Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИНИ ЁД ЭТИШ КУНИНИ БЕЛГИЛАШ ТЎҒРИСИДА
Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади.
Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди.
Халқимизнинг ана шундай минг-минглаб фидойи ва матонатли ўғил-қизларининг хотирасини эслаш, ҳақиқат ва адолатни тиклаш, замондошларимиз, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлод қалби ва онгида ўтганлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром туйғусини тарбиялаш мақсадида:
1. «Шаҳидлар хотираси» хайрия жамғармаси фаоллари, ижодкор зиёлилар, кенг жамоатчилик вакилларининг мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қатағон қурбонларини ёд этиш маросими ҳар йили 31 август куни Мустақиллик байрами арафасида пойтахтимиз Тошкент шаҳридаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуида ўтказилиши белгилаб қўйилсин.
3. Республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик кенгаши, «Шаҳидлар хотираси», «Нуроний» жамғармалари, Маданият ишлари вазирлиги, Фанлар академияси ва ижодий уюшмаларга бир ой муддатда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси топширилсин.
4. Бу йил мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган Қатағон қурбонларини ёд этиш кунига пухта тайёргарлик кўриш ва маросимни юксак даражада ташкил этиш мақсадида тузилган комиссия таркиби иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда «Қатағон қурбонлари хотираси» музейини ташкил этиш, «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуини сайёҳлик йўналишлари рўйхатига киритиш, зиёратгоҳ ҳудудини янада ободонлаштириш ва бу ерда махсус радиолаштириш тизимини жорий қилиш масаласини ҳал этсин.
6. Ўзтелерадиокомпания, ЎзА ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қатағон қурбонларини ёд этиш кунининг маъно-мазмунини ва тарбиявий аҳамиятини кенг тарғиб қилиш тавсия этилсин.
7. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 1 май,
ПФ-2837-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 5-сон, 101-модда)