Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
10%-ЛИ ВА 20%-ЛИ КОФЕИН БЕНЗОАТ ИНЪЕКЦИОН ЭРИТМАСИНИ ВЕТЕРИНАРИЯДА ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Мазкур Буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 15 январдаги 9-сонли «10%-ли ва 20%-ли кофеин бензоат инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича қўлланмани ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли баёнига мувофиқ буюраман:
1. «10%-ли ва 20%-ли кофеин бензоат инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2005 йил 14 февралда тасдиқланган «10%-ли ва 20%-ли кофеин бензоат инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
54-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 54-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
10%-ли ва 20%-ли кофеин бензоат инъекцион эритмасини ветеринарияда қўллаш бўйича
Қўлланма
I. Умумий маълумотлар
1. 10%-ли ва 20%-ли натрий кофеин-бензоат эритмаси доривор воситалар учун шиша массасидан ясалган 10ml ли флаконларга ҳамда 100, 200 и 400 ml ли қон ва қон ўрнини босадиган моддаларга мўлжалланган шиша бутилкаларга қадоқланган рангсиз, тиниқ суюқликдан иборат.
2. Флаконлар ва бутилкаларда TSh 64-15368831-06:2007 нинг 1.4.1 банди талабларига мувофиқ равишда этикетка бўлиши керак. Препарат ўраб жойлаштирилган гофрирланган картон яшикларда TSh 64-15368831-06:2007 нинг 1.4.2 банди талабларига мувофиқ бўлган этикетка бўлиши керак.
3. Шикастланган флаконлар ва бутилкалардан фойдаланишга рухсат этилмайди.
4. Доривор препаратнинт яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинган тақдирда (қуёш нурлари тик тушишидан ҳимояланган ҳолда, плюс 25°С гача ҳароратдаги бинода) ишлаб чиқарилган кундан бошлаб уч йил.
II. Фармокологик хоссалари
5. Доривор препаратнинт фаол таъсир этувчи моддаси бўлиб антифеинларга тегишли бўлган натрий кофеин-бензоати ҳисобланади. Антифеинларнинг энг муҳим хусусияти — бу нафас марказини қўзғатиш билан бир пайтда олий мия қобиғи марказларини тинчлантириш қобилиятидир. Бу хусусият оғир операцияни ўтказган ҳайвонларни даволашда, шунингдек улар болалаганда ҳомила асфикцияси ҳолларида ушбу препаратни муваффақиятли қўллаш имкониятини беради.
III. Препаратдан фойдаланиш тартиби
6. Натрий кофеин бензоатини даволаш ва профилактика мақсадларида қўлланиши кенг ва турли-туман. Натрий кофеин бензоати кичик дозаларда бош мия қобиғи, томирли ҳаракат марказини стимуляциялаш, шунингдек юрак фаолиятини яхшилаш, юракдаги импульсларнинг қўзғалувчанлиги ва ўтказувчанлигини босиш, безгакда организм умумий ҳолатини тиклаш мақсадларида қўлланилади. Ушбу препарат ветеринарияда якка ҳолда, шунингдек бошқа моддалар билан комбинацияда резистентликнинг пасайиши, юрак фаолиятининг заифлашиши билан кузатиладиган юқумли ва юқумсиз касалликларда кенг қўлланилади. Миокардит, миодистрофия, миодегенерацияларда глюкоза билан бирга қабул қилинади. Натрий кофеин-бензоати йирик шохли молларда ичакларнинг спастик ҳолати ва туғиш парезида қўлланилганда яхши натижалар кўрсатган.
Натрий кофеин бензоати кичик дозаларда ҳайвонларнинг турли токсинлар таъсирига турғунлигини ва организмнинг иммунологик фаоллигини кўтаради.
Препаратнинг, бир каррали даволаш дозалари (g ларда) ҳайвонларга тери ости орқали юборилади:
отларга: 2,0 — 5,0;
йирик шохли молларга: 3,0 — 5,0;
майда шохли молларга: 0,5 — 2,0;
чўчқаларга: 0,5 — 2,0;
итларга: 0,1 — 0,3.
7. Ҳайвонлар ветеринар врачнинг доимий кузатувида бўлиши керак.
8. Натрий кофеин бензоатини компенсацияланмаган юрак порокларида, миодегенерацияларда, периферик томирлар параличида қўллаш мумкин эмас.
Максимал терапевтик дозалар баъзи ҳолларда юрак фаолиятини кучайтириши ва хатто рефлектор қўзғалувчанликни кўтариши мумкин, баъзи ҳайвонларда эса худди шу дозалар ҳеч қандай жиддий физиологик силжишларни қўзғамайди.
9. Препарат ҳайвонларга киритилгандан сўнг, йирик шохли молларнинг гўшти ва сутини, қўйнинг гўштини 7 кун, чўчқанинг гўштини 5 кун, товуқ гўштини 7 кун давомида истеъмол қилишга рухсат этилмайди.
IV. Махсус эҳтиёткорлик чоралари
10. Препарат қўлланилаётган пайтда доривор ветеринария препаратлари билан ишлашнинг шахсий гигиена ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш керак.
V. Норозиликларни баён этиш тартиби
11. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.