Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ШАХСИЙ ЁРДАМЧИ ВА ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИНИ ДАВЛАТ ЙЎЛИ БИЛАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ҲАМДА МАМЛАКАТНИ ОЗИҚ-ОВҚАТ БИЛАН ТАЪМИНЛАШДА УЛАРНИНГ РОЛИНИ КУЧАЙТИРИШ БОРАСИДАГИ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Қайд этиб ўтилсинки, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари учун ер ажратиб берилиши деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни анча кўпайтириш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш ҳамда қишлоқ аҳолисининг иш билан бандлигини ошириш имконини берди. Шахсий ёрдамчи хўжаликлар майдони суғориладиган ерларда 650 минг гектардан ошиб кетди. Ана шу майдонларда умумреспублика миқёсидаги картошка ва сабзавот ҳажмининг 69 фоизи, гўштнинг 80 фоиздан кўпроғи, сутнинг салкам 90 фоизи етиштирилмоқдa. Деҳқон хўжаликлари сони қарийб 20 мингтага етди, уларда l09 мингдан кўпроқ ходим иш билан банд.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шу билан бирга, жойлардаги ишларнинг аҳволини ўрганиш шуни кўрсатдики, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари фаолиятига аралашиш фактларига йўл қўйилмоқда. Якка тартибда маҳсулот етиштирувчиларга ажратиб берилаётган ерларнинг сифати баъзида паст бўлиб, бунда улардан самарасиз фойдаланиш ҳоллари мавжуддир. Шахсий ёрдамчи хўжаликларнинг эгалари ҳамда деҳқон хўжаликларига уруғлик ва кўчатлар, ем-хашак ва ветеринария препаратлари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва ихчам техника сотиш тизими аниқ-пухта йўлга қўйилган эмас, сервис хизмати кўрсатиш паст даражада ташкил қилинган. Улар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишда қийинчиликлар мавжуд.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ривожлантиришда якка тартибда маҳсулот етиштирувчиларнинг ролини кучайтириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларининг самарали ишлашини ташкил қилишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Шу нарса қайд этилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва туманларнинг ҳокимлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг, «Ўзмевасабзавотузумсаноат», «Ўзгўштсутсаноат», «Ёғмойтамакисаноат», «Ўзпахтасаноатсотиш» уюшмаларининг, «Ўздонмаҳсулот» давлат корпорациясининг, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитасининг раҳбарлари республикада шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга қаратилган қонунчилик актлари ҳамда бошқа норматив актларнинг бажарилишини тўлиқ даражада таъминламаяптилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Юқорида кўрсатилган раҳбарлар зиммасига «Ер тўғрисида» ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг талаблари, шунингдек қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларнинг мазкур тоифасини шакллантириш ва ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат қарорлари оғишмай бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин, амалда буйруқбозлик тугатилсин, уларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишга бўлган мустақил ҳуқуқи тўла-тўкис рўёбга чиқарилиши учун зарур шарт-шароитлар яратилсин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманларнинг ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларининг мақоми тўғрисида тегишли қонунчилик актларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрласин.
2. Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари учун ер ажратиб бериш чоғида тегишли тартиб ўрнатиш, хўжасизлик фактларининг олдини олиш, ажратиб берилган ер эгалари улардан оқилона ва самарали фойдаланишларини таъминлаш мақсадида:
Кейинги таҳрирга қаранг.
— ажратиб берилган ерларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда ундан оқилона фойдаланиш ҳолатини ўрганишни ташкил этиш учун «Ўзистиқболстат» давлат қўмитасининг, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг, «Ўзмевасабзавотузумсаноат» уюшмасининг, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Прокуратурасининг раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат республика комиссияси тузилсин. Қорақалпоғистон Республикасида ва республика вилоятларида ҳам худди шундай комиссиялар тузилсин;
— мазкур комиссияларга 3 ой муддатда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига ажратиб берилган ерларни ялпи рўйхатдан ўтказиш топширилсин. Ана шу ерлардан хўжасизларча фойдаланиш фактлари аниқланган тақдирда улар Ўзбекистон Республикасининг «Ер тўғрисида», «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонунларига ҳамда бошқа қонунчилик актларига мувофиқ қайтариб олинсин. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Прокуратураси мазкур топшириқнинг ижроси устидан назоратни таъминласин;
— ажратиб берилган ерлардан оқилона ва самарали фойдаланаётган қишлоқ хўжалигидаги энг яхши товар ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш тариқасида уларга бериладиган ер майдонларини суғориладиган ерларда 0,25 га. дан 0,35 га. гача ва лалми ерларда 0,5 га. дан 1 га. гача кўпайтириш имконияти кўзда тутилсин;
— Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги республика ва ҳудудий комиссиялар билан биргаликда ерларни рўйхатдан ўтказиш якунлари бўйича қонунчилик актларига Фармоннинг ушбу бандидан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш тўғрисида таклифлар тайёрласин.
3. Майда ва ўрта қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчиларнинг, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг, Шахсий ёрдамчи хўжаликлар эгалари уюшмасининг мазкур уюшма негизида «Ўзулгуржимевасабзавот» акциядорлик компанияси ҳузуридаги Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмасини Қорақалпоғистон Республикасида, республика вилоятлари ва туманларида тегишли бўлинмалари билан бирга ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. Белгилаб қўйилсинки, Уюшма раиси «Ўзулгуржимевасабзавот» компанияси бош директорининг биринчи ўринбосари ҳисобланади.
Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
— шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини мувофиқлаштириш, республика қонунчилиги томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш;
— шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида ерлардан самарали фойдаланилишини мунтазам суратда ўрганиб бориш, қонунчиликда белгиланган тартибда қўшимча ер майдонларини ажратиб бериш ёки уларни қайтариб олиш тўғрисида тегишли ҳокимликларга таклифлар киритиш;
— қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни шартнома асосида уруғлик, ўғитлар, кўчатлар, наслдор чорва ва бошқа ресурслар билан таъминлаш, ишлаб чиқариш-технология, транспорт, таъминотчилик хизмати ҳамда бошқа хизматлар кўрсатиш;
— «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» тизимидаги машина-трактор парклари билан бирга деҳқон ва фермер хўжаликларига техник ҳамда сервис хизмати кўрсатишни ташкил қилиш;
— «Ўзулгуржимевасабзавот» компаниясининг бўлинмалари билан бирга деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини сотишда қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчиларига ёрдам бериш;
— шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига юридик, ахборот, маркетинг хизматлари ҳамда бошқа хизматларни кўрсатиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Белгилаб қўйилсинки, Уюшма маблағлари деҳқон ва фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш фаолиятидан ихтиёрий ажратмалар ҳамда ўз маблағлари ҳисобидан ҳосил бўлади. Уюшма ҳузурида Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини тузиш тўғрисидаги таклиф маъқуллансин. Қуйидагилар Жамғарма маблағларининг манбалари этиб белгилансин:
— кимошди савдосида ер майдонларини фуқароларнинг меросга қолдириладиган умрбод эгалик қилишлари учун сотишдан тушадиган даромаднинг 5,5 фоизи;
— шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларидан ундириб олинадиган ер солиғи суммаси маблағларининг 5 фоизи;
— юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентларининг, шунингдек хорижий юридик шахслар ва халқаро молия ташкилотларининг маблағлари.
Бир йўла молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида Жамғармага 500 млн. сўм, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси маблағлари ҳисобидан — 200 млн. сўм, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги маблағлари ҳисобидан — 50 млн. сўм, Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан — 250 млн. сўм ажратиб берилсин.
«Ўзулгуржимевасабзавот» компанияси, Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда Жамғарма тўғрисидаги Низом лойиҳасини, маблағ жамғариш ва улардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқлаши учун киритсин ва бунда маблағлар энг аввало қуйидагиларга йўналтирилишини назарда тутсин:
— кредитни қоплашнинг зарур гаров, суғурта ва бошқа кафолатларини таъминлаган ҳолда деҳқон ва фермер хўжаликларининг эгаларига имтиёзли кредитлар бериш;
— мазкур хўжаликларга агротехник, транспорт ва зооветеринария хизмати кўрсатиш бўйича Уюшма барпо этадиган инфраструктура иншоотларини, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш бўйича кичик корхоналарни лойиҳалаш ҳaмда қуриш;
— ташкил қилинадиган кичик корхоналарга айланма маблағлар ажратиб бериш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга давлат йўли билан мадад бериш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари уюшмасига айланма маблағлар ажратиб берсин;
«Пахтабанк», «Мевасабзавотбанк», «Fаллабанк», «Тадбиркорбанк» қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларни уруғлик, ўғитлар, кўчатлар, наслдор чорва ва бошқа ресурслар билан марказлаштирилган тартибда таъминлаш учун Уюшмага кредит маблағлари ажратиб берсин. Марказий банк 10 кун муддат ичида: «Қишлоқ хўжалигида ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштиришга оид туб чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон талабларига мувофиқ гаров асосида кредитлар бериш механизмини ишлаб чиқсин;
«Ўзқишлоқхўжаликмашхолдинг» компанияси тажриба тариқасида 1997 йилда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларнинг эҳтиёжлари учун тортиш кучи 0,4 ва 0,6 тонна бўлган русумдаги 150 та тракторни уларнинг тўлиқ туркумдаги қуроллари билан бирга ишлаб чиқарсин. «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан бирга 1997 йилнинг 1 ноябрига қадар ихчам қишлоқ хўжалик техникаси бўйича маркетинг тадқиқотларини ўтказсин ва заруратга қараб уни кўплаб тайёрлаб бериш дастурини ишлаб чиқсин;
«Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси зиммасига шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига техник ҳамда сервис хизмати кўрсатиш масалалари юклансин. Машина-трактор парклари таркибида шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига механизмлар билан ёрдам кўрсатувчи ихтисослаштирилган бўлинмалар тузилсин, уларга ихчам техника, шундай техниканинг эҳтиёт қисмлари ва таъмирлаш буюмлари етказиб бериш ҳамда сотиш ташкил қилинсин. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитасига шу мақсадларда унинг ҳисоб-китоблари бўйича машина-трактор парклари учун айланма маблағлар ажратиб берсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. «Ўзулгуржимевасабзавот» компанияси, Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари 2 ой муддатда:
— шаҳарларда, туман марказларида, шаҳарчалар ва йирик қишлоқларда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларининг эгаларидан мева-сабзавот, гўшт-сут ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини шартнома асосида қабул қилиб олувчи пунктларни ташкил қилсинлар. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини доимий равишда топшириб турувчи Уюшма аъзоларига уруғлик, минерал ўғитлар, ўраш материаллари ва ускуналарни муқобил тартибда етказиб бериш амалга оширилсин;
— харид қилинадиган маҳсулотга олдиндан ҳақ тўлаган ҳолда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларининг эгалари билан фъючер контрактлари тузишни амалда кенг жорий этсинлар;
— маҳсулотни, айниқса мева, резавор ва сабзавот маҳсулотлари ялпи пишиб етиладиган даврда уларни қабул қилиб олиш ва сотишни жадаллаштириш мақсадида «Ўзулгуржимевасабзавот» компанияси билан Ўзбекбирлашувнинг мавжуд музхоналари, базалари ҳамда бошқа ишлаб чиқариш қувватларидан мумкин қадар кўпроқ фойдалансинлар. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 февралдаги 98-сон қарорида кўзда тутилганидек, мева-сабзавот маҳсулотларининг улгуржи бозорлари тармоғини бунёд этиш жадаллаштирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Уюшма ҳамда Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, шунингдек улар таъсис этадиган ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларга хизмат кўрсатадиган шўъба корхоналар давлат томонидан рўйхатга олинган пайтдан бошлаб беш йил муддатга даромад солиғи тўлашдан озод қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда ушбу Фармоннинг бажарилишини ташкил этиш юзасидан қарор қабул қилсин.
9. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Қ. F. Обидов, Бош вазир ўринбосари М. 3. Усмонов ва Давлат маслаҳатчиси Т. А. Алимов зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 18 март,
ПФ-1737-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 3-сон, 85-модда; 2001 й., 9-10-сон, 197-модда)