насослари, ёпиқ типдаги конденсаторлар, музлатувчилар ва бошқа қурилмаларнинг цилиндрлари ва сальникларидаги совутиш блоклари орқали тушириш лозим, шунингдек тизимнинг энг пастки қисмида жойлашган нуқталардаги тушириш кранлари ёрдамида сув трубалари орқали оқизиб юбориш лозим.
243. Жиҳознинг барча ҳаракатланувчи ва айланувчи қисмлари (маховиклар, валлар, муфталар ва бошқалар) ечиб олинадиган ва осонлик билан қисмларга ажратиладиган текис ёки тўрли тўсиқлар билан ёпиб қўйилиши лозим.
Тўсиқнинг боғламлари ва деталлари ишончи тарзда мустаҳкамланган ва етарли даражадаги мустаҳкамлик ва қаттиқликка эга бўлиши лозим.
244. Машиналарнинг ҳаракатланувчи қисмларига фақат улар бутунлай тўхтатилгандан, электр қурилмалар токдан узилгандан ва бегона шахсларнинг уни ишга туширишига қарши барча чоралар кўрилгандан кейингина яқинлашишга рухсат этилади.
Поршенли компрессордаги линиялар орасида бўшлиқ ҳажми вални қўл билан айлантириш йўли билан ўлчанади.
245. Компрессорни совутиш учун мўлжалланган сув ҳарорати, агар ишлаб чиқарувчи завод томонидан бошқа кўрсаткичлар кўзда тутилмаган бўлса, цилиндр блокларига киришда 10°С дан паст ва чиқишда — 45°С дан юқори бўлмаслиги лозим.
246. Аммиакли совутиш компрессорларини мойлашда фақат махсус улар учун мўлжалланган мойлар ишлатилиши керак.
Компрессорнинг ҳар бир типи учун мўлжалланган мой русуми ишлаб чиқарувчи завод йўриқномасида кўрсатилган русумга мос бўлиши лозим.
247. Автоматик режимда ишлайдиган компрессор ва насосларнинг кўринарли жойларида «Эҳтиёт бўлинг! Автоматик тарзда ишга тушади» деган ёзув тахтачаси осиб қўйилиши лозим.
248. Ишчи ўринларидаги шовқин даражаси амалдаги меъёрий ҳужжатларда келтирилган меъёрлардан баланд бўлмаслиги лозим. Ишчи ўринларидаги шовқин даражасини ўлчаш 0120 рақамли СанҚваМ ва 12.1.050 ГОСТ бўйича ўтказилиши керак. Шовқин даражаси меъёрлардан баланд бўлган ҳолларда уларни пасайтириш чоралари кўрилиши керак.
249. Монтаж ва таъмирдан кейин аммиак компрессорларини текшириш ва ишлатиб кўриш ишлаб чиқарувчи завод йўриқномасига биноан амалга ошириш керак.
250. Суюқликни ажратиб олиш мосламалари ёрдамида буғлантириш жиҳозларини тўйинтирадиган насоссиз бевосита совутиш тизимларига эга бўлган ишлаб турган совутгичларда иссиқлик юкламаси ортиб кетганда суюқликни тизимдан компрессорларнинг сўриш линияларига оқиб тушиш хавфини инобатга олган ҳолда суюлтирилган аммиак сатҳини муайян даражада ушлаб туриш тақиқланади.
Агар кўрсатилган суюлтирилган аммиакни совутиш қурилмасига етказиб бериш схемасини ўзгартириш мумкин бўлмаса, унда компрессорнинг олдига ҳимоя ресивери ёки суюқликни ажратиб олиш мосламасини ўзида мужассам этган ресиверга эга бўлган қўшимча (қуруқ) суюқликни ажратиб олиш мосламаси ўрнатилиши лозим.
251. Совутиш схемасига уланган аммиак насосининг эксплуатацияси ишлаб чиқарувчи завод йўриқномаси талабларига биноан амалга оширилиши керак.
252. Насосни ҳар сафар ишга туширишдан олдин кўриб чиқиш, соз ҳолатдалигига ишонч ҳосил қилиш ва компрессор цехи ишининг суткалик журналидаги ёзувлар билан танишиб чиқиш лозим.
253. Аммиак насосини илк бор ишга туширганда ёки у узоқ муддат тўхтаб турганидан кейин қуйидагиларни амалга ошириш лозим: ушбу агрегатни (шунингдек унинг ишчи қисмларини) суюлтирилган совутиш агенти билан тўлдирилишини таъминлаш учун сўрувчи ва босимга эга линияларидаги вентилларини очиш; босимга линиянинг вентилини охиригача беркитиш ва бир-бир ярим айлана орқага бураш; насосни ёқиш; босим бўйича стабил режимга чиққандан сўнг босим трубасидаги вентил ёрдамида ушбу босимнинг кўрсаткичларини тўғралаш.
254. Қуйидаги ҳолларда аммиак насосини ишга туширишга йўл қўйилмайди:
кириш ва чиқишдаги вентилларнинг ёпиқ ҳолатида;
насос тўлиғича суюлтирилган совутиш агенти билан тўлдирилмаган ҳолларда;
ҳимоя муфтаси қопламаси бўлмаган ҳолларда (насос билан электр двигатели ўртасида улаш муфтаси бўлган агрегатлар учун).
255. Насос зудлик билан тўхталиши лозим, агар:
босим кучи пасайиб кетса босим кучи билан сўриш ўртасида фарқ бўлса (автоматика приборлари бўлмаса ёки ишламаса);
агрегатларнинг зич беркитилмаган жойларидан аммиак оқиб чиқса;
манометр, қайтувчи клапанлар, автоматика воситаларида носозлик аниқланса.
256. Агрегат тўлиғича тўхтатилган, электр таъминоти ўчирилган, ишга тушириш қурилмалари ва вентилларига тахтачалар осиб қўйилган, компрессор цехи ишининг суткалик журналига ёзувлар киритилгандан сўнг аммиак насосидаги профилактика ишлари амалга оширилиши мумкин.
257. Аммиак оқиши билан боғлиқ насоснинг носозлиги зудлик билан бартараф этилиши лозим.
2-§. Аппаратлар ва қурилмалар
258. Идиш ва қурилмаларни илк бор ишга туширганда, узоқ муддатга тўхтатилганда, кўрикдан ўтказиш ёки таъмир учун тайёрланганда уларни совутиш ҳароратнинг бирдан тушиб кетиши натижасида деворларнинг механик мустаҳкамлиги заифлашиб кетишининг олдини олиш мақсадида деворлардаги ҳароратнинг соатига 30°С гача пасайиш тезлигида амалга оширилиши лозим. Аммиакдан бўшатилган қурилмаларни уларнинг деворларидаги ҳарорат минус 35°С дан кам бўлмаган ҳолатда очишга йўл қўйилади.
259. Қиш даврида сув билан таъминланадиган конденсаторлар ва ҳавзаларда, хизмат кўрсатиладиган майдонча ва зиналарда ҳосил бўладиган музни мунтазам равишда кўчириб туриш лозим.
260. Конденсатор трубаларини сув тошларидан механик равишда тозалаш ишлари буйруқ-рухсатнома расмийлаштирилиб, конденсаторлар аммиакдан бўшатилгандан сўнг цех бошлиғи раҳбарлиги остида бажарилиши лозим.
Ойига камида бир марта конденсатордан чиқаётган сув таркибида аммиак борлигини текшириш керак.
261. Алоҳида жойлаштирилган қурилма ва конденсатор хоналари ёки майдончаларининг эшиклари қулф ҳолда бўлиши керак.
262. Трубали буғлантирувчилардан фойдаланилганда аммиакнинг қайнаш ишчи ҳарорати музлаш ҳароратидан 8°С га паст бўлган совутиш агентлари ишлатилиши лозим. Трубалар орасидаги аммиакни қайнатиш йўли билан трубали буғлантирувчилардаги сувни совутишда аммиакнинг қайнаш ҳарорати 2°С дан паст бўлмаслиги лозим.
Нейтрал совутиш агентлари билан совутиладиган тизимларда мунтазам равишда (ойига камида бир марта) уларнинг таркибида аммиак борлиги текшириб турилиши лозим.
263. Юқори ва паст босимдаги мойни ажратиб берувчи мослама ва қурилмалардаги мой (компрессордан картерга автоматик равишда мойни қайтариб тушириш қурилмалари бўлмаган тақдирда) мунтазам равишда мой йиғувчи мосламаларга тушириб турилиши лозим. Суюқликни ажратиб берувчи мослама қурилмалари орқали аммиак буғлари сўриб олингандан сўнг у мой йиғувчи мосламалардан атмосфера босимидан 0,01-0,02 МPа (0,1-0,2 kgf/сm2) гача бўлган босим остида чиқариб ташланиши лозим.
Идишлардан (қурилмалардан) мойни мой йиғувчи мосламаларни четлаб ўтиб бевосита очиқ ҳолдаги идишларга чиқариб юборишга йўл қўйилмайди.
Мой йиғувчи мосламаларда мановакуумметрлар ўрнатилиши лозим.
Мойни чиқариб ташлаш тизими ходимларнинг тизимдаги муҳит билан алоқага киришишининг олдини олиши лозим.
Мойни чиқариб ташлашда хизмат кўрсатувчи персонал газга қарши мослама ва резинали қўлқоплардан фойдаланиши ҳамда доим чиқиш жараёнини кузатиб туриши лозим.
264. Навбатчиликдаги хизмат кўрсатувчи персонал смена давомида суткалик журналга приборларнинг кўрсаткичларига биноан совутиш қурилмаларининг асосий ишчи параметрлари, жиҳозлар ва вентиляция тизими ишидаги камчиликлар, компрессорнинг тўхташ сабаблари, вентиляция тизимининг иши ҳақидаги маълумотлар, жиҳозларнинг ишидаги камчиликларни бартараф қилиш бўйича амалга оширилган чоралар ва бошқа камчиликларни ёзиб қўйиши лозим.
265. Қуйидаги ҳолларда қурилма (идиш) эксплуатациядан чиқарилиши лозим:
а) йўриқномада кўрсатилган барча талабларнинг бажарганлигига қарамасдан идишдаги босим рухсат этилган даражадан кўтарилиб кетганда;
б) ҳимоя клапанларининг носозлиги;
в) идишнинг асосий элементларида ёриқлар, шишлар, деворларнинг сезиларли даражада ингичкалашиши, қуйма чоклардаги тирқишлар ва терлаш, уланган қисмлардан чакки ўтиши, тагликларнинг йиртилиб кетиши;
г) бевосита босим остидаги идишга хавф солувчи ёнғиннинг чиқиши;
д) манометрнинг носозлиги ва бошқа приборлар бўйича босимни аниқлаш имконияти бўлмаслиги;
е) қопқоқлар ва люкларнинг носозлиги ёки маҳкамлаш деталларининг комплектланмаганлиги;
ж) суюқлик сатҳи кўрсаткичининг носозлиги;
з) лойиҳада кўзда тутилган назорат-ўлчов приборлари ва автоматика воситаларининг носозлиги (йўқлиги);
и) тизимдан аммиакнинг оқиши.
3-§. Совутиш камераларининг трубалари ва жиҳозлари
266. Эксплуатация шароитида аммиак тизимининг максимал зичлигини таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.
Аммиакнинг оқиш жойларини аниқлаш учун кимёвий ва бошқа махсус индикаторлар ишлатилиши лозим.
267. Аммиакли газ тўлдирувчи трубаларнинг барча ёпиш вентилларига очиқ ҳолда пломба қўйилиши лозим, компрессорларнинг асосий ёпиш вентиллари бундан мустасно.
Мой ажратиб бериш мосламалари ва тақсимловчи идишларнинг қуйиш трубаларидаги ёпиш вентилларига ҳам очиқ ҳолда пломба қўйилиши лозим. Барча пломбани олиб ташлаш ва кейинчалик пломба қўйиш ҳоллари ҳақида суткалик журналга ёзиб қўйилиши керак.
268. Конденсатор билан маромига келтирувчи станциялар ўртасидаги суюқлик трубалари, ресиверларни конденсаторлар билан боғловчи доимий ишлаб турувчи сатҳни тенглаштирувчи суюқлик ва газ трубаларининг вентилларига, сатҳни кўрсатувчи релеларнинг устунчаларига очиқ ҳолда пломба қўйилиши лозим.
269. Тўлдирувчи трубалар вентилидан пломбани олиб ташлаш ва уни ёпиш зарурияти бўлган ҳолда ушбу трубага уланган компрессорларни олдиндан ўчириш лозим.
Иккита ёки ундан кўп тўлдириш магистраллари бўлганда уларни бир бири билан бирлаштирувчи ёпиш вентилларига пломба қўйилиши лозим.
270. Ёпиш вентиллари клапанларининг тиқилиб қолишини олдини олиш учун (маховиги чиқиб турган сальникнинг қайтувчи мосламасига эга бўлмаган) уларни охиригача очилган ҳолатда сақлашга рухсат берилмайди. Вентил охиригача очилгандан кейин унинг маховигини тахминан 1/8 марта орқага айлантириш керак.
271. Маромига келтирувчи станция қутисида ҳар бир вентил ёнида ушбу маромига келтирувчи вентил қандай қурилма эканлиги ёки қайси совутиш хонаси унга хизмат кўрсатиши кўрсатилган ёзув бўлиши лозим.
272. Мустаҳкамловчи қисмлардаги больтларни тортиш, қурилмаларнинг (идишларнинг) ёпиш арматурасининг сальнигини бутунлай ёки қисман алмаштириш ишлари эҳтиёткорлик билан, зарар кўрган участкадан аммиак сўриб олинган ва уни қолган аммиак тизимидан узиб қўйган ҳолда амалга оширилиши лозим. Кўрсатилган операцияларни газга қарши мослама ва қўлқоплар кийиб бажариш керак.
273. Совутиш камераларида юкларни шифтдаги ва девордаги аммиакли батареяларга, ҳавони совутувчи мосламаларга, шунингдек батарея трубалари ва улаш трубаларига ёпиштириб қўйиш тақиқланади. Батареялардан юк платформаларигача бўлган масофа технологик йўриқномага мувофиқ бўлиши, лекин 0,3 метрдан кам бўлмаслиги лозим.
274. Қайноқ аммиак буғлари ёрдамида совутиш қурилмаларидаги қор қатламини эритишда батарея ва ҳаво билан совутиш мосламаларидаги босим сўрувчи қурилмалар (идишлар) зичлигини синашдаги босимдан юқори бўлмаслиги лозим.
Батарея ва ҳаво билан совутиш мосламаларидаги босим манометр ёрдамида назорат қилиниши лозим.
Батарея ва ҳаво билан совутиш мосламаларини эритишдан олдин уларни суюлтирилган аммиак ва йиғилиб қолган мойдан тозалаш лозим. Улар мойни йиғиб олиш мосламаси орқали кейинчалик мойни чиқариб ташлаш йўли билан дренажли (циркуляцион) ресиверга қуйилиши лозим. Батарея ва ҳаво билан совутиш мосламаларидан мойни тўғри-тўғри чиқариб ташлаш тақиқланади.
Эритиш ишлари, йўриқномага биноан, батареянинг узилиб кетиши ва тизимдаги герметик ҳолатининг бузилишига олиб келадиган қор ва музнинг меъёридан ортиқ даражада йиғилиб қолишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилиши лозим.
XVI боб. Таъмир ишларини олиб боришга қўйиладиган талаблар
275. Таъмир ишларини олиб бориш учун ишлаб чиқарадиган заводнинг эксплуатация ҳужжатлари талаблари (режадаги таъмир ва кўрик) ёки кўрик натижалари, навбатдаги кўрик, шунингдек жиҳознинг иши жараёнида юзага келадиган носозликлар оқибатида келиб чиқадиган аммиакли совутиш қурилмаларининг эксплуатация режимининг бузилиши асос ҳисобланади.
276. Таъмир ишлари жиҳоз тури, захиранинг мавжудлиги, таъмирланадиган участкаларнинг қурилманинг бошқа қисмларидан ечиб олиш имкониятининг мавжудлиги, таъмир ишларининг ҳажми, таъмир ишлари хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа шароитлардан келиб чиққан ҳолда совутиш қурилмаси тўлиғича тўхтатилган ҳолда ёки унинг айрим қисмлари (қурилманинг алоҳида тармоқлари ва участкаларида) эксплуатация қилинаётган вақтда амалга оширилади.
277. Аммиакли совутиш қурилмасини эксплуатация қилаётган ташкилотда совутиш жиҳозларида таъмир ишларини олиб бориш тартибининг асосини аввалдан тузилган график бўйича амалга ошириладиган режали-профилактик таъмир (РПТ) тизими ташкил этади.
Йиллик ва ойлик РПТ графиги (жиҳознинг амалдаги иши инобатга олинган ҳолда) ташкилотнинг техник масалалар бўйича раҳбари томонидан тасдиқланиши лозим.
278. Ташкилотда РПТ талабларига асосан амалга оширилган таъмир ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар юритилиши лозим. Хавфсиз тарзда таъмир ишларини олиб бориш тартиби ташкилотнинг техник масалалар бўйича раҳбари томонидан тасдиқланган йўриқномада кўзда тутилган бўлиши лозим.
279. Таъмир ишларини амалга оширишдан олдин совутиш қурилмаларини эксплуатация қилиш бўйича йўриқномага биноан таъмир қилинадиган совутиш қурилмасининг қисми ёки элементи бу қурилманинг бошқа қисмларидан вентил орқали ёпиб қўйилиши ҳамда аммиак ва бошқа моддалардан тозаланиши лозим.
280. Совутиш қурилмасининг аммиакдан тозаланган қисмлари ва элементлари азот билан ювилади, пуркалади, кейин ҳаво билан тозаланади. Таркибида аммиак бўлган қурилмаларнинг бирлаштирилган қисмлари (элементлари) вентиллар ва қопқоқлари ёрдамида ажратилиши лозим.
Қопқоқлар рақамланиши, тегишли мустаҳкамликка эга бўлиши ҳамда улар ўрнатилган жойларни тезда аниқлаш учун мустаҳкамловчи қисмлар ва изоляциядан ташқарига чиқиб турувчи қизил рангдаги дасталарга эга бўлиши лозим. Вентилларни ажратиб турувчи маховикларга пломба қўйилиши ва «Очилмасин! Таъмир ишлари олиб борилмоқда.» деган ёзувга эга тахтачаларга эга бўлиши лозим.
Қопқоқларни ўрнатиш ва ечиб олиш бўйича амалга оширилган ҳаракатлар махсус журналга ёзиб қўйилиши ва уларни ўрнатган ва ечиб олган шахс томонидан имзоланиши лозим.
281. Эксплуатация қилинадиган жойларда аммиак насосини очиш ва ечиб олиш (демонтаж) ишлари фақат ушбу насосдан совутиш агентлари бутунлай чиқариб ташлангандан кейин бажарилиши лозим. Жиҳозларни совутиш агентидан тозалаш тартиби унга хизмат кўрсатиш бўйича йўриқнома билан белгиланилиши лозим. Аммиак насослари таъмирланган ва профилактикадан ўтказилгандан кейин, шунингдек улар мажбурий тарзда ўчирилганда, насосларни ишга тушириш ишлари ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ёзма равишдаги рухсатнома асосида амалга оширилиши мумкин.
282. Таъмирланаётган совутиш қурилмалари (компрессорлар, насослар ва бошқалар) ва у билан боғлиқ электр қурилмалари (электр двигателлари, автоматиканинг электр приборлари, бошқарув қутилари ва бошқалар) кутилмаганда уланиб қолиш ёки санкциясиз ишга тушириш-ёқишнинг олдини олиш учун электр тармоқларидан узиб қўйилиши лозим.
Электр жиҳозларининг ишга тушириш қурилмаларида «Ёқилмасин! Ремонт ишлари олиб борилмоқда.» деган тахтача осиб қўйилиши лозим.
283. Жиҳозлар, трубалар ёки совутиш қурилмасининг қисмларини таъмир учун топшириш қуйидагилар белгилаб қўйиладиган акт билан расмийлаштирилиши лозим:
а) аммиак, мой, сув ва совутиш агентларидан бутунлай ёки етарли даражада тозаланганлиги, шунингдек таъмирланадиган қисмнинг бошқа совутиш қурилмасидан ажратиб қўйилганлиги;
б) таъмирланадиган совутиш жиҳозининг тўлиғича токсизлантириш чоралари;
в) таъмир учун топширган ва қабул қилиб олган шахснинг лавозими, фамилияси ва имзоси кўрсатилган таъмир учун топширилган сана ва вақт.
284. Совутиш қурилмасидаги барча таъмир ишлари белгиланган талаблар асосида расмийлаштириладиган буйруқ-рухсат бўлган тақдирдагина амалга оширилади.
285. Совутиш қурилмасининг таъмирланаётган қисми ҳудудида огоҳлантириш доскалари ҳамда таъмир ишлари олиб борилаётганлиги ва бегона шахсларнинг таъмир зонасига кириши тақиқланганлиги ҳақидаги тахтачалар қўйилиши лозим. Ремонтга қўйилганлиги ҳақида компрессор цехининг суткалик иш журналига ёзиб қўйилиши ҳамда компрессор цехи ходимлари ва ҳудудида (хонасида) таъмир ишлари олиб борилаётган цех ходимларига хабар берилиши лозим.
286. Таъмирловчи персонал индивидуал ҳимоя воситаларига эга бўлиши ва улардан фойдаланиш қоидалари ҳамда шифокор келгунга қадар тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари ҳақида билиши лозим.
287. Таъмир вақтида аммиакли совутиш қурилмалари учун ишлатиладиган қисм ва материаллар амалдаги меъёрий техник ҳужжатларга мос келиши лозим. Қисмлар ва материалларда сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши лозим.
288. Трубаларни таъмирлашда «Ёқилғи, токсик ва суюлтирилган газ трубаларининг тузилиши ва уларни хавфсиз тарзда эксплуатация қилиш Қоидалари» талабларига амал қилиниши лозим.
289. Таъмир ишларини ташкил қилиш ва ўтказиш вақтида совутиш қурилмаларини электр билан таъминлаш, ёритиш, электр асбоблар ва электр приборлардан фойдаланиш, электр жиҳозлар ва қурилмаларни таъмирлаш билан боғлиқ масалалар амалдаги «Электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик Қоидалари» талабларини инобатга олган ҳолда ҳал қилинади.
290. Совутиш қурилмаларидаги электр билан қуйиш (сварка), газ билан қуйиш ва бошқа олов билан боғлиқ ишлар билан шуғулланишга фақат ўрнатилган тартибда аттестациядан ўтган шахсларга рухсат берилади.
291. Совутиш қурилмаларини таъмирлашда ишлатиладиган электрлашган асбоб давлат стандарти талабларига жавоб бериши лозим. Бу ишлар билан шуғулланишга ўқиган ва меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқнома бўйича билимлари текширилган шахсларга рухсат берилади.
292. Аммиакли совутиш қурилмаларини таъмирлашда ишлатиладиган кўчма нарвонлар ва платформалар хавфсиз тарзда ишлар олиб боришни таъминлаш бўйича давлат стандартлари талабларига жавоб бериши лозим.
293. Машина, қурилма ёки конденсатор бўлимлари, (аммиакли жиҳозлар ўрнатилган) технологик цехларда ўрнатилган жиҳозларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш учун ишларни олиб бориш вақтида учқун чиқишига йўл қўймайдиган материаллардан тайёрланган асбоблар ва қурилмалардан фойдаланиш лозим.
294. Таъмирдан кейин компрессор, насос, вентиляторларни ишга тушириш ва синаб кўриш ишларини уларни ишлаб чиққан ва тайёрлаган ташкилотларнинг техник ҳужжатлари ҳамда мазкур Қоидаларнинг XV боби талаблари ва қурилиш меъёрлари ва қоидалари асосида амалга оширилиши керак.
295. Таъмир ишлари тугагандан сўнг ишлаб чиқарувчи завод йўриқномасига биноан янги ўрнатилган назорат-ўлчов ва ҳимоя приборларининг кўрсаткичларини текшириш керак.
296. Жиҳозлар ва совутиш тизимларининг таъмир сифатини баҳолаш, уларни эксплуатация қилишга рухсат бериш тегишли актлар расмийлаштириш йўли билан амалга оширилиши лозим.
XVII боб. Авария ҳолатларини маҳаллийлаштириш тизимлари
297. Барча жиҳозлар ва ишчи ёритиш тизимини электр таъминотини муддатдан илгари ўчириш, автоматик усулдан ташқари, қўлда қурилмани ўчиришни кўзда тутиши лозим. Авария ҳолатида ўчириш тугмаси машина (қурилма) бўлимининг ташқи томонида ўрнатилиши лозим — кириш ва чиқиш йўлларида биттадан. Совутиш қурилмасини ўчириш билан бирга авария ҳолатида ўчириш тугмаси (қурилмаси) авария ҳолатидаги ва сўрувчи умумалалмашинувчи вентиляцияларни ҳамда овозли ва нурли сигнализациясини ёқиши лозим.
298. Содир бўлиши мумкин бўлган авария оқибатларини бартараф қилиш учун совутиш қурилмалари буғни бостириш ва суюлтирилган аммиак оқимларини нейтраллаштириш тизим ва воситалари, газ ҳолатидаги аммиакни маҳаллийлаштириш ва тарқатиб юбориш тизимлари билан жиҳозланиши лозим.
Суюлтирилган аммиакнинг оқишини бартараф қилиш учун қуйидаги йўллардан фойдаланилади:
ҳавонинг йўналтирилган оқимини тезлаштирилган ҳолда буғлантириш;
сувда эритиш;
сув пардаларини ҳосил қилиш;
кўпиклардан фойдаланиш.
Аммиак гази булутларини зарарсизлантириш учун улар стационар ёки кўчма қурилмалар билан ҳосил қилинадиган сув пардалари ёрдамида хавфсиз концентрациягача ҳаво билан қориштирилади. Бунда ишларни газ булутига нисбатан кўпроқ шамоллайдиган томонда амалга ошириш керак.
299. Авария бартараф этилганидан сўнг газланган зонада ишлаган барча қатнашчилар тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.
300. Аммиакли совутиш қурилмаларида авария ҳолатларининг олдини олиш, маҳаллийлаштириш ва бартараф этиш учун мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар ва техник воситалар совутиш қурилмасининг лойиҳавий характеристикаларини инобатга олган ҳолда белгиланиши лозим.
301. Авария ҳолатларини маҳаллийлаштириш режасига асосан ташкилотдаги совутиш қурилмаларига хизмат кўрсатувчи персонал ва ходимлар учун ўқиш ва амалий машғулотлар ўтказилиши лозим.
XVIII боб. Индивидуал ҳимоя воситалари
302. Аммиакли совутиш қурилмаларига хизмат кўрсатадиган персонал Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2009 йил 16 апрелдаги 13-3/Б рақамли буйруғи билан тасдиқланган «Кимё саноати ходимлари учун махсус ҳимоя кийимлари, махсус пойафзаллар ва бошқа индивидуал ҳимоя воситаларини бепул тарзда беришнинг намунавий меъёрлари»га (рўйхат рақами 1958, 2009 йил, 14 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й.,19-20-сон, 248-модда) биноан махсус ҳимоя кийимлари, махсус пойафзаллар ва бошқа индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминланилиши лозим.
303. Аммиакли совутиш қурилмаларининг машина (қурилма) бўлимларига хизмат кўрсатувчи персонал албатта К, КД русумли фильтрловчи-сўрувчи қутига эга газга қарши мосламаларга (противогазларга) эга бўлиши лозим. Шунингдек аммиакли совутиш қурилмалари АСВ русумдаги сиқилган газли изоляция қиладиган нафас олиш аппаратлари билан таъминланилиши лозим (ИП русумидаги изоляция қиладиган газга қарши мосламалардан фойдаланиш мумкин). К, КД русумли газга қарши мосламаларни машина (қурилма) бўлимига киришдаги махсус шкафда сақлаш керак. Машина (қурилма) бўлимининг ташқи томонидаги шкафда (албатта кириш эшигининг ёнида) К, КД русумли газга қарши мосламалар ва АСВ русумидаги аппаратлар бўлиши лозим. Ҳар бир шкафдаги К, КД русумдаги газга қарши мосламаларнинг сони машина (қурилма) бўлими ишчиларининг сонига мос бўлиши, АСВ русумидаги аппаратларнинг сони эса камида учта бўлиши лозим.
Захира газга қарши мосламалар шкафида бир смена давомида машина (қурилма) бўлимларида ишлайдиган ишчиларнинг энг кўп сонига мос келадиган миқдордаги захира фильтрлари ҳам бўлиши лозим.
304. Бевосита совутиладиган совутиш камералари яқинида жойлашган коридорлар (вестибюллар), шунингдек бевосита совутиладиган технологик жиҳозлар ўрнатилган ишлаб чиқариш цехларидаги шкафларда К, КД русумдаги газга қарши мосламалар бўлиши лозим. Ушбу газга қарши мосламаларнинг сони кўрсатилган камера (цехларда) бир вақтнинг ўзида ишлайдиган ишчиларнинг сонига мос келиши керак.
Бундан ташқари, ҳар бир корхонадаги компрессор цехи бошлиғида аммиак билан газланган хоналарда авария ҳолатида ишларни олиб бориш учун мўлжалланган камида учта махсус костюмлар бўлиши лозим.
XIХ боб. Жавобгарлик
305. Ушбу Қоидаларнинг талабларини бузилишида айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгардирлар.
XХ боб. Якуний қоида
306. Ушбу «Аммиакли совутиш қурилмаларининг тузилиши ва хавфсиз ишлатиш Қоидалари» Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология ходимлари Касаба уюшмаларининг Марказий Кенгаши, «NEFTGAZMEʼYOR» ОАЖ ва «Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компанияси билан келишилган.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Б.А. МАТЛЮБОВ
Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология ходимлари Касаба уюшмаларининг Марказий Кенгаши раиси Г. М. ХАКИМОВА
«NEFTGAZME'YOR» ОАЖ бошқаруви раиси К.К. ЭРНАЗАРОВ
«Ўзкимёсаноат» ДАК бошқаруви раиси Ғ.И. ИБРАГИМОВ