LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг 1997 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича иловага мувофиқ ҳажмларда пахта етиштириш ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин.
1997 йилда пахта толаси учун давлат хариди уни ишлаб чиқариш ҳажмларининг 30 фоизи даражасида белгилансин.
Белгилаб қўйилсинки, давлат харидининг тасдиқланган ҳажмидан ортиқча пахта хом ашёсидан ишлаб чиқарилган пахта толаси хўжаликлар ихтиёрида қолади ва пахта тайёрлаш топшириқлари бажарилган тақдирда улар томонидан эркин нархларда сотилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси билан биргаликда пахта толасига жаҳон бозори конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда 1997 йилги ҳосил пахтасининг харид нархлари юзасидан 1997 йил 1 июлгача таклифлар киритсин.
3. «Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 1997 йил 1 февралгача пахта харид қилиш юзасидан хўжаликлар билан шартномалар тузилишини, хўжаликларга 1996 йил ҳосили харид нархларининг камида 30 фоизи миқдорида аванс тўланишини таъминласин. 1997 йил пахта ҳосили учун белгиланган харид нархларидан келиб чиққан ҳолда июль-август ойларида қўшимча аванс беришни назарда тутсин.
Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси харид қилинадиган пахтага аванс тўлаш учун зарур кредит ресурсларини, шу жумладан 1995-1996 йилларда ушбу мақсадлар учун ажратилган кредитларни тўлаш ҳисобига излаб топсин.
4. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 1997 йил ҳосили учун республика минтақалари бўйича ғўзанинг селекция навларини жойлаштириш юзасидан икки ҳафта муддатда таклиф киритсин.