Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 20 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2149]
Ўзбекистон Республикасининг «Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 37-сон, 313-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги 370-сонли «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 15-16-сон, 138-модда) мувофиқ буюраман:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳайъатининг 2006 йил 8 ноябрдаги 29-сон «Ўзбекистон Республикаси давлат нотариал идораларида стажировка ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1638, 2006 йил 8 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 45-сон, 451-модда) Адлия вазирлиги Ҳайъатининг 2010 йил 18 октябрдаги 25/10-сон қарори билан ўз кучини йўқотганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси (Б. Болиев) Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
4. Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (С. Нуриев) ва Нотариат, ФҲДЁ ва адвокатура бошқармаси (Д. Якубова) ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўн кун муддат ичида барча манфаатдор шахсларга етказилиши ва «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
5. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
6. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари Е. Каньязов зиммасига юклансин.
Вазир Р. МУҲИТДИНОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 20 октябрь,
223-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2010 йил 20 октябрдаги 223-мҳ-сонли буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 2-сон, 42-модда) 22-моддасига мувофиқ нотариус стажёрининг (кейинги ўринларда стажёр деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Стажёр томонидан нотариус мақомига эга бўлишга тайёрланиш ва унинг касбий билимларини ҳамда кўникмаларини ҳосил қилиш стажировканинг асосий вазифасидир.
2. Стажировка давлат нотариал идорасида (кейинги ўринларда нотариал идора деб юритилади) ўталади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси стажёр бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қуйидагилар стажёр бўлиши мумкин эмас:
белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;
Кейинги таҳрирга қаранг.
қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;
ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахс.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Нотариал идораларда стажёрлар сони ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади. Бунга иш ҳажми, келгусида қўшимча нотариусларга бўлган талаб ва ишдан бўшаб ёки бошқа ишга ўтиб кетаётган нотариуслар сони асос қилиб олинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Нотариал идораларда стажёрлар захирасини Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда адлия бошқармаси деб юритилади) тузади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Стажировка ўтаганлар тегишли адлия бошқармаси томонидан алоҳида китобда рўйхатга олиб борилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Стажёрга раҳбар этиб нотариуслик лавозимида камида уч йил ишлаган ва нотариал фаолият бўйича етарли тажрибага эга бўлган нотариус тайинланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Стажёр раҳбари стажёрнинг стажировка даврида нотариал фаолиятга доир масалаларни ўзлаштириб боришида масъул ҳисобланади.
8. Стажёрга раҳбар этиб яқин қариндошлар (ота-она ва болалар, эр-хотинлар) тайинланиши мумкин эмас.
9. Стажировка ўталишини ўрганиш, умумлаштириш ва назорат қилиш адлия бошқармаси томонидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Стажировка ўталишини расмийлаштириш
10. Стажёрни ишга қабул қилиш адлия бошқармаси томонидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Стажёрни ишга қабул қилишда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
а) ариза;
б) белгиланган шаклда тўлдирилган шахсий варақа;
в) паспорт нусхаси;
г) таржимаи ҳол;
д) олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
е) меҳнат дафтарчаси, (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно);
Кейинги таҳрирга қаранг.
ж) ўқиш (аввалги иш) жойидан тавсифнома.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Фуқаро стажёрликка қабул қилинишидан олдин адлия бошқармасида суҳбатдан ўтади, бунда унинг тайёргарлигининг умумий даражаси ва стажёрликка қабул қилиш учун мурожаат қилишга ундаган сабаблар аниқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Стажёрликка қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан дастлабки келишувдан сўнг адлия бошқармаси раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади. Ушбу буйруқ билан стажировка раҳбари ҳам тайинланади. Буйруқ чиқариш учун стажёр билан тузилган меҳнат шартномаси (контракт) асос бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Меҳнат шартномаси (контракт) тарафлар келишуви бўйича меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III. Стажировкани ташкил этиш
15. Стажировка ўталаётган нотариал идора стажёрнинг асосий иш жойи ҳисобланади.
Стажёр илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари, тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланишга, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлашга ҳамда шартномалар тузишда воситачилик хизмати кўрсатишга ҳақли эмас.
16. Стажировка ўташ муддати камида икки йилдир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Узоқ муддат (касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, бола парваришлаш таътиллари, ҳарбий йиғинларга чақирилганлик ва шу кабилар билан боғлиқ ҳолда) ишда бўлмаган вақт стажировка муддатига қўшилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Адлия бошқармасида ҳар бир стажёрнинг шахсий иши юритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Стажёрнинг ёхуд стажировкага раҳбар нотариуснинг узоқ муддат касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга (ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, бола парваришлаш таътиллари, ишдан ажралган ҳолда малака ошириш кабилар) кўра стажировканинг маълум муддати ўталмай қолган тақдирда, тегишли адлия бошқармаси раҳбарининг буйруғига кўра стажировка ана шу даврга узайтирилиши ёки стажёр бошқа нотариус ҳузурида стажировка ўташ учун бириктирилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Нотариал идораларда стажёрлар меҳнатига белгиланган тартибда адлия бошқармаси томонидан ҳақ тўланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Иш вақти, меҳнат таътили, ижтимоий суғурта ва бошқа меҳнат қонунчилигига оид масалаларда нотариуслар учун белгиланган қоидалар стажёрларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
21. Адлия бошқармаси раҳбари томонидан стажёрнинг ўзлаштириши лозим бўлган ва нотариал фаолиятга тааллуқли бошқа масалаларни ўзида мужассамлаштирган стажировка ўташнинг йиллик режаси тасдиқланади ва ушбу режа асосида стажёрлар ўз вазифаларини амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Стажёрнинг нотариал фаолиятни мукаммал ўрганишини таъминлаш мақсадида адлия бошқармаси томонидан иши намунали бўлган ва айрим мураккаб нотариал ҳаракатларни расмийлаштирадиган бошқа нотариал идорада бир ойдан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида стажировка ўташ ташкил қилинади. Бошқа нотариал идорада стажировка ўталганлиги тўғрисида нотариус томонидан тегишли маълумотнома тузилиб, стажёрнинг раҳбарига юборилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23. Стажёр ўз фаолиятини нотариус раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Стажёр нотариал фаолият билан мустақил шуғулланишга ҳақли эмас.
24. Стажёрнинг вазифасига қуйидагилар киради:
нотариал идорада иш юритиш;
нотариал ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш;
статистик ҳисоботларни тузиш ва таҳлил қилишда қатнашиш;
нотариал амалиётни умумлаштиришда иштирок этиш;
архив ишларини юритишни ўрганиш.
25. Стажёр стажировка ўташ даврида стажировка раҳбарининг топшириқлари ва бажарган ишлари тўғрисида кундалик ҳисоботни ёзиб боради. Кундалик ҳисобот ҳар ҳафта охирида стажировка раҳбари томонидан текширилади ва имзолаб борилади, шунингдек, аниқ мавзулар бўйича стажёр билан суҳбатлар ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26. Стажировка даврида стажёр нотариал фаолиятнинг барча йўналишларидаги соҳаларда касбий билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим. Бунда стажировка раҳбари стажёрга зарур маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериши, ўрганиш учун зарур бўлган қонун ҳужжатлари ва нотариал амалиётни тавсия қилиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Стажировка даврида стажёр нотариал ҳаракатларнинг асосий турлари бўйича ҳар уч ой якунида реферат тайёрлайди. Тайёрланган реферат стажировка раҳбарига топширилади ва ҳимоя қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
28. Стажировка даврида стажёр қуйидагиларни ўзлаштириши лозим:
нотариатга тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни;
нотариал амалиёт ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш қоидаларини;
меҳнат жамоаси ва фуқаролар билан ўзаро муносабатларда мавжуд бўлган ахлоқий нормаларни.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
29. Стажёр хизмат вазифасини бажариш вақтида, шу жумладан у билан меҳнат шартномаси (контракт) бекор қилинганидан кейин ҳам нотариал идорада амалга оширилган нотариал ҳаракатлардан унга маълум бўлган ахборотларни ошкор қилмаслиги лозим. Бу ҳақда стажёрдан тегишли тилхат олинади.
30. Стажёрга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV. Стажёрнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
31. Стажёр стажировкани ўташ даврида:
адлия бошқармаси томонидан ташкил этиладиган амалий машғулотларда қатнашишга;
Кейинги таҳрирга қаранг.
нотариал ҳаракатларни амалга оширилишида иштирок этишга;
нотариал идорада мавжуд бўлган ҳуқуқий маълумотлар базаларидан, махсус адабиётлардан фойдаланишга;
қонун ҳужжатларини туркумлаштириш, стажировка раҳбарига топшириқларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқа материаллар тўплаш билан шуғулланишга;
Кейинги таҳрирга қаранг.
стажировка раҳбари билан биргаликда нотариал тасдиқланиши лозим бўлган ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлашга;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
32. Стажёр стажировкани ўташ даврида:
стажировка раҳбари ва бошқа нотариуснинг топшириқларини виждонан, ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариши;
амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бўйича ўзларига маълум бўлган ахборотларни сир сақлаши;
нотариал идоранинг меҳнат интизомига риоя этиши шарт.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ стажёр бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
V. Стажировка якунларини чиқариш
33. Стажёр стажировка ўташнинг йиллик режаларини бажариб бўлганидан кейин ёзма ҳисобот тайёрлайди, унда ўзи томонидан стажировка режаларини бажаришнинг якунлари акс эттирилиши керак. Ҳисобот стажировка раҳбари томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
34. Стажёр раҳбари ушбу ёзма ҳисобот асосида стажёрга тавсифнома тайёрлайди ва стажировка якуни бўйича хулоса тузади. Ушбу ҳужжатларга нотариуснинг имзоси ҳамда муҳри қўйилади.
35. Стажёр раҳбарининг хулосасида қуйидагилар баён этилиши лозим:
стажировка ўталган давр;
стажировка режаси бажарилганлиги ҳақидаги маълумот;
Кейинги таҳрирга қаранг.
стажёрнинг стажировка ўташ даврида олган амалий кўникмалари ва касбий билим даражаси;
стажёрнинг унга юклатилган вазифаларни бажаришдаги маҳорати;
стажёрнинг кейинчалик мустақил равишда нотариус бўлиб ишлашга умумий тайёргарлик даражаси;
стажёрнинг стажировка ўталган даврига умумий ҳисоботи.
36. Хулоса уч нусхада тузилиб адлия бошқармасига ва стажёрга берилади. Учинчи нусхаси стажировка ўталган нотариал идорада сақлаш учун қолдирилади.
37. Стажировка натижалари бўйича стажёр адлия бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига ҳисобот беради ва комиссия қарорига асосан малака имтиҳонига қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
38. Стажировка ўташ натижаси тўғрисидаги тавсифнома ва хулоса стажёрнинг малака имтиҳонини топшириш ҳақидаги аризасига қўшиб қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VI. Якуний қоидалар
39. Стажёр билан меҳнат шартномаси (контракт) қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
стажёр адлия бошқармасига стажёрлар қаторидан чиқариш тўғрисида ариза тақдим этганда;
стажёрни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори қонуний кучга кирганда;
стажёр томонидан нотариуснинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда нотариал идоранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда;
стажёр ўз вазифаларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда;
стажёр қасддан жиноят содир этганликда айбдор деб топилганлиги тўғрисидаги суднинг ҳукми қонуний кучга кирганда;
стажёр стажёрликка қабул қилинаётганда ўзи ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тақдим этган бўлса;
Кейинги таҳрирга қаранг.
стажёр Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;
стажировка ўташнинг муддати тугаганда.
Меҳнат шартномаси (контракт) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича ҳам бекор қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
40. Нотариал идоралар белгиланган тартибда тегишли адлия бошқармаларига стажировка билан боғлиқ статистик маълумотларни тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
41. Адлия бошқармаси ҳар йил стажёрлар тайёрлаш борасида амалга оширилган ишларни умумлаштириб боради ва бу ҳақдаги маълумотни кейинги йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
42. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 42-43-сон, 369-модда; 2011 й., 40-сон, 437-модда; 2013 й., 42-сон, 566-модда; 2014 й., 24-сон, 295-модда, 40-сон, 500-модда; 2015 й., 19-сон, 245-модда, 52-сон, 652-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.01.2018 й., 10/18/2149-7/0521-сон, 11.05.2018 й., 10/18/2149-8/1194-сон, 27.12.2018 й., 10/18/2149-9/2377-сон; 04.09.2020 й., 10/20/2149-10/1261-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)