Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
«ЎЗБЕКЕНГИЛСАНОАТ» ДАВЛАТ-АКЦИЯДОРЛИК КОМПАНИЯСИНИНГ ПИЛЛАКАШЛИК КОРХОНАЛАРИНИ ТЕХНИКА БИЛАН ҚАЙТА ЖИҲОЗЛАШ ТЎҒРИСИДА
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 4 январдаги 7-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 1-2-сон, 13-модда)
[Кўчирма]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Пиллани қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш, хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш асосида ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш, шунингдек пиллакашлик корхоналарининг экспорт имкониятини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбек ипаги» уюшмасининг 2001-2002 йилларда тармоқнинг пиллакашлик корхоналарини техника билан қайта жиҳозлаш, 2005 йилда ипак ип хом ашёси ишлаб чиқаришни 2525 тоннага етказиш тўғрисидаги таклифига 1-иловага* мувофиқ розилик берилсин.
* 1-илова берилмайди.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбек ипаги» уюшмасининг пиллакашлик корхоналарини техника билан қайта жиҳозлаш бўйича умумий қиймати 24,96 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳасини маблағ билан таъминлаш 2-иловага* мувофиқ:
* 2-илова берилмайди.
Корея Республикаси Эксимбанкининг 12,75 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини (кўрсатиб ўтилган контрактлар қийматининг 85 фоизи) қайта молиялаштириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки кредити ҳисобига;
экспорт қилинадиган ипак хом ашёси учун «IDM Corporation» фирмасининг 2,25 млн АҚШ доллари (контрактлар қийматининг 15 фоизи) миқдоридаги аванс тўловлари ҳисобига;
«Ўзбек ипаги» уюшмасининг импорт жиҳозларни монтаж қилиш бўйича иш ҳажмларига кирмайдиган қурилиш-монтаж ишлари харажатларини қоплаш учун 6,43 млн АҚШ долларига тенг миқдордаги ўз маблағлари ҳисобига;
айланма маблағларни тўлдиришга йўналтириладиган, 3,53 млн АҚШ долларига тенг бўлган миллий валютадаги кредитлар ҳисобига амалга оширилади.
3. Белгилансинки, хорижий банкнинг кредитини асосий қарз, фоизлар, суғурта мукофоти, воситачилик ҳақи ва кредитга хизмат кўрсатиш юзасидан бошқа харажатлар бўйича қайтариш 2007 йилдан бошлаб «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси томонидан, компания корхоналарининг хўжалик фаолияти натижасида тушадиган ўз валюта маблағлари ҳисобига 3-иловага* мувофиқ прогноз жадвали бўйича амалга оширилади.
* 3-илова берилмайди.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 4 январдаги 7-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 1-2-сон, 13-модда)
4. «Ўзбек ипаги» уюшмаси томонидан «IDM Corporation» фирмаси (Корея Республикаси) билан:
технологик жиҳозлар етказиб бериш, уларни келтириш, монтаж қилиш, ишга тушириш ва кадрларни ўқитиш юзасидан қиймати 15 млн АҚШ доллари бўлган;
Корея Республикаси Эксимбанки кредити бўйича мажбуриятларни ва «IDM Corporation» фирмаси олдидаги мажбуриятларни бажариш учун техника билан қайта жиҳозланадиган корхоналарнинг янги ишга тушириладиган жиҳозларида ишлаб чиқарилган ипак ип хом ашёсининг 80 фоизини экспорт қилиш юзасидан контрактлар тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Корея Республикаси Эксимбанкининг кредит ресурсларини белгиланган тартибда жалб этсин ва уларни ушбу қарорга мувофиқ қайта молиялаштирсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 4 январдаги 7-сон қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2007 й., 1-2-сон, 13-модда)
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг тўлов мажбуриятлари бўйича Корея Республикаси Эксимбанкига ҳамда «Ўзбек ипаги» уюшмасининг тўлов мажбуриятлари бўйича Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига белгиланган тартибда кафолатномалар беришга вакил қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Корея Республикаси Эксимбанкига Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолатномаси юзасидан юридик хулосани кредит битимига иловада белгиланган шакл бўйича белгиланган тартибда расмийлаштирсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси ва унинг таркибига кирувчи пиллакашлик корхоналари ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида асбоб-ускуналар, хизматлар ва эҳтиёт қисмларни импорт қилишда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштириши учун йиғимлардан ташқари) озод қилинсин.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 4 январдаги 7-сон қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2007 й., 1-2-сон, 13-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси буюртманомаларига биноан, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун келувчи хорижий мутахассисларга, уларни давлат божлари тўловидан озод қилган ҳолда, кўп марталик визалар беришни, уларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказишни ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддатини узайтиришни таъминласинлар.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 4 январдаги 7-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 1-2-сон, 13-модда)
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.З. Усмонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 26 апрель,
193-сон