Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ И. КАРИМОВНИНГ 2010 ЙИЛ 12 НОЯБРДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ВА СЕНАТИНИНГ ҚЎШМА МАЖЛИСИДАГИ «МАМЛАКАТИМИЗДА ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИ ЯНАДА ЧУҚУРЛАШТИРИШ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ» МАВЗУИДАГИ МАЪРУЗАСИДА ҚЎЙИЛГАН ВАЗИФАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисидаги маърузасини муҳокама этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси қарор қилади :
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2010 йил 12 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасида баён этилган қоидалар ва хулосалар тўлиқ қўллаб-қувватлансин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг 2011 – 2014 йиллардаги фаолияти учун асос қилиб олинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти маърузасида белгилаб берилган Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш зарур деб ҳисоблансин. Дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида иловага мувофиқ ишчи гуруҳи тузилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг қўмиталари:
Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини изчил рўёбга чиқариш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур бўлган қонун лойиҳаларини чуқур ва ҳар томонлама пухта ишлаб чиқишга;
парламент назорати шаклларидан, шу жумладан парламент сўровидан, парламент эшитувларидан ва парламент фаолиятининг қонунда назарда тутилган бошқа шаклларидан фойдаланишни кучайтиришга;
давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга;
суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг демократик чора-тадбирларини амалга оширишга;
демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни эркинлаштиришни янада чуқурлаштиришга;
фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини ривожлантириш, жамият ва давлат қурилиши тизимида уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга;
ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашга;
Ўзбекистонда сайлов эркинлигини таъминлаш ва сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг 2011 – 2014 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда ривожлантиришга доир таклифларни ишчи гуруҳига тақдим этсин.
4. Сиёсий партиялар фракцияларига, Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси фаолиятининг 2011 – 2014 йилларга мўлжалланган дастури лойиҳасида жамиятимизнинг ўзлари ифодалайдиган қатламлари ва тузилмаларининг манфаатларини акс эттиришга, шунингдек қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши устидан парламент ва депутатлар назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг депутатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг маърузасидан келиб чиқадиган қоидалар ва вазифаларни сўзсиз ҳаётга татбиқ этиш, қабул қилинаётган қонунларнинг моҳиятини тушунтириш бўйича сайловчилар билан фаол иш олиб борсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг Спикери Д.ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2010 йил 30 ноябрь,
220-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг 2010 йил 30 ноябрдаги 220–II-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2010 йил 12 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасида қўйилган устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш юзасидан ҳаракат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи
ТАРКИБИ
| 1. | Ёқубов Бахтиёр Султонназирович | — | Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, ишчи гуруҳи раҳбари (ЎзЛиДеП) |
|
Ишчи гуруҳи аъзолари: | |||
| 2. | Абдуллаев Илҳом Зойирович | — | Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси раисининг ўринбосари (Ўзбекистон МТДП) |
| 3. | Азизов Искандар | — | Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси (ЎзХДП) |
| 4. | Ботирова Зуҳра Баратовна | — | Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раисининг ўринбосари (Ўзбекистон «Адолат» СДП) |
| 5. | Жабборов Собир Ваҳобович | — | Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси (ЎзЛиДеП) |
| 6. | Жўраев Қодир Асадович | — | Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси (Ўзбекистон «Адолат» СДП) |
| 7. | Одилхўжаева Сурайё Маҳкамовна | — | Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари (ЎзЛиДеП) |
| 8. | Отақулов Ўктам Хатамович | — | Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари (Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи ) |
| 9. | Ражабов Фахритдин Зайниевич | — | Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари (ЎзХДП) |
| 10. | Раҳмонов Абдукамол Шодиевич | — | Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси (Ўзбекистон «Адолат» СДП) |
| 11. | Рўзметов Хайрулло Ибодуллаевич | — | Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси (ЎзХДП) |
| 12. | Саидов Акмал Холматович | — | Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси (Ўзбекистон МТДП) |
| 13. | Тўхтабаев Абдурашид Турсунович | — | Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси (Ўзбекистон МТДП) |
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й., 11-сон, 450-модда)