Ўзбекистон Республикаси Марказий банки БошҚаруви
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг
Қарори
ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН «ҚИШЛОҚХЎЖАЛИККИМЁ» ҲУДУДИЙ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТЛАРИГА МИНЕРАЛ ЎҒИТ ВА ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ КИМЁВИЙ ВОСИТАЛАРИ ХАРИДИ УЧУН ҚИСҚА МУДДАТЛИ МАҚСАДЛИ КРЕДИТЛАР АЖРАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 8 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1319-1]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 15 августдаги 342-мҳ-сонли «Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 1319-2, 15.08.2019 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда) ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 54-модда) қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ва Молия вазирлиги қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ва Молия вазирлигининг 2004 йил 21 февралдаги 246-В, 33-сонли қарори (рўйхат рақами 1319, 2004 йил 2 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 9-сон, 109-модда) билан тасдиқланган «Тижорат банклари томонидан «Қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий акциядорлик жамиятларига минерал ўғит ва ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситалари хариди учун қисқа муддатли мақсадли кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида низом»га иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Марказий банк Раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 23 январь,
3/1-сон
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 23 январь,
7-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ва Молия вазирлигининг 2010 йил 23 январдаги 3/1, 7 -сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тижорат банклари томонидан «Қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий акциядорлик жамиятларига минерал ўғит ва ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситалари хариди учун қисқа муддатли мақсадли кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш
1. 16-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«16. Ушбу кредитлар «Қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий акциядорлик жамиятларининг 23222, 23220 ва 23210-ҳисоб варағига келиб тушган маблағлар (шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки Бошқарувининг 2007 йил 13 мартдаги 30, 288-В-сон қарори (рўйхат рақами 1675, 2007 йил 14 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 йил, 16-сон, 168-модда) билан тасдиқланган «Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган пахта ва ғалла етиштириш харажатларини тижорат банклари томонидан кредитлаш тартиби тўғрисида низом» асосида қишлоқ хўжалиги корхоналарига берилган кредитлар) ҳисобидан биринчи навбатда муддатли мажбуриятнома асосида мемориал ордер билан ундириб олинади. Бунда ҳисобланган фоизлар кредитлардан олдин ундирилади».
2. Мазкур ўзгартириш «Ўзкимёсаноат» Давлат акционерлик компанияси билан келишилган.
«Ўзкимёсаноат» ДАК раиси Г. ИБРАГИМОВ
2010 йил 23 январь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 6-7-сон, 54-модда)