Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Бухоро шаҳри аэропортида янги йўловчилар тeрминали қурилишини тугатиш» лойиҳасини амалга оширишни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ««Бухоро шаҳри аэропортида йўловчиларга мўлжалланган янги терминал қурилишини ниҳоясига етказиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 9 февралдаги ПҚ-1054-сон қарорини ўз вақтида бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Бухоро шаҳри аэропортида янги йўловчи терминали қурилишини тугатиш» лойиҳасини амалга оширишни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 9 февралдаги ПҚ-1054-сон қарорининг 3-бандига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликлари Дубай Амирлиги Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикасидаги Ваколатхонаси ўртасидаги ўзаро англашув тўғрисидаги баённомага мувофиқ «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» ОАЖ бош лойиҳа ташкилоти этиб белгиланганлиги;
«Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» ОАЖ бош лойиҳалаш ташкилоти томонидан «Зилзилабардошқурилиш» илмий-лойиҳалаш маркази билан биргаликда Бухоро шаҳри аэропортидаги йўловчи терминали биноси каркаси конструкциясини мустаҳкамлаш бўйича 372 млн сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилган;
Бухоро шаҳри аэропортидаги янги йўловчи терминалининг ишчи лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш 2010 йил 1 майгача тугалланади, кейинчалик ваколатли органга давлат экспертизасидан ўтказиш учун киритилади.
3. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг жорий йилда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан «Бухоро шаҳри аэропортида янги йўловчи терминали қурилишини тугатиш» лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
биринчи босқичда — «2-сон Бухорожамоақурилиш» уюшмасининг (Бухоро шаҳри) «МКМК-47» МЧЖ йўловчи терминали биноси каркаси конструкциясини кучайтириш ишларини бажариш бўйича пудратчи этиб белгилансин;
иккинчи босқичда — «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси (Тян) шу йилнинг 1 июнига қадар «Давархитектқурилиш» қўмитаси (Максумов), Иқтисодиёт вазирлиги (Бекенов), Молия вазирлиги (Ғуломов) ва Бухоро вилояти ҳокимлиги (Ҳусенов) билан биргаликда ишлаб чиқилган ва экспертизадан ўтказилган лойиҳа-смета ҳужжатларини, шунингдек биринчи босқичдаги пудратчининг иш натижаларини ҳисобга олган ҳолда танлов асосида лойиҳани 2010 йилнинг ИВ чорагида тугатиш учун бош пудратчини аниқласин.
4. «Асака» ДАТБ 2010 йил 1 апрелдан бошлаб «Бухоро шаҳри аэропортида янги йўловчи терминали қурилишини тугатиш» лойиҳасининг биринчи босқичи бўйича маблағ билан таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 1 апрель,
61-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 1 апрелдаги 61-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Бухоро шаҳри аэропортида янги йўловчи терминали қурилишини тугатиш» лойиҳасини амалга оширишни молиялаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг ««Бухоро шаҳри аэропортида йўловчиларга мўлжалланган янги терминал қурилишини ниҳоясига етказиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 9 февралдаги ПҚ-1054-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Бухоро шаҳри аэропортида янги йўловчи терминали қурилишини тугатишни молиялаштириш тартибини белгилайди.
2. Объектнинг чекланган қиймати, олдинги давр харажатларисиз, «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» ОАЖ лойиҳа ташкилотининг хулосасига кўра 14,65 млн АҚШ долларини ташкил этади.
3. Лойиҳани молиялаштириш икки босқичда амалга ошириладиган Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати томонидан ажратиладиган грант маблағлари молиялаштириш манбаи ҳисобланади:
биринчи транш — 7,65 млн АҚШ доллари;
иккинчи транш — 7,0 млн АҚШ доллари (биринчи траншнинг 80 фоизи ўзлаштирилгандан сўнг).
II. Молиялаштириш механизми
4. Грант маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг «Асака» ДАТБда очиладиган махсус валюта ҳисоб рақамига (кейинги ўринларда ҳисоб рақами деб аталади) ўтказилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бухоро вилояти ҳокимлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Асака» ДАТБ билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларидан олинган молиявий маблағлар, техник кўмаклашиш, грантлар ва мурувват ёрдамини ҳисобга олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2004 йил 4 февралдаги 56-сон қарори талабларини ҳисобга олган ҳолда махсус валюта ҳисоб рақами орқали операцияларни ўтказиш бўйича вақтинчалик техник йўриқномани ишлаб чиқсин.
6. Бухоро вилояти ҳокимлигининг тегишли буюртманомалари асосида махсус валюта ҳисобварағи маблағлари:
кейинчалик импорт контрактлари бўйича сотиб олинадиган технологик асбоб-ускуналар учун ҳақ тўлаш учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг буюртманомада кўрсатилган махсус ҳисоб рақамига эркин алмаштириладиган валютада ўтказилади;
«Асака» ДАТБга ўтказилади, сўмдаги эквиваленти қурилиш-монтаж ишларини мақсадли молиялаштириш ҳамда қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни миллий валютага сотиб олиш учун «Асака» ДАТБнинг вилоят бўлимида очилган Бухоро вилояти ҳокимлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.
III. Грант маблағларини тақсимлаш ва улардан мақсадли фойдаланиш
7. Бухоро вилояти ҳокимлиги қурилиш-монтаж ишлари, қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни миллий валютада харид қилиш ҳамда буюртмачининг объект бўйича бошқа харажатларини тўлаш учун грант маблағларини олувчи, тасарруф этувчи ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун масъул ҳисобланади, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК эса импорт контрактлари бўйича чет эл валютасида харид қилинадиган технологик асбоб-ускуналар учун ҳақ тўлаш учун грант маблағларидан мақсадли фойдаланилиши учун масъул ҳисобланади.
8. Бухоро вилояти ҳокимлиги қурилиш-монтаж ишларини ва буюртмачининг бошқа харажатларини маблағ билан таъминлашни Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сон қарори билан белгиланган талаблар ва тартибга мувофиқ «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК орқали амалга оширади.
9. Бажарилган ишлар ҳажми бўйича «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Бухоро вилояти ҳокимлигига маблағларга бўлган талабнома билан асосланган ва тасдиқланган ҳисоб-китобларни тақдим этади. Талабномалар сўм ва валюта маблағлари бўйича алоҳида тақдим этилиши лозим.
10. Бухоро вилояти ҳокимлиги «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан маблағларга бўлган эҳтиёж тўғрисида тақдим этилган буюртманомалар асосида қурилиш-монтаж ишларини молиялаштиришни очиш, қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни миллий валютага харид қилиш, шунингдек, қурилишларнинг тасдиқланган манзилли рўйхатига мувофиқ импорт бўйича технологик асбоб-ускуналарни (валюта маблағлари) харид қилиш учун Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлиги билан келишилган буюртманомани Молия вазирлигига тақдим этади.
IV. Буюртмачи
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 9 февралдаги ПҚ-1054-сон қарорининг 2-бандига мувофиқ буюртмачи функциясини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК амалга оширади.
12. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сон қарори билан белгиланган талаблар ва тартибга мувофиқ буюртмачининг бошқа функцияларини ҳам бажаради.
13. Молиялаштиришни очиш учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сон қарори билан белгиланган талаблар ва тартибга мувофиқ ҳужжатларни ҳокимликка тақдим этади.
14. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳокимликка лойиҳа-смета ҳужжатларини, шу жумладан ишларни бажариш жадвалини ва молиялаштириш (маблағларни ўзлаштириш) жадвалини тақдим этади.