Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ВЕТЕРИНАРИЯ НАЗОРАТИ ОБЪЕКТЛАРИНИ ДЕЗИНФЕКЦИЯЛАШДА ДЕЗ-20 ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Мазкур Буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 17 январдаги 13-сонли «Ветеринария назорати остидаги объектларини дезинфекциялашда Дез-20 препаратини қўллаш бўйича қўлланмани ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Ветеринария назорати объектларини дезинфекциялашда дез-20 препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2006 йил 14 сентябрда тасдиқланган «Ветеринария назорати объектларини дезинфекциялашда дез-20 препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
29-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 29-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ветеринария назорати остидаги объектларини дезинфекциялашда Дез-20 препаратини қўллаш бўйича
ҚЎЛЛАНМА
I. Умумий маълумотлар
1. Дез-20 (Dez-20) — тўртламчи аммонийли бирикмалар гуруҳига мансуб дезинфекцияловчи восита. Синонимлари: Септутин, Септустерил, Септаксин.
2. Препарат ташқи кўринишига кўра оч бинафша рангдан зангори ранггача бўлган шаффоф, кучсиз ўзига хос ҳидли, таъсир этувчи модда сифатида алкилдиметил-бензиламмоний хлорид бўлган суюқлик.
3. Чиқарилиш шакли: 1 мл таркибида 200 мг таъсир этувчи моддаси мавжуд эритма.
4. Препарат шиша ёки полиэтилен флаконларга 100, 200, 500 ва 1000 мл дан, ёки 5,10 л дан пластик идишларга қадоқланади.
5. Препарат қуруқ, ёпиқ, қуёш нурларидан ҳимояланган ва яхши шамоллатиладиган жойларда, бегона одамлар ва ҳайвонлардан алоҳида, 35°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақланади. Препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 3 йил, ишчи эритмалари — 7 кун.
6. Препаратни ташиш тайёрловчи корхона тараларида транспортнинг барча турларида, препарат ва таранинг бутунлигини таъминловчи юк ташишнинг амалдаги қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Препаратни ёнувчан моддалар, озуқалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан ташиш ва сақлаш тақиқланади.
II. Фармакологик хусусиятлари
7. Дез-20 препарати бактериал (шу жумладан, сил), вирусли ва замбуруғ этиологиясидаги инфекцион касалликлар қўзғатувчиларига нисбатан кенг кўламдаги таъсирга эга.
8. Препарат организмга таъсир этиш даражаси бўйича ўртача хавфли моддаларга киради (ГОСТ 12.1.007-76 бўйича хавфлиликнинг 3-синфи). Препаратнинг ишчи эритмалари терини яллиғлантирмайди, темирларни занглатмайди.
III. Қўллаш тартиби
9. Профилактика мақсадида ва мажбурий (навбатдаги ва якуний) дезинфекциялашда:
чорвачилик (паррандачилик, ҳайвонот) бинолари, чорвачиликнинг ёрдамчи объектлари, улардаги техник ускуналар ва ҳайвонлар учун ишлатиладиган асбоб-анжомлар, шу жумладан инкубаторлар, инкубацион тухумларни ҳам зарарсизлантиришда;
сўйиладиган ҳайвонлар сақланадиган жойлар, санитария кушхоналари, кушхоналар, озуқахоналар, озуқа сақланадиган идишлар;
савдо, лаборатория бинолари ва улардаги асбоб-ускуналар;
ҳайвонлар, хом ашё ва ҳайвон маҳсулотлари ташиладиган автомобиль транспортлари, темир йўл вагонлари ва бошқа транспорт воситалари;
очиқ объектлар (рампалар, эстакадалар, платформалар) ва ҳайвонлар йиғиладиган жойлар (бозор, кўргазмалар, спорт майдонлари);
зоопарк, цирк, ҳайвонхона, виварийлар, ветеринария шифохона ва изоляторлари;
асаларилар аспергиллёзи, парагниль, америка ва европа чириши, аскоферози ва нозематози бўйича носоғлом асаларичилик объектлари;
сув сақлаш системаларида яшил сув ўтларини назорат қилиш мақсадида сув ўтказиш қувурларини тозалашда қўлланилади.
10. Препаратнинг ишчи эритмаси зарурий концентрация ва сиғимни ҳисобга олган ҳолда тайёрланади. Ишчи эритма концентрацияси дезинфекция мақсадига ва ишлов берилаётган объект таърифига боғлиқ.
Ишчи эритмани тайёрлашдаги сув ва препарат нисбати қуйидаги жадвалда келтирилган:
|
Ишчи эритма концентрацияси % |
1 л эритма тайёрлаш учун зарур препарат (мл) ва сув (мл) миқдори | |
|
Препарат |
Сув | |
| 0,05 | 0,5 | 999,5 |
| 0,1 | 1,0 | 999,5 |
| 0,25 | 2,5 | 997,5 |
| 0,5 | 5,0 | 995,0 |
| 1,0 | 10,0 | 990,0 |
| 1,5 | 15,0 | 985,0 |
| 2,0 | 20,0 | 980,0 |
| 2,5 | 25,0 | 975,0 |
| 3,0 | 30,0 | 970,0 |
11. Бинолар, жиҳоз ва транспорт воситаларини профилактик ва мажбурий де-зинфекциялаш ҳайвонлар (шу жумладан паррандалар) йўқ пайтда 18—20°С ҳароратда амалга оширилади. Ишлов бериш аввал объектларнинг кўриниб турган ифлос жойларини механик тозалашдан сўнг сепиш, қуйиш ёки артиш йўли билан ўтказилади.
12. Профилактик дезинфекция 0,25 % ли Дез-20 эритмасини 0,15 л/м² сарф ҳисобида ва 60 минут экспозицияда ўтказилади. Эритма ҳарорати 40—50°С га кўтарилганда экспозиция вақти 30 минутгача қисқартирилиши мумкин.
Худди шундай эритма билан сув ўтказиш қувурлари санация қилинади.
13. 0,05 % ли эритма билан ёпиқ бассейнлар ва сув сақлаш системалари яшил ўтлар кўпайишидан ҳимояланади. Бундай ишлов беришларни доимий тарзда 1 ҳафта оралиғида ўтказиб туриш мақсадга мувофиқдир.
14. 0,5 % ли эритма ёрдамида жарроҳлик хонаси поллари, тикиш материаллари ва операциядан олдин қўлларга ишлов берилади, махсус кийим ювишдан аввал ивитилади.
Соғлом асаларичилик хўжаликларида йилига 2 марта (кузги ва баҳорги текширувларда) ҳўлланган губка билан асалари уяларининг барча ички ва ташқи деворлари артиб чиқилади.
15. 1 % ли эритма билан чорвачилик (паррандачилик) бинолари санитария кунларида режали (технологик) дезинфекциялаш, 0,15 л/м² сарф ҳисобида ва 60 минут экспозицияда ўтказилади.
16. 1,5 % ли эритмада инфекцион касал ҳайвонлар ва паррандалар сақланган жой ва асбоб-ускуналарни гижжасизлантириш ва зарарсизлантиришдан сўнг, 0,15 л/м² сарф ҳисобида ва 60 минут экспозицияда дезинфекцияланади.
17. 2,5 % ли эритма ёрдамида иссиқ вақтда асалариларнинг ўта хавфли касалликлари бўйича хўжаликларида дезинфекциялаш (уялар, асаларичилик асбоб-ускуналари, уя деворлари) амалга оширилади.
18. Препаратнинг 3 % ли эритмасида акушерлик ва жарроҳлик асбоб-ускуналарини совуқ дезинфекцияланади.
19. Ветеринария назорати остидаги объектларини мажбурий (навбатдаги ва якуний) дезинфекциялаш, қўзғатувчилари қуйидаги гуруҳларга тегишли бўлган инфекцияларда:
дезинфекциялаш сифатини ичак таёқчалари ажралиши билан аниқланувчи, дезинфекцияловчи воситаларга нисбатан чидамсиз (1 гуруҳ) 0,25% ли эритма билан 0,15 л/м² сарф ҳисобида ва 60 минут экспозицияда ўтказилади;
дезинфекциялаш сифатини стафилококклар ажралиши билан аниқланувчи, дезинфекцияловчи воситаларга нисбатан чидамли (2 гуруҳ) 0,5% эритма билан 0,15 л/м² сарф ҳисобида ва 60 минут экспозицияда ўтказилади.
20. Сил ва вирусли инфекциялардаги мажбурий (навбатдаги ва якуний) дезинфекциялаш Дез-20 препаратининг 2 % ли эритмаси билан 0,15 л/м² сарф ҳисобида ва 60 минут экспозицияда ўтказилади.
21. Дезинфекциялашнинг барча турларида сепиш орқали ёки ғоваксимон материалларни (бўялмаган ёғоч, цемент, резина) артиш орқали ишлов беришда препарат миқдорини 0,3 л/м² гача оширилиб, эритма 15 минут оралиқда 2 марта суртилади.
22. Дезинфекциялаш якунлангандан сўнг асбобларнинг хом ашё ва тайёр маҳсулот билан бевосита мулоқотда бўладиган юзалари препарат қолдиқларидан тозаланади. Бошқа ҳолатларда эса (инкубацион тухумлар, инкубацион ва чиқарувчи шкафлар, хом ашё ва тайёр маҳсулот тегмайдиган юзалар) ювиш талаб этилмайди.
Ҳайвонлар сақланадиган биноларда ишлов ўтказилгандан сўнг хўраклар, сувхўраклар, жиҳозлар ва ҳайвонлар тегадиган жойлар ювилади, бино шамоллатилади ва қуритилади, шундан сўнггина ҳайвонлар ва ишчи ходимлар киритилади.
23. Инкубацион тухум сиртини профилактика мақсадида зарарсизлантиришда, ҳамда қўзғатувчилари дезинфекцияловчи воситаларга нисбатан чидамлиликда ичак таёқчалари ва стафилококкларга тенглаштирилган инфекцион касалликларда Дез-20 нинг 0,25 % ли эритмаси қўлланилади.
Нормал шаклдаги тоза, урилмаган, чақилмаган ва дарз кетмаган, катакчаларга солинган тухумларни инкубациялашдан олдин дезэритмали идишга 3—5 секундга солинади ёки гидропультдан (ёки бошқа пуркагичдан) сепилади, сўнгра хона ҳароратида 30—60 минут давомида қуритилади.
Тухумларни инкубациялаш даврида қўшимча дезинфекциялаш талаб этилмайди.
24. Дез-20 препаратининг нейтралловчи восита сифатида 0,01 % ли Твин-80 эритмаси ёки 0,1 % ли сульфанолнинг стерилланган сутдаги эритмасидан фойдаланилади.
IV. Шахсий профилактика чоралари
25. Препарат билан барча ишловлар шахсий ҳимоя воситалари ёрдамида (пахтадан костюм ёки халат, резина қўлқоплар) ўтказилади.
26. Восита сепиш усулида қўлланганда, қўшимча равишда нафас органларини ҳимояловчи воситалар — РПГ-67 универсал респиратори ёки РУ-60 «Б» патронли респиратор ва кўзни ҳимояловчи — герметик кўзойнаклардан фойдаланилади.
27. Препарат билан ишлашда овқатланиш, сув ичиш ва чекиш ман этилади. Иш тугагандан сўнг юз-қўлларни совунлаб ювилади, оғиз чайқалади.
28. Препарат ёки эритма терига тушганда, зарарланган жой совунлаб ювилади, шиллиқ пардаларга ва кўзга тушганда эса дарҳол 1-2 минут давомида оқар сувда яхшилаб ювилади.
29. Эритма ошқозонга тушганда жабрланувчига 3-4 стакан илиқ сув берилади ва адсорбентлар (фаоллаштирилган тошкўмир) берилади. Заҳарланиш белгилари пайдо бўлганда врач ёрдамига мурожаат этилади.
V. Норозиликларни баён этиш тартиби
30. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.