Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг
буйруғи
КЛИНИК-ДИАГНОСТИКА ЛАБОРАТОРИЯЛАРИДА ИШЛАШДА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 7 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2059]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги «Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида»ги 267-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ижросини таъминлаш мақсадида буюраман:
1. Клиник-диагностика лабораторияларида ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Вазир в.б. А. ХАИТОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 28 декабрь,
81-Б-сон
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2009 йил 28 декабрдаги 81-Б-сонли буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Клиник диагностика лабораторияларида ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Қоидалар клиник диагностика лабораторияларида меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар соғлиқни сақлаш муассасаларининг клиник диагностика лабораторияларига (кейинги ўринларда лабораториялар деб юритилади) тааллуқлидир.
2. Мазкур Қоидалар талаблари лабораторияларни лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, уларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Лабораторияларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган ташкилотлар томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.
II. Хавфсизлик бўйича умумий талаблар
1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
6. Ўзбекистон Республикаси «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ лабораторияларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш унинг раҳбарларидан бирининг зиммасига юкланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Лабораторияларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш, ўқитиш ва уларнинг билимларини синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш
8. Барча ходимлар, шу жумладан раҳбарлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари ҳамда билимлари синовдан ўтказилиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари ишлаб чиқилади ва ходимлар ҳамда иш жойларини шу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-§. Касбий танлов
11. Лабораторияларга ишга қабул қилишда касбий танлов талаб қилинадиган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.
12. Лаборатория иш берувчиси касблар ва мутахассисликлар бўйича касбий танловни ташкиллаштириши ҳамда амалга ошириши зарур.
13. Лабораторияларга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.
4-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш
14. Ишловчиларни зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш тегишли стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.
15. Жамоавий ҳимоя қилиш воситалари жумласига қуйидагилар киради:
ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);
ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғлик ўринлари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);
шовқин, тебранма, электр токи уриши, статик ток ва ускуналар юзасининг юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;
механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.
16. Жамоавий ҳимоя воситалари (вентиляция, аспирация, ерга улаш, маҳаллий сўрғичлар ва бошқалар) зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш муҳити омиллари хонадаги барча ишловчиларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва лабораторияларни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.
17. Жамоавий ҳимоя воситалари зарарли ва хавфли омилларни рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда шахсий ҳимоя воситаларисиз кишиларнинг иштироки ва ишлар амалга оширилиши тақиқланади.
18. Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларнинг қўлланилиши, ҳимоя хусусиятлари, амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши ҳамда улардан фойдаланишга ўргатилиши лозим.
19. Лаборатория маъмурияти ёки иш берувчи қуйидагиларни таъминлаши шарт:
амалдаги меъёрлар бўйича мазкур ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган барча шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатурасини;
ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга оширишни;
қўлланилаётган ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлигини текширишни;
шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларни дегазация ва дезинфекция қилишни (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).
20. Иш берувчи ходимларни Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт ишлаб чиқаришлари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1998, 2009 йил 25 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 35-сон, 391-модда) мувофиқ бепул кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибдаги ҳимояланиш воситалари билан таъминлаши шарт.
21. Иш вақтида ходимлар уларга берилган махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларидан фойдаланишлари шарт.
22. Махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини ишлатиш муддати ходимларга берилган кундан бошлаб ҳисобланади.
23. Иш берувчи ходимларга боғлиқ бўлмаган ҳолда, белгиланган ишлатиш муддати тугамасдан илгари яроқсиз ҳолга келган махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини алмаштириши ёки таъмирлаши шарт.
5-§. Ходимлар саломатлигини назорат қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
24. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) асосида амалга оширилиши лозим.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. Иш берувчи мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд мажбурий тиббий кўрик натижаларига кўра тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажаришдан бўйин товлаган шахсларни ишдан четлаштириши шарт.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
26. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.
6-§. Санитария ва гигиена
27. Лаборатория хоналари иш ҳудудидаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавони ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 «Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари»га мувофиқ бўлиши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
28. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини тузишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ШНҚ 2.04.05-22 «Иситиш, вентиляция ва кондициялаш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ ташкил қилиш лозим.
(28-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
29. Лаборатория хоналари табиий ва сунъий ёруғлиги даражаси ШНҚ 2.01.05-24 «Табиий ва сунъий ёритиш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ бўлиши керак.
(29-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
7-§. Лаборатория хоналарига қўйиладиган талаблар
Олдинги таҳрирга қаранг.
30. Лабораториялар шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлиши керак.
(30-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Лабораторияларнинг жойлашиши, хоналари таркиби ва умумий майдонлари ўрнатилган тартибда ШНҚ 3.01.04-19 «Қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш. Асосий ҳолатлар» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига асосан фойдаланишга қабул қилиниши лозим.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
32. Лабораторияларни ертўла ва ярим ертўлаларда жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Лабораторияда иккита кириш жойи бўлиши зарур (ходимлар ва беморлар учун).
Олдинги таҳрирга қаранг.
33. Лабораториялар «ШНҚ 2.08.02-23 «Жамоат бинолари ва иншоотлари» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига биноан водопровод, иссиқ сув, оқова сув, марказий иситиш тизими ва газ билан (агар мавжуд ҳудуд табиий газ билан таъминланган бўлса) таъминланиши зарур.
(33-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
34. Водопровод ва оқова сувлар бўлмаган ҳудудларда лабораториялар учун маҳаллий водопровод, оқова сувлар тизими ва зарарсизлантирувчи ускуналари бўлган тозалаш иншоотлари қурилиши керак.
(34-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
35. Лабораторияга газ тармоғи киритилган жойда умумий газ мурвати ўрнатилади, иш куни охирида бу газ мурвати ёрдамида лабораториядаги газ умумий равишда ўчирилади.
36. Газ таъминотида вақтинчалик узилиш рўй берганда, лабораториядаги барча газ асбобларининг мурватларини ёпиш зарур.
37. Лабораториялар хоналари сўрувчи-тортувчи шамоллатиш қурилмаси билан жиҳозланган бўлиши зарур. Бу шамоллатиш ускуналарининг шовқини ходимларнинг ишлашларига халал бермайдиган қилиб ўрнатилиши керак. Хоналарни шамоллатиш ускуналари иш бошланишидан олдин ишга туширилиши лозим.
38. Лабораторияларнинг хоналарида шамоллатиш ускуналаридан ташқари, деразаларида фрамугалар ва форточкалари бўлиши керак (бактериологик лабораторияларнинг махсус боксларидан ташқари). Йилнинг иссиқ даврида ишчи хоналарнинг деразаларига пашшаларга қарши тўрпардалар тутилиши лозим.
39. Биохимиявий, серологик, гормонал текширувлар ўтказиладиган хоналар, шунингдек сийдик ва ахлат текшируви учун мўлжалланган хоналар механик ишлайдиган шамоллатиш ускуналари билан жиҳозланиши зарур.
40. Ҳавони тортувчи шкафларнинг тўсиқлари ишлаётган пайтда ёпиқ бўлиши керак. Бу тўсиқларни фақатгина ускунада ишлаганда очиш мумкин.
8-§. Электр хавфсизлиги ва электр ускуналар
Олдинги таҳрирга қаранг.
41. Лабораторияларда электр ускуналари ва жиҳозларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини хавфсизлик техникаси қоидалари талабларига мувофиқ жойлаштириш ва ўрнатиш зарур.
(41-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
42. Электр ускуналари ва жиҳозлари билан ишловчи ходимлар электр хавфсизлиги бўйича II гуруҳга эга бўлишлари лозим. Ушбу ходимлар йилига бир марта электр хавфсизлиги бўйича ўқитилиб (қайта ўқитилиб), билимлари синовдан ўтказилиши лозим.
III. Ишлаб чиқариш (технологик) жараёнларига қўйиладиган талаблар
1-§. Заҳарли моддалар, кислоталар ва ишқорлар билан ишлашда ва уларни сақлашда
Олдинги таҳрирга қаранг.
43. Заҳарли моддалар алоҳида хонада, темир сейфларда ёки темир шкафларда, қулфланган ва муҳрланган ҳолда сақланиши лозим. Хонада водопровод, оқова сувлар, шамоллатиш ускунаси ва ҳаво тортувчи ускуна ўрнатилган бўлиши керак. Заҳарли моддалар сақланувчи хонанинг деразаларида темир панжаралар ўрнатилган, эшиклари темир билан қопланган бўлиши керак. Иш ҳажми кичик бўлган лабораториялар учун моддий нарсалар сақланувчи хонада темир шкаф ўрнатилиши мумкин.
(43-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
44. Иш тугагандан кейин заҳарли моддалар темир шкафда сақланиши лозим.
45. Заҳарли моддалар сақланувчи шкафлар ва хонанинг калитлари, шунингдек муҳр ва тамғалар, бу моддаларни сақлаш учун тайинланган жавобгар шахсда сақланиши зарур.
46. Лабораторияда заҳарли моддаларнинг сақланиши ва ишлатилишига ҳамда бу борада ҳужжатларнинг юритилишига жавобгар — лаборатория мудири (мудир йўқлигида мудир вазифасини бажарувчи ходим) ҳисобланади.
47. Лабораторияга заҳарли моддалар келтирилганда, жавобгар шахс шахсан уларни ва бириктирилган ҳужжатларни қабул қилиб олиши зарур.
48. Заҳарли моддалар сақланувчи хонага муассаса бўйича чиқарилган буйруққа асосан бундай моддалар билан ишлаши мумкин бўлган шахслар кириши мумкин.
49. Заҳарли моддалар алоҳида рақамланган, тикилган ва муассаса раҳбари томонидан имзоланган журналларда номма-ном ва миқдорий ҳисоб-китоб қилиниши шарт.
50. Заҳарли моддалар лаборатория текширувлари учун фақатгина лаборатория мудири томонидан (ёки бошқа жавобгар шахс томонидан) имзоланган талабномага муассаса раҳбарининг ёзма рухсати билан берилади. Талабномада моддаларни қабул қилувчи шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилиши зарур. Бунда ҳар бир заҳарли модданинг устига қуйидагилар ёзилган ёрлиқлар ёпиштириб қўйилиши шарт:
заҳарли модданинг номи;
«Заҳар» ёзуви ва бош чаноқ суяги билан суякларнинг тасвири;
«Эҳтиётлик билан фойдаланилсин!» деган ёзув.
51. Заҳарли моддалар билан фақатгина махсус ўқитилган ходимлар ишлашлари мумкин.
52. Заҳарли ва кучли таъсир кўрсатувчи моддаларни майдалаш, қадоқлаш ва тортиш ишлари ҳаво тортувчи шкафларда, махсус ажратилган идишларда ва ускуналарда (тарозилар, воронкалар, ҳовонча, цилиндрлар ва ҳ.к.) олиб борилиши керак.
53. Заҳарли моддаларни фақатгина туби думалоқ колбаларда қиздириш мумкин. Колбаларни очиқ алангада қиздириш ман этилади.
54. Заҳарли моддалар билан резинали қўлқопларда, ҳимояловчи кўзойнакларда, зарур бўлганда эса газларга қарши ниқобларда ишлаш лозим.
55. Идишлар заҳарли моддалар билан, концентрланган кислоталар ва ишқорлар билан тўлдирилганда сифонлардан ёки резинали ноксимон сўрғич ўрнатилган пипеткалардан фойдаланиш зарур.
56. Иш тугаганидан сўнг қўллар яхшилаб ювилиши, зарур холларда тишлар ҳам тозаланиб, оғиз чайилиши керак.
57. Кислоталарнинг концентрланган эритмалари қопқоғи маҳкам беркитилувчи махсус шиша идишларда сақланиши лозим.
58. Кучли таъсир кўрсатувчи ва заҳарли моддалар билан махсус лаборатория кийимлари ва сочиқлар ифлосланганда, уларни дарҳол алмаштириб, нейтраллаш ва ювиш учун топшириш зарур.
59. Ишқорлар бўғзи катта, зарғалдоқ рангли шиша идишларда сақланиши, бу идишларнинг оғзи пўкак тиқин билан ёпилиб, устидан парафин қуйилган бўлиши керак.
60. Учувчи моддалар солинган бикслар, банкалар фақат бевосита қўлланиладиган вақтда очилиши керак.
61. Концентрланган кислоталар ва ишқорлар солинган идишларни очиш ва улардан эритмалар тайёрлаш фақат механик ҳаво тортувчи шкафда ўтказилиши зарур.
62. Ишқорларни идишдан шпател билан олиш керак.
63. Ишқорлардан эритма тайёрланганда тортилган ишқорни бўғзи катта идишга солиб, зарур ҳажмда сув қуйиб, яхшилаб эритилади. Ишқорнинг катта бўлаклари махсус жойда майдаланади. Бунда ишқорнинг усти қалин мато ёки бошқа материал билан ёпилиши керак.
64. Кучли кислоталар суюлтирилганида, уларнинг сачраб кетмаслиги учун кислота сувга қўшилади, сувни кислотага қуйиш мумкин эмас.
65. Кислотали, ишқорли ва бошқа ўювчи моддалар солинган катта идишлар ташилганида, уларни махсус қутиларда ёки саватларда икки киши кўтариши керак, уларни шунингдек махсус аравада ҳам ташиш мумкин.
66. Кислоталар, ишқорлар ва бошқа хавфли моддаларни ташишдан олдин уларнинг идишлари бутунлигини текшириш лозим.
67. Кислоталар, ишқорлар ва бошқа хавфли моддаларни катта идишларда қуйиш учун махсус сифонлардан фойдаланиш зарур.
68. Кислоталар, ишқорлар ва бошқа хавфли моддалар эритмаларини пипеткага оғиз билан тортиш мумкин эмас. Бунинг учун найча ўрнатилган резинали ноксимон сўрғичлардан фойдаланиш керак.
69. Эритмалар қайнатилганида, улар совимагунича идишни (колба, пробирка) ёпиш мумкин эмас.
70. Пробиркадаги эритмани қиздирганда, унинг оғзини ўзидан ва бошқалардан четга қаратиб ушлаш керак.
71. Столга заҳарли бўлмаган моддалар тўкилганида, стол усти резина қўлқоп кийилган ҳолда латта билан артилади, кейин латта яхшилаб сувда ювилади, стол усти ва қўлқоплар ҳам сув билан ювилади.
72. Ишқор тўкилганида, унга қум ёки қириндилар сепилади, кейин уларни йиғиб олиб, у ерга кўп марта суюлтирилган хлорид ёки уксус кислотаси қуйилади, шундан сўнг латта билан кислотани артиб олиб, стол ва қўлқоплар сув билан ювилади.
73. Кислота тўкилганида, унга қум сепилади (қиринди сепиш мумкин эмас), кейин қумни белкурак билан олиб ташлаб, сода сепилади. Сўнгра содани олиб ташлаб, бу ерни кўп марта сув билан ювиш лозим.
74. Концентрланган кислота ва ишқорларни нейтраллаш учун мўлжалланган эритмалар иш куни мобайнида иш жойида жавонда туриши керак.
75. Ёнувчи ва портловчи моддалар қалин деворли идишларда сақланиши лозим.
76. Ёнувчи суюқликлар асбест солинган темир қутиларда сақланиши лозим. Бу темир қутилар иситиш тизимларидан ва йўлаклардан узоқда жойлаштирилиши зарур. Қутидан фойдаланиш қулай бўлиши лозим. Бу реактивлар маҳкам ёпилган бўлиши керак. Зарур бўлса, уларни парафин қуйиб, маҳкамлаш мумкин.
77. Реактивларни ёпишда тиқинлардан фойдаланилганида, уларнинг хоссаларини ҳисобга олиш зарур.
Резинали тиқинлар спирт, бензол, ацетон, эфир таъсирида шишиб кетади. Галогенлар таъсирида (бром, йод) резина тиқинлар нозиклашиб, парчаланиб кетади. Бундай реактивларни шиша қопқоқлар билан ёпиш керак.
Ишқорларни шиша қопқоқлар билан ёпиб бўлмайди, чунки улар ишқор билан ҳўлланиб, карбонат ангидрид таъсирида қопқоқ билан шиша идиш бўғзи орасида карбонатлар ҳосил қилади,натижада шиша қопқоқ ёпишиб қолади.
78. Реактив ёруғликка сезувчан бўлса (масалан, бромли кумуш, кумуш нитрат, водород перекиси, гипосульфит ва бошқалар), улар зарғалдоқ рангли шиша идишларда сақланади. Шиша идиш рангсиз бўлса, уни қора рангли қоғозга ўраб, қоронғи қутида сақлаш лозим.
79. Паст ҳароратларда қайнайдиган, ёнувчан моддаларни (ацетон, эфир ва бошқалар) қиздириш ва ҳайдаш учун туби думалоқ иссиққа чидамли колбалардан фойдаланиш зарур, қиздириш учун фойдаланиладиган ҳаммомлар шу модданинг қайнаш ҳароратига асосан сув ёки мой билан тўлдирилади. Осон ёнувчан модда солинган колбани аста-секин иситмасдан туриб, қайноқ сувга солиш мумкин эмас.
80. Осон ёнувчан моддалар ва ёнувчан эритмалар билан ҳаво тортувчи шкафларда ишлаш зарур, бунда шкафнинг эшиклари ёпилган бўлиши ҳамда шамоллатиш ускунаси ишлаб туриши лозим, шунингдек газ ва электр ускуналар ўчирилган бўлиши керак.
81. Эритма ҳайдалаётганида, тўсатдан йиғувчи колбага тошиб ўтиб кетмаслиги учун ҳайдалаётган эритма солинган колбага шиша найчалар ёки пемза бўлаклари солиб қўйилиши керак.
82. Ёнувчан эритмаларни ҳайдашдан олдин совутгич сувга уланади ва совуқ сув юборилади, шундан кейин ҳайдовчи колба қиздирилади. Йиғувчи колба қум солинган патнисга қўйилади. Ҳайдаш жараёнини қаровсиз қолдириш мумкин эмас.
2-§. Идишларни ювишда
83. Лабораторияда фойдаланиладиган идишлар ишлатилиб бўлингандан кейин дарҳол ювилиши зарур.
84. Шиша идишлар турли усуллар билан ювилади. Дастлаб, уларни шиша идишларни ювишда қўлланилувчи мослама билан ичидаги нарсалари механик тозаланиб, сўнгра улар кимёвий усул билан тозаланади. Идишдаги модда реакцияга киришмаса, совунли эритмага сода ёки уч натрий фосфат қўшилиб тозаланади. Ювувчи эритма иссиқ бўлиши керак.
85. Хромли эритма билан идишларни ювганда сачрашнинг олдини олиш учун, уларни сув билан чайиб ташлаш лозим.
Пипеткаларни ювиш учун хромли эритмани резинали ноксимон сўрғич ёрдамида тортиш зарур.
Айрим ҳолларда мой ва смола ишлатилган идишларни оддий концентрланган кислота ёки ишқорлар билан осон ювиш мумкин.
86. Кислоталар ва ишқорлар билан ишлаганда хавфсизлик қоидалари қандай бўлса, шундай қоидаларга идишларни ювганда ҳам амал қилиш лозим.
87. Идишларни ювиб бўлгандан кейин, ювувчи эритмалар аралашганда хавфли бирикмалар ҳосил қилиши мумкинлиги сабабли, уларни кўп миқдор сув билан чайиш лозим.
88. Идишни ювганда қўлларни иссиқ сув ва ўювчи моддалар эритмаларидан ҳимоя қилиш учун резинали қўлқоплар кийиш зарур.
89. Кучли таъсир кўрсатувчи, заҳарли, портловчи ва ёнувчан моддалар ва эритмалар ишчи хоналарга фақат шу кунги иш жараёни учун етарли миқдорда келтирилиши лозим.
90. Иш жойида ёнувчан хавфли моддаларнинг фақат шу вақтда ўтказилаётган текширув учун зарурий миқдори бўлиши керак.
91. Тез ёнувчан, портловчи моддаларнинг кислоталар ва ишқорлар билан бирга сақланиши қатъиян ман қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
92. Ишлатилган ёнувчан эритмалар махсус герметик ёпилувчи идишга йиғилади ва регенерация ёки йўқотилиш учун жўнатилади. Уларни оқова сувларга оқизиш мумкин эмас.
(92-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
93. Ишлатилган кислота ва ишқорлар алоҳида махсус идишларга йиғилади. Кичик ҳажмдаги ишқор моддаларни кўп марта суюлтириб, оқова сувларга оқизиш мумкин.
(93-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
94. Учувчан ва кескин нохуш ҳидли моддаларни тўкиш учун ҳаво тортувчи шкафда водопровод суви келтирилган алоҳида оқова сувлар тармоғи ўрнатилиши лозим.
(94-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 4 августдаги 15-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3668, 18.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон)
IV. Ишлаб чиқариш ускуналарига қўйиладиган хавфсизлик талаблари
95. Лаборатория ускуналари ва жиҳозларидан фойдаланилганда, уларни ишлаб чиқарган ташкилот томонидан ускунага берилган техник-ёрлиғидаги қоидаларга (тавсияномаларга) қатъий риоя қилиш лозим.
96. Лабораторияларда носоз электр ускуналарда ва жиҳозларда ишлаш қатъиян ман қилинади.
97. Центрифугалардан фойдаланилганда қуйидагиларни амалга ошириш лозим:
турли оғирликда материал солинган пробиркалар ва идишларни центрифугада қарама-қарши қўйган ҳолда центрифугалаш ман этилади, бунда уларни жуфт-жуфт қилиб оғирликларини тенглаштириш ҳамда қарама-қарши ўрнатишни;
центрифугани токка улашдан олдин унинг қопқоғи маҳкам бураб ёпилганлигини текширишни;
центрифуга ўчирилганидан кейин ротор батамом тўхтамагунча қопқоқни очмасликни ва роторни қўл билан тўхтатмасликни;
иш тугагандан кейин центрифугани ички қисмини кўздан кечириб, артишни.
98. Термостатда ишлаганда қуйидагилар ман этилади:
термостатга тез ёнувчан моддаларни қўйиш;
назорат қилувчи мосламаларнинг сақловчи қопқоқларини электр жиҳозлар устаси назоратисиз ечиш;
термостатни токдан ўчирмаган ҳолда тозалаш.
99. Рефрижераторлардан (музлатгичлардан) фойдаланилганда уларни мутахассис назоратисиз жойидан силжитиш ва қайта ўрнатиш мумкин эмас.
100. Электр ва муфель иситгичларни ва бошқа иситиш ускуналарини асбест ёки бошқа иссиқлик ютувчи қопламалар устига ўрнатиш лозим. Уларга кислоталар, ишқор ва тузлар тушишига йўл қўймасдан тоза ҳолда сақлаш керак.
101. Электр токи таъминоти тўхтаб қолганда, барча электр ускуналар ўчириб қўйилиши лозим.
102. Микроскопик ёки аниқ текширувлар учун мўлжалланган столлар дераза олдида жойлаштирилиши керак.
103. Лаборатория столларининг устки қисмлари сув ўтказмайдиган, кислоталарга ва ишқорларга нисбатан чидамли, шунингдек ёнмайдиган материаллардан ясалган бўлиши зарур.
104. Ҳар бир аналитик тарозилар олдида маҳаллий ёритувчи чироқлар ўрнатилиши керак.
105. Сиқилган газ баллонларида сақловчи қопқоқлар бўлиши керак.
106. Баллонларни тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида, иситиш ускуналари ёнида ҳамда электр симларига тегиб турган ҳолда сақлаш мумкин эмас.
107. Лабораторияда қуйидагилар ман қилинади:
ёниб турган газ ускуналарини ва бошқа иситиш ускуналарини қаровсиз қолдириш, уларнинг ёнида пахта, дока, спирт ва бошқа ёнувчан моддаларни сақлаш;
ёниб турган газ ва электр ускуналари олдида бехосдан тўкилиб кетган ёнувчан моддаларни йиғиштириш;
лабораторияда газ ҳиди келаётган бўлса, электр токи ёки газни ёқиш;
носоз спирт алангали мосламадан фойдаланиш;
хавфли моддаларни экстракция қилиш, қайта ҳайдаш ва майдалаш бўйича ишларни шамоллатиш ускунасини ишлатмасдан ёки у носоз ҳолда бўлганида ўтказиш;
тортувчи шкафда ишлаганда бошни ичкарига киритиш;
номаълум моддаларни ҳидлаш ёки тотиб кўриш;
бирон эритма қуйилган ёки қайнатилаётган идишнинг оғзига яқин эгилиб қараш;
заҳарли ёки кучли таъсир қилувчи эритмаларни иш столларида ва жавонларда сақлаш;
ёрлиғи йўқ реактивларни сақлаш ёки қўллаш;
номаълум моддаларни сақлаш;
овқатланиш, озиқ-овқатларни сақлаш ва чекиш;
иш жойида шахсий кийимларни сақлаш, махсус лаборатория кийимларини уйга олиб кетиш;
тегишли бўлган махсус, санитария кийимини киймасдан ишлаш;
вазифаси ва лавозим йўриқномасидан ташқари ишлар билан шуғулланиш;
иситиш ускуналарида бирон нарсаларни қуритиш;
йўлаклар ва коридорларни, шунингдек ёнғинга қарши инвентарлар ўрнатилган жойларни бесаранжом тутиш.
V. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
Олдинги таҳрирга қаранг.
108. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.
(108-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
109. Ишларни бажариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.
(109-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
VI. Якуний қоида
110. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.
Соғлиқни сақлаш вазири А. ИКРАМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 25 декабрь
«Ўздавэнергоназорат» инспекцияси бошлиғи А. НИМАТУЛЛАЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 25 декабрь
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси Д. ЖАҲОНГИРОВА
Тошкент ш.,
2009 йил 25 декабрь
«Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси бошлиғи И. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 25 декабрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 1-2-сон, 8-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 19.08.2025 й., 10/25/3668/0748-сон; 30.03.2026 й., 10/26/3798/0288-сон)