Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
5 % ЛИ СИНТОМИЦИН ЛИНИМЕНТИНИ ВЕТЕРИНАРИЯДА ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 14 февраль, 20-15-23/11-сон]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 17 январдаги 17-сонли «5 % ли синтомицин линиментини ветеринарияда қўллаш бўйича қўлланмани ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. 5 % ли синтомицин линиментини ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2006 йил 14 сентябрда тасдиқланган «5 % ли синтомицин линиментини ветеринарияда қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш бошлиқ ўринбосари М. Юсупов зиммасига юклатилсин.
Бошлиқ Ш.МАМАТОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 7 январь,
03-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 7 январдаги 03-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
5 % ли синтомицин линиментини ветеринарияда қўллаш бўйича
Қўлланма
I.УМУМИЙ МАЪЛУМОТЛАР
1. 5% ли синтомицин линименти—1 г таркибида таъсир этувчи моддаси сифатида 50 мг синтомицинли, сиртга қўлланилувчи бактерияларга қарши препарат.
2. Ташқи кўринишига кўра бир турдаги оқ рангли, кучсиз ўзига хос ҳидга эга бўлган суюқлик (суспензия).
3. Препарат алюмин тубаларга 20, 40, 50, 80, 90, 120 г дан, зарғалдоқ рангли шиша банкаларга ёки полимерли контейнерларга 20,100 ва 250 г дан қадоқланади.
4. Линимент қоронғи, болаларнинг қўли етмайдиган жойда, 2°С дан 20°С гача ҳароратда сақланади.
Препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 2 йил. Дастлабки ўрам очилгандан сўнг, идиш яхши ёпилганда сақлаш муддати ўзгармайди.
II.ФАРМАКОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ
5. Синтомицин кўп турдаги граммусбат ва грамманфий микроорганизмларга (Staphylococcus spp., Streptococcus spp., Neisseria gonorrhoeae, Neisseria meningitidis, Escherichia coli, Haemophilus influenzae, Salmonela spp., Shigella spp., Klebsiella spp., Serratia spp., Proteus stuartii, Yersinia spp.), шунингдек риккетсиялар, спирохетларга нисбатан таъсирчан.
6. Препарат бактериостатик таъсирга эга. Микробларга қарши таъсир механизми микроорганизмларнинг оқсил синтезини бузилиши билан боғлиқ.
III. ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ
7. 5% ли синтомицин линименти уй ҳайвонларининг синтомицинга таъсирчан микроорганизмлар қўзғатган ёки контаминацияланган тери юзаси ва шиллиқ пардаларнинг турли яллиғланишларини (дерматит, экзема, совуқ уриши, термик ёки кимёвий куйишлар) даволаш мақсадида қўлланилади.
8. Қўллаш усуллари ва дозаси.
а) Линимент юпқа қилиб, бевосита зарарланган тери юзасига дренажлар, докали боғлам ёки тампонлар (қин ичи патологияларида) кунига 1-2 маротаба, то бутунлай соғайиб кетгунча суртилади.
9. Препарат замбуруғли этиологиядаги яллиғланиш жараёнларида қўлланилмайди.
10. 5% ли синтомицин линименти қўлланганда, ҳайвонларни сўйиш ва чорвачилик маҳсулотларини истеъмол этишга чекловларсиз йўл қўйилади.
IV. НОРОЗИЛИКЛАРНИ БАЁН ЭТИШ ТАРТИБИ
11. Препарат ушбу қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@tkt.uz. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.