Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг
Қарори
СУДГА ҚАДАР ИШ ЮРИТИШ БОСҚИЧИДА ҚАМОҚҚА ОЛИШ ТАРЗИДАГИ ЭҲТИЁТ ЧОРАСИНИНГ СУДЛАР ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАНИЛИШИ ТЎҒРИСИДА
«Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари ҳимояси таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга йўналтирилган.
Мазкур Қонуннинг суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Тушунтирилсинки, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19, 25-моддаларида, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларида мустаҳкамланган қоидаларга мос бўлиб, жиноят ишида гумон қилинувчи, айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган шахс ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси самарали бўлишига эришишга қаратилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонунга кўра, судлар ваколатига фақат ишни судга қадар юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳамда қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш юзасидан қарор қабул қилиш ҳуқуқи ўтказилаётган бўлиб, жиноят-процессуал қонунида назарда тутилган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Жиноят-процессуал кодекси 236-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, эҳтиёт чоралари гумон қилинувчи, айбланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, унинг жиноий фаолиятига барҳам бериш, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилишга қаратилган уринишларига йўл қўймаслик, ҳукм ижросини таъминлаш мақсадида қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси шахснинг озодликка бўлган ҳуқуқини чеклаши сабабли уни қўллаш учун асослар қонунда қатъий белгиланган.
Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси:
қасддан содир этилган ва Жиноят кодексида уч йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга;
эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган ва Жиноят кодексида беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қўлланилади.
Судлар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини ҳал этишда ЖПК 236-моддасининг 2, 3-қисмларида назарда тутилган ҳолатларни ҳам инобатга олишлари зарур.
4. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ЖПК 242-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган алоҳида ҳолларда қасддан содир этилган ва Жиноят кодексида уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган ва Жиноят кодексида беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича ҳам, агар қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлса:
гумон қилинувчи, айбланувчи тергов ва суддан яширинган;
ушлаб турилган гумон қилинувчининг шахси аниқланмаган;
илгари қўлланилган эҳтиёт чораси айбланувчи томонидан бузилган;
ушлаб турилган гумон қилинувчи, айбланувчи Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган;
жиноят қамоқ ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ даврида содир этилган ҳолларда қўлланилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ЖПК 558-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, вояга етмаган айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси, фақат қасддан содир этилган ва Жиноят кодексида беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича ва бошқа эҳтиёт чоралари айбланувчининг тегишли хулқ-атворда бўлишини таъминлай олмаган тақдирдагина қўлланилиши мумкин.
Шунинг учун эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган, шунингдек ЖПК 242-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асосларга кўра вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.
Вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида илтимоснома қўзғатиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда, прокурор иш материаллари билан шахсан танишиб чиқиши, бу турдаги эҳтиёт чораси танланиши асослилигини текшириши, фавқулодда ҳолат мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши, бу турдаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан айбланувчини сўроқ қилиши шарт.
6. Қонунда кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган шахсга нисбатан қўлланилади. Бундай ҳолда эҳтиёт чораси ЖПК 245-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган уч ойлик муддатга (ушлаб туриш вақти ҳисобга олинган ҳолда) қўлланилган ҳисобланади.
Алоҳида ҳолларда, ЖПК 226-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, бу турдаги эҳтиёт чораси гумон қилинувчи сифатида ЖПК 221-моддасига асосан ушланган шахсга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Бундай ҳолларда эҳтиёт чораси ўн кунгача муддатга (ушлаб туриш вақти ҳисобга олинган ҳолда) қўлланилган ҳисобланиб, шу муддат ичида гумон қилинувчи жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши шарт. Акс ҳолда, прокурор ёки прокурорнинг розилиги билан терговчи гумон қилинувчини қамоқдан озод қилиши лозим.
Ўн кунлик муддат ичида айб эълон қилинган тақдирда эҳтиёт чораси уч ой муддатга (ушлаб туриш вақти ҳисобга олинган ҳолда) қўлланилган ҳисобланади.
Ушлаб туриш вақти ЖПК 226-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ шахс милицияга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган вақтдан бошлаб ҳисобланиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. ЖПК 240-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, ишни судга қадар юритиш босқичида қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси шахсни қамоқда сақлаб туриш учун асослар қолмаганда прокурорнинг ёки прокурорнинг розилиги билан терговчининг қарорига биноан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин Бунда шахсни қамоқдан дарҳол озод этилишини таъминлаш ушбу қарорни қабул қилган орган зиммасига юклатилади.
Прокурор ёки терговчининг қарорида эҳтиёт чорасини қўллаш юзасидан чиқарилган суд қарорининг қонунийлиги ва асослилиги муҳокама қилинишига йўл қўйилмайди.
Прокурор ажрим чиқарган судни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилиши лозим.
8. Прокурор ёки прокурорнинг розилиги билан терговчи жиноят иши бўйича ЖПК 236, 242-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар аниқланганда, гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаришга ҳақли.
Агар суриштирув юритиш жараёнида гумон қилинувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш учун асослар борлиги аниқланса, суриштирувчи ЖПК 342-моддасига мувофиқ, суриштирув юритиш муддати ўтишини кутмасдан, ишни дарҳол терговчига ўтказиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома қўзғатиш тўғрисидаги қарорда, шахс гумон қилинаётган ёки айбланаётган жиноят, қилмиш квалификацияси, гумон қилинувчи, айбланувчини қамоққа олиш заруратини келтириб чиқарган асослар, шунингдек шахсга нисбатан бошқа турдаги эҳтиёт чорасини қўллаш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақидаги хулосалар баён этилиши лозим.
Бундай қарорга илтимосномани асослантирувчи зарур материаллар, жумладан, жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорнинг, жиноят ишида гумон қилинувчи, айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорнинг, ЖПК 221, 225-моддалари тартибида тузилган ушлаб туриш баённомасининг, гумон қилинувчи, айбланувчининг шахсига оид маълумотларга доир ҳужжатларнинг, ҳимоячи ордерининг ёхуд ҳимоячидан воз кечиш ҳақидаги баённоманинг, ЖПК 239-моддаси талабларига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади. Зарурат бўлганда, прокурор томонидан судга кўздан кечириш учун мазкур ҳужжатларнинг асли, шунингдек бошқа ҳужжатлар тақдим қилиниши мумкин.
Илтимоснома ва материаллар судга ушлаб туриш муддати тугашидан камида ўн икки соат олдин, ҳар бир гумон қилинувчи, айбланувчига нисбатан алоҳида (шу жумладан жиноят иштирокчиликда содир этилганда ҳам) тақдим қилинади. Материалга қўшилган ҳужжатлар нусхаси прокурор ёки терговчи томонидан тасдиқланган ва муҳрланган бўлиши зарур.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Қонунда белгиланган ушлаб туриш ёки қамоқда сақлаб туриш муддати ўтгандан сўнг судга тақдим этилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан кўриб чиқилмайди. Бундай ҳолларда, ушлаб турилган ёки қамоқда сақланаётган шахсни озод қилиш масаласи ЖПК 234-моддаси ва 240-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ҳал этилади.
Шу билан бирга, бундай илтимоснома судга қонунда белгиланган муддат ўтгандан сўнг, бироқ ушлаб туриш ёки қамоқда сақлаб туриш муддати ўтгунга қадар тақдим қилинган тақдирда, суд уни кўриб чиқиш учун қабул қилиши лозим. Бундай ҳолда, суд қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсга нисбатан хусусий ажрим чиқаради.
11. Қонунда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши белгиланган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома жиноят содир қилинган ёки жиноят иши тергов қилинаётган жойдаги суд томонидан кўрилиши керак. Материални судловга тегишлилиги хусусида ЖПК 243-моддасига таянган ҳолда тортишувга йўл қўйилмайди.
Судья бўлмаганда ёки илтимосномани кўриб чиқишда судьянинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда, илтимоснома киритган прокурор ёзма равишда мазкур суд раисига, суд бир таркибли бўлганда эса — юқори турувчи суд раисига мурожаат қилади.
Юқори турувчи суд раиси мазкур мурожаатни дарҳол кўриб чиқади ва илтимосномани кўриб чиқишни бошқа тегишли суд судьясига топширади.
12. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома материал келиб тушган пайтдан эътиборан ўн икки соат ичида, лекин ЖПК 226-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ушлаб туриш муддати охиридан кечиктирмай кўриб чиқилади. Ушлаб туриш тариқасидаги процессуал мажбурлов чораси қўлланилмаган айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома ҳам ўн икки соат ичида кўриб чиқилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар судга келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соат ичида ЖПК 247-моддасида белгиланган қоидаларга мувофиқ кўриб чиқилади.
Суд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилишини материаллар тақдим этилган кун ва вақтдан қатъи назар, (дам олиш ёки байрам кунлари, иш вақти тугагандан сўнг) таъминлаши шарт.
13. Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўришда қатнашадиган суд мажлиси иштирокчилари таркиби қонунда қатъий белгиланган бўлиб, жиноят ишини мазмунан кўришда қатнашадиган суд мажлиси иштирокчилари таркибидан бирмунча фарқ қилади.
Қонунга кўра қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, гумон қилинувчи ёки айбланувчи, ҳимоячи (агар у ишда қатнашаётган бўлса) иштирокида кўриб чиқилади. Бундай илтимосномани суд мажлисида кўришда гумон қилинувчи ёки айбланувчининг қонуний вакили (агар у ишда қатнашаётган бўлса) ва терговчи иштирок этиши мумкин. Зарурат туғилганда суд мажлисига терговчи таклиф қилиниши мумкин.
Қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, айбланувчи ва ҳимоячи (агар у ишда қатнашаётган бўлса) иштирокида кўрилади. Бундай илтимосномани суд мажлисида кўришда терговчи ҳам иштирок этиши мумкин. Зарурат туғилганда суд мажлисига терговчи таклиф қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
ЖПК 20, 51-моддаларида назарда тутилган ҳолларда суд мажлисида таржимон ва ҳимоячининг иштироки таъминланиши шарт. Илтимосномани кўришда бошқа шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди.
14. Суд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриш жойи, санаси ва вақтини белгилайди ҳамда бу ҳақда илтимоснома киритган прокурорни хабардор қилади. Прокурор ёки терговчи суд мажлиси иштирокчиларини, шу жумладан гумон қилинувчи ёки айбланувчини судга келишларини таъминлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Суд мажлисининг жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг (гумон қилинувчи, айбланувчи бундан мустасно), суд мажлисига келмаганлиги қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриш учун монелик қилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қонунга мувофиқ, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани айбланувчининг иштирокисиз кўришга, фақат унга нисбатан қидирув эълон қилинган ҳолдагина йўл қўйилади (ЖПК 243-моддасининг саккизинчи қисми).
Қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома айбланувчи стационар тартибдаги суд-психиатрия экспертизаси ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштирилган ҳолда унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин. Бунда айбланувчининг ҳимоячиси суд мажлисида иштирок этиши шарт (ЖПК 247-моддасининг олтинчи қисми).
15. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қонунда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома, шунингдек унга илова қилинган материаллар билан суд мажлиси иштирокчиларини таништириш назарда тутилмаган. Бироқ, ҳимояга нисбатан ҳуқуқ тўғрисидаги конституциявий принципдан келиб чиққан ҳолда, гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили илтимоснома ва унга илова қилинган материаллар билан, башарти улар бу ҳақда мурожаат этишган тақдирда, прокурор томонидан суд мажлиси бошлангунга қадар таништирилишлари лозим.
16. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома суднинг биносида, ёпиқ суд мажлисида ҳар бир гумон қилинувчи, айбланувчига нисбатан алоҳида кўрилади.
Суд мажлиси судья томонидан қандай илтимоснома кўриб чиқилишини эълон қилишдан бошланади. Сўнгра судья ўзининг, прокурор, ҳимоячи, қонуний вакил, гумон қилинувчи ёки айбланувчи, котиб, таржимон, терговчининг фамилияси, исми, шарифини эълон қилади, гумон қилинувчи, айбланувчининг шахсини аниқлайди ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, рад этиш ҳақидаги арзлари бор-йўқлигини аниқлайди. Бундай арзлар мавжуд бўлса, улар юзасидан ЖПК 76, 80-моддаларига мувофиқ қарор қабул қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Илтимосномани кўриб чиқиш прокурор маърузаси билан бошланади, у қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтиришнинг заруратини асослаб беради. Сўнгра гумон қилинувчи ёки айбланувчи, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек терговчи эшитилади, тақдим этилган материаллар текширилади. Сўнгра судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўришда ЖПК 426-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суд мажлиси баённомаси юритилади ва у ажрим чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай имзоланади.
Тарафлар суд мажлиси баённомаси билан у имзоланган пайтдан бошлаб танишишлари мумкин.
Суд мажлиси баённомасига берилган мулоҳазалар дарҳол ЖПК 427-моддасида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.
18. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ишни мазмунан кўришдан фарқли ўлароқ, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўришда суд тергови ўтказилмайди, процесс иштирокчилари эшитилади, лекин сўроқ қилинмайди.
Бунда шуни назарда тутиш лозимки, илтимосномани асослаб бериш мажбурияти қонун бўйича судга эмас, балки прокурорга юклатилган ва прокурор процесснинг исталган босқичида, суд алоҳида хонага киргунига қадар илтимосномани чақириб олишга ҳақли.
Суд гумон қилинувчи, айбланувчининг айблилиги ёки айбсизлиги масаласи муҳокамасига кирмаган ҳолда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилади.
19. ЖПК 243-моддасининг ўнинчи қисмига кўра, тўпланган материаллар етарли бўлмаган тақдирда, суд, тарафлар қўшимча далиллар тақдим этишлари учун уларнинг илтимосномасига асосан ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатгача узайтириши мумкин.
Агар белгиланган муддатда тарафлар томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш асослилиги ёки асоссизлигига доир қўшимча далиллар тақдим этилмаса, суд мавжуд материалларга асосланган ҳолда қарор қабул қилади.
Илтимоснома прокурор томонидан чақириб олинган тақдирда у суд томонидан кўрилмасдан қолдирилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.
20. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилганда ажримнинг қарор қисмида мазкур эҳтиёт чораси қандай муддатга қўлланилаётганлиги кўрсатилмайди.
Айни пайтда, қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилганда, суд ушбу эҳтиёт чораси қайси санагача амал қилишини ажримда кўрсатиши шарт.
Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи тақдим қилинган илтимоснома бўйича қарор қабул қилиш имконияти бўлмаганлиги ва қўшимча далиллар тақдим қилиниши зарурлиги сабабли бошқа вақтга қолдирилганда, суднинг ажримида илтимосномани қайта кўриб чиқиш жойи, вақти ва санаси кўрсатилиши шарт.
21. Судьянинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёхуд қўллашни рад этиш ҳақидаги ажрими у эълон қилинган пайтдан кучга киради ва дарҳол ижро этилиши шарт.
Судьянинг ажрими суд залида прокурорга ижро қилиш учун, гумон қилинувчи, айбланувчи, ҳимоячига — маълумот учун топширилади.
22. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш жараёнида қонун бузилганлиги, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала қўлланилганлиги ҳақида мурожаат қилинган тақдирда, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида қайд этилади ва дастлабки тергов давомида назоратни амалга оширувчи прокурор томонидан текширилиб, натижаси ҳақида судга хабар қилинади.
23. Илтимоснома қаноатлантирилмай қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилинганда, гумон қилинувчи, айбланувчи (ушлаб туриш охирги муддати тугаган ёки тугамаганлигидан қатъи назар) суд залида қамоқдан озод қилинади. Бундай ҳолда бошқа турдаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи дастлабки тергов органи томонидан умумий асосларда ҳал этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган тақдирда, суд бу ҳақда йигирма тўрт соатдан кечиктирмасдан гумон қилинувчи, айбланувчининг оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда — қариндошларига ёки яқин кишиларига ёзма равишда хабар бериши, шунингдек бу ҳақда иш ёки ўқиш жойига маълум қилиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Агар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахс бошқа давлатнинг фуқароси бўлса, хабар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилади.
Хабар юборилганлиги ҳақидаги маълумот судда мавжуд бўлган материалга қўшиб қўйилади.
25. Судларга тушунтирилсинки, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилиниши, эҳтиёт чорасининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши, айнан ўша шахсга нисбатан бундай эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома билан судга такроран мурожаат қилишга, башарти ишни тергов қилиш жараёнида уни қамоққа олиш заруратини тақозо этувчи янги ҳолатлар юзага келган бўлса, тўсқинлик қилмайди.
Янги ҳолатлар деганда, жумладан:
қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан рад этилгандан сўнг гумон қилинувчи, айбланувчининг дастлабки терговдан бўйин товлаши, жиноий фаолиятни давом эттириши;
гумон қилинувчи, айбланувчининг жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиши;
гумон қилинувчи, айбланувчига бошқа ёки оғирроқ жиноят содир этганликда айб эълон қилиниши тушунилиши лозим.
26. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномани рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган судьянинг айнан ўша гумон қилинувчи, айбланувчига нисбатан шундай илтимоснома билан такроран мурожаат қилинганда иштирок этиши қонунда тақиқланмаган.
Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисида масала бўйича ажрим чиқарган судья, шунингдек бундай илтимосномани киритган прокурор, шу шахсга нисбатан жиноят ишини мазмунан кўриб чиқишда ҳам иштирок этиши мумкин, ЖПК 76-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
27. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича судьянинг ажрими устидан, у чиқарилган кундан бошлаб, етмиш икки соат ичида гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили томонидан апелляция тартибида шикоят берилиши, прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин.
Апелляция шикояти (протести) берилиши эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги масала бўйича қабул қилинган қарорнинг ижросини тўхтатмайди.
Апелляция шикояти (протести) ажрим чиқарган суд орқали берилади. Шикоят (протест) бериш муддати ўтгандан сўнг, тегишли суд раиси ЖПК 479-моддасида назарда тутилган талабларни бажариб, материални шикоят (протест) билан бирга йигирма тўрт соат ичида апелляция инстанцияси судига юборади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қонунда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш масаласи бўйича чиқарилган ажрим устидан кассация шикояти (протести), назорат тартибида шикоят (протест) билдирилиши назарда тутилмаган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
28. Суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича чиқарилган ажрими устидан етмиш икки соат ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест) кўрмасдан қолдирилади, бу ҳақда уларни берган шахсларга маълум қилинади (ЖПК 4974-моддаси).
29. Суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича чиқарилган ажрими устидан берилган шикоят (протест), апелляция инстанцияси суди томонидан учта судьядан иборат таркибда, суднинг биносида, ёпиқ суд мажлисида келиб тушган вақтидан бошлаб, етмиш икки соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.
30. Суд мажлиси раислик этувчи томонидан қандай шикоят (протест) кўриб чиқилишини эълон қилиши билан бошланади. Сўнгра раислик этувчи судьялар, прокурор, ҳимоячи, қонуний вакил, гумон қилинувчи ёки айбланувчи, котиб, таржимон, терговчининг фамилияси, исми, шарифини эълон қилади, гумон қилинувчи, айбланувчининг шахсини аниқлайди ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, рад этиш ҳақидаги арзлар бор-йўқлигини аниқлайди. Бундай арзлар мавжуд бўлса, суд ҳайъати улар бўйича ЖПК 76, 80-моддаларига мувофиқ қарор қабул қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шикоят (протест)ни кўриб чиқиш судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади, у кўрилаётган масаланинг моҳияти, шикоят (протест) важлари ҳамда уларга қарши билдирилган эътирозлар моҳиятини баён қилади. Сўнгра шикоят (протест) берган шахс эшитилади. Ҳам шикоят, ҳам протест берилган тақдирда, биринчи бўлиб прокурор сўзга чиқади. Суд зарурат юзага келса, терговчини эшитади, тақдим этилган материалларни текширади. Шундан кейин суд ажрим чиқариш учун маслаҳатхонага киради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шикоят (протест)ни апелляция инстанцияси судида кўришда ЖПК 426-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суд мажлиси баённомаси юритилади.
31. Апелляция инстанцияси суди қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича чиқарилган ажрим устидан берилган шикоят (протест)ни кўриб чиқиб, ўзининг ажрими билан:
а) судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоят ёки протестни қаноатлантирмасдан қолдиришга;
б) судьянинг ажримини бекор қилиш ва:
қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад этиш ҳамда гумон қилинувчи, айбланувчини қамоқдан озод қилишга;
гумон қилинувчи, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга;
айбланувчига нисбатан қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтиришга;
айбланувчига нисбатан қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтиришни рад этишга ва агар қонунда белгиланган қамоқда сақлаб туриш муддатлари тугаган бўлса, уни қамоқдан озод этишга ҳақли.
Апелляция инстанцияси судининг ажрими прокурорга ижро қилиш учун, суд мажлисининг бошқа иштирокчиларига — маълумот учун тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
32. Апелляция инстанцияси судининг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича чиқарилган ажрими ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижро қилиниши лозим.
Апелляция инстанцияси судининг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича чиқарилган ажрими узил-кесил ҳисобланиб, унинг устидан назорат тартибида шикоят (протест) берилишига йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
33. Апелляция инстанцияси судида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масалага оид материални кўришда қатнашган судья, шунингдек прокурор, айнан шу шахсга нисбатан жиноят ишини мазмунан биринчи, апелляция, кассация инстанцияларида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок этишга ҳақли, ЖПК 76-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
34. ЖПК 3-моддасига кўра, жиноят ишини юритиш процессуал ҳаракат амалга оширилаётган ёки процессуал қарор қабул қилинаётган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб борилади. Шу муносабат билан «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун нормалари фақат қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала юзасидан 2008 йил 1 январдан бошлаб чиқарилган қарорларга тааллуқлидир.
Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисида 2008 йил 1 январга қадар чиқарилган қарорлар янги қонун бўйича қайта кўриб чиқилмайди.
35. Мазкур қарор 2008 йил 1 январдан бошлаб қўлланилади.
Тошкент ш.,
2007 йил 14 ноябрь,
16-сон