Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 апрелдаги 200-сонли «Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Йўловчилар ташиш транспортини ривожлантириш соҳасида ягона техника сиёсатини амалга ошириш доирасида, йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш, улар томонидан йўловчилар ташиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ва хавфсизлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2012 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.
2. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги:
«Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси, «Ўзстандарт» агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда лицензияланадиган йўналишсиз таксиларга амалдаги техник талаблар ва стандартларга жавоб берадиган бир турдаги ҳисоблагичлар (таксометрлар) ўрнатиш бўйича бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ҳисоблагичлар (таксометрлар) ва таниш белгиларини ишлаб чиқариш (етказиб бериш) бўйича юридик шахсларни танлов асосида танлаб олсин;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ягона таниш белгилари билан жиҳозланмаган, ташқи ва ички маълумотларга эга бўлмаган йўналишсиз таксиларда йўловчилар ташиш фаолиятини амалга ошириш юзасидан жавобгарлик белгилаш тўғрисида икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳузуридаги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаментлари билан биргаликда 2012 йил 1 январдан бошлаб ягона таниш белгилари билан жиҳозланмаган, ташқи ва ички маълумотларга эга бўлмаган йўналишсиз таксиларга лицензиялар берилишини тақиқласин;
икки ҳафта муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарорнинг талаблари ва топшириқларини амалда бажариш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
юридик шахсларга тегишли бўлган йўналишсиз таксиларга бериш учун давлат рақами белгиларининг махсус сериясини ажратсин;
оммавий ахборот воситаларида йўналишсиз таксиларга бериладиган давлат рақами белгилари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2012 йил 1 январгача бўлган муддатда ташувчилар, маҳаллий бюджет ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобига йўналишсиз таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойлари қурилишини (барпо этилишини) таъминласинлар.
5. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги (Абдувалиев), Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳузуридаги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаментлари Ички ишлар вазирлиги (Матлюбов), Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев) билан биргаликда:
йўналишсиз таксилар техник ҳолати ва асбоб-ускуналарининг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ташқи ва ички маълумотларга эга бўлиш талабларига мувофиқлигини назорат қилиш бўйича мунтазам равишдаги қўшма рейд текширувларини фаоллаштирсинлар;
автотранспорт воситалари эгалари ўртасида йўналишсиз таксилар ишига жорий этилаётган талаблар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун, шу жумладан йўналишсиз таксиларда йўловчилар ташиш соҳасида яратилаётган қулай шарт-шароитлар тўғрисида кенг тушунтириш ишларини амалга оширсинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Б.А. Хўжаев ва У.У. Розукулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2011 йил 18 май,
139-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 139-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом (кейинги ўринларда низом деб аталади) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўналишсиз таксиларнинг ташқи кўринишига ва ички маълумотлар билан жиҳозланишига, шунингдек йўналишсиз таксиларнинг ҳайдовчиларига нисбатан ягона талабларни белгилайди.
Ушбу Низом ҳайдовчилари йўловчиларни ташиш ҳамда уларнинг йўловчи сўраган йўналиш бўйича багажини ташиш бўйича хизматлар кўрсатадиган енгил автотранспорт воситаларининг (йўналишли таксилардан ташқари) барча турларига татбиқ этилади.
II. Тушунчалар ва атамалар
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар ва атамалардан фойдаланилади:
йўналишсиз такси — йўловчиларнинг буюртманомаларига кўра ҳисоблагич (таксометр) кўрсаткичи бўйича ҳақ тўлаш ҳисобига йўловчиларни ва уларнинг багажини ташиш бўйича хизматлар кўрсатадиган автотранспорт воситаси;
йўналишсиз таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойи — маълумотлар кўрсаткичлари билан жиҳозланган, тегишли йўл белгилари қўйилган ҳамда йўловчиларни ўтқазиш (тушириш) ва йўналишсиз таксиларнинг тўхтаб туриши учун мўлжалланган, кўчаларнинг йўловчи юрмайдиган қисмидаги махсус майдонча;
ҳисоблагич (таксометр) — йўловчи борадиган манзилнинг узоқлигини ҳисобга олишни ва қийматини ҳисоб-китоб қилишни таъминлайдиган қурилма;
лицензия карточкаси — йўловчилар ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаси учун белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан бериладиган йўналишсиз таксиларда йўловчилар ташишни амалга оширишга рухсатнома (ҳуқуқ).
III. Ягона таниш белгилари
3. Ташқи ва ички маълумотлар билан жиҳозлаш белгилари йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ҳисобланади.
4. Ягона таниш белгилари транспорт оқимида автотранспорт воситасининг ажралиб туришини ва танилишини таъминлаш учун мўлжалланган ҳамда улар йўналишсиз таксиларда йўловчилар ташишни амалга оширувчи барча ташувчилар учун мажбурий ҳисобланади.
5. Йўналишсиз таксиларни ташқи маълумотлар билан жиҳозлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) автотранспорт воситасининг тепасига ўрнатилган тўқ сариқ рангли фонарга «TAXI» таниш белгисини ўрнатиш (Низомга 1-илова);
шахмат тартибида жойлаштирилган қора квадратлардан иборат бўлган композиция ва автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги «Т» ҳарфлари (Низомга 2-илова);
автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги юридик шахс — ташувчининг номи;
б) йўналишсиз таксилар учун мўлжалланган махсус сериядаги автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси;
в) йўналишсиз таксилар сифатида ишлашга сариқ рангли, Тошкент шаҳри учун — «фил суяги» рангидаги автотранспорт воситалари қўйилади. Йўналишсиз таксиларни талаб қилинадиган рангга бўяш автотранспорт эгаси томонидан, техника хизмати кўрсатиш станцияларида амалга оширилади. Йўналишсиз такси рангини қонунчиликда талаб қилинган рангга мувофиқ ҳолга келтириш учун уларни бўямасдан, ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга йўл қўйилади.
(5-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
6. Йўналишсиз таксиларни ички маълумотлар билан жиҳозлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:
автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси, ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва фотосурати, иш вақтининг бошланиши ва тугаши, йўлкира қиймати (сўмларда), ташувчининг манзили ва телефон рақами, лицензия карточкасининг рақами ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек мажбурий суғурта қилинганлик ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код. QR-код билан таъминлаш ташувчи маблағлари ҳисобида амалга оширилади ҳамда автотранспорт воситаси приборлари панелига, йўловчилар бемалол ўқий оладиган ҳолатда ўрнатилади;
тўловни амалга ошириш имкониятини берувчи, шунингдек таксометр функцияларини таъминлайдиган махсус иловага эга мосламалар (шу жумладан уяли телефонлар, планшетлар).
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 мартдаги 116-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.03.2023 й., 09/23/116/0158-сон)
IV. Йўналишсиз таксиларга қўйиладиган талаблар
7. Йўналишсиз такси сифатида фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситаси техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлиши ва автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши, шунингдек қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
ушбу Низомнинг 5 ва 6-бандларида белгиланган ягона таниш белгиларининг мавжуд бўлиши;
соз ҳолатдаги пломбаланган спидометр жиҳозларининг, шунингдек тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиб олиш учун ҳисоб-китоб терминалининг мавжуд бўлиши. Тўлов терминаллари терминаллар функцияларини таъминлайдиган махсус иловали қурилмаларга (уяли телефонлар, планшетлар, электрон тўлов тизимлари) алмаштирилиши мумкин;
7-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 мартдаги 116-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.03.2023 й., 09/23/116/0158-сон)
йўналишсиз такси техник ҳолати ва жиҳозларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши.
Йўналишсиз такси белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда ушбу автотранспорт воситаси учун лицензия карточкасининг амал қилишини тўхтатиш тарзидаги таъсир кўрсатиш чоралари қўлланади.
71. Юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар сифатида фойдаланиладиган ҳамда ягона ички ва ташқи белгилар билан жиҳозланган автотранспорт воситалари:
йўловчиларни олиш ва тушириш мақсадида «Тўхташ тақиқланган» йўл белгиси амал қилиш ҳудудида, шу жумладан аэропорт ва вокзалларга туташ ҳудудларда тўхташи;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган аэропортлар, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, қурилиш моллари, деҳқон ва буюм бозорлари ҳамда савдо мажмуаларининг пуллик тўхташ жойларига йўловчиларни олиш ва тушириш учун бепул кириши;
йўналишли транспорт воситалари учун ажратилган махсус ҳаракатланиш йўлаги бўйлаб ҳаракатланиши мумкин.
V. Йўналишсиз таксилар ҳайдовчиларига қўйиладиган талаблар
8. Йўловчилар ташиш учун мўлжалланган йўналишсиз таксиларни бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида «В» рухсат белгиси бўлган, 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчи стажига эга бўлган шахслар қўйилади.
9. Йўналишсиз таксиларнинг ҳайдовчилари йўналишда ишлаётганда тегишли лицензия карточкасига ҳамда йўлга чиқишдан олдин автотранспорт воситасининг белгиланган тартибда техник кўрикдан ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисида белгилар қўйилган йўл варақасига эга бўлиши керак.
91. Ҳайдовчи йўловчиларни йўналишсиз таксида ташишни лицензия карточкасида белгиланган ҳудудда амалга оширади.
Бунда, лицензия карточкасида белгиланган ҳудуддан ташқарида йўловчилар ва багажларни йўналишсиз таксида ташишга, агар жўнаш пункти ушбу ҳудудда, манзил эса ушбу ҳудуддан ташқарида жойлашган бўлса, рухсат этилади.
(91-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 мартдаги 116-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.03.2023 й., 09/23/116/0158-сон)
10. Ҳайдовчи йўловчиларни йўналишсиз таксига ўтқазишни ва ундан туширишни йўналишсиз таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойларида, тегишли ҳаракатдаги таркибнинг тўхташига рухсат берилган кўча-йўл шохобчалари участкаларида ҳамда йўналишсиз таксилар йўловчилар буюртмалари бўйича бериладиган жойларда амалга оширади.
11. Йўналишсиз такси ҳайдовчисининг белгиланган талабларга номувофиқлиги аниқланган ҳолларда ҳайдовчига нисбатан қонунчиликда назарда тутилган интизомий ёки маъмурий таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
VI. Ушбу Низом талабларига риоя этилишини назорат қилиш
12. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ушбу Низомнинг:
юридик шахсларга ушбу Низомнинг 5 ва 6-бандларида назарда тутилган ягона белгилар билан жиҳозланган йўналишсиз таксиларда йўловчиларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензиялар берилиши;
юридик шахслар томонидан йўналишсиз таксиларда йўловчи ташишларни амалга оширадиган лицензиатлар учун белгиланган лицензия талаб ва шартларига риоя этилиши қисмида назоратни амалга оширади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 майдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.05.2020 й., 09/20/271/0565-сон)
13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ушбу Низом талабларига риоя этилишини:
йўналишсиз таксилар учун давлат рақами белгиларининг махсус серияси ажратилиши юзасидан;
йўналишсиз таксиларда ҳисоблагичлар (таксометрлар), «TAXI» таниш белгилари, шунингдек амалдаги техник регламентларга ёки стандартларга мувофиқ радиоалоқа воситалари мавжудлиги юзасидан;
(13-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 мартдаги 45-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 10-сон, 105-модда)
йўналишсиз такси техник ҳолати ва жиҳозларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги юзасидан;
йўловчилар ташиш учун мўлжалланган йўналишсиз таксиларни бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида «В» рухсат белгиси бўлган, 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчи стажига эга бўлган шахсларнинг қўйилиши юзасидан назоратни амалга оширади.
14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари йўналишсиз таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойларини қуриш (барпо этиш) юзасидан ушбу Низом талабларига риоя этилишини назорат қиладилар.
15. Ушбу Низом талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича ишларни умумий мувофиқлаштириб бориш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан амалга оширилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 майдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.05.2020 й., 09/20/271/0565-сон)
Йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«TAХI» таниш белгисининг тасвири ва ўлчамлари (мм)
Тўқ сариқ рангли фонар техник регламентларга ёки стандартларга мувофиқ белгиланган тартибда тайёрланади.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 мартдаги 45-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 10-сон, 105-модда)
Йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Йўналишсиз таксиларнинг олдинги эшикларига чизиладиган қора квадратлар ва «Т» ҳарфидан иборат композициянинг тасвири ва ўлчамлари (мм)
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 139-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган қўшимчалар ва ўзгартириш
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 11-сон, 108-модда) билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари 100-бандининг биринчи хатбошига «нақд пул билан» сўзларидан кейин «ёхуд ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланган ҳолда банк пластик карточкалари маблағлари билан» сўзлари қўшилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 14 июлдаги 138-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 7-сон, 51-модда) билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомнинг 9-бандига қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши қўшилсин:
«л) йўналишсиз таксиларнинг техник ҳолати ва асбоб-ускуналарининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига, ташқи кўринишига ва анжомларига, ягона таниш белгилари билан жиҳозлашга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги»;
ўн иккинчи хатбоши ўн учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 20-21-сон, 201-модда; 2014 й., 10-сон, 105-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.06.2018 й., 09/18/434/1339-сон; 08.05.2020 й., 09/20/271/0565-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 22.03.2023 й., 09/23/116/0158-сон)