Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбeкистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат, ривожланган бозор иқтисодиётига эга бўлган очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги энг муҳим вазифа мустақил, барқарор, аҳолининг кенг қатламлари томонидан қўллаб-қувватланадиган ва халқ орасида чуқур илдизлари бўлган фуқаролик жамиятининг турли хил институтларини яратиш ва ривожлантиришдан иборатдир.
Фуқаролик жамияти институтлари — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла), партиялар, ҳаракатлар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари ва фондлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) — фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади, унинг моҳиятини белгилайди. Улар жамият аъзоларининг фуқаролик фаоллиги, миллий ўзлигини англаши, сиёсий маданияти ва юксак маънавиятининг ўсишига, уларда қадр-қиммат туйғусини, мустақил фикрлаш, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўз келажагини ўз қўллари билан қуриш истагини тарбиялашга кўмаклашишга қаратилган.
Демократик қадриятларни, инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг энг муҳим йўналишига айланиши керак. Нодавлат ва жамоат ташкилотларининг ривожланган тузилмаси жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва қўллаб-қувватлашга, сиёсий ва ижтимоий соҳада давлат тузилмаларига қарама-қарши туришга қаратилган. Фуқаролик институтлари жамиятда қарор топиб ва обрў-эътибори мустаҳкамланиб боргани сайин давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг муҳим воситасига айланиб бориши лозим.
Фуқаролик жамияти институтлари мустақил, эркин оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ижтимоий фикр ва ижтимоий онгни нафақат ифода этиши, балки шакллантириши лозим. Одамлар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамламасдан туриб, демократия ўз-ўзидан ёки четдан қилинган ҳаракатлар билан ривожлана олмайди. Бу айниқса, халқ депутатлари туман Кенгашларидан тортиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг олий органи бўлган давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш нуқтаи назаридан муҳимдир.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқаролик жамияти институтларининг муҳим таркибий қисмига айланмоқда. Ҳар хил нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил этиш бирдан бир мақсад эмас. Улар фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан кўп асрлар давомида шаклланган институтларни ривожлантиришга, уларнинг аҳолига таъсирини кучайтириш ва кенгайтиришга, кўп асрлик маънавий-ахлоқий негизларни, бағрикенглик ва динлараро тотувлик ғояларини мустаҳкамлашга кўмаклашиши лозим.
Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамияти институтларини шакллантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий, моддий шарт-шароитларини яратишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва фондлари, касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида қонунлар қабул қилинди. Оммавий ахборот воситалари, журналистнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш, ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисидаги ва бошқа кўплаб қонунларнинг қабул қилиниши катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистонда Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича қабул қилинган, хусусан, кучли фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи дастур амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, жамият ҳаёти, мамлакат давлат қурилишини демократлаштириш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини янада кучайтириш уларнинг фаолиятини моддий ва молиявий қўллаб-қувватлашга, ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ва механизмларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақозо этмоқда. Фақатгина эркин, мустақил, етарли молиявий ресурсларга ва мустақил молиялаштириш манбаларига эга бўлган фуқаролик институтлари ўзларига юклатилган вазифаларни самарали бажаришлари мумкин.
Мустақил, барқарор, аҳолининг турли қатламлари томонидан қўллаб-қувватланадиган фуқаролик институтларини шакллантиришга кўмаклашиш, уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишдаги ролини кучайтириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, социал ва ишчанлик фаоллигини ошириш мақсадида:
1. Фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш ва уларнинг фаолияти кўламини кенгайтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш жараёнларини чуқурлаштириш ишидаги энг муҳим вазифа деб ҳисоблансин.
Вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига фуқаролик жамияти институтларининг фуқаролар ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилиш ва фаровонлигини оширишга, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга қаратилган фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш мажбурияти юклансин.
2. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг (ЎзННТМА) ассоциация таркибида унинг дастурий мақсадлар ва устав вазифалари доирасида амалга ошириладиган фаолиятини молиялаштириш учун ташкил этиладиган Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш фондини (кейинги ўринларда — Фонд) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
3. Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин:
зарур моддий ресурслар ва молиявий маблағларни тўплаш, шу жумладан фуқаролик жамияти институтларини ва, энг аввало, аҳоли томонидан қўллаб-қувватланадиган, республика фуқароларининг у ёки бу манфаатларини қондириш ва ҳимоя қилиш бўйича ўз олдида турган вазифаларни мустақил ҳал этадиган мустақил нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантиришни рағбатлантириш учун мўлжалланган маҳаллий, хорижий, халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг грантларини жалб этиш;
энг муҳим гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ижтимоий аҳамиятга молик муаммолар ва вазифаларни ҳал этишда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга йўналтирилган ННТларининг лойиҳалари ва дастурларини молиялаштириш;
ННТнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларга ҳуқуқий, маслаҳат, ташкилий, техник ва бошқа ёрдам кўрсатиш, ННТ, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича тадбирлар (конференциялар, семинарлар, тренинглар ва бошқалар) ўтказиш билан боғлиқ лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда молиявий кўмаклашиш.
4. Қуйидагилар Фонд маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
муассис — ЎзННТМАнинг пул бадаллари, Фонд, шунингдек унинг олдида турган вазифаларни ҳал этиш мақсадида у таъсис этган корхоналар ва ташкилотлар фаолиятидан олинган даромадлар;
хорижий мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг грантлари ва беғараз ёрдами;
юридик ва жисмоний шахсларнинг — Ўзбекистон Республикаси резидентларининг ҳам, норезидентларининг ҳам ихтиёрий ҳомийлик бадаллари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.
5. Вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларга Фондга, шунингдек, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига уларнинг уставдаги вазифаларини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳар томонлама молиявий, моддий-техник ва бошқа ёрдам кўрсатиш тавсия этилсин.
Давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан Фондни молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги ташаббус иловага мувофиқ маъқуллансин.
7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ҳафта муддатда ЎзННТМА ва Фондни бепул асосда Мовароуннаҳр кўчаси, 14-уй манзили бўйича жойлаштирсин.
8. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига, Ўзбекистон Телерадиокомпаниясига, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига, бошқа оммавий ахборот воситаларига ЎзННТМА ва Фонд фаолиятини кенг ёритиш, ННТ фаолиятини ривожлантиришдаги ижобий иш тажрибасини тарғиб қилиш, шунингдек ЎзННТМА ва Фонднинг фаол ҳомийларини ахборот билан, шу жумладан реклама билан таъминлаш тавсия этилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Бош вазир ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 23 июнь,
ПҚ-107-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 23 июндаги ПҚ-107-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Фондни молиявий қўллаб-қувватловчи давлат ва жамоат ташкилотлари рўйхати
1. | «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати |
2. | Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси |
3. | «Маҳалла» жамоат фонди |
4. | Республика «Нуроний» жамғармаси |
5. | «Соғлом авлод учун» фонди |
6. | Халқаро «Экосан» фонди |
7. | Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши |
8. | Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси |
9. | Навоий кон-металлургия комбинати |
10. | Олмалиқ кон-металлургия комбинати |
11. | «Ўзметкомбинат» акциядорлик ишлаб чиқариш бирлашмаси |
12. | Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки |
13. | «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси |
14. | «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси |
15. | «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси |
16. | «Ўзавтосаноат» уюшмаси |
17. | «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси |