Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва ўмон Султонлиги Олий таълим вазирлиги ўртасида
Англашув Меморандуми
Олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги ўртасида ўрнатилган ўзига хос муносабатлардан келиб чиққан ҳолда;
Олий таълимни ривожлантиришга хизмат қиладиган соҳаларда ўзаро манфаатдорлик асосида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ва ривожлантиришга интилиб;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўмон Султонлиги Олий таълим вазирлиги (бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар) қуйидагилар бўйича келишиб олдилар:
1-модда
Ҳамкорлик соҳалари
Ҳамкорлик соҳалари
Томонлар қуйидаги соҳаларда ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўмон Султонлиги олий таълим вазирлиги билан маслаҳатлашган ҳолда олий таълим муассасалари ўртасида илмий ходимлар, ўқитувчилар, экспертлар ва талабаларнинг ўзаро манфаатли ҳисобланган дастурлар доирасида алмашинувни рағбатлантирадилар. Бундай алмашинув дастурлари икки давлат олий таълим муассасаларида машғулотлар ва/ёки ўзаро илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижалари бўйича қўшма ҳисобот тайёрлаш, мақола чоп этиш, ўқув сафарларини ташкил қилишдан иборат бўлиши мумкин. Мазкур алмашинув дастурлари давомийлиги ва шартлари маслаҳатлашувлар ёки расмий хатлар орқали белгиланади;
б) олий таълим соҳаларида ўзаро ёрдамни қўллаб-қувватлаш;
в) олий таълим муассасаларида таълим олишни давом эттириш учун грантлар ажратиш;
г) олий таълим муассасаларининг ўзаро манфаатли бўлган дастурларини янада ривожлантириш;
д) олий таълим муассасалари маъмурий ходимлари ва ўқитувчиларининг малакасини оширишда ёрдам бериш;
е) бир Томоннинг фуқароларига иккинчи Томоннинг тилини ўрганиш учун шароит яратиб бериш;
ж) фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилиш;
з) иккала давлатнинг ички қонунлари ва тартибларига мувофиқ Томонлар ўзаро келишган ҳолда иккала давлатнинг давлат ва хусусий олий таълим муассасаларини аккредитациядан ўтказиш;
и) ўқув материаллари, маълумотлар, илмий изланишлар ва бошқа манбалар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда олий таълимга тегишли кўргазма ва семинарларни ташкил қилишда кўмаклашиш.
2-модда
Молиявий шартлар
Молиявий шартлар
1) Мазкур Меморандум доирасида турли соҳаларга тегишли амалга ошириладиган ташрифлар харажатларини юборувчи Томон ўз зиммасига олади, агар Томонлар ноталар алмашинуви орқали бошқа қарорга келмасалар.
2) Қабул қилувчи Томон тегишли ташриф дастурини делегация келишидан 1 ой олдин тузиш учун юборувчи Томон қабул қилувчи Томон билан маслаҳатлашган ва келишган ҳолда делегатлар сони ҳамда ташриф мақсади ҳақида ёзма равишда маълумот тақдим этади.
3-модда
Қўшма ишчи гуруҳи
Қўшма ишчи гуруҳи
Томонлар мазкур Меморандумни амалга ошириш учун Қўшма ишчи гуруҳ ташкил этадилар. Қўшма ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакили томонидан бошқарилади, Ўмон Султонлиги Ҳукумати номидан Олий таълим вазирлиги вакили томонидан бошқарилади. Қўшма ишчи гуруҳ мазкур Меморандумни амалга оширилишини муҳокама қилиш мақсадида ўзаро келишилган ҳолда навбат билан Ўзбекистонда ёки Ўмонда йиғилади. Йиғилишнинг ўрнига, зарур бўлган ҳолда, дипломатик каналлар орқали амалга ошириладиган маслаҳатлашувлар ўтказилиши мумкин.
4-модда
Махфийлик
Махфийлик
1) Томонлар ушбу Меморандумни амалга ошириш жараёнида махфийликни таъминлаш мажбуриятини оладилар.
2) Ҳар иккала Томон мазкур Меморандумнинг амал қилиш муддати тугатилишига қарамасдан ўзаро келишилган муддатга қадар ушбу модданинг 1-бандида келтирилган мажбуриятга риоя қилишга розилик билдирадилар.
5-модда
Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ҳуқуқи
Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ҳуқуқи
1) Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ҳуқуқи Томонларнинг миллий қонунчилигининг қоидалари ҳамда Томонлар имзолаган бошқа халқаро Меморандумлар асосида таъминланади.
2) Ҳар қандай нашр, ҳужжат ва/ёки бошқа манбаларда иккинчи Томоннинг номларидан, логотипларидан ва/ёки расмий рамзларидан мазкур Томоннинг ёзма розилигисиз фойдаланиш тақиқланади.
6-модда
Меморандумнинг амал қилишини вақтинчалик тўхтатиш
Меморандумнинг амал қилишини вақтинчалик тўхтатиш
Томонлар, вақтинчалик, халқаро ҳуқуқ нормалари ва миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, мазкур Меморандумнинг бажарилишини қисман ёки бутунлай тўхтатиш ҳуқуқига эга. Меморандумнинг амал қилиши Томонлардан бирининг дипломатик каналлар орқали ёзма равишда иккинчи Томонни хабардор қилган кундан бир ой ўтгач вақтинчалик тўхтатилади.
7-модда
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
Ушбу Меморандумга Томонларнинг ўзаро розилиги билан ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Ҳар қандай ўзгартиришлар ва қўшимчалар Меморандумнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган баённомалар билан расмийлаштирилади.
8-модда
Баҳс-мунозарали вазиятларни ҳал қилиш
Баҳс-мунозарали вазиятларни ҳал қилиш
Ушбу Меморандумнинг қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ барча баҳслар Томонлар ўртасида дўстона муносабатда музокаралар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
9-модда
Меморандумнинг кучга кириши, амал қилиш муддати ва тугатилиши
Меморандумнинг кучга кириши, амал қилиш муддати ва тугатилиши
Мазкур Англашув Меморандуми имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва бошланишида 5 йил давомида амал қилади. Агар Томонлардан бири бошқа Томонга унинг амал қилиш муддатини тугатиш ҳақида олти ой олдин дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабар бермаса, Меморандум кейинги 5 йиллик муддатларга узайтириб борилади.
Меморандум тугатилган ҳолда, барча амалдаги лойиҳаларнинг бажарилиши, Томонлар ўзгача қарор қабул қилмасалар, давом этади.
Бунинг тасдиғи сифатида, қуйида имзо чекувчилар ўзларининг ҳукуматлари томонидан берилган ваколатга биноан, ушбу Меморандумни имзоладилар.
Масқат шаҳрида 2009 йил 5 октябрда икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди. Барча матнлар бир хил кучга эга. Матнларни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2010 й., 4-сон)