Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Солиқ соҳасида ҳамкорлик қилиш ва ахборот алмашиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига, шунингдек 1996 йил 27 майдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик ҳамда даромад (фойда)га ва мулкка солиқлар тўлашдан бўйин товлашларнинг олдини олиш тўғрисидаги Битим қоидаларига амал қилган ҳолда,
солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш билан боғлиқ вазифаларни самарали ҳал этишда ўзаро манфаатдорликдан келиб чиқиб,
ушбу мақсадларда барча ҳуқуқий ва бошқа имкониятлардан фойдаланишга алоҳида аҳамият бериб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда. Асосий тушунчалар
Мазкур Битим мақсадлари учун фойдаланиладиган атамалар қуйидаги маъноларни англатади:
солиқ қонунчилиги — Томонларнинг ҳудудларида солиқлар ва йиғимлар турларини, уларни ундириш тартибини белгиловчи ҳамда солиққа оид ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг пайдо бўлиши, ўзгариши ва тугатилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар мажмуи;
солиқ қонунчилигини бузиш — солиқ тўловчилар томонидан солиқлар ва йиғимлар тўғрисидаги қонунларни бажармасликда ёки лозим даражада бажармасликда намоён бўладиган ва бунинг учун Томонларнинг миллий қонунчилигида жавобгарлик белгиланган ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик;
ёрдам тўғрисида сўров — солиқ қонунчилигига риоя қилиш ва бу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича масалаларда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўров.
2-модда. Битим предмети
Томонларнинг ваколатли идораларни ташкил этиш ва солиққа оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш, шунингдек Томонлар ваколатли идораларининг тасарруфига берилган солиқ соҳасидаги ахборотларни алмашиш мақсадида ҳамкорлик қилиши мазкур Битимнинг предмети ҳисобланади.
Томонларнинг ваколатли идоралари мазкур Битим доирасидаги ҳамкорликни Томонларнинг миллий қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига амал қилган ҳолда амалга оширадилар.
3-модда. Ваколатли идоралар
1. Мазкур Битим мақсадлари учун қуйидагилар Томонларнинг ваколатли идоралари ҳисобланади:
Ўзбекистон томонидан — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;
Озарбайжон томонидан — Озарбайжон Республикаси Солиқлар бўйича вазирлиги.
2. Томонлар ваколатли идораларининг расмий номи ўзгарган ёки улар қайта ташкил этилган тақдирда, Томонлар бу тўғрисида бир-бирларини дарҳол ёзма равишда хабардор қиладилар.
4-модда. Ҳамкорлик шакллари
Мазкур Битим доирасида Томонларнинг ваколатли идоралари ҳамкорликнинг қуйидаги шаклларидан фойдаланадилар:
а) солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган тадбирларни ўтказиш масалаларида ўзаро ҳамкорлик;
б) Томонлар давлатлари ҳудудида жисмоний ва юридик шахсларга солиқ солиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тегишли тартибда тасдиқланган нусхаларини тақдим этиш;
в) миллий солиқ тизимлари, солиқ қонунчилигидаги ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги ахборотларни, шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича услубий тавсияномаларни алмашиш;
г) ҳамкорлик жараёнида фаолиятни мувофиқлаштиришни амалга ошириш ва пайдо бўладиган масалалар бўйича зарур ёрдам кўрсатиш, ахборот тизимларини яратиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун тажриба алмашиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш, кадрларни ўқитиш муаммолари ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилувчи бошқа масалалар бўйича илмий-амалий конференциялар ва семинарлар ўтказиш.
Мазкур Битим қоидалари Томонлар ўртасида тузилган бошқа битимларга мувофиқ ваколатли солиқ идораларининг ҳамкорлигига тўсқинлик қилмайди.
Томонларнинг ваколатли идоралари мазкур Битимни бажариш билан боғлиқ масалалар юзасидан бир-бирлари билан бевосита ҳамкорлик қиладилар.
5-модда. Солиқ соҳасида ахборот алмашиш
1. Солиқ соҳасида ахборот алмашиш қуйидаги маълумотларни тақдим этишни назарда тутади:
а) солиқ қонунчилигини бузувчилар томонидан қўлланиладиган усуллар кўрсатилган юридик ёки жисмоний шахсларнинг даромадларини солиққа тортишдан яширишлари тўғрисида;
б) солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолда юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат ва тижорат банкларида ҳисоб рақамлар очилганлиги, шунингдек бу ҳисоб рақамлар орқали маблағларнинг ҳаракати тўғрисида;
в) даромадлар ва солиқ солинадиган маблағлар миқдори ҳақида солиқ қонунчилигини бузган юридик ва жисмоний шахслардан ундириладиган солиқлар суммалари, шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида.
2. Мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган маълумот бир томоннинг ваколатли идораларига иккинчи томоннинг ваколатли идорасининг сўровига асосан, маълумотни тақдим этиш сўралаётган Томон давлатининг қонунчилиги ва манфаатларига зид бўлмаслиги шарти билан берилади.
3. Агар Томонлардан бирининг ваколатли идораси ўзида мавжуд бўлган маълумотни бошқа Томоннинг ваколатли идораси учун манфаатли деб билса, у ушбу маълумотни ўз ташаббуси билан тақдим этиши мумкин.
6-модда. Тадбирлар ўтказиш
Томонлар ваколатли идораларининг солиқ ҳуқуқбузарликларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича бундай ҳуқуқбузарликларни содир қилган ёки уларни содир қилишда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан ўтказиладиган тадбирлар ўзаро ҳамкорликни биргаликда режалаштиришни, куч ва воситалардан фойдаланишни, бу тадбирларнинг бориши ва уларнинг натижалари тўғрисидаги ахборот алмашишни ўз ичига олади.
Биргаликдаги тадбирларни ўтказишда ўз ходимларининг бошқа томон ҳудудидаги фаолиятини таъминлаш бўйича харажатларни, агар Томонлар бошқа ҳолатни келишиб олмаган бўлсалар, юборувчи Томон қоплайди.
7-модда. Ҳужжатларни тақдим этиш
Томонларнинг ваколатли идоралари ҳамкорлик тўғрисидаги сўров бўйича бир-бирларига меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни, юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солишга тааллуқли ҳужжатлар (ҳисоб варақ-фактуралар, юкхатлар, шартномалар, контрактлар, сертификатлар, маълумотномалар ва бошқалар)ни шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарликларга тегишли масалалар бўйича ҳужжатлар нусхаларини тақдим этадилар.
Нусхалар сўралаётган Томон ваколатли шахсининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади. Тасдиқланган нусхалар текшириш учун етарли бўлмаган ҳолда ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг асл нусхалари талаб қилиниши мумкин. Белгиланган ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг асл нусхалари келишилган муддатларда қайтарилиши керак.
Материаллар уларни талқин қилиш ёки улардан фойдаланиш учун зарур бўлган қўшимча ахборот билан электрон кўринишда тақдим этилиши мумкин.
8-модда. Ҳуқуқий мазмундаги маълумотларни айирбошлаш
Томонларнинг ваколатли идоралари миллий солиқ тизимлари, солиқ қонунчилиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни юритишнинг ҳуқуқий асослари, шунингдек амалдаги меъёрий ҳужжатларга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисидаги ахборотни айирбошлайдилар.
9-модда. Ахборот таъминоти масалалари бўйича ҳамкорлик
Томонларнинг ваколатли идоралари солиққа оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун ахборот тизимларини яратиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши масалалари бўйича тажриба, услубий қўлланмалар ва илмий материалларни алмашишни амалга оширадилар, шунингдек ўз давлатларининг қонунчилиги ва мазкур Битимга мувофиқ ўзларининг архивлари ва маълумот банкларида бўлган ахборотни бир-бирларига бепул тақдим этадилар.
10-модда. Сўровнинг шакли ва мазмуни
1. Ахборот олиш ҳақидаги сўров ёзма шаклда ёки матнни техникавий бериш воситаси орқали берилиши лозим.
Кечиктириш талаб қилинмайдиган ҳолларда телефон алоқаси воситасида берилган оғзаки сўров қабул қилиниши мумкин, аммо у дарҳол ёзма шаклда тасдиқланиши керак.
Матнни техникавий бериш воситаларидан фойдаланишда, шунингдек оғзаки сўровнинг ҳақиқийлиги ёки мазмунига нисбатан шубҳа-гумон пайдо бўлганда сўралувчи Томон ёзма равишда тасдиқланишини сўраши мумкин.
Ахборот олишга сўров қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
— сўраётган Томоннинг ваколатли идорасининг номи;
— сўралаётган Томоннинг ваколатли идорасининг номи;
— сўров қилинаётган солиқ тўловчининг реквизитлари;
— сўров моҳиятини баён қилиш ва уни асослаш;
— асосий мажбуриятларининг тасвири;
— ҳуқуқбузарликни квалификациялаш;
— шунингдек уни ижро қилиш учун бошқа зарур маълумотлар.
Ахборот олишга сўров ва унинг жавоби рус тилида тузилади.
11-модда. Сўровни бажариш
Сўров у олинган санадан кейин уч ойдан кечиктирмасдан бажарилади. Зарурат бўлганда ваколатли идоралар ўртасидаги келишув бўйича сўровни ижро қилиш муддати узайтирилиши мумкин.
Агар сўров давлатнинг суверенитети ёки хавфсизлигига зарар етказадиган ёхуд сўралаётган ваколатли идора давлатининг миллий қонунчилигига зид келадиган бўлса, уни бажариш рад этилади.
Сўровни бажариш имконияти бўлмаган ҳолда сўралаётган ваколатли идора сўраётган ваколатли идорани бу ҳақида ёзма равишда хабардор қилади.
12-модда. Сўровни бажаришдаги ҳамкорлик
Томонларнинг ваколатли идоралари мазкур Битимга, миллий қонунчиликка мувофиқ ва ўз ваколатлари доирасида сўровни бажаришда бир-бирларига ёрдам берадилар.
Томонлар ваколатли идораларининг вакиллари зарурат бўлганда сўровни бажариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун учрашувлар ўтказадилар.
13-модда. Махфийликка риоя қилиш
Аниқ бир солиқ тўловчиларга тааллуқли маълумотлар махфий ҳисобланади ва сўралаётган Томон давлати қонунчилиги ва сўраётган Томон давлати талабларига мувофиқ ҳимоя режими билан таъминланади.
Олинган маълумотлар Томонлар тарафидан фақатгина ушбу Битимда назарда тутилган мақсадларда, шу жумладан маъмурий ёки суд ишларида фойдаланилиши мумкин. Олинган маълумотдан бошқа мақсадларда фойдаланиш ёки учинчи томонга бериш фақат сўралаётган Томоннинг ёзма равишдаги розилиги билан мумкин.
14-модда. Мунозарали масалаларни тартибга солиш
Томонлар Битимни талқин қилишда ва қўллашда юзага келадиган мунозарали масалаларни тартибга солишда ўзаро келишувга эришишга интиладилар.
15-модда. Харажатлар
Томонларнинг ваколатли идоралари ўз давлати ҳудудида мазкур Битимни бажариш билан боғлиқ харажатларни қоплайдилар. Қўшимча харажатларни талаб қилувчи сўровлар олинган ҳолда уларни молиялаштириш масаласини Томонларнинг ваколатли идоралари ўзаро келишув бўйича кўриб чиқадилар.
16-модда. Ўзгартириш ва қўшимчалар
Томонлар мазкур Битимни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича бир-бирларини хабардор қиладилар ҳамда унга заруратга қараб ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритадилар.
Томонларнинг ўзаро розилигига кўра мазкур Битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин ва улар алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади, улар мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва 18-модда қоидаларига мувофиқ кучга киради.
17-модда. Алоҳида қоидалар
Мазкур Битим Томонларнинг улар иштирокчилари бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқувчи ҳуқуқлари ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
Мазкур Битим қоидаларни амалга ошириш мақсадларида Томонлар ёки уларнинг ваколатли идоралари айрим масалалар бўйича қўшимча битимлар тузишлари мумкин.
Мазкур Битим уни имзолаш пайтида Томонлар ўртасида мавжуд бўлган ёрдам кўрсатиш амалиётини чекламайди ва Томонлар ўртасида бўлиши мумкин бўлган ҳамкорликнинг барча шакллари ва усулларини бекор қилмайди.
18-модда. Битимнинг кучга кириши ва амал қилишини тўхтатиши
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат процедураларини бажарганлиги тўғрисида ёзма равишда охирги хабар олинган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бирининг мазкур Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонга юборган хабарномасини Томонларнинг иккинчиси олган кундан кейин олти ой давомида амал қилади.
Боку шаҳрида 2008 йил 11 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 2-3-сон)