Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАШИНА-ТРАКТОР ПАРКЛАРИНИ ПАХТА ТЕРИШ МАШИНАЛАРИНИ ТИКЛАШ УЧУН ЭҲТИЁТ ҚИСМЛАР, УЗЕЛЛАР ВА АГРЕГАТЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Машина-трактор парклари таркибига берилган пахта териш машиналари тикланишини таъминлаш ва етказиб бериладиган эҳтиёт қисмлар, узеллар ва агрегатлар учун ҳисоб-китоб қилиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» компанияси билан биргаликда жойларда пахта териш машиналари парки хатловдан ўтказилганлиги, 9180 пахта териш агрегатини машина-трактор парклари балансига қабул қилиш ва уларнинг иш қобилиятини тиклаш чора-тадбирлари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси (Олимжонов), «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» компанияси (Матчонов) тузатиш-тиклаш ишларини ўтказиш жадвалини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар, бунда пахта териш машиналарини тайёрлаб қўйишни иловага мувофиқ шу йил 1 августдан кечиктирмай тугаллашни назарда тутсинлар.
Ушбу мақсадларда:
тузатиш ишларини марказлаштирилган тартибда ўтказиш учун шу йил 15 апрелгача пахта териш машиналарини базавий машина-трактор паркларида жамласинлар, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитасининг тузатиш заводлари ва устахоналаридан самарали фойдалансинлар;
машина-трактор паркларига пахта териш машиналари учун тизимлар, агрегатлар ва эҳтиёт қисмлар тузилган шартномаларга мувофиқ ишлаб чиқарилиши ва етказиб берилишини, шу йил 1 августгача эса тузатиш-тиклаш ишлари тугалланишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси, «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» компанияси, тузатиб қўйилган машиналарнинг сифатини текшириш ва уларни қабул қилиш бўйича 1998 йил 10 апрелга қадар қўшма махсус комиссиялар тузсинлар. Машиналар тузатилгандан ва тиклангандан сўнг мажбурий равишда текширилишини ва синаб кўрилишини таъминласинлар.
4. Республика халқ хўжалигида ҳисоб-китобларни такомиллаштириш бўйича Ҳукумат комиссияси «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси томонидан пахта териш машиналарига сотиб олинадиган эҳтиёт қисмлар ва бутловчи узелларни, тузатиш ишларини ўтказишни қишлоқ хўжалигига мақсадли транш билан ажратиладиган маблағлар ҳисобига тегишли маблағ билан таъминлашни назарда тутсин.
5. Тузатиш ишларини ташкил этишнинг шундай амалиётини қишлоқ хўжалиги техникасининг бошқа турларига ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин.
«Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» компанияси, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Пахта-банк» билан биргаликда ишлаб чиқаришга буюртмаларни шакллантириш ва истеъмолчиларга етказиб бериладиган техникаларни ва уларга эҳтиёт қисмларни маблағ билан таъминлаш тартибини 20 кун муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
Қишлоқ хўжалиги корхоналари билан «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси бўлинмалари ва «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» компанияси корхоналари ўртасидаги қишлоқ хўжалиги техникаси ва эҳтиёт қисмлар етказиб беришга шартнома муносабатлари тасдиқланган тартибга икки ой муддатда мувофиқлаштирилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И.Ҳ. Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 25 март,
128-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 25 мартдаги 128-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
1998 йил мавсумига 9180 пахта териш машинасини тиклаш учун зарур тизимларнинг
РЎЙХАТИ
| Т/р | Буюмлар номи | Сони (дона) | Тайёрлаш муддати | Қиймат (млн. сўм) |
| 1. | Териш аппарати тизими | 9180 | 01.08.98 й. | 1.5000,0 |
| 2. | Гидравлик тизим | 1300 | 01.07.98 й. | 38,2 |
| 3. | Бункер тизими | 800 | 01.05.98 й. | 44,0 |
| 4. | Пневматик тизим | 1000 | 01.06.98 й. | 32,8 |
| 5. | Узатма тизим | 1200 | 01.06.98 й. | 126,2 |
| 6. | Бошқарув тизими | 1000 | 01.06.98 й. | 17,0 |
| 7. | Ҳимоя тизими | 1100 | 01.06.98 й. | 12,6 |
| | Жами | | | 1.770,8 |
Изоҳ: етказиб бериш шартномаларида тизимга кирувчи элементларни номенклатура бўйича кўрсатиш назарда тутилади.