Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНЛИГИНИНГ ЎН БИР ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН АМНИСТИЯ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн бир йиллиги муносабати билан инсонпарварлик тамойилига амал қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 20-бандига асосан, қарор қиламан:
1. Ўта оғир бўлмаган жиноятлар учун ҳукм қилинганлар жазодан озод қилинсин:
а) биринчи марта содир этган жинояти учун жазо ўтаётган аёллар;
б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар;
в) мазкур Фармон кучга киргунга қадар қонунда белгиланган тартибда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари деб топилган шахслар;
г) мазкур Фармон кучга киргунга қадар 60 ёшга тўлган эркаклар;
д) мазкур Фармон кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида жазони ижро этиш ёки яшаш жойидаги даволаш муассасаларининг тиббий комиссиялари қарорига асосан жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган деб топилган шахслар;
е) жиноят содир қилгунга қадар доимий яшаш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган, озод этилгандан сўнг Ўзбекистон Республикасида бўлиш учун қонуний асослар бўлмаган чет эл фуқаролари.
2. Эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этганлар, шунингдек биринчи марта ҳукм қилинган шахслар, башарти улар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этган бўлсалар, жазодан озод қилинсин.
3. Биринчи марта озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилиниб, ўтолмай қолган жазо муддати икки йилдан кўп бўлмаган шахслар жазодан озод қилинсин.
4. Экстремистик ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига қарши жиноятлар ёки жамоат хавфсизлигига қарши бошқа қилмишлар содир этганлиги учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилиниб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилинсин.
5. Ушбу Фармоннинг 1-моддасида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар юзасидан олиб борилаётган тергов ишлари ва судда кўрилмаган ишлар тугатилсин.
6. Мазкур Фармонга асосан жазодан озод қилинмайдиган шахслар жазо муддатининг ўталмаган қисми қуйидагича қисқартирилсин:
а) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинганларга — тўртдан бир қисмига;
б) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганларга — бешдан бир қисмига.
7. Тадбиқ этилмасин:
а) мазкур Фармон — ўта хавфли рецидивистларга, жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган маҳкумларга, шунингдек муқаддам афв этиш ёки амнистия тартибида жазодан озод этилган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга;
8. Фармон эълон қилинган кундан кучга киради ва уч ой мобайнида ижро этилиши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 1 декабрь,
ПФ-3357-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 11-12-сон, 177-модда)