Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
10 % ЛИ ИХТИОЛ МАЗИНИ (СУРТМА ДОРИ) ВЕТЕРИНАРИЯДА ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан техник қоидалар ва нормаларга тегишли деб топилган, 2008 йил 14 февраль 20-15-23/11-сон]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 17 январдаги 16-сонли «10% ли ихтиол мазини (суртма дори) ветеринарияда қўллаш бўйича қўлланмани ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. 10 % ли ихтиол мазини (суртма дори) ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2006 йил 14 сентябрда тасдиқланган «10 % ли ихтиол мазини (суртма дори) ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш бошлиқ ўринбосари М. Юсупов зиммасига юклатилсин.
Бошлиқ Ш.МАМАТОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 7 январь,
07-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги Давлат ветеринария Бош бошқармасининг 2008 йил 7 январдаги 07-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
10% ли ихтиол мазини (суртма дори) ветеринарияда қўллаш бўйича
Қўлланма
I. УМУМИЙ МАЪЛУМОТЛАР
1. 10% ли ихтиол мази — 1 г таркибида 100 мг фармацевтик ихтиол ва 900 мг вазелинли препарат.
2. Ташқи кўринишига кўра қаймоқсимон консистенциядаги, тўқ-қўнғир рангли, ихтиолнинг ўзига хос ҳидига эга бўлган мазь.
3. Мазь алюмин тубаларга 20, 50, 90 г дан, зарғалдоқ рангли шиша ёки полимерли банкаларга 20, 100 ва 250 г дан қадоқланади.
4. Препарат қуруқ, қоронғи жойда 2°С дан 25оС гача ҳароратда сақланади.
5. Яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 5 йил.
II. ФАРМАКОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ
6. Ихтиол — мазининг таъсир этувчи моддаси, яллиғланишга қарши, антисептик, оғриқ қолдирувчи ва паразитларга қарши таъсирларга эга.
7. Терига суртилганда ихтиол периферик қон томирларини торайтиради, темир секрецияларини, экссудацияни камайтиради ва регенератив жараёнларни тезлаштиради.
III. ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ
8. 10% ли ихтиол мази ҳайвонларнинг тери касалликлари (дерматит, экзема, совуқ уриши, термик ёки кимёвий куйишлар), шунингдек мастит, невралгия, абсцессларни ва туёқ касалликларини (артрит, тендовагинит, бурсит, туёқ ораси яллиғланиши) даволаш мақсадида қўлланилади.
9. Мазь сиртга суртиш учун қўлланилади. Уни жароҳатланган жойларга юпқа қилиб, кунига 1-2 маротаба бутунлай соғайиб кетгунча суртилади.
10. Препаратни қўллашга қарши кўрсатмалар йўқ, ҳамда ҳайвонларни сўйишга ва чорвачилик маҳсулотларни истеъмол қилишга чекловларсиз йўл қўйилади.
IV. НОРОЗИЛИКЛАРНИ БАЁН ЭТИШ ТАРТИБИ
11. Препарат ушбу қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А. Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@tkt.uz. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.