Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва Ўмон Султонлиги Миллий иқтисодиёт вазирлиги ўртасида
Англашув меморандуми
Ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва Ўмон Султонлиги Миллий иқтисодиёт вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш истагини билдириб,
Томонлар ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришни мақсад қилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, Томонлар ўз давлатлари миллий қонунчиликларига асосан, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш учун ўз ваколатлари доирасида барча имкониятларини қўллайдилар.
2-модда
Томонлар ташқи иқтисодий қонунчилик ва маъмурий чекловлар соҳасида:
импорт ва экспортни чеклаш каби савдо тизими ва божхона тизимини;
хорижий корхоналарни ташкил этиш, бошқариш ва фаолиятини тугатиш, хорижий инвестицияларни чеклаш, хорижий инвестицияларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришни ўз ичига олган хорижий инвестициялар тизимини;
иқтисодий келишмовчиликларнинг ҳал этиш қоидаларини;
ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги икки томонлама битимлар;
хорижий ташкилотлар билан иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни ўз ичига олган ҳолда ахборотларни мунтазам алмашинуви билан кўмаклашадилар.
3-модда
Томонлар ўзаро манфаатни ифода этувчи иқтисодий ҳамкорликларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари юзасидан яқиндан ҳамкорлик қиладилар ва икки томонлама савдонинг самарадорлигини ошириш барча имкониятларини сарф қиладилар.
4-модда
Ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш соҳасида тажриба алмашиш мақсадида, Томонлар семинар ва конференциялар ташкиллаштирадилар ва ушбу соҳада кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш юзасидан ҳамкорлик қиладилар.
5-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикасини Бутунжаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиши юзасидан консультациялар ўтказадилар.
6-модда
Томонлар тўқимачилик ва тикув маҳсулотлари, кимёвий маҳсулотлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, авто ва автомобиль бутлов қисмлари, телекоммуникация ускуналари ва офис учун автоматик мосламалар, электрон маҳсулотлар ва бошқаларни ўз ичига олган ўзаро товарлар савдосига кўмаклашадилар.
7-модда
Томонлар ўз давлатлари миллий қонунчилигига асосан Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги ўртасида иқтисодий ҳамкорлик қўшма корхоналар, ишлаб чиқариш кооперациялари, маркетинг, лизинг, менеджмент, туризм ва бошқалар воситасида янги соҳаларни рағбатлантириш йўлларини излайдилар.
8-модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида хўжалик субъектлари ўртасида юзага келадиган келишмовчиликларни ҳал этишда кўмаклашадилар.
9-модда
Томонлар ўз хўжалик субъектлари мажбуриятлари юзасидан, агар ушбу мажбуриятлар кафолатланмаган бўлса, жавобгар бўлмайдилар.
10-модда
Мазкур Меморандум қоидаларини татбиқ қилиш мақсадида, Томонлар ҳар йили келгуси йил учун ҳамкорлик соҳалари бўйича аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқадилар.
Агарда молиялаш биргаликда амалга ошириладиган бўлса, Томонлар ташкиллаштириш, яшаб туриш ва тиббий харажатлар қабул қилувчи Томон ҳисобидан, транспорт харажатлари эса жўнатувчи Томон ҳисобидан қопланиш тамойилига амал қиладилар.
11-модда
Мазкур Меморандумнинг қоидаларини қўллаш ва талқин қилиш билан боғлиқ барча келишмовчиликлар Томонлар ўртасида дўстона музокара ва консультациялар йўллари билан ҳал этилади.
12-модда
Томонларнинг ўзаро келишувларига асосан, мазкур Меморандумга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган, алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Ушбу баённомалар мазкур Меморандумнинг 13-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
13-модда
Мазкур Меморандум уни имзолаган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади. Агар Томонларнинг бири уч ой олдин, бекор қилиш нияти борлиги ҳақида иккинчи Томонга ёзма равишда хабар бермаса, ушбу Меморандум ҳар сафар айнан муддатга узайтирилади.
Мазкур Меморандумнинг амал қилиш муддатининг тўхталиши агар Томонлар бошқача келишиб олмаган бўлсалар, унинг амал қилиш муддати давомида ижрода бўлган дастурларга ва қўшма лойиҳаларга таъсир қилмайди.
Масқат шаҳрида 2009 йил 5 октябрда икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 4-сон)