Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДВОКАТЛАР ПАЛАТАСИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2008 йил 27 майдаги 112-сон қарорини бажариш юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси самарали ташкил этилишини таъминлаш, унинг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 16 апрелдаги 166-ф-сон фармойишига мувофиқ Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 471-уйда жойлашган бино (2-ётоқхона) Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси балансига тасарруф этиш ҳуқуқисиз бепул берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2010 йилда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасидан ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган бинони мукаммал таъмирлаш учун Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига 820 млн сўм ажратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 18 мартдаги 147-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 3-сон, 26-модда) билан тасдиқланган Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомнинг 4-бандига қуйидаги мазмундаги ўн учинчи хатбоши қўшилсин:
«Истисно ҳолларда Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини молиялаштиришга йўналтирилиши мумкин»;
ўн учинчи хатбоши ўн тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 9 декабрь,
308-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 50-51-сон, 536-модда; 2017 й., 35-сон, 922-модда)