Кейинги таҳрирга қаранг.
Хўжалик судларининг қонуний кучга кирган ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 47-моддасига асосланиб, қуйидаги тушунтиришларни беришга қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (кейинги матнларда ХПКнинг) 205-моддаси 1-қисмига биноан суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун ариза фақат ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилиши мумкин. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ворислари (ХПКнинг 39-моддаси), шунингдек хўжалик суди томонидан суд жаримаси ундирилган шахслар ҳам (ХПКнинг 56, 77-моддалари) шундай ҳуқуққа эгадирлар.
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2011 йил 1 декабрдаги 235-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахлдор суд ҳужжатлари қабул қилинган тақдирда, шу асосда янги очилган ҳолатлар бўйича ариза билан чиқишга ҳақли эмаслар, бу ҳолатда улар шу суд ҳужжатларига нисбатан апелляция, кассация ва назорат тартибидаги шикоятларни келтиришлари мумкин. Бундай шахслар янги очилган ҳолатлар бўйича ариза билан мурожаат этганларида аризани қабул қилиш ХПК 117-моддасининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2013 йил 5 декабрдаги 255-сонли қарори таҳририда)
Хўжалик судлари ўз ташаббуслари билан ўзлари қабул қилган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришлари мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. ХПКнинг 204-моддаси 1-қисмида кўрсатилганидек, суднинг ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича фақат у қонуний кучга кирганидан кейингина қайта кўрилиши мумкин. Бу қоида дарҳол ижро этиладиган суд ҳужжатларига ҳам тааллуқлидир.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 23 декабрдаги 307-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат этилганда, аризани қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, ариза бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.
Судларнинг эътибори суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг шу мазмунда қайтадан ариза билан мурожаат этиш аризани умумий тартибда кўриб чиқишга тўсқинлик қилмаслигига қаратилсин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 17 июндаги 299-сонли қарорига асосан иккинчи ва учинчи хатбошилар билан тўлдирилган)
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Янги очилган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатларини қайта кўриш масаласини ҳал этишда хўжалик судларининг биринчи, апелляция, кассация ва назорат инстанциялари ХПКнинг 204-моддаси 2-қисмида кўрсатилган бундай қайта кўриш асосларининг рўйхати қатъий эканлигидан келиб чиқишлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозим.
Агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилингандан сўнг вужудга келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмайди, чунки бу ХПКнинг 204-моддаси 2-қисми 1-банди мазмунига зид бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Янги очилган ҳолатлар мавжуд бўлмасдан, ишни кассация ёки назорат тартибида кўриб чиқиш асослари мавжуд бўлган ҳолатда ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш мумкин эмас. Бундай ҳолларда хўжалик суди кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд эмаслигига асосланиб, ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни рад этиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Суд ҳужжати қабул қилингандан кейин вужудга келган янги ҳолатлар ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш учун эмас, балки янги даъво билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкин.
5. Хўжалик судлари шуни эътиборга олишлари лозимки, суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш учун асос бўлаётган ҳолатлар жиддий бўлиши, яъни суд ҳужжатини қабул қилишда хўжалик суди хулосасига таъсир кўрсатадиган даражада бўлиши лозим. Бу ҳолат хўжалик суди томонидан аввалда текшириш предмети бўлган фактга нисбатан янги далиллар эмас, балки айнан юридик фактларнинг ўзи бўлиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Суд томонидан ишни кўриб чиқишда текшириш предмети бўлмаган ҳамда мавжудлиги аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган юридик фактни белгиловчи янги далиллар янги очилган ҳолатлар деб эътироф этилиши мумкин. Агар ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш давомида суд келтирилган далиллар аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлганлигини аниқласа, янги очилган ҳолатлар бўйича келтирилган аризани қаноатлантириш рад этилиши лозим, чунки ХПКнинг 55-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак (тортишув принципи).
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. ХПКнинг 204-моддаси 2-қисми 2 ва 3-бандларига биноан, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёхуд улар вакилларининг ёки судьяларнинг жиноий ҳаракатлари, шунингдек гувоҳнинг била туриб ёлғон гувоҳлик бериши, экспертнинг била туриб ёлғон хулоса бериши ва таржимоннинг била туриб нотўғри таржима қилиши (улар иштирокида кўрилган бошқа ишларда эмас) айнан ушбу ишни кўришда содир этилган бўлса, янги очилган ҳолатлар бўйича ишни қайта кўриш учун асос бўлиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу бандларда кўрсатилган ҳолатлар суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан тасдиқланган бўлиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасида белгиланган асослар бўйича шахснинг жиноят содир этилишида айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш хўжалик судининг ҳужжати ХПК 204-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган асос бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 23 декабрдаги 307-сонли қарори таҳририда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Хўжалик суди ҳужжатини суднинг бошқа иш бўйича ҳал қилув қарори, ҳукми ёхуд бошқа орган қарорининг бекор бўлиши ёки ўзгартириши оқибатида янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш мумкин (ХПКнинг 204-моддаси 2-қисми, 4 банди), башарти, агар бекор қилинган ёки ўзгартирилган суд ҳужжатлари хўжалик судининг қайта кўриб чиқилаётган ҳужжатига ҳақиқатан ҳам асос қилиб олинган бўлса.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 17 июндаги 299-сонли қарори таҳририда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорини (ажримни) янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза ушбу ҳал қилув қарорини (ажримни) қабул қилган хўжалик судига, агар ҳал қилув қарори (ажрим) апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳамда янги қарор қабул қилинган бўлса, ариза хўжалик судининг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги қарор қабул қилинган инстанциясига берилади. Ушбу тартиб бузилган ҳолда берилган аризани қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан сўнг аниқланса, ариза бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 23 декабрдаги 307-сонли қарорига асосан биринчи хатбоши билан тўлдирилган)
ХПКнинг 205-моддаси 1, 2-қисмлари талабларига биноан берилган қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза иш юритишга иш кўрилиш жойи ва вақти кўрсатилган ажрим чиқариш йўли билан қабул қилинади. ХПКнинг 205-моддаси 1-қисми билан белгиланган ариза беришнинг бир ойлик муддати процессуал муддат бўлиб, муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома келтирилганда, аризани қабул қилиш масаласи ҳал этилаётган судья томонидан ХПКнинг 99-моддаси 1—3-қисмлари билан белгиланган қоидаларга биноан тикланиши мумкин. Муддатни тиклашни рад этиш аризани қайтариш ҳақидаги ажримда кўрсатилиши лозим. Муддатни тиклаш ҳақидаги илтимосноманинг қаноатлантирилганлиги суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қабул қилиш ва иш кўришни тайинлаш ҳақидаги ажримда кўрсатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризанинг ХПКнинг 205-моддаси 3-қисмида кўрсатилган асосларга биноан қайтарилиши тегишли хўжалик судининг судьяси томонидан якка тартибда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Аризани қайтариш ҳақидаги хўжалик суди судьясининг ажрими устидан умумий тартибда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
(9-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 17 июндаги 299-сонли қарори таҳририда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Судларга тушунтирилсинки, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қабул қилишда шуни назарда тутиш керакки, аризада янги очилган ҳолатларнинг мавжудлигини тасдиқловчи асослар мавжуд бўлиши лозим. Аризага зарурий бўлган далиллар, хусусан, кўрсатилган ҳолатлар санасини аниқлаш имконини берувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак. Бундай ҳолатларнинг аниқланганлик куни бўлиб, шу ҳолатларнинг аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун ҳисобланади. Агар янги очилган ҳолатлар ҳукм, суднинг ҳал қилув қарори, бошқа органнинг қарори билан боғлиқ бўлса, унда янги очилган ҳолат суд ҳужжатларини қабул қилиш учун асос бўлган ҳолатга мазмунан қарама-қарши ҳужжатларнинг қонуний кучга кирган куни ёки ҳукм, ҳал қилув қарори ва қарорнинг қонуний кучга кирганлиги аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун шу ҳолат аниқланган кун ҳисобланади.
11. Судлар шуни алоҳида эътиборга олишлари лозимки, ХПКнинг 206-моддаси 1-қисмига кўра суд ҳужжати янги очилган ҳолат бўйича шу ҳужжатни қабул қилган хўжалик суди томонидан қайта кўрилади.
Биринчи инстанция судининг суд ҳужжатлари, агар апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида ўзгартирилмаган ёки янги қарор қабул қилинмаган бўлса, фақат шу суд инстанцияси қайта кўриб чиқишга ҳақли. Башарти биринчи инстанция судининг суд ҳужжатлари ўзгартирилган ёки бекор қилинган бўлса, янги очилган ҳолатлар бўйича апелляция, кассация ва назорат инстанцияларининг қарорлари, ажримлари ХПКнинг 206-моддаси 2-қисмига биноан суд ҳужжатини ўзгартирган ёки бекор қилган инстанция томонидан қайта кўриб чиқилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Хўжалик судлари суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича аризани кўриб чиқувчи хўжалик судининг таркибини аниқлашда ХПКнинг 15-моддасига биноан иш юритиш лозимлигини кўзда тутишлари керак. Мазкур модданинг 1-қисмига мувофиқ, биринчи инстанция суди ишни коллегиал таркибда кўриб чиққан бўлса, қайта кўриш ҳам коллегиал равишда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Суд ҳужжати бекор қилиниб, иш янгидан кўрилаётганда суд таркиби тўғрисидаги масалани ҳал қилиш зарурияти туғилса, судлар ХПК 19-моддаси қоидаларидан келиб чиқишлари лозим.
(12-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2013 йил 5 декабрдаги 255-сонли қарори таҳририда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. ХПКнинг 207-моддасига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани хўжалик суди ариза тушган кундан бошлаб бир ойлик муддатда ўз мажлисида кўриб чиқади. Аризачи ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида ХПКнинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Уларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2013 йил 5 декабрдаги 255-сонли қарори таҳририда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. ХПКнинг 208-моддасига биноан хўжалик суди суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани кўриб чиқиб, уни қаноатлантиради ва суд ҳужжатини бекор қилади ёки аризани қаноатлантиришни рад этади ва бу ҳақда ажрим чиқаради.
Аризани қаноатлантириш ҳақидаги ажрим устидан шикоят берилмайди ва шу боис у қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги хўжалик судининг ажрими устидан умумий тартибда апелляция ёки кассация инстанцияларига шикоят берилиши мумкин. Олий хўжалик суди томонидан қабул қилинган аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят берилмайди ва унга нисбатан ХПКнинг 203-моддасига мувофиқ протест келтирилиши ва назорат тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. ХПКнинг 208-моддаси 3-қисмига мувофиқ ҳолда шуни назарда тутиш лозимки, суд ҳужжати бекор қилинган тақдирда ХПК талабларига кўра иш шу суд ҳужжатини бекор қилган хўжалик суди инстанциясида кўрилади. Бу ҳолатда ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ХПКнинг тегишлича биринчи, апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида иш юритишни тартибга соладиган қоидалари қўлланилади.
Янги очилган ҳолат бўйича суд ҳужжати бекор қилинган тақдирда, хўжалик суди, имконият мавжуд бўлганда ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларнинг процессуал ҳуқуқларини қатъий таъминлаган ҳолда, дастлабки суд қарорини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқарилгандан сўнг бевосита шу суд мажлисида ишни мазмунан кўриб чиқишга ҳақлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Иш кассация ёки назорат инстанциялари юритувида бўлган вақтда янги очилган ҳолат бўйича ишни қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза келиб тушса, бу инстанциялар аризаларни кўриб чиқишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш натижалари олингунга қадар тўхтатиб турадилар ва ишни суд ҳужжатини қайта кўриш ҳақида ариза тушган хўжалик судига юборадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Амалдаги қонунчиликка биноан суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш ҳақидаги ариза, шунингдек аризани қайтариш ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган шикоятларга давлат божи тўланмайди, почта харажатлари ҳамда суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлари бундан мустасно.