Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
САМАРқАНД ВА БУХОРО ШАҲАРЛАРИДАГИ «АФРОСИЁБ» ВА «БУХОРО» МЕҲМОНХОНАЛАРИНИ ФРАНЦИЯНИНГ «АККОР» КОМПАНИЯСИ БОШҚАРУВИГА БЕРИШ ТЎҒРИСИДА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига хорижий туристларни кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, Буюк Ипак Йўли тарихий йўналишини янада тарғиб қилиш ҳамда «Афросиёб» ва «Бухоро» меҳмонхоналарида халқаро стандартларга мувофиқ сервис хизмати кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади;
1. «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг Самарқанд шаҳридаги «Афросиёб» ва Бухоро шаҳридаги «Бухоро» меҳмонхоналарини «Аккор» (Франция) компанияси бошқарувига бериш юзасидан у билан битим тузиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Бошқарув тўғрисидаги битимнинг қуйидаги асосий шартлари маълумот учун қабул қилинсин:
а) «Аккор» фирмаси томонидан меҳмонхоналарни бронлашнинг халқаро тизимларига киритиш ва уларнинг йилига камида 50—55 фоиз тўлдирилишини таъминлаш тўғрисида кафолат берилиши;
б) «Аккор» компанияси ҳар йили «Ўзбектуризм» миллий компаниясига ҳар бир меҳмонхона учун дастлабки беш йилда камида 500 минг АҚШ доллари, кейинги йилларда эса соф фойданинг 50 фоизини, бироқ ҳар бир меҳмонхона учун камида 500 минг АҚШ доллари тўлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. «Афросиёб» ва «Бухоро» меҳмонхоналари бошқарувга берилган вақтдан бошлаб беш йил муддатга:
меҳмонхоналардан фойдаланиш учун келтириладиган моддий ресурслар ва асбоб-ускуналар бўйича божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлар бундан мустасно);
фойда солиғи, мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан;
«Аккор» компаниясига тегишли олиб чиқиб кетиладиган фойда солиғи тўлашдан озод қилинсин ва бўшаб қоладиган маблағлар «Аккор» компанияси билан тузиладиган битим шартларига кўра меҳмонхоналарни халқаро стандартлар даражасигача етказишга йўналтирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. «Ўзбектуризм» миллий компаниясига «Афросиёб» ва «Бухоро» меҳмонхоналаридан фойдаланиш ва уларни бошқариш билан боғлиқ меҳнат фаолиятини амалга оширадиган хорижий ходимларнинг маҳаллий харажатларига (яшаш, хизматлар кўрсатиш ва республика ҳудудида транспортнинг барча турларида юриш) миллий валютада ҳақ тўлашга рухсат этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг буюртманомасига кўра меҳмонхоналардан фойдаланишга жалб қилинган «Аккор» фирмаси ходимларига давлат божи ундирмасдан тегишли равишда кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 26 ноябрдаги 511-сон қарорига 3-илованинг «Афросиёб» ва «Бухоро» меҳмонхоналарига тегишли қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ. С. Кароматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 17 ноябрь,
449-сон